Қайднома

Қидирув

Азиз Ғаниевдан Умар Сомагача ёхуд Осиёнинг энг кучли футболчилари рейтинги (фотогалерея)

Азиз Ғаниевдан Умар Сомагача ёхуд Осиёнинг энг кучли футболчилари рейтинги (фотогалерея)

  11.05.2018 00:19
  0
  4280
Азиз Ғаниевдан Умар Сомагача ёхуд Осиёнинг энг кучли футболчилари рейтинги (фотогалерея)

Маълумки Осиё футболида тақвим, аниқроғи, мавсум старти бир хил эмас. Қайсидир чемпионат баҳорда, бошқаси ёзда, яна бири эса кузда старт олади.

Аввало, шуни айтиш керакки, бугун эътиборингизга ҳавола этиладиган рейтинг Осиё футболига қиёсан 2017-2018 йиллар мавсуми якунлари ҳамда айни пайт қитъа футболининг халқаро ҳолатига кўра тузилган.

Биз таклиф қилаётган ушбу рўйхат ҳеч қандай расмий мақомга эга эмас, лекин миллий матбуотимизда илк бор бунга уриниб кўряпмиз. Мухлисларимиз рейтингни турлича қабул қилишади.

Кимгадир маъқул келар, кимдир бошқа футболи ишқибозидир. Албатта, биз ҳам ҳамюртларимиз рейтингларда кўп бўлишини хоҳлаймиз, лекин ҳамма гап чинакам меҳнат ва совринлар ютишда эканлигини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик даркор.

10. АЗИЗ ҒАНИЕВ (Ўзбекистон)

Клуби: «Насаф»

Ёши: 20; амплуаси: ярим ҳимоячи

2018 йил бошида Осиё футболида ном қозонганлардан бири айнан Азиз бўлди. Унинг ўзига хос кучли зарбаси борлигини кўплаб мутахассислар ҳам эътироф этишяпти.

«Насаф»нинг гуруҳ босқичидаги дастлабки ғалабасига энг катта ҳиссани айнан у қўшди. Бу футболчимиз янгидан шаклланадиган олимпия терма жамоамизнинг етакчиси бўлишга биринчи рақамли даъвогардир.

9. АЛИРИЗО БЕЙРАНВАНД (Эрон)

Клуби: «Персеполис»

Ёши: 25; амплуаси: дарвозабон

195 см. бўйга эга Алиризо Бейранванд 2015 йили терма жамоада дебютини нишонлаган. Шундан бери 20 марта бош жамоага таклиф қилинди. Уни кучли дарвозабонлар сафига бемалол қўша оламиз.

Олти йил Теҳроннинг «Нафт» клуби сафида маҳоратини тоблаб борди. 2016 йили «Персеполис»га ўтиши Бейранванд учун фаолиятида туб бурилиш бўлди. У ЖЧ-2018 саралаш ўйинларида 9та беллашувда умуман гол ўтказмади.

Жорий мавсум айнан шу кипер ОЧЛда ҳаммадан кам гол ўтказиб юборди (3та). 2017 йили ФИФА томонидан ўтказилган «Йил дарвозабони» совринида 9-ўринни банд этди.

8. ВУ ЛЕЙ (Хитой)

Клуби: «Шанхай СИПГ»

Ёши: 26; амплуаси: ҳужумчи

Хитой чемпионатининг жорий мавсумида 100-голини урган Ву Лейнинг Суперлигада иштирок этаётганига атиги олти йил бўлди, холос. Чаққон форвард деярли ҳар йили тўпурарлик қобилиятини (энг камида 12та гол) намоён этиб келмоқда.

У терма жамоасининг ҳам асосий ҳужумчиси ҳисобланади. Ву Лей бу мавсум 15та ўйинда 12та гол урди. Бу футболчининг битта камчилиги - ҳамма тактикага ҳам мослаша олмайди.

Унинг савияси юқорилиги рост, аммо ўйин пайти жамоадошлари билан ўзаро тушуниб тўп суриши қийин кечади, клуб мураббийлари бу борада кўп тер тўкишларига тўғри келади.

7. Ю КОБАЯШИ (Япония)

Клуби: «Кавасаки Фронтале»

Ёши: 30; амплуаси: ҳужумчи

Япон футболчилари кетишни хоҳлашса, кўпинча бош-қа қитъа клубларини танлашади. Улар ҳатто Корея жамоаларига ҳам ўтишмайди. Кобаяши 10 йилдирки, фақат «Кавасаки»да тўп сурмоқда. У терма жамоа сафида илк бор 2014 йили майдонга тушган.

30 ёшли ҳужумчи Япония чемпионатининг охирги мавсумида жами 38та гол урди. Бундан ташқари, сўнгги икки мавсумда рамзий жамоадан ўрин олди. 2017 йилда «Энг фойдали ўйинчи» ва тўпурар мақомига сазовор бўлди.

6. МЕҲДИ ТАРИМИ (Эрон)

Клуби: «Ал-Гарафа» (Қатар)

Ёши: 25; амплуаси: ҳужумчи

Меҳди Эрон чемпионатининг сўнгги уч мавсумида ҳақиқий тимсолга айланди. Кетма-кет икки мавсум «Йил ўйинчиси» ва «Энг яхши тўпурар» номига сазовор бўлган футболчи кейинги клубга ўтишда шошилди.

Афтидан, молиявий жиҳатни устун қўйган кўринади. Унинг эронлик бошқа ҳужумчилардан фарқи шундаки, ҳужумнинг исталган чизиғида ва ярим ҳимояда бирдек ҳаракат қилади, ўйинни ва майдонни яхши ўқий олади.

5. УМАР АБДУЛРАҲМОН (БАА)

Клуби: «Ал-Айн»

Ёши: 26; амплуаси: ярим ҳимоячи

Қўнғирсоч футболчи ўтган йили Осиё ва араб олами сайтлари тузиб чиққан турли рейтингларда биринчи ўринни олганди.

БАА термаси мундиалга йўл ола билмаганлиги боис, унинг ўйинида озгина пасайиш юзага келгандек, лекин ОЧЛ баҳсларида кўряпмизки, Умар Абдулраҳмон ҳамон бинойидек тўп сурмоқда. «Ал-Айн»­нинг чорак финал йўлланмасини қўлга киритишида тезкор ярим ҳимоячининг алоҳида ҳиссаси бор.

4. УМАР ҲАРБИН (Сурия)

Клуби: «Ал-Ҳилол» (С.Арабистони)

Ёши: 24; амплуаси: ҳужумчи

Умар Ҳарбин учун 2017 йил сермаҳсул келди. У ҳам терма жамоа, ҳам клуб миқёсида кўплаб голлар урди. «Ал-Ҳилол» 2017 йилнинг 19 июнида 44 млн. Саудия риали (11,5 миллион доллар) эвазига ушбу футболчини таркибга қўшиб олиб, у билан 4 йиллик шартнома имзолаганди.

Ҳарбин 2017 йил якунларига кўра, Осиёнинг энг яхши футболчиси деб топилди. «Ал-Ҳилол» эса сўнгги мавсум мамлакат чемпионлигини нишонлади.

3. АЛИ АЛИПУР (Эрон)

Клуби: «Персеполис»

Ёши: 23; амплуаси: ҳужумчи

Бу мавсум Алипурнинг ёдига умрбод муҳрланса керак. Чунки у бир мавсумда кўпи билан 5та гол урарди. Жорий чемпионат якунланмасидан туриб эса, унинг ҳисобида 25та (!) гол бор. Бизнинг томошабинлар ҳам Али Алипурни яхши эслашса керак.

У жорий мавсум «Насаф»га қарши ўйинларда тўп сурди. 23 ёшли ҳужумчи жарима майдончаси ичида ўзини анча эркин ҳис қилади. Меҳди Тарими жамоани тарк этгач, Алипур «Персеполис»нинг асосий форвардига айланди.

2. КИМ ШИН ВУК (Жанубий Корея)

Клуби: «Ульсан Хюндай»

Ёши: 30; амплуаси: ҳужумчи

«Ульсан Хюндай» сафида 7 йил стабил тўп сурган футболчи жорий мавсум ОЧЛда осиёлик футболчилар орасида энг кўп гол урганлардан бири бўлди - 5та (Меҳди Тарими билан бирга).

Бундан ташқари, жорий йил Жанубий Корея терма жамоасининг учта ўртоқлик ўйинида рақиблар дарвозасини 4 марта ишғол қилди. Жанубий Корея матбуоти унга «бизнинг гигант» дея лақаб қўйиб олгани бежиз эмас, албатта.

1. УМАР АЛ СОМА (Сурия)

Клуби: «Ал-Аҳли» (С.Арабистони)

Ёши: 28; амплуаси: ҳужумчи

«Ал-Аҳли»нинг ҳақиқий «Ференц Пушкаш»и. Сабаби, у мазкур клуб учун 118та ўйинда 130та гол урган! Жидда клубининг 2016|2017 йиллар мавсумида ғолиб чиқишида бу футболчининг ҳиссаси беқиёс бўлган.

Жорий мавсумда ҳам у 17 ўйинда 12та тўп киритган. Сурия миллий жамоаси уни ўз сафига кеч чақирди. Акс ҳолда, бу терма Россиядаги мундиалга тайёргарлик кўриб юрган бўлармиди?!

Довудхон Акрамов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz