Қайднома

Қидирув

Италия «А» серияси: Евромавсум сарҳисоби

Италия «А» серияси: Евромавсум сарҳисоби

  14.05.2018 00:15
  0
  715
Италия «А» серияси: Евромавсум сарҳисоби

Италия футболи учун навбатдаги евромавсум мазмунли ва ранг-баранг тарзда ўтди. Айрим ўйинлардан сўнг «Кальчо»даги инқироз ҳақида гапирилган бўлса, бошқалари аввалги шонли давр қайтаётганига ишора қилди.

Италия жорий мавсум 17,333 коэффициент тўплаб, бу борада фақатгина Испания ва Англиядан ортда қолди. Ўсиш яққол кўринмоқда: итальянлар ўтган мавсум 14,250, ундан олдингисида эса бор-йўғи 11,500 балл йиғишганди.

Тўғри, 2014|2015 йиллар мавсумидаги кўрсаткич (19,000) такрорланмади, аммо ўша натижани истисно тариқасида қабул қилиш даркор.

Ҳаттоки, «Интер»га Чемпионлар Лигаси бош совринини ҳадя этган 2009|2010 йиллар мавсумида ҳам «А» серия камроқ (15,428) балл тўплаганди.

Италия сўнгги беш йил мобайнида эркин жадвалнинг учинчи поғонасига мустаҳкам ўрнашиб, Германияни ортда қолдирди. Етакчилар бешлиги қуйидагича кўринишга эга: Испания - 106,426, Англия - 79,605, Италия - 76,249, Германия - 71,427, Франция - 56,415.

Яна бир диққатга молик ҳолат: эндиликда Италия шарафини ҳимоя қилиш юки фақатгина «Ювентус» зиммасига юклатилмайди. Туринликлар 2012|2013 йиллар мавсумидан буён Европада итальян клублари орасида ҳаммадан кўп очко тўплашганди.

Бу сафар анъана бузилди - энг катта коэффициент «Рома»га насиб қилди. «А» серия ҳамон «бир жамоа чемпионати» мақомини йўқотгани йўқ, бироқ «Ювентус» гегемонияси бошқаларнинг кучсизлиги сабабли эмас, балки «Кекса синьора»нинг кучи ва барқарорлиги эвазига давом этмоқда.

Ўз навбатида, Италиянинг бошқа топ-клублари ҳам қитъа даражасида юқори ўринларга даъвогарлик қилишлари мумкинлигини исботлашди. Бугунги фотожамланма «А» серия вакилларининг жорий евромавсумдаги иштироки таҳлилига бағишланади.

«ЮВЕНТУС»

Якуний манзил: ЕЧЛ 1|4 финали

Кўрсаткич: +5+3-2, 14-13

Энг яхши ўйин: «Тоттенхэм» (сафарда) - 2:1

Энг муваффақиятсиз ўйин: «Реал» (уйда) - 0:3

Асосий фигура: Жоржо Кьеллини. Лондондаги ўйиннинг сўнгги дақиқалари қаҳрамон ва «Реал»дан қабул қилинган мағлубиятли учрашув антиқаҳрамони.

Ҳал қилувчи вазият: Мадриддаги баҳсда белгиланган пенальти кенг миқёсдаги шов-шув ва Жанлуижи Буффоннинг ажойиб иборасига замин яратди.

Ўзига хос ҳолат: Жанлуижи Буффон яна Чемпионлар Лигаси бош совринидан қуруқ қолди.

Баҳо: 6,5 (шу ва кейинги ўринларда 10 балли тизим баҳоланган)

«РОМА»

Якуний манзил: ЕЧЛ ярим финали

Кўрсаткич: +6+2-4, 21-19

Энг яхши ўйин: «Барселона» (уйда) - 3:0

Энг муваффақиятсиз ўйин: «Ливерпуль» (сафарда) - 2:5

Асосий фигура: Эдин Жеко. ЕЧЛ «плей-офф» баҳсларининг қаторасига бешта ўйинида гол урди.

Ҳал қилувчи вазият: чорак финал ўйинларига қуръа ташлаш маросимида Тотти «Барселона» ёзувли қоғозни очди.

Ўзига хос ҳолат: римликлар ўз майдонларида ўтказилган 6та ўйиннинг 5тасида ғалаба қозонишди. Ваҳоланки, Италия «А» серияси учрашувларида «Рома» кўпинча «Олимпико»да ютқазаётганди.

Баҳо: 8

«НАПОЛИ»

Якуний манзил: ЕЧЛ гуруҳ босқичи, ЕЛ 1|16 финали

Кўрсаткич: +5+0-5, 18-14

Энг яхши ўйин: «Шахтёр» (уйда) - 3:0. Шунингдек, «Манчестер Сити» билан Неаполда ўтказилган ўйиннинг биринчи бўлими ҳам чиройли чиққанди.

Энг муваффақиятсиз ўйин: «Лейпциг» (уйда) - 1:3

Асосий фигура: Маурицио Сарри. Жорий мавсум юқори мақсадларни кўзлади.

Ҳал қилувчи вазият: Харьковда ўтказилган «Шах-тёр»га қарши баҳсда Диавара, Зелински ҳамда Милик бошланғич таркибга киритилдилар.

Ўзига хос ҳолат: «Наполи» мусобақани тарк этиши аниқ бўлганига қарамай, сўнгги палада «Шахтёр» ва «Лейпциг» устидан ишончли ғалабага эришди.

Баҳо: 4

«АТАЛАНТА»

Якуний манзил: ЕЛ 1|16 финали

Кўрсаткич: +4+3-1, 17-8

Энг яхши ўйин: «Эвертон» (сафарда) - 5:1

Энг муваффақиятсиз ўйин: «Аполлон» (сафарда) - 1:1, танлов шартли.

Асосий фигура: Брайан Кристанте. «Эвертон»га қарши кечган икки ўйинда учта гол урди.

Ҳал қилувчи вазият: «Боруссия»га билан ўтказилган ҳар икки учрашувнинг сўнгги дақиқалари.

Ўзига хос ҳолат: жамоа Европа Лигаси ўйинларини Бергамода эмас (стадион УЕФА талабларига жавоб беролмади), балки «Сассуоло»нинг уй аренаси - «Режо-Эмилия»да ўтказди.

Баҳо: 7

«ЛАЦИО»

Якуний манзил: ЕЛ 1|4 финали

Кўрсаткич: +7+2-3, 26-17

Энг яхши ўйин: «Стяуа» (уйда) - 5:1

Энг муваффақиятсиз ўйин: «Зальцбург» (сафарда) - 1:4

Асосий фигура: Чиро Иммобиле. 9та ўйинда 8та гол урди (яна кўплаб имкониятларни кўкка совурди!).

Ҳал қилувчи вазият: Зальцбургдаги ўйиннинг 72-дақиқасида Хайдаранинг томонидан урилган гол.

Ўзига хос ҳолат: Рим арғимчоғи - «Лацио» Италиянинг асосий умиди ҳисобланган, аммо бир ҳафта ичида бу мақомни «Рома»га топширди.

Баҳо: 6

«МИЛАН»

Якуний манзил: ЕЛ 1|8 финали

Кўрсаткич: +9+2-3, 30-9

Энг яхши ўйин: «Арсенал» (сафарда) - 1:3, қанчалик ғалати кўринса ҳам

Энг муваффақиятсиз ўйин: «Арсенал» (уйда) - 0:2

Асосий фигура: Леонардо Бонуччи. Кўп ҳолларда қўпол хатоларга йўл қўйди.

Ҳал қилувчи вазият: «Милан» Лондонда 1:0 ҳисобида олдинда бораётган паллада белгиланган пенлаьти.

Ўзига хос ҳолат: томошабинлар ташрифи. «Крайова» (65 763) ҳамда «Шкендия» (40 613) қарши уй учрашувларида ишқибозлар янги «Милан»ни кўришга ошиқишди.

Баҳо: 5,5

Абдуллохон Исроилхонов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

Чемпионлар давраси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.