Қайднома

Қидирув

«Мис ўқ»нинг сўнгги учи ёхуд «самода сочилган юлдузлар» туркумидан

«Мис ўқ»нинг сўнгги учи ёхуд «самода сочилган юлдузлар» туркумидан

  14.05.2018 06:44
  0
  781
«Мис ўқ»нинг сўнгги учи ёхуд «самода сочилган юлдузлар» туркумидан

Бундан 25 йил муқаддам - 1993 йилнинг 27 апрелида Африка футболи тарихидаги машъум фожиа юз берганди.

«Қора қитъа»нинг келажаги порлоқ жамоаларидан бири - Замбия авиаҳалокат туфайли ёрқин фаолиятини давом эттира олмади. Бу ҳодиса 30 кишини ҳаётдан бевақт олиб кетди.

Ўтган асрнинг 80-90-йилларида футбол олами жадал тараққиётни намойиш эта бошлади. Натижада шу вақтгача камтарона иштироки билан кифояланиб келаётган Африка вакиллари бирин-кетин порлай бошладилар. Масалан, Валерий Непомняший раҳбарлик қилган Камерун термаси ЖЧ-1990да бутун дунёни лол қолдирди - Англиядек номдор жамоа фақат қўшимча вақтдаги гол эвазига ярим финал йўлланмасини ундан тортиб олди - 2:3.

«Қора қитъа» футболидаги жиддий жамланишни мутахассислар ўша даврдаги футболчиларнинг мустақил давлатларда туғилганликлари билан боғлашади: 1957 йилда Гана қитъада биринчи бўлиб колония тузумидан халос бўлди, 1960 йилда Камерун, Нигерия, Кот д~Ивуар, Сенегал, ва Мали.

Тез орада бу давлатлар жамоалари Африканинг ЖЧлардаги дастлабки вакили - Мисрга (ЖЧ-1934) Марокаш (ЖЧ-1970) ва Жазоир (ЖЧ-1982) каби кучли рақобат қила бошладилар. Замбия ана шу камолот сари интилаётган жамоалар орасида энг ёрқини эди. Афсуски, чорак аср аввалги машъум фожиа шиддатли парвозга имкон бермади.

Калуша Бвалия

1964 йилнинг январида Буюк Британия жиловидан фориғ бўлган Шимолий Родезия ўз мустақиллигини эълон қилиб, мамлакат номини Замбияга ўзгартирди. Аввалига мамлакат футболида барқарорлик кузатилди - АМК-1974да финалга қадар етиб келган Замбия (Заин - 0:2) кейинги 3та турнирда муваффақиятсиз иштирок этди.

Лекин 80-йилларнинг иккинчи ярмида иштиёқ ва ғайратга маҳорат ва савия билан сайқал бера оладиган иқтидор соҳиби пайдо бўлди. Унинг исми - Калуша Бвалия.

«Муфулира Уондерерс» клубида тўп сураётган ноёб иқтидор соҳибини 1986 йилда Бельгиянинг «Серкль Брюгге» клуби ўз сафига қўшиб олди. Калуша дебют мавсумидаёқ жамоасининг энг яхши тўпурарига айланди, икки марта йилнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди.

1989 йилда эса афсонавий Бобби Робсон устозлик қилаётган ПСВ сафидан жой олди. Голландиядаги 5 йиллик фаолиятида иккита чемпионлик унвонига эга бўлди. France Football 1988 йилда камерунлик Рожа Мила (АМК-88 ғолиби), либериялик Жорж Веа ва ганалик Абеди Пелелардан Калушани устун қўйиб, уни «Африканинг энг яхши футболчиси», деб эълон қилди.

Сеул-1988даги сенсация

Нуфузли футбол нашрининг юксак эътирофи бежиз эмасди - миллий терма жамоанинг етакчи ўйинчиси Сеул Олимпиадасида фантастик ўйин кўрсатиб, тарихий ғалабанинг бош қаҳрамони бўлди. Замбия Москва-80 Олимпиадасида ҳам иштирок этган, лекин гуруҳ босқичининг барча учрашувларида (Куба - 0:1, Венесуэла - 1:2, Собиқ иттифоқ - 1:3) имкониятни бой берганди.

8 йилдан кейин «Чиполополо» (Замбия терма жамоасининг тахаллуси) Осиё заминидаги мусобақани Ироққа қарши жанговар дуранг (2:2) билан бошлади. Аммо 2-турда жамоа Карневале ва Феррерадек юлдузлар билан майдонга тушган Италияга ҳеч қандай имконият қолдирмади - 4:0.

Қаҳрамонимиз «хет-трик»­ка эришди. Кейин Гватемала ҳам шундай ҳисобда маҳа этилди. Бироқ чорак финалда Замбия Юрген Клинсманн етакчилигидаги ГФР қаршисида ожиз қолди - 0:4. Эътиборлиси, баҳсда Клинсманн «хет-трик» қайд этди. Турнирни немислар 3-ўринда якунлашди.

Сеул Олимпиадасининг олтин медаллари эса Бразилия устидан иродали ғалабага эришган собиқ иттифоқ термасига насиб этди. Ўшанда Ромарионинг голига Добровольский ва Савичевлар (қўшимча вақтда) жавоб қайтаришганди.

«Чиполополо» - «мис ўқлар»нинг олтин даври

Сеул Олимпиадаси туҳфа этган кўтаринки кайфият Замбияга қўшимча қувват берди, мухлислар терма жамоанинг олтин авлоди хусусида гапира бошладилар. 1990 йилда Бвалия ўз жамоадошлари билан мамлакат тарихида 2-марта АМКнинг бронза медалларини қўлга киритди.

Маҳаллий «Нкана» клуби эса АЧЛ финалига чиқиб, ҳал қилувчи баҳсда пенальтилар сериясига кўра Жазоирнинг «Қобилия»сига имкониятни бой берди. Замбиянинг бошқа бир вакили - «Гауэр Дайнамос» эса бир йилдан кейин Африка Кубок эгалари кубогини қўлга киритди.

Хуллас, Калуша Бвалия ва унинг жамоадошлари чиндан ҳам олтин авлод вакиллари эканига шубҳа қолмади, қитъадошлари уларни ЖЧ-1994 йўлланмаларидан бирига асосий даъвогар сифатида эътироф этишди.

Замбия эса ана шу юксак эътирофга мос тарзда тўп суриб, АҚШ мундиали саралашининг илк босқичидан муваффақиятли ўтди - Мадагаскар ва Намибиядан устун келган жамоа энди ягона йўлланма учун Марокаш ва Сенегал билан куч синашиши керак эди.

Дастлабки баҳс 1993 йилнинг 30 апрелида Сенегал термасига қарши Дакарда ўтиши кўзда тутилганди. Айни ўша паллада «Чиполополо» АМК-94 доирасидаги саралашда Маврикияни маҳв этиб (3:0), Порт-Луидан Дакарга йўл олишни режалаштирганди.

Бунинг учун Замбия ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига мурожаат қилингач, ҳарбийлар терма жамоа учун самолёт ажратишганди. Шу тариқа жами 30 киши - 18 нафар ўйинчи, 4 нафар мураббий, Замбия футбол федерацияси президенти, журналист, шифокор ва 5 нафар экипаж аъзолари парвозга отландилар.

Терма жамоанинг Европада тўп сурадиган 3 нафар аъзоси - Калуша Бвалия (ПСВ), унинг фамилиядоши - Жонсон Бвалия («Бюль») ва Чарльз Мусонда («Андерлехт») Дакарга мустақил равишда борадиган бўлишганди.

Учувчининг қалтис хатоси

Ҳинд океанидаги оролдан Атлантика соҳилига етиб келиш учун амалга оширилиши лозим бўлган 19 соатли парвозда 3та тўхталиш назарда тутилганди. Биринчиси - Конгонинг Браззавилида, иккинчиси Габоннинг Либревиллида, учинчиси - Ивуарнинг Абижанида.

Конгодаги тўхталиш пайтида механиклар самолётнинг чап қанотидаги двигателида носозлик борлигини учувчиларга маълум қилишганди. Бироқ экипаж бунга эътибор бермади - «ҳечқиси йўқ, бунақасини кўп кўрганмиз».

Ҳалокатдан кейинги таҳлиллар шуни кўрсатдики, Либревилдан ҳавога кўтарилган лайнернинг чап қанотдаги мотори бир неча дақиқалик парвоздан кейин ёна бошлаган, учувчи эса унинг ўрнига бинойидек ишлаб турган ўнг томондаги моторни ўчирган. Оқибатда самолёт соҳилдан 500 метр узоқликда сувга қулаган.

Ўлимдан кейинги ҳаёт

«Фақат дарё бўлиб оққан кўз ёшлари, аламли ҳайқириқлар ёдимда қолган. Мен ҳам қичқиришим лозим эди. Аммо бунга ҳолим етмаган. Бошқа ҳеч нарсани эслай омлайман», - деганди кейинчалик Калуша Бвалия.

Унинг фожиадан омон қолишига ПСВ сабабчи бўлди - Калуша билан имзоланган келишувга кўра, футболчи ЖЧ-94нинг саралашида қатнашиши мумкин, АМК саралашида эса майдонга туша олмасди. Шу боис, Замбия Маврикияга Бвалиясиз йўл олганди.

Ҳозирда Лусаканинг бош аренаси - «Мустақиллик» стадиони ёнидаги ёдгорлик мажмуасига жамоадошлари ва устозларини дафн этишганида, Калуша уларнинг хотираси учун астойдил курашишга бел боғлади.

Аввалига мутасаддилар Замбияни мусобақадан озод қилишни мўлжаллаган бўлсаларда, 1993 йилнинг 4 июлида Калуша ва Жонсон Бвалиялар 9 нафар янги футболчини Марокашга қарши майдонга олиб тушдилар.

30 000 мухлисга мўлжалланган «Мустақиллик»ка 50 000 киши ташриф буюрди! Бу баҳсни ўтказиб юборишни ҳеч бир замбиялик истамасди. Тарихий беллашув «Чиполополо»нинг иродали ғалабаси (2:1) билан якунланди, фамилиядошлар биттадан гол уришди.

19 йилдан кейинги зафар

Афсуски, ҳаёт Голливуд сценарийси бўйича кечмайди. Шу боис, Замбия­га машҳур кино маркази билан учрашиш насиб этмади.

Сенегалга қарши баҳсда қайд этилган ғалаба ва дурангдан сўнг «Чиполополо» Марокаш майдонида дурангга эришса, ЖЧ-94 йўлланмасини нақд қиларди. Бироқ мезбонлар кичик ҳисобда ғалаба қозониб, АҚШга йўл олишди.

Бир йилдан кейин Замбия АМКда финалга чиқди ва Нигерияга имкониятни бой берди - 1:2. Шундай бўлсада, мухлислар Калуша ва унинг жамоадошларини қаҳрамондек қарши олишди.

Ниҳоят, ўзининг сабр-бардоши ва тинимсиз меҳнати эвазига Бвалия ўз мақсадига етди. Навбатдаги қитъа биринчилигида жамоа 3-марта финалга етиб келди. Тақдир тақозоси билан, бу турнир Либревилда, ўша мудҳиш воқеа юз берган ерда бўлиб ўтганди.

Бу пайтда Калуша Бвалия мамлакат футбол федерацияси раҳбари эди. Кот д~Ивуарга қарши финал баҳси арафасида у Замбия делегацияси билан ҳалокат жойига ташриф буюриб, ҳаётдан бевақт кетган яқинларини ёдга олди. Кейин президент оташин нутқ сўзлади: «Бугун бу ерда турганимиз тасодиф эмас.

1993 йилда ака-укаларимиз шу заминга ватанни шарафлаш орзусида келган эдилар. Бизни ҳам шу орзу олиб келди. Фарқи шуки, биз - тирикмиз, улар эса - йўқ. Аммо уларнинг орзулари ўлмаган, биз билан яшамоқда. Биз уни рўёбга чиқаришимиз шарт. Чунки яқинларимиз юқоридан умид билан қараб туришибди. Бунга ишончим комил!»

Шундан кейин Дрогба, Туре, Жервиньо ва Калу каби юлдузларга қарши майдонга тушган Замбия пенальтилар сериясида ғолиб чиқиб, илк марта қитъа чемпионига айланди.

Нуфузли кубок ниҳоят, қизил, қора ва лоларанг ҳошиялар билан безатилган зангори байроққа йўргакланди. 19 йил аввал узилган «мис ўқлар» нишонга аниқ тегди!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz