Швециялик Златан Ибрагимович Россияга келади, аммо ЖЧда қатнашиш учун эмас. У мундиал ўйинларини кузатиш баробарида Сочида пляж футболи баҳсида ўзини кўрсатмоқчи. Умуман, яна бир қатор таниқли футболчиларнинг ЖЧ-2018 томошабинлари қаторидан жой олишлари эҳтимоли катта.
Жанлуижи Буффон, Давид Алаба, Жоржо Кьеллини, Леонардо Бонуччи, Артуро Видаль, Генрих Мхитарян, Гарет Бэйл, Алексис Санчес, Арьен Роббен ва Пьер-Эмерик Обамеянг каби йигитлар терма жамоалари саралаш чиғириғидан чиқолмагани учун Россияга келишмайди.
Яна шундай футболчилар ҳам борки, улар турли сабабларга кўра, турнир иштирокчилари рўйхатидан четда қолишлари мумкин.
Тўғри, қуйидаги фотожамланма (манба: soccer.ru)га киритилган айрим ўйинчилар ҳали умид узишмаган ва уларни бўлажак чемпионатда кўришимиз эҳтимоли йўқ эмас. Фақат бунинг учун омадлари келишию, тезроқ тикланишлари талаб этилади...
Дарвозабон. Аҳмад ал ШЕНАВИ (Миср)
Африка жамоасининг 45 ёшли голкипери - афсонавий Эссам ал Хадари асосий таркибдаги ўрнини йўқотганди, аммо ёш ал Шенави тиззасидан жароҳатланиб, сафдан чиқди.
Унинг ЖЧнинг илк ўйинида мисрликларга ёрдам беролмаслиги аниқ. Лекин шу туфайли ал Хадари ЖЧ тарихида майдонга тушган энг ёши катта футболчи мақомини олиши мумкин.
Ҳимоячи. Жибриль СИДИБЕ (Франция)
«ПСЖ» ва «Монако» ўртасидаги ўйин (7:1) ўнг қанот ҳимоячиси учун омадсиз келди. Маълум қилинишича, реактив тезликка эга ва техник салоҳияти баланд Жибриль турнир стартига қадар тўлиқ тикланишга улгурмайди.
Ҳимоячи. Жером БОАТЕНГ (Германия)
«Бавария»нинг ЧЛ ярим финали доирасида «Реал»га қарши кечган ўйини ЖЧ-2018ни яна бир ёрқин ижрочидан маҳрум қилди. Тўғри, Боатенг мундиалгача сафга қайтиши мумкин, аммо умид жуда кам.
Ҳимоячи. Виктор ВАСИН (Россия)
ЦСКА вакили ЖЧ ўйинларига зўр иштиёқ билан шайланаётганди, аммо бемаврид жароҳат... Викторнинг ҳам турниргача тайёр бўлиши гумон.
Ҳимоячи. Георгий ЖИКИЯ (Россия)
Айни пайт йўқотишлар бўйича айнан Россия термаси етакчи бўлиб турибди. «Спартак»нинг универсал ҳимоячиси Жикия ҳам ёқимсиз жароҳат оқибатида ўйин бобидаги ажойиб юксалишдан тўхтаб қолди.
Ярим ҳимоячи. Лукас БИГЛИЯ (Аргентина)
Аргентиналик ярим ҳимоячилар Испания термасига қарши кечган «ўртоқлик»да барчани уялтириб қўйишди. Хавотир устига муаммо - тажрибали Биглия «Милан»нинг «Беневенто» билан омадсиз ўйинида сафдан чиқди. Жаҳоннинг амалдаги вице-чемпиони шу жароҳат туфайли Россия мундиалини четдан кузатиши мумкин.
Ярим ҳимоячи. Алекс Окслейд-ЧЕМБЕРЛЕН (Англия)
Инглизлар жамоаси таркиби барқарор эмаслигини ҳисобга олсак, «Ливерпуля» сафидаги универсал ўйинчида ўзини кўрсатиш имкони бор эди. Бироқ жароҳат аталмиш душман бу имкониятни хавф остида қолдирди...
Ярим ҳимоячи. Гильфи СИГУРДССОН (Исландия)
Скандинавия жамоасининг муҳим ўйинчиси март ойи бошида «Брайтон»га қарши ўйинда жароҳатланди. Муаммо тизза бўғимига боғлиқ, шунинг учун тахмин қилиш қийин. Фақат айтиш керакки, «Эвертон» хавбеки сафга қайтолмаса, бу исландлар учун жиддий йўқотиш бўлади.
Ҳужумчи. Александр КОКОРИН (Россия)
Россиялик мухлислар бу ҳужумчига катта умид боғлашганди. Афсуски, у ЖЧ пайти майдонда жавлон уриш ўрнига трибунада томошабинлар билан бирга ўтиришга маҳкум...
Ҳужумчи. Златан ИБРАГИМОВИЧ (Швеция)
Мухлислар бўйдор ҳужумчини Сочи, Нижний Новгород ёки Екатеринбург шаҳрида учратишлари мумкин, аммо расмий ўйинда кўришмайди. Ҳар ҳолда, Швеция миллий жамоаси бош мураббийи АҚШда ўйнаётган голеадорни «заявка»га киритмаслигини маълум қилиб улгурди.
Ҳужумчи. Серхио АГУЭРО (Аргентина)
Аргентина миллий жамоаси ҳужумида рақобат жуда кучли. Шуни назарда тутсак, «Манчестер Сити» голеадори сафга қайтган тақдирида ҳам, унинг таркибга кириши сўроқ остида...
ЗЛАТАН РАМЗИЙ ТЕРМАСИНИНГ ЭҲТИМОЛИЙ ЗАХИРАСИ
Мексика - Рафаэль Маркес
Россия - Игорь Денисов, Василий Березуцкий, Алексей Березуцкий
Перу - Паоло Герреро
Бельгия - Миши Батшуайи, Ража Наингголан
Колумбия - Хуан Куадрадо
Англия - Жек Уилшир, Дэнни Роуз
Миср - Муҳаммад ал Ненни
Португалия - Данилу Перейра, Ренату Санчеш
Марокаш - Зуҳайр Феддал
Франция - Бенжамен Менди, Кевин Гамейро
Аргентина - Мауро Икарди, Фернандо Гаго
Испания - Альваро Мората
Бразилия - Халк, Филипе Луис, Алекс Сандро, Неймар
Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20