Фанатлар «Фламенго» футболчиларига ташланиб, уларни сиқувга олишди.
Аниқроғи, бразилиялик қони қайноқ мухлислар Рио-де-Жанейро аэропортида жамоа вакилларини сафар ўйинига жуда «илиқ» кузатиб қўйишди - салбий натижалар учун изоҳ талаб қилишди ва якунда таркибдаги бош юлдуз Диего Рибасни дўппослашларига озгина қолди.
Қуйида шу воқеа ва унинг сабаблари ҳақидаги мақола билан танишишингиз мумкин.
Мухлислар армияси нимадан норози? Ҳа, «Фламенго» мухлислари жамоани Бразилия чемпионати 3-туридан ўрин олган «Сеари»га қарши сафар учрашувига ноодатий ҳолатда кузатиб қўйишди - улар футболчиларни роса ҳақоратлашди, мураббийларни суст ўйин учун жиддий айблашди, попкорн улоқтиришди ва ҳаттоки, баъзи йигитларни калтаклашга уринишди.
Ваҳоланки, Бразилияда чемпионат энди старт олди ва жамоага бундай кескин эътироз билдириш ўринли эмасдек. Бироқ фанатларда хавотирланиш учун бош-қа сабаблар ҳам бор.
Биринчидан, машҳур «Фламенго» яна бир турнир - Либертадорес кубогида ишончни унча оқлаётгани йўқ. Тўғри, жамоа гуруҳ босқичининг дастлабки 4та турида 1та ғалаба ва 3та дуранг қайд этди, аммо футбол сифати фанатлар кутган даражадан анча паст.
Энг асосийси, шонли тарихга эга клуб бир ой муқаддам штат чемпионати ярим финалида «Ботафого»га йўл бўшатиб, ўз мухлислари нафратини қўзғатди.
Ўшанда «Фламенго» вице-президенти Рикарду Ломба футболчиларни айблаб («Йигитлар рақибларимизга нисбатан кам югуришгани учун ют-қаздик» қабилида), мухлислар ғазабига ғазаб қўшганди.
Иккинчидан, фанатлар раҳбариятни ношудликда айблашмоқда. Мисол учун, клуб президенти Эдуарду Бандейра де Меллу мавсум боши, яъни февралдан буён нафақат мураббий Паулу Карпежиани, балки спорт директори Родригу Каэтануни ҳам ишдан бўшатди.
Бошқарув тизимида бўшаган жойга номзодлар навбат ҳосил қилишди, аммо президент ҳали янги муносиб мураббий топганича йўқ. У бу борада бир ойдан буён музокара жараёни давом этаётганини таъкидлашдан нарига ўтмаяпти.
Маълумотларга кўра, Бразилия футболидаги 4 нафар топ-мутахассис (Фабиу Карили, Ренату Гаушу, Кука ва Луиз Фелипе Сколари) қандайдир тушунарсиз ҳолатга тушиб қолган жамоани шуғуллантиришдан бош тортган.
Учинчидан, Бразилияда «халқ жамоаси» ҳисобланадиган «Фламенго» узоқ йиллардан буён совринсиз қоляпти. Ваҳоланки, таркибида таниқли футболчилар кўп ва уларга бинойидек маблағ сарфланган, сарфланмоқда. Айни ҳолатга қарасак, Диего Рибас бор, яна «Валенсия»нинг собиқ дарвозабони Диего Алвес ва «Реал» томонидан харид қилинган Винисиус Жуниорни айтиш мумкин.
Мухлисларнинг норозилик акциялари аэропортда хунук манзара рўй беришидан 2 кунча олдин бошланган эди. Улар аввалига клуб базаси деворларини турли таҳ-қирловчи расмлар ва баннерлар билан тўлдириб чиқишганди. Кейин попкорн ҳамда банан пўстлоқлари улоқтиришди, ҳаттоки, клуб қўриқчиларига ҳужум уюштиришди.
«Шармандалик» ва «Диего - қўрқоқ». Хуллас, иш тажовузкор кайфиятдаги мухлисларнинг аэропортдаги «томоша»ларига уланди. «Фламенго» раҳбариятининг жамоани «яширин йўлак»дан олиб ўтишга қарор қилгани ҳам наф бергани йўқ - аламзада фанатлар буни пайқаб қолиб, футболчилар жойлашган автобусни қуршаб олишди.
Натижада қўриқлаш хизмати ғазаб ўтида ёнаётган мухлисларни тўхтатиш йўлида анча тер тўкди. Энг катта нафрат эса ярим ҳимоячи Диего Рибасга қаратилди. Айнан уни попкорн билан нишонга олишди, беармон ҳақоратлашди, охир-оқибат, ҳаммаси муштлашувга айланиб кетиш арафасига келди.
Диегонинг бахтига, уни қўриқчилар ва аэропортнинг ойнаванд эшиги қутқариб қолди. Ўйинчилар хавфсиз жойга ўтиб олишган пайт эса, Диего Алвес ҳақоратларга чидай олмади ва тажовузкор фанатлардан бири устига қайноқ қаҳва тўкиб юборди. Оқибатда мухлислар армияси душманига айланди-қўйди.
Ҳар ҳолда, улар ижтимоий тармоқлар орқали дарвозабонга очиқ жанг эълон қилишди: «Алвес учун хотиржам кунлар тугади. У қўрқоқ! Шунга қарамай, устимиздан кулмоқда». Ҳа, Испанияда ном қозонган голкипер ўзига ғанимлар орттириб олди.
Расмий баёнот. «Фламенго» раҳбарияти юз берган кўнгилсизликлар юзасидан баёнот бериб, мухлислар ҳаракатини кескин қоралади: «Биз айримларнинг мутлақо мантиқсиз ишларини сира оқламаймиз.
Аэропортга футболчиларни ҳақоратлаш учун бориш... Бу ҳеч қандай қолипга сиғмайди. «Фламенго» доимо мухлислар ҳуқуқларига ҳурмат билан қарайди, уларнинг танқид ва эътирозларини эшитади. Лекин ҳеч қачон аэропортдаги каби тажовузкорликни қабул қилмайди.
Бу бутун Бразилия футболи учун аянчли воқеа». Дарвоқе, жамоа футболчилари Форталезеда бироз енгил тин олишди. Ҳар ҳолда, шаҳарда уларни илиқ кутиб олишди ва фақат дастхат олиш ёки бирга суратга тушиш учунгина безовта қилишди, холос.
Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20