Қайднома

Қидирув

Юлдузёқар «профессор» - Нестор Пекерман

Юлдузёқар «профессор» - Нестор Пекерман

  08.05.2018 06:08
  0
  234
Юлдузёқар «профессор» - Нестор Пекерман

«СЭ» нашри Cordiant билан ҳамкорликни давом эттириб, «Комфорт-класс мураббийлари» рукни остида таниқли мутахассислар фаолиятини ёритмоқда.

Саҳифанинг бу галги қаҳрамони - аргентиналик Хосе Нестор Пекерман.

УКРАИНАДАН АРГЕНТИНАГА

ХIХ аср охирларида темир йўл соҳасининг магнати бўлмиш барон Мариц Гирш шахсий маблағи эвазига якуний колония жамияти(ЯКЖ)ни таъсис этди. 1891 йилда жамият Аргентинанинг 3та провинцияси - Буэнос-Айрес, Энтре-Риос ва Санта-фе ҳудудларидан 500минг гектардан кўпроқ майдонни сотиб олди.

1910 йилга келиб, у ерлардаги чор Россияси ва Украинадан келган муҳожирлар сони 20 мингдан ошиб кетганди. Уларнинг бири бўлмиш Пекерманлар оиласи Энтре-Риос провинциясининг Вилья Домингес шаҳарчасидан паноҳ топди. Янги шароитга мослашиб олиш янги оила учун қийинчилик туғдирмади - деҳқончилик юмушлари ҳамма ерда бир хил.

Фарқи шуки, Запорожье чўллари ўрнини Жанубий Америка даштлари эгаллаганди. Вақт ўтиши билан авлодлар алмашди, оталар ишини ўғлонлар давом эттиришди. 1949 йилнинг 3 сентябрида эса оилани Украинадан Аргентинага олиб келган катта Пекерман (исми тарихда қолмаган) эвара кўрди. Чақалоққа Хосе Нестор исми берилди.

ГРЕГОРИ ПЕКНИНГҚАРИНДОШИ

Интервьюларнинг бирида Колумбия терма жамоаси бош мураббийи шундай деганди: «Бобом тарихдан ҳикоя қилишни яхши кўрарди. Унинг айтишича, бобокалоним Украинадан акаси билан сафарга отланган, бироқ у Аргентинага, акаси эса АҚШга кетиб қолган экан.

Аргентиналик Пекерманнинг жиянларидан бири ке­йинчалик Грегори Пек номи билан машҳур актёр даражасига кўтарилди. Аслида, у Пек эмас, Пекерман».

Голливуд юлдузининг аргентиналик қондоши эса 6 ёшидан бошлаб чойчақа топишга киришганди: аввалига музқаймоқ сотди, оила Буэнос-Айресга кўчиб ўтгач, отаси Оскарнинг тамаддихонасида ошпазларга дастёрлик қилди.

Қолган вақтини эса Хосе Нестор футбол ва ўқишга сарфлади. Ана шу изланувчанлик эвазига бир неча йилдан кейин колумбиялик мухлислар унинг номига «профессор» иборасини қўшган ҳолда мурожаат қиладиган бўлишди.

«АРГЕНТИНОС ХУНИОРС» ВА МАРАДОНА

Пойтахтнинг овлоқ майдончаларида тўп ортидан чопиб юрган малласоч болакай тез орада «Аргентинос Хуниорс» скаутлари эътиборига тушди. Ўшанда жамоа академиясининг 15-20 йил ичида «Дунё кўчатзори» мақомига эришиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди.

Пекерман ана шу ноёб иқтидорлар конида таҳсил олди ва 16 ёшида асосий таркибдаги дебютини нишонлади. Самарали ўйинлар унга аввал U-19, кейин асосий терма жамоа эшикларини очди. Тўғри, Пекерман ЖЧ-74да кенгайтирилган таркибдан жой олиш билан кифояланди - Аргентина немис мундиалига Пекермансиз йўл олди.

1971 йилда «Аргентинос Хуниорс»­нинг навбатдаги беллашуви арафасида футболчилар билан майдонга тушган болакайлар эсдалик учун суратга тушишни илтимос қилишди. Сураткаш ишини якунлагач, кўзлари чақнаб турган қоракўз йигитча Пекерманга юзланди:

- Яқинда сиз билан ёнма-ён турадиган футболчи бўламан!

- Албатта, шундай бўласан! Исминг нима?

- «Диего.

1976 йилнинг октябрида 15 ёшли Марадона «Аргентинос Хуниорс» сафида илк марта майдонга тушди, ноябрда эса катта футболдаги дебют голини амалга оширди. Афсуски, тарихий воқеага гувоҳ бўлиш «Профессор»га насиб этмади - бу пайтда у Колумбияда тўп сураётганди.

МЕДЕЛЬИН ДЕРБИСИ ВА 8та ЎПКА

1960-1970 йилларда Колумбия кўплаб аргентиналик футболчиларни ўз бағрига олганди. Пекерман ҳам 1975 йилда Габриэль Гарсия Маркес юртига йўл олди. Хосе Нес­торни Медельиннинг «Индепендьенте» клуби ўз бағрига олди.

Шаҳарнинг бошқа бир жамоаси - «Атлетико Насьональ» билан бўладиган «Пайса Класико» (ҳудуд аҳолисининг умумий номи) ҳозир ҳам Колумбиянинг энг муросасиз дербиси мақомига эга. Пекерманнинг дастлабки «класико»си ҳанузгача мухлислар хотирасидан ўчмаган.

1975 йилнинг 20 апрелида «Атанасио Хирардо» стадионида ўтган беллашувнинг биринчи бўлимидан сўнг «Индепендьенте» 0:3 ҳисобида ортда бораётганди. Иккинчи бўлим Хосе Несторнинг бенефисига айланди. Ўнг қанот ҳимоячиси Карлос Гавирия билан нафақат жамоадош, балки чинакам дўстга айланган ярим ҳимоячи ўз қанотини даҳшатли замбаракка айлантирди.

Оқибатда сермаҳсул жуфтлик биттадан гол уриб, фарқни қисқартирди. Табиийки, «Атлетико» ўйинчилари асабийлаша бошладилар. Учрашувнинг сўнгги дақиқасида «Индепендьенте» жарима зарбаси бериш ҳуқуқига эга бўлди. Кучли зарбадан сўнг жонли девордан қайтган тўпни аргентиналик «профессор» дарвоза бурчагига жойлаб қўйди.

«Ўша оқшом Хосенинг худди ёш боладек ирғишлаганига гувоҳ бўлдим. Одатда, у ўта вазмин, камгап йигит эди. Лекин майдонда худди серғайрат чумолидек тиниб-тинчимасди, чарчаш нималигини билмасди. Менга унинг 8та ўпкаси бордек туюларди», - деганди Гавирия кейинчалик.

ВАНЕССА ВА ЖАРОҲАТ

Хосе Несторнинг тўнғич фарзанди - қизи Ванесса Колумбияда дунёга келди. Шу туфайли Медельин унинг учун суюкли шаҳар бўлиб қолди. Гавирия эса қизалоққа тутинган ота бўлди. Хуллас, аргентиналик ярим ҳимоячининг майдондаги ва уйдаги ишлари рисоладагидек кетаётганди.

Лекин 1977 йилда кутилмаган фалокат юз берди: тушликдан сўнг ўрнидан кўтарилган футболчи қоқилиб кетди ва оёғини нотўғри қўйиши оқибатида жароҳат олди. Шу тариқа 28 ёшда фаолиятини якунлашга мажбур бўлди - 40 йил аввал тиббиёт бу жароҳат олдида ожиз эди.

ЖЧ-1978 ВА ТАКСИ

Аргентинада Пекерманнинг тушкун кайфияти янада тушиб кетди. Мамлакат ўз тарихидаги илк ЖЧни кутиб олиш тадоригини кўраётган, «профессор» эса томошабинликдан бошқа ҳеч нимага ярамасди. Бир ёқда тирикчилик ташвиши - рафиқаси Матильданинг мактабда бошланғич синф­ларга сабоқ бериш учун олаётган маоши қўлга тегиши билан адо бўларди.

Қисқаси, мундиал баҳонасида Буэнос-Айресга кўплаб меҳмонлар келишини ҳисобга олган ишсиз футболчи акасининг машинасини қора-сариқ рангга бўяб, такси ҳайдашга аҳд қилди. Йўлларда тиқилинчга дуч келмаслик учун барвақт ўрнидан турар, ҳар куни 8-10 соатлаб пойтахт кўчаларида елиб-югурарди.

10-15 дақиқалик бўш вақтида хотини унга тайёрлаб берган егулик билан тамадди қилиб оларди. Лекин шундай тиғиз паллада ҳам баъзан кўча футболи авж олган маҳаллаларга ташриф буюрар, болакайлар ўйинларини кузатиб, тегишли маслаҳатлар берарди. Аста-секин бўлажак фаолиятини аниқ тасаввур қила бошлаган Пекерман 1 йилдан сўнг киракашликни йиғиштирди.

«АРГЕНТИНОС ХУНИОРС» МАКТАБИ

Таксичиликдаги қисқа танаффус дақиқаларини жисмоний тайёргарликка оид қўлланмаларга сарфлаган Пекерман футболдаги танишлари кўмагида «Чакарита Униорс» академиясига ишга кирди. Тез орада жонажон «Аргентинос»га ўтиб, яна Марадона билан учрашди. Бу пайтда Диего «Бока» таркибига кирган, 1982 йилда эса «Барселона»га йўл олганди.

«Аргентинос» президенти Пекерман зиммасига ёш футболчилар тарбиясини юклади, Хосе Нестор эса 10 йиллик фаолиятида кўплаб юлдузларни кашф этди. Фернандо Редондо, Эстебан Камбьяссо, Серхио Батис­та, Клаудио Борги ва Хуан Роман Рикельмелар айнан унинг раҳбарлигида камолотга эришишди.

Академия «Дуне кўчатзори», Пекерман эса «профессор» тахаллусини олди. «Аргентинос» ва Чилининг «Коло-Коло» академияларидаги муваффақияти билан мамлакат футбол ассоциацияси президенти Хулио Грондонани лол қолдирган Пекерман 1994 йилда U-20 ёшлар терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди.

Натижада Аргентина бу ёш тоифасида етакчи бўлиб олди - жамоа ҳисобидаги 6та жаҳон чемпионлигининг 3таси «профессор»га тегишли. Хуан Пабло Сарин, Пабло Аймар ва Хавьер Савиолалар эса унинг навбатдаги юлдузлари.

ЖЧ-2006 ВА ТАРИХИЙ ХАТО

Аргентинанинг бош жамоасидаги фаолиятини Пекерман ЖЧ-2002да координатор лавозимида бошлаганди. 2004 йилда у Марсело Бьелса ўрнига бош мураббий этиб тайинланди. Немис заминидаги дастлабки баҳс­лар Аргентина учун омадли бўлди: Кот-д~Ивуар 2:1, Сербия-Черногория 6:0 ҳисобларида маҳв этилди, Месси ЖЧ тарихидаги энг ёш (18 йил, 11 ой, 11 кун) футболчига айланди.

Аммо кейинчалик жамоа Голландия билан дуранг (0:0) ўйнади, нимчорак финалда Мексикани «овер-тайм»да таслим (2:1) этди. Мезбонларга қарши чорак финалда эса «профессор» тарихий хатога йўл қўйди: жамоа 1:0 ҳисобида олдинда бораётган ўйиннинг 79-дақиқасида Креспо ўрнига Хулио Крусни майдонга туширди.

Месси эса захирада қолиб кетди. Мураббий баланд бўйли Круснинг бош билан ишончли ўйинига умид қилганди. Бироқ Клозе мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди. «Лотерея»да эса Айяла ва Камбьяссолар гол ура олмадилар - 2:4. Шундан кейин Пекерман истеъфога чиқарилди.

КОЛУМБИЯ ОРЗУСИ

Омадсизликнинг тушкун кайфиятидан фориғ бўлиш мақсадида Мексикага йўл олган «профессор» бор диққат-эътибори ва малакасини «Толука» ва «Тигрес» жамоалари равнақига қаратди. 2012 йилнинг январида Колумбия футбол федерацияси президенти Луис Бефия маҳаллий мухлислар талабига кўра, уни терма жамоага таклиф этди.

Янги бош мураббий ўзига билдирилган ишончни оқлаб, Колумбияни ЖЧ-2014га олиб чиқди. Унгача бу терма қаторасига 3та ЖЧни ўтказиб юборишга мажбур бўлганди.

Ўз қитъасидаги мусобақада жамоа етакчиси - Радамель Фалькаосиз (қизиғи, у ҳам мундиал арафасида Пекерман билан бир хил жароҳат олганди) ўйнаган бўлсада, ўз тарихида илк марта нуфузли турнирнинг чорак финалига чиқди.

Энди Пекерман аждодлари юртига туташ бўлган Россияда «Колумбия орзуси»ни рўёбга чиқаришга уриниб кўради. Эҳтимол, ЖЧ-2018да «профессор» ва унинг янги юлдузлари Колумбиянинг энг яхши натижасини қайд этишар? Ахир, Пекерман - юлдузёқар мураббий-да!

И.Обидов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz