Қайднома

Қидирув

Қаҳрамон учун «Олтин бутса» ёхуд соврин кимга насиб қилади?

Қаҳрамон учун «Олтин бутса» ёхуд соврин кимга насиб қилади?

  07.05.2018 00:27
  0
  1062
Қаҳрамон учун «Олтин бутса» ёхуд соврин кимга насиб қилади?

Жорий мавсум «Олтин бутса» пойгасида аниқ фаворит йўқ. Рўйхатнинг юқори қисмидан жой эгаллаган футболчиларнинг имконияти деярли бир хил.

Soccer.ru шу муносабат билан тўпурарларга аталган совринга даъвогарлар рейтингига назар ташлади.

Сўнгги 10 йилда - фаҚат АПЛ ва Примера вакиллари

Криштиану Роналду «Манчестер Юнайтед» либосида тўп суриб, ўзининг дастлабки «Олтин бутса»сини қўлга киритган 2008 йилдан буён нуфузли соврин фақат Англия премьер-лигаси ҳамда Ла Лига вакилларига насиб қилмоқда.

Аксарият ҳолларда «Реал» ва «Барселона» футболчилари, аниқроғи, пайқаганингиздек, Лионель Месси ва Криштиану Роналду ўзларини кўрсатишди.

Бу давр бошлангунга қадар «Олтин бутса» италияликларга насиб қилганди: 2006 йили Лука Тони ва 2007 йили Франческо Тотти. 2018 йилга келиб эса бошқа бир италиялик форвард Чиро Иммобиледа лауреатлар рўйхатида яққол ажралиб чиқиш имконияти сақланиб турибди.

2008 йилдан буён...

2008 - Криштиану Роналду («МЮ»; Португалия) - 62 очко (31та гол)

2009 - Диего Форлан («Атлетико»; Уругвай) - 64 (32)

2010 - Лионель Месси («Барселона»; Аргентина) - 68 (34)

2011 - Криштиану Роналду («Реал»; Португалия) - 80 (40)

2012 - Лионель Месси («Барселона»; Аргентина) - 100 (50) - рекорд!

2013 - Лионель Месси («Барселона»; Аргентина) - 92 (46)

2014 - Криштиану Роналду («Реал»; Португалия) ва Луис Суарес («Ливерпуль»; Уругвай) - 62 (31)

2015 - Криштиану Роналду («Реал»; Португалия) - 96 (48)

2016 - Луис Суарес («Барселона»; Уругвай) - 80 (40)

2017 - Лионель Месси («Барселона»; Аргентина) - 74 (37)

Демак, 2010 йилдан ҳозирга қадар «Олтин бутса» фақат уч футболчига насиб қилган - Месси, Роналду ва Суарес. Луис икки марта совринга эга чиққан бўлса, Криштиану ҳамда Лионель тўрт мартадан мерганлик пойгасида ғолиб чиқишган.

Кўриниб турибдики, улардан бири жорий мавсум совринлар сони бўйича олдинга чиқиб олди. Ёки бошқа бир футболчи улардан бундай мақомни тортиб олади, зеро айни пайт рақобат жуда кучли кечмоқда.

2018 йилда «Олтин бутса» кимга насиб Қилади?

Етакчи. Лионель Месси («Барселона»; Аргентина) - 32та гол, 64 очко (лига коэф. - 2)

Кейинги ўйинлари (4): «Реал» (уйда), «Вильярреал» (у), «Леванте» (меҳмонда), «Реал Сосьедад» (у).

Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетиб, Қирол кубогини қўлга киритган «Барселона» муддатидан аввал Испания чемпионлигини ҳам нишонлади. Навбатдаги турда «Депортиво» дарвозасини уч марта ишғол қилган Лионель Месси рейтинг етакчилигини Муҳаммад Салоҳдан қайтариб олди.

Бу ёғига аргентиналик юлдуз ўзини эркин ҳис қилиши турган гап. Шундоқ ҳам Мессининг «Олтин бутса» пойгасидаги имкониятлари юқори баҳоланаётганди. Биринчидан, Лео ушбу совринга тўрт марта эга чиққан - унинг учун ҳозирги сермаҳсуллик фаолиятидаги энг фантастик ва юқори кўрсаткич саналмайди.

Бундан ҳам яхшиларини қайд этишга улгурган. Иккинчидан, аргентиналикнинг олдида яна тўртта ўйин бор, ЕЧЛ билан чалғимайди, жамоасининг турнирларда ташвиши йўқ, хуллас, шериклари Мессининг натижасини янада яхшилаши учун кўмаклашишлари турган гап.

Рости, сўнгги йиллардаги бир хилликнинг ўзгариши тарафдоримиз, аммо вазиятга реал баҳо берсак, Лионелнинг «Олтин бутса»ни қўлга киритиши ҳақиқатга яқинроқ.

Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль»; Миср) - 31та гол, 62 очко (лига коэф. - 2)

Кейинги ўйинлари (2): «Челси» (м), «Брайтон» (у).

«Ливерпуль» ўз майдонида «Сток Сити»ни қабул қилган баҳсда (0:0) Салоҳ ажойиб имкониятдан фойдалана билмади ва рейтингдаги пешқадамликни Мессига топширди. Аввалги учрашувларда мунтазам гол уришга эришган мисрлик ҳужумчининг ихтиёрида яна иккита ўйин бор.

Ҳаттоки, «Челси» билан ўтадиган қийин учрашувда ҳам Салоҳнинг тўп киритиши эҳтимоли йўқ эмас. Аммо барибир, «Олтин бутса»га даъвогарлик бобида асосий рақобатчисига имкониятни бой бермоқда.

Боз устига, «Ливерпул»нинг Чемпионлар Лигасидаги иштирокини давом эттираётгани халақит қилиши мумкин. Чунки Юрген Клопп «Рома»га қарши кечадиган ярим финал учрашувларида жамоанинг асосий тўпурарига дам олиш имкониятини беришига ишониш қийин.

Чиро Иммобиле («Лацио»; Италия) - 29та гол, 58 очко (лига коэф. - 2)

Кейинги ўйинлари (3): «Аталанта» (у), «Кротоне» (м), «Интер» (у).

Чиро учун жорий мавсум ажойиб ўтмоқда, «А» серия­да 29та гол уришга улгурди. Тўғри, «Лацио» форварди асосан муваффақиятли сериялар эвазига шундай натижа кўрсатди. Мисол учун, «Сампдория» билан ўйиндан аввалги иккита баҳсда майдонни голсиз тарк этди, генуяликлар билан ўйиннинг эса 85 ва 88-дақиқаларига келибгина дарвозани ишғол қилди.

Афсуски, сўнгги турда «Торино» билан кечган баҳснинг 13-дақиқасидаёқ ўз ўрнини Фелипе Кайседога бўшатишга мажбур бўлди. Қисқаси, Месси ва Салоҳга муносиб рақобат туғдиришда италиялик форвардга айнан барқарорлик етишмаяпти.

Роберт Левандовски («Бавария»; Польша) - 28та гол, 56 очко (лига коэф. - 2)

Кейинги ўйинлари (2): «Кёльн» (м), «Штутгарт» (у).

Ёдингизда бўлса, бир йил муқаддам Бундеслига тўпурарлари пойгасида Обамеянгдан ўзиб кетолмаган Левандовски жамоадошларини ёрдам бермаётганликда айблаганди. Ҳозир эса Роберт Германия чемпионатининг мерганлари рўйхатида иккинчи ўринда бораётган футболчидан икки марта кўпроқ гол урган ва табиийки, «Олтин бутса»ни қўлга киритишни хоҳлайди.

Аммо вазият польшаликнинг фойдасига ишламаяпти. Биринчидан, Бундеслигада яна иккита тур ўйини қолди. Иккинчидан, «Бавария» чемпионликни муддатидан аввал нишонлагани сабабли, Юпп Хайнкес ёшларга кўпроқ имконият бериши турган гап. Бунга биз «Айн­трахт»га қарши кечган навбатдаги тур учрашувида (4:1) гувоҳ бўлдик.

Учинчидан, мюнхенликларнинг ЕЧЛ ярим финалида қатнашишгани етакчиларга айрим чекловлар қўллашни тақозо этди. Мисол учун, «Ганновер» билан учрашувда Левандовски захирадан ўйинга қўшилди ва гол урди. Аммо 25 дақиқа ичида чарчаган шериклар билан бундан ортиғига умид қилиш қийин.

Шунга қарамай, худди Чиро Иммобиледа бўлгани каби Робертда ҳам бир ўйинда «хет-трик» ёки «покер» қайд этиб, асосий рақибларга етиб олиш имконияти йўқ эмас. Левандовски буни ажойиб тарзда уддалайди.

Яна кимлар бор?

Эдинсон Кавани, Мауро Икарди ва Гарри Кейн 27тадан гол уришган, яъни етакчидан 5та тўп ортда қолишмоқда. Шунингдек, Криштиану Роналдуда 24та, Луис Суаресда 23та гол бор.

Ушбу рўйхатда 1,5 коэффициентга эга Португалия лигасида рақиблар дарвозасини 33 марта ишғол қилган Жонас ҳам бор. Бразилия­лик ҳужумчининг айни пайтдаги кўрсаткичи 49,5га тенг. Табиийки, бу футболчининг имкониятларини юқори деб бўлмайди.

«ОЛТИН БУТСА»ГА ДАЪВОГАРЛАР РЕЙТИНГИ

№    Футболчи                         Клуби                   Гол        Коэф.       Очко

1      Лионель Месси                 «Барселона»          32           2               64      

2      Муҳаммад Салоҳ              «Ливерпуль»         31           2               62      

3      Чиро Иммобиле                «Лацио»                 29           2               58      

4      Роберт Левандовски         «Бавария»             28           2               56

5      Эдинсон Кавани                «ПСЖ»                  27           2               54      

6      Мауро Икарди                  «Интер»                 27           2               54      

7      Гарри Кейн                        «Тоттенхэм»         27           2               54      

8      Жонас                                «Бенфика»             33           1,5            49,5   

9      Криштиану Роналду         «Реал»                   24           2               48      

10            Луис Суарес          «Барселона»          23            2              46           

Изоҳ: очколар тенг келиб қолганда, футболчиларнинг жадвалдаги ўрни бир ўйинда урилган ўртача голлар коэффициентига қараб жойлаштирилади.

Ўткирбек тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz