Апрелда бир-биридан қизиқарли учрашувлар гувоҳига айландик. Хусусан, мухлислар Суперлига баҳсларидаги шиддат ва сенсацияларга аста-секин кўникаётган паллада Ўзбекистон кубогининг 1|16 финал учрашувлари ўтказилиб, унда ҳам кутилмаган натижалар қайд этилди.
Айниқса, «Навбаҳор», «Бухоро» ҳамда «Металлург» клубларининг ушбу мусобақани эрта тарк этишлари турнирнинг бу йилгиси аввалгиларидан фарқланаётганини кўрсатиб, футбол жамоатчилигини шов-шувли ҳисобларга тайёр туришга ундамоқда.
«ИнтерФутбол» анъанавий тарзда ойнинг энг яхши футболчи ва мураббийларини аниқлаб, уларнинг сўнгги 30 кун мобайнида қайд этган натижаларига назар солади. Демак, апрель лауреатлари билан танишинг.
Апрель охирида ўтказилган тур ўйинларидан сўнг «Пахтакор» Суперлига турнир жадвалида якка пешқадамга айланиб олди. Эришилган ютуқларда жамоа дарвозабони Элдор Суюновнинг ҳиссаси катта, албатта.
Ўзининг эпчиллиги, реакцияси кучлилиги билан Шота Арвеладзеда ишонч уйғотган маҳоратли кипер жорий мавсум «шерлар»нинг асосий посбонига айланди.
Муҳими, Элдор ҳар бир ўйинда ўзидан ёрқин таассурот қолдириб, рақиблар томонидан уюштирилган ҳужумлар чоғи чапдастлиги эвазига қойилмақом «сейв»ларни амалга оширмоқда. Апрелда ўтказилган 5та ўйинда тўлиқ ўйнаб, дарвозасидан атиги икки марта тўп олиб чиққан кипер лауреатлар рўйхатида биринчи ўринга лойиқ кўрилди.
Баҳорнинг иккинчи 30 кунлиги «Бунёдкор» учун икки хил тарзда кечди - муваффақиятли ибтидо ва омадсиз якун. Ҳа, дастлаб мусобақа карвонбошисига айланиб олган жамоа сўнгги турларда кетма-кет ўйинларни бой берди. Шунга қарамай, бу жамоада бир футболчининг ҳаракатлари мухлису мутахассисларга манзур бўлди.
Бу - Жавлон Иброҳимов. «Бунёдкор»нинг ўрта чизиқдаги тартибли ўйинини айнан шу етакчи назорат қилмоқда. Қолаверса, Иброҳимов жамоасининг муҳим голларини уряпти, энг керакли паллада самарали тўп суриб, мураббий ишончини оқламоқда. Демак, апрелда 4та учрашув ўтказиб, 2 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилган ярим ҳимоячи бугунги рейтингнинг иккинчи поғонасини эгаллади.
Кучли учликка бу йил юқори шашт билан фақат совринли ўринларни кўзлаётган «Бухоро» легионери Арсланмурот Аманов якун ясаб беради. 4та ўйинда 318 дақиқа ҳаракатланган ярим ҳимоячи ўз ҳисобига 2та гол ва шунча самарали узатма ёздириб қўйди. Эътирофга лойиқ статистика.
Айниқса, Амановнинг Бухорода кечган АГМКга қарши баҳсда кўрсатган ўйини Суперлига ихлосмандларини лол қолдирди. Жамоаси 0:2 ҳисобида имкониятни бой бераётган паллада масъулиятни ўз зиммасига олган туркманистонлик футболчи дастлаб шеригини самарали узатма билан таъминлади.
Сўнгра бирин-кетин голлар уриб, «Бухоро»нинг ажойиб «камбэк»ига замин ҳозирлади. Хуллас, Арсланмурот бугунги кунда Улуғбек Бақоевнинг энг ишонган шогирдларидан бирига айланиб улгурди.
Апрель ойи лауреатлигига номзодлар орасида Жалолиддин Машарипов, Тиаго Безерра, Азиз Турғунбоев, Мирзоҳид Ғофуров, Сардор Собирхўжаев, Марат Бикмаев, Жавоҳир Сиддиқов, Игорь Голбан, Элгужа Григалашвили сингари яна кўплаб футболчилар бор.
Шунингдек, ушбу рўйхатга «Ростов» сафида тўп сураётган легионеримиз Элдор Шомуродовни ҳам қўшиш мумкин. Аста-секин ростовликлар асосий таркибига ўрнашаётган ҳужумчи апрель сўнгида «дубль» қайд этиб, ишончни оқлади.
Мураббийлар ҳақида гап борганда, Улуғбек Бақоевнинг қўл остидаги жамоа билан эришаётган ютуқларини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Айниқса, ўз майдонида ўтаётган учрашувларда мухлисларга хуш ёқадиган ўйин кўрсатиб, рақибларини мағлубиятга учратаётган «Бухоро»нинг муваффақиятларида мураббийнинг ҳиссаси беқиёс.
Кўҳна шаҳарликлар апрель ойи якунларига кўра турнир жадвалида 2-ўринни эгаллашди. Албатта, жамоанинг бундай иштирокида нафақат Бақоев, балки у билан елкама-елка ишлаётган Бахтиёр Ашурматовнинг ҳам меҳнатлари ётибди.
Келгусида бу тандем янада юқорироқ натижаларга эришишига шубҳа йўқ. Ҳозирча эса Бақоевни лауреатлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллагани билан табриклаймиз.
«Сўғдиёна» мураббийлар штабида ўзгаришлар кузатилгач, бу клубнинг ишлари анча юришиб қолди. Дебют учрашувидаёқ «Навбаҳор» устидан иродали ғалабага эришган Сергей Лушан бугунги рейтингнинг иккинчи поғонасига лойиқ кўрилди.
«Бунёдкор»даги фаолияти орқали мураббийлик салоҳиятини намоён этган мутахассиснинг нималарга қодирлигини Жиззах клубидаги иши ҳам кўрсатиб турибди.
Айниқса, «Сўғдиёна» апрель охирида «Насаф» майдонида ғалаба қозонгач, бу жамоадан ҳар нарса кутиш мумкинлигини кўпчилик тушуниб етди. Сергей Ивановичга бироз вақт ва имконият берилса кифоя, шогирдлари билан юксак марраларни кўзлашига ишончимиз комил.
Учинчи ўринда «Пахтакор» устози Шота Арвеладзе. Жамоани ўтган мавсум қабул қилиб олган грузиялик мутахассис чемпионатни юқори поғоналарда якунлашга эришганди. Аммо бу йил ундан фақат чемпионлик талаб этилмоқда. Ҳозирча мураббий ишончни оқламоқда, ҳар ҳолда, «шерлар» намойиш этаётган ўйин мухлисларга манзур бўлмоқда.
«Пахтакор» апрелда «Навбаҳор» ва «Қизилқум»га қарши кечган қийин учрашувларда зафар қучиб, турнир пешқадамига айланди. Арвеладзе эса шогирдларини ҳар бир ўйинга яхши тайёрлаб, уларни ғалаба сари руҳлантиришни уддаламоқда.
Шунингдек, Нўъмон Ҳасанов, Андрей Шипилов, Ҳамиджон Актамов ва Андрей Фёдоровлар ҳам апрелнинг энг яхшилари қаторидан ўрин олишга муносиб эдилар.
Аммо кучли учликдаги ҳамкасблари айрим жиҳатлар бўйича уларни ортда қолдиришди. Ишончимиз комилки, юқорида номи тилга олинган мутахассислар ҳам кейинги ойда ўз ҳисобларига рейтинг очколарини ёзишга муваффақ бўлишади.
Футболчиларнинг ой давомидаги натижалари
№ Футболчи Ўйин Дақиқа Гол Ассист
1. Элдор Суюнов 5 450 -2 -
2. Жавлон Иброҳимов 4 360 2 -
3. Арслонмурот Аманов 4 318 2 2
Футболчилар
Январь
1. Одил Ҳамробеков («Насаф»)
2. Жасур Яхшибоев («Пахтакор»)
3. Акром Комилов («Бунёдкор»)
Февраль
1. Игнатий Нестеров («Локомотив»)
2. Игорь Голбан («Насаф»)
3. Икром Алибоев («Локомотив»)
Март
1. Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор»)
2. Ботирали Эргашев («Навбаҳор»)
3. Суҳроб Нуруллоев («Металлург»)
Апрель
1. Элдор Суюнов («Пахтакор»)
2. Жавлон Иброҳимов («Бунёдкор»)
3. Арслонмурот Аманов («Бухоро»)
------------------------------------------
Мураббийлар
Январь
1. Равшан Ҳайдаров (Ўзбекистон U-23 т.ж.)
2. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)
Март
1. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)
2. Андрей Шипилов («Металлург»)
3. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)
Апрель
1. Улуғбек Бақоев («Бухоро»)
2. Сергей Лушан («Сўғдиёна»)
3. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)
Умумий натижа
Мураббийлар
1-3. Равшан Ҳайдаров - 5 очко
1-3. Миржалол Қосимов - 5 очко
1-3. Улуғбек Бақоев - 5 очко
4-6. Рўзиқул Бердиев - 3 очко
4-6. Андрей Шипилов - 3 очко
4-6. Сергей Лушан - 3 очко
7-8. Илҳом Мўминжонов - 1 очко
7-8. Шота Арвеладзе - 1 очко
Футболчилар
1-4. Одил Ҳамробеков - 5 очко
1-4. Игнатий Нестеров - 5 очко
1-4. Хуршид Ғиёсов - 5 очко
1-4. Элдор Суюнов - 5 очко
5-8. Жасур Яхшибоев - 3 очко
5-8. Игорь Голбан - 3 очко
5-8. Ботирали Эргашев - 3 очко
5-8. Жавлон Иброҳимов - 3 очко
9-12. Акром Комилов - 1 очко
9-12. Икром Алибоев - 1 очко
9-12. Суҳроб Нуруллоев - 1 очко
9-12. Арслонмурот Аманов - 1 очко
------------------------------------------------
Изоҳ: 1-ўрин - 5 очко, 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.
Ўткир Умаров
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20