Қайднома

Қидирув

Трезеге: «Мундиалдаги иштирокимни марҳум отамга бағишлайман»

Трезеге: «Мундиалдаги иштирокимни марҳум отамга бағишлайман»

  14.05.2018 06:17
  0
  397
Трезеге: «Мундиалдаги иштирокимни марҳум отамга бағишлайман»

Миср термаси деганда кўпчилик биринчи ўринда Муҳаммад Салоҳни тилга олади. Бироқ 28 йиллик танаффусдан кейин жаҳон чемпионатига чиққан жамоа сафида иқтидорли футболчилар талайгина. Шулардан бири Маҳмуд Ҳасан «Трезеге»дир.

У Миср термаси бош мураббийи Эктор Купернинг ишончини қозона олди ва муҳим ўйинчилардан бирига айланди.

Трезеге икки йил олдин «Ал-Аҳли»дан Европага йўл олганди. Маҳмуд Туркиянинг «Қосимпоша» клубида ажойиб мавсумни ўтказди. Яқинда FIFA.com. сайти у билан суҳбат уюштирди.

- Жаҳон чемпионати яқинлашмоқда. Сиз учун бундай турнирда иштирок этиш қандай аҳамият касб этади?

- Бу ҳақда болалигимдан орзу қилардим. Ҳар қандай футболчи бир марта бўлсада жаҳон чемпионатида ўйнашни истайди. Сўнгги йилларда ниятларим амалга ошиши учун қўлимдан келганича ҳаракат қилдим.

Отам вафоти олдидан Миср миллий жамоасининг мундиалга чиқишида ёрдам беришимни сўраганди. Унинг термамиз сафида ўйнаётганимни кўришини жуда истардим. Отамнинг илтимосини бажара олганимдан фахрланаман. Жаҳон чемпионатидаги иштирокимни айнан унга бағишлайман.

- Саралаш баҳслари узоқ ва қийин бўлди. Муваффақият қозона олишингларни қачон ҳис қилдинглар?

- Африкада энди осон ўйинларнинг ўзи йўқ. Саралашнинг иккинчи босқичини Чадга қарши ўйиндаги мағлубият (0:1) билан бошлагандик. Жавоб баҳсида эса 4:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Бу шунчаки огоҳлик қўнғироғи эди. Ҳар сафар йиғилганимизда, имкониятни қўлдан бой бермасликни муҳокама қилардик.

Мақсадга эришиш осон эмаслигини яхши билардик. Мундиал йўлланмасини нафақат футболчилар ва мураббийлар, балки федерация раҳбарияти, журналистлар ва мухлислар ҳам қўлга киритишди. Ўз навбатида, клублар терма жамоа ўйинлари қанчалик муҳим эканлигини инобатга олишди.

- Сиз Эктор Купер жамоасида муҳим ўрин тутасиз. Лекин Конгога қарши ҳал қилувчи ўйинда у сизни захирада қолдирди. Ўшанда қандайдир ярим соат ичида барчаси оёқости бўлиб кетди. «Бург ал Араб» стадионида бўлган ўйин ҳақида гапириб берсангиз.

- Ўшанда Уганда ва Гана термалари дуранг ўйнашганди. Бу эса саралаш гуруҳида биринчи ўринни олишимизни таъминларди. Трибуналардаги мухлислар жаҳон чемпионати йўлланмасини байрам қила бошлашганди. Лекин биз ўйин қийин кечишини билардик. Чунки конголикларнинг йўқотадиган нарсалари йўқ эди.

Танаффусгача ҳисоб очилмади. Мен иккинчи бўлим аввалида майдонга тушдим. Муҳаммад Салоҳнинг голидан сўнг ҳисобда олдинга чиқиб олдик. Ўзимизни эркин ҳис қилиш учун иккинчи голни уришимиз керак эди. Лекин кутилмаганда, асосий вақт тугашига икки дақиқа қолганда, Конго ҳисобни тенглаштирди.

- Жамоангиз ўша ақлбовар қилмас дақиқаларни қандай ўтказди? Ўйин тақдирини ўзгартириш учун нималар қилдинглар?

- Одатда, бундай пайтларда футболчиларнинг руҳияти тушиб кетади. Аммо ўша ўтказиб юборилган гол кучимизга куч қўшди. Қўшимча вақтда прессинг уюштирдик. Рақиб ҳимоячиси ўз жарима майдони ичида менга нисбатан қўполлик ишлатди.

Белгиланган пенальтини Салоҳ аниқ амалга оширди. Ўшанда биз орзумиз амалга ошганини ҳис қилдик. Финал ҳуштаги жаҳон чемпионати иштирокчиси эканлигимизни англатиб турарди. Бу тарихий ўйин эди. Чунки биз бутун Миср халқига қувонч улашдик.

- Миср терма жамоасининг ЖЧ-2018даги имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Қийин гуруҳга тушдик. Россия ўз майдонида, мухлислари қаршисида ўйнайди. Уругвай эса олдин жаҳон чемпиони бўлган ва ажойиб футболчиларга эга. Саудия Арабистонига қарши ўйин эса араб дербиси бўлади. «Плей-офф» йўлланмасини қўлга киритиш учун яхши тайёргарликка эга бўлиш лозим. Ҳар бир учрашувни финалдек ўтказишимиз талаб этилади.

- Эндигина 23 ёшдасиз. Шунга қарамай, Эктор Купернинг ишончига кирдингиз. Жаҳон чемпионатида асосий таркибдаги ўрнингизни бериб қўймаслик учун нима қилмоқчисиз?

- Болалигимдан машғулотларга зўр берганман. Бу эса ўйинлар пайти ўз мевасини бермоқда. Терма жамоани Купер қабул қилиб олганида, имкониятдан фойдаланиш учун тинимсиз меҳнат қилдим. Мураббийимиз ўз устида кўп ишлаган футболчиларни ҳурмат қилади.

- «Ал-Аҳли»дан Европага кетишга қарор қилдингиз. Сўнгги икки йиллик  даврга қандай баҳо берасиз?

- Бу қийин, лекин керакли қарор эди. «Андерлехт» футболчисига айландим ва меҳнат қилишда давом этдим. Клуб мени «Мускрон»га ижарага берди. У ерда нималарга қодир эканлигимни кўрсатдим. «Қосимпоша»га ўтганим учун мени роса танқид қилишди.

Лекин кучли чемпионатда ўйнашга қодир эканлигимни исботламоқчи бўлдим. Ўйлашимча, статистикам (асосий таркибда 28та ўйин, 11та гол ва 5та самарали узатма) ҳаммасини кўрсатиб турибди. Бир сўз билан айтганда, «Қосимпоша»да мавсумни кўнгилдагидек ўтказдим.

Ж.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz