Қайднома

Қидирув

Орзу сари йўл ёхуд Марк Андре тер Штегеннинг фаолияти ҳақида

Орзу сари йўл ёхуд Марк Андре тер Штегеннинг фаолияти ҳақида

  07.05.2018 06:49
  0
  884
Орзу сари йўл ёхуд Марк Андре тер Штегеннинг фаолияти ҳақида

«Барселона» дарвозабони Марк-Андре Тер Штеген «Сельта»га қарши кечган баҳсда (2:2) илк бор сардорлик боғичида майдонга тушди.

Яқинда 25 ёшли маҳоратли кипер ThePlayersTribune.com сайтига ота-онасининг гаражидан бошлаб, то «Камп Ноу»гача бўлган ҳаёт йўли ҳақида гапириб берди.

ШИКАСТЛАНГАН БУРУН

- Бу айнан киперликни танлашимга сабаб бўлган воқеа, - дейди Тер Штеген. - Менхенгладбахнинг «Боруссия» клуби болалар жамоаси дарвозасини қўриқлаётганлар деярли ҳар бир учрашувда бурунларидан жароҳат олишарди. Мураббий бу позицияда ўйнайдиганларга эҳтиёж сезсада, ҳеч ким посбон бўлишни истамасди.

Натижада мен кўндим. Бундан аввал ҳужумда ўйнаб, голлар урардим. Сўнгра дарвозадан ўрин олдим ва... бу менга ёқиб қолди. Илк ўйиндаёқ киперликка меҳр қўйдим деёлмайман, аммо ўзимни эркин ҳис этдим.

Навбатдаги ўйинларда эса хотиржамлик ортиб бораверди. Шерикларим ҳам, ота-онам ҳам ўз ишимни аъло даражада уддалаётганимни тез-тез таъкидлашарди.

Уйимиз яқинида мўъжазгина боғча бўлсада, у ерда тўп суришга рухсат беришмасди. Тўнғич акам билан ўйин учун гаражни жиҳозлагандик. Мен зарба йўллардим, акам дарвозабон вазифасини ўтарди. Тўрт ёшга тўлганимда, бобом мени «Боруссия» мактабига олиб борди. У ерда бизга ким ёрдам бериши мумкинлигини биларди.

Мени жамоага қабул қилишди. Табиийки, дастлабки машғулотдаёқ кўп нарсаларни ўргандим. Айтганимдек, бундан аввал торгина гаражда тўп тепгандим.

Девор томон зарба йўллаётганингизда тўп фақат битта йўналиш бўйлаб ҳаракатланади - яъни фақат деворга. Сиз тепасиз, тўп эса сизга қайтади. Футбол майдонида эса икки томон, икки йўналиш борлиги хаёлимга келмаганди.

Мана, тўпни эгаллашим ҳамоно онам, бувим ва бобомнинг овозларини эшитдим. Шу заҳоти миямда бир фикр чарх урди: «Афтидан, илк тўпга илк тегишимдаёқ барчани лол қолдираман, шекилли».

Гол урдим ва ортимдан бир овоз эшитилди: «Ҳой, сен бошқа дарвозани нишонга олдинг-ку!». Дарвозани илк бор ишғол қилишим шу тариқа якун топганди.

ХОТИРАЛАР ИФОРИ

- Бобом ҳақида нима дейишим мумкин? Унинг автомобили марка ва модели қандай бўлишидан қатъи назар, ҳамиша тоза турарди. Бирорта доғ ҳам тополмасдик. У авваллари полициянинг коррупцияга қарши курашиш бўлими раҳбари лавозимида ишлаганди. Бобом билан жуда яқин эдик.

Машғулотларга кетаётганимизда, машинанинг орқа ўриндиғида мени рўмолчага ўроғлиқ махсус ширинлик кутиб турарди. Йўл-йўлакай уни паққос туширардим.

Турнирларда қатнашаётганимда, уйдан анча узоқда бўлишимга қарамай, бобом ва бувим ҳар гал ўша ерга ташриф буюриб, ўзлари билан бутун жамоа учун егулик олиб келишарди. Хилма-хилликни ёқтирадиган бобом турли мевалар, сабзавотлар, уй нони каби маҳсулотлар билан барчамизни тўйдирарди.

Ўша кезлари бобом трубка чекарди, ундан ваниль иси келарди. Кейинчалик чекишни ташлади. Мен ҳеч қачон чекмаганман, кўргани кўзим йўқ. Аммо ўша пайтдаги ҳид... уни жуда ёқтираман. Балки жуда ёқимлимасдир, аммо хотираларимнинг ифори шунақа.

Бобом менга кўп нарсалар ҳақида гапириб берарди - нима яхшию, нима ёмон, ҳаёт бизга тақдим этадиган синовлар. Футболдан бошқа ҳамма мавзудан сўзларди. Чунки миллионлар ўйини ҳақида эшитишни хоҳламасдим.

Менга қандай ўйнашим лозимлигини ўргатишларини ёқтирмасдим. Бобом бундан хабардор эди. Ҳа, қанчалик ғалати бўлмасин, футболни мустақил равишда ўрганишни хоҳлардим.

ЁЛҒИЗ БЎЛИШНИ ХОҲЛАДИМ

- Бир сафар, ўшанда 14 ёки 15 ёшда эдим, мураббий ўйиндан сўнг мендан қаттиқ ранжиди. Айнан қайси ҳаракатим учун бундай бўлганини эслолмайман. Шунчаки, унинг жаҳли чиққани, жамоадошларим олдида менинг қанчалик ёмон ўйнаганимни айтгани ёдимда. Авваллари мен билан бундай оҳангда гаплашмаганди. Онамнинг автомобилида ўтирарканман, кўзимдан дув-дув ёш оқарди. Бир неча кундан сўнг тушуна бошладим: «Дарҳақиқат, ёмон ўйнадим. Мураббийнинг гапида жон бор». Устозим айнан қайси жиҳатлар бўйича ишлашим кераклигини биларди. Менга нисбатан қаттиққўллик қилдими? Албатта. Аммо ростини айтганда, шунга эҳтиёжим бор эди. Профессионал футболчи бўлганимда мени нималар кутаётганини кўрсатиб берадиган кишига муҳтож эдим. Ҳар тарафлама кучайишим шарт эди.

Ўйлашимча, ўшанда диққатни жамлаб, ўзимни футболга бағишлашим кераклигини тушундим. Ўзимга нисбатан талабчанликни оширдим. Онам ва бобом билан футбол ҳақида гаплашишни истамасдим.

Барчасини ўзим ҳал қилишга, янада мустақил бўлишга интилдим. 15 ёшга тўлганимда, бемалол скутер ҳайдардим. Бобомга мени ҳар куни кузатиши шарт эмаслигини айтдим. Машғулотларда ёлғиз бўлишни хоҳлардим. Бобом эса қанчалик қийин бўлмасин, кўнишдан ўзга илож тополмади.

ИККИ САБАБ

- 2014 йили «Барселона» сафига қўшилиш имконияти туғилганда, таклифга рози бўлиш қийинчилик туғдирди. Менинг оламим - оилам ва «Боруссия» эди. Ўз оламимни тарк этишим мумкинмиди? Аммо ушбу трансферга икки сабаб туфайли кўндим. Биринчиси - албатта, ўйин услуби. Ҳамиша ўтишим мумкин бўлган ягона жамоа - бу «Барселона», деб ўйлардим. Бу клубнинг тўп билан муомалага катта эътибор қаратиши, оёқларини тез-тез ишга соладиган дарвозабон учун айни муддао. Мен эса худди шундай киперлар сирасиданман.

Иккинчи сабаб кейинроқ туғилди. Ўшанда Андони Субисаррета билан танишдим. Унинг қароримга кучли таъсир ўтказиши мумкинлиги хаёлимга ҳам келмаганди. Ўзаро суҳбат чоғи Андонининг «Барселона» ўйинига бевосита тааллуқли эканлигини ҳис этдим.

Субисаррета клуб, унинг тарихи, ўйин тажрибаси, шунингдек, янги жамоа, янги шаҳарга кўчиб ўтиш қандай таъсир этиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Бир сўз билан айтганда, «Барселона» футболчиси бўлиш нима эканлигини тушунтириб қўйди. Рўпарамда ёқимтой, менга илиқ муносабат билдираётган инсонни кўриб турардим.

«Барса» либосида тўп сураётганимдан фахрланаман. Бу мен учун футболдан ҳам кўпроқ нарсани англатади. Шаҳар, клуб ишқибозлари... Каталонияда ҳеч қачон ўзингни ёлғиз ҳис қилмайсан. Ҳеч нарсани мустақил ҳал этолмайсан.

«ОДДИЙ КЛУБ ЭМАС...»

- Биринчи марта кийиниш хонасига кирганимда, клуб мен билан бирга Иван Ракитични ҳам сотиб олганидан хурсанд бўлдим. У немисча ва испанчада бемалол гапирарди, чунки «Севилья»да ўйнаганди.

Дастлабки ойлар мобайнида Иван менга таржимонлик қилди. Аммо мен йигитлар билан фаол суҳбатлашиб, уларни тушунишни хоҳлардим. Шу тариқа испан тили дарсларига қатнай бошладим. Биз шунчаки оддий клуб эмасмиз ва бу айни ҳақиқат. «Барселона»да қандайдир ўзгача нарса бор.

«Боруссия» мен учун ҳамиша қадрли бўлиб қолаверади. У ерда фаолиятимни изга солганман, Менхенгладбахда тўп сурарканман, кўплаб болакайлар сингари «Камп Ноу»да тўп суришни орзу қилганман. Тасаввур қиляпсизми, бобом ҳеч қачон бизнинг стадионга келмаган!

Унга Каталонияга келиши лозимлигини кўп маротаба айтганман. Бир куни бобом, албатта йўлга чиқади. Мабодо «Камп Ноу» яқинида помидор ва катта қалампир кўтарган қарияни кўриб қолсангиз, билингки - бобом келибди.

Ў.Умаров тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz