Қайднома

Қидирув

Ашаддий «аррогант» ҳақида гаплашамиз

Ашаддий «аррогант» ҳақида гаплашамиз

  13.05.2018 06:18
  0
  648
Ашаддий «аррогант» ҳақида гаплашамиз

Марко Арнаутович автоҳалокатлар сабабчисига айланади, клубдошлари билан жанжаллашади ва ўз жамоасини ахлатхонага ўхшатади.

«Ҳаёт шунақа. Мен шундай яшайман», - дейди футболчи ўз қилиқларига изоҳ бериш чоғида. «Твенте»дагилар қандай таваккалга қўл ураётганликларини билишарди: 2006 йили жамоада юксак иқтидор соҳиби пайдо бўлди.

Аммо унинг руҳий ҳолати, оғир феъл-атвори, можарога ўчлигидан ҳамма ҳам хабардор эмасди.

Австриялик ҳужумчи деярли кўчада улғайган. Унинг ҳамтовоқлари уй ва дўконларга ўғирликка тушиб, охир-оқибат қамалишарди. Марко ўша кезларни шундай ёдга олади: «Биз атайин жанжал чиқариш мақсадида одамларнинг кўзига тикилиб турардик.

Ваҳоланки, мен гангстер эмасдим, ҳеч кимнинг ҳаётига зомин бўлмаганман». Кўчадаги «тарбия» Арнаутовичнинг футболчилик фаолиятига ҳам кўчди.

Голландияга кўчиб ўтишидан аввал Марко қадрдон Вена шаҳрида шов-шув кўтариб, турли клубларда тўп сурди. Қаерда ўйнамасин, мураббийлар билан жанжаллар, интизомга риоя этмасди: «Мени ҳамма ердан ҳайдашарди, лекин бўлиб ўтган воқеаларга парво қилмасдим. Менга қичқирган мураббийларга қўл кўтаришга тайёр эдим.

Ҳеч кимнинг аҳволига қайғурмасдим, ҳеч кимнинг гапини тингламасдим. Фақатгина онам ва отамнинг айтганларини қилардим». Ҳаттоки, болалар мураббийларидан бири форварднинг руҳий шифокорга учраши лозимлигини таъкидлаганди.

«Твенте» раҳбарияти янги Златан Ибрагимовични топганларига ишонишарди. Австриялик ҳужумчининг ўзи ҳам шундай бўлишни хоҳларди: швециялик амплуадошини ўзига намуна сифатида кўрсатиб, унга тақлид қиларди, аммо Ибранинг ажойиб ўйини эмас, балки можароли қилиқларини такрорлади.

Масалан, рақибини майдоннинг ўзида ирқчилик оҳангида ҳақоратлайди. «Ибрагимовичнинг олдида мен шунчаки кичкинтой боламан», - дея камтарона фикр билдиради Арнаутович.

Муаммоларга ўч йигитча 19 ёшида «Зенит» сафига қўшилиши мумкин эди, аммо ўша мавсум Жозе Моуриньонинг «Интер»ида ижара асосида тўп сурди.

Марконинг тинимсиз «қовун тушириши» ҳаттоки, португалиялик мутахассисни ҳам бездирди: «У ажойиб инсон, бироқ ўзини ёш болалардан ҳам ёмон тутади».

Арнаутовичнинг Балотелли билан иноқлиги, йиғинларга кеч қолиши Моуриньога ёқмасди. «Абу-Дабида ҳашаматли меҳмонхонада яшадик. Мени 75-қаватга жойлаштиришди. Лифт кўтарилишини кутаётгандим.

Тугмани бир неча маротаба босдим, аммо эшик очилай демасди. Фожиа», - дея эслайди Арнаутович. Кейинроқ ушбу воқеа яна такрорланди.

«У мени ўлдириб қўйса керак, деб ўйлагандим», - ўша куни Моуриньонинг тоқати-тоқ бўлди ва австриялик шогирдини ҳаммадан алоҳида шуғулланишга буюрди.

Бир сафар Арнаутович тасодифан Моуриньони ҳайрон қолдирди. Марко ўшанда «Интер» базасига эрта тонгда ташриф буюрди. Автомобиллар турар жойида бирорта машина кўринмасди.

«Ажойиб», - ўйлади Арнаутович кўнгли кўтарилиб. Унинг бундай пайтда келганини кўрган Моуриньо жилмайганча қарсак чалиб юборди, унга ёрдамчилари ҳам қўшилишди.

«Машғулотлар бошланишидан беш соат аввал келдинг. Менинг ҳақиқий шогирдимсан. Сени яхши кўраман!» - деди Жозе ва қўл соатини ечиб, уни австриялик футболчига топширди. Ўша ҳадя ҳамон Арнаутовичнинг уйида сақланади.

«Интер» кейинчалик Маркони тарбиялашни истамади ва уни «Твенте»га қайтарди. «Ҳақиқий ҳалокат», - Стив Маклареннинг худди шундай таъкидидан сўнг Арнаутовични «Вердер» ўз сафига қўшиб, тўрт йиллик шартнома имзолади ва катта эҳтимол билан бу қарордан афсусланди. Марко Германияда кўп «иш»ларни амалга оширишга улгурди:

1) Дастлабки машғулотларнинг бирига Арнаутович «Чемпионлар Лигаси ғолиби» деб ёзилган бутсада келди. Ваҳоланки, «Интер»нинг ғалабасига австрияликнинг мутлақо алоқаси йўқ эди: у асосий еврокубок баҳсларида бир дақиқа ҳам ўйнамаганди.

Унинг мақтанчоқлиги клубдошларига ёқмади. Бир сафар Марконинг велосипеди «тасодифан» бузилиб қолди. «Бугун сенинг кунинг эмас, шекилли, оғайни», - деди ёнидан ўтиб кетаётган Клаудио Писарро жилмайганча.

2) Вазият муштлашишгача борди. Машғулот пайти у Сократис Папастатопулос билан яккакурашда негадир актёрлик қобилиятини ишлатиб, йиқилди. Грециялик шериги уни ўрнидан турғазишга интилди.

Арнаутович эса уни тирсаги билан туртиб, бақира бошлади. Сократис ҳам ўзини тутиб туролмади ва можаро сабабчисининг бўйнига «чанг солди».

3) «Вердер»ни ахлатхонага тенглаштирди. Раҳбарият томонидан қўлланган жарима жазосига эса футболчи мана бу тарзда муносабат билдирди: «Бу пулларни олиб, оилангизга беринг».

Бременлик фанатлар бундай қилиқлари сабабли Маркога «Аррогантович» (инглизчада «arrogant» - «такаббур») деб лақаб қўйишди.

4) Бош мураббий Томас Шааф билан тинмай жанжаллашди, унинг қўлини сиқишни хоҳламади. Хурмача қилиқлари (жумладан, машғулот пайти тўпни жаҳл билан реклама тўсиғига тепди) сабаб австрияликка «отжимание» жазоси қўлланар ёки майдон бўйлаб ҳаммадан икки марта кўпроқ югурарди.

Бир сафар германиялик мутахассис Маркони эрта кунда майдондан олгани учун ҳақоратларга кўмилди: «Сен қари эчкисан!», - деганди Арнаутович тап тортмай.

5) Одатдагидек, интизомсизлик қилди. 2013 йилнинг апрелида «Байер»га қарши баҳсдан бир кун аввал Эльеро Элиа билан бирга базага тунги соат учда қайтди. Йўл-йўлакай футболчиларни полиция тўхтатиб, тезликни оширгани учун жарима ёзди. Айбдорлар маст эмасдилар, аммо мавсум охирига қадар майдонда кўриниш беришмади.

Маркони бундан аввал ҳам «тезлик» сабаб тўхтатишган, ўшанда у ўта қўполлик билан жавоб қайтарганди: «Мен шунчалик кўп пул топаманки, ҳатто сенинг ҳаётингни ҳам сотиб олишим мумкин!». Тўғри, кейинчалик оммавий тарзда полициячидан узр сўраб, унга Австрия термаси ўйини учун чипта совға қилди.

Арнаутович «Сток Сити»да ниҳоят, можаролардан ортиб, кўпроқ ўйинга эътибор қаратаётгандек туюлди. Гўёки, тинчиб қолгандек эди. Аммо жамоани тинчгина тарк этмади.

Клубни амбициялар етишмаслигида айблаб, «Вест Хэм» учун рекорд саналган сумма - 20 млн. фунт стерлинг эвазига Лондонга кўчиб ўтди.

Собиқ жамоасига қарши учрашувда (3:0) австриялик ҳужумчи трибуналар томонидан йўлланаётган ҳақоратларга гол билан жавоб қайтарди. «Сток Сити» бош мураббийи Марк Хьюз эса футболчини пасткаш деб атаб, оловга мой сепди.

Арнаутович эса вазиятга хотиржам муносабатда бўлди: «Йўқ, мен сотилмадим. Шунчаки, фанатларга мен етишмаяпман, шу боис улар мени ёмон кўришади».

Афтидан, бу йигит ҳеч қачон ўзгармайди.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz