Қайднома

Қидирув

Давра якунидаги ёруғлик

Давра якунидаги ёруғлик

  15.05.2018 06:41
  0
  683
Давра якунидаги ёруғлик

Миллий чемпионатимиз элитасида биринчи давра якунланди. Ҳаттоки, иккинчи оралиқ ўйинлари ҳам бирдан бошланиб кетди.

Келинг, бугун  охирги турлар доирасидаги баъзи баҳсларга эътибор қаратамиз. Бир ҳафта муқаддам ўз майдонида «Қўқон-1912» билан баҳсда дуранг натижага кўнган «Пахтакор» Қаршида бутун борлиғини ғалабага йўналтирди.

Таъкидлаш жоизки, учрашувнинг иккинчи бўлимида «шерлар» ҳақиқатан ҳам, номларига муносиб ўйин намойиш этишди.

Айни шу жиҳат «Пахтакор» мураббийлар штаби 10-11-турлардан ўрин олган учрашувларга нисбатан икки хил ёндашганини тасдиқлади. Аёнки, пойтахтликлар иккинчи давра якунига кўра, «Насаф»нинг кучли олтиликдан жой олишига кўпроқ ишонишмоқда.

Назаримизда, улар «Қўқон-1912»да бундай потенциални кўришмаган. Акс ҳолда, жамоа ўз майдонида, қолаверса, мухлислари кўзи ўнгида водийликларни бир амаллаб бўлсада, енгарди. «Локомотив»га қарши кечган қийин баҳсда эса «шерлар» асосан очко йўқотмасликни ўйлашди.

Аниқроғи, бир очколик бўлиш ҳар икки томонни қаноатлантирди. Тўғри, ўша баҳсда «Локомотив» ҳам, «Пахтакор» ҳам ғалаба қозонишни, гол уришни жуда-жуда истади.

Лекин кутилмаганда тўп ўтказиб юбориш ва ютқазиш хавфи томонларни ўйин якунига қадар ҳушёрликда ушлаб турди.

Бошқача айтганда, ҳал қилувчи даврага қадар бир «олтин очко»га эга чиқиш жамоалар учун пинҳона истак эди...

Хуллас, «Пахтакор» шундай кайфият ва ўзига хос истиқбол тасаввури билан Қаршига борди. «Қўқон-1912» билан баҳсда бой берилган икки очкога у қадар ачинмай, «Насаф» майдонидан гўё 3 «олтин очко» билан қайтди. Албатта, истиқбол позициясини ҳар бир мураббий ўзича танлайди ва якунда унинг ишига шу қараши самараси юзасидан баҳо берилади.

Ҳозирча наинки Шота Арвеладзе, балки Илҳом Мўминжоновда ҳам қисман бундай кайфият ҳукмрон. Балки шунинг учундир «Навбаҳор» мухлислари Жиззахдаги ғаройиб натижани тез эсдан чиқаришди. Тушунамиз, мураббийлар ҳам, футболчилар ҳам бу каби иддаоларни ҳеч қачон очиқ-ойдин тан олишмайди.

«Ҳар бир учрашувда мухлислар ҳурмати ғалаба учун майдонга тушамиз, бироқ тўп думалоқ, майдон текис, тасодифлар ва кутилмаган мағлубиятлар футболнинг бир қисми», дейишади улар тортинмай, ҳеч бир иккиланмай.

Халқимиз эса «Тешик қулоқ эшитмай қолмайди», дейди рўй берган воқеаларнинг буткул яшириш мумкин эмаслигини назарда тутиб. Икки-уч киши билган сир ҳеч ҳам сир бўлиб қолмайди бу дунёда.

Барибир, кимдир қачондир оғзидан гуллайди вақтлар ўтгач. «Қизғин баҳсларга бой кечди» қабилида таърифланадиган айрим ўйинлар аслида қойилмақом «спектакль» тарзида ўтказилгани кейинчалик беихтиёр айтиб қўйилган ҳолатлар мавжуд бу ҳаётда. Юзаки қараганда, ўша гап-сўзларнинг бугунги воқеликка ҳеч бир алоқаси йўқдек.

Орадан қанча сувлар оқиб ўтган ахир. Шундай экан, эски ишларни қўзғашдан нима фойда? Бу саволнинг жавобини бугун жамиятимизда рўй бераётган ислоҳотлар ва ўзгаришлардан изламоқ даркор. Энди маълум бўлмоқдаки, биз яшаб турган жамият тараққиётини кўзга кўринмас коррупция сезилар даражада секинлаштирган.

Мана, асл ҳақиқатлар тикланмоқда, кўзбўямачиликлар фош этилиб, ҳаммаси ўз жойига тушмоқда. Футболимиз ҳам шундай аччиқ қисматни бошидан ўтказди.

Президентимиз Осиё чемпиони бўлган ёш йигитларимизни қутлар экан, бу иллатларни баралла айтди ва футболимизни мусаффолаштириш лозимлигини таъкидлади. Табиийки, тез орада шунга яраша саъй-ҳаракатлар бошланди.

Қисқаси, футболимиз ҳозир айни тикланиш, қайта ўнгланиш даврида. Сир эмаски, бу жараёнга ҳамма бирдан кўникиб кетолмайди. «Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» деган гаплар бежиз айтилмаган ота-боболаримиз томонидан. Биз юқорида тилга олган салбий ҳолатлар инерцияси ҳамон майдонларда кезиб юрганини мухлислар пичирлаб бир-бирларига етказишмоқда.

Формат янгиланиши ва регламент ўзгариши аҳамиятсиздек баъзилар учун, гўё. Ҳозирча бу каби мулоҳазаларни фактлар асосида далиллаш қийин. Бошқача айтсак, ҳозирча фақат майдонларни тинглашимиз мумкин. Фақат майдонларгина бизни юпантиради.

Муҳтарам мухлис! Ҳайрон бўлманг. Ҳа, майдонларнинг ҳам ҳасратини тинглашга тўғри келади гоҳо. Шундай майдонлар борки, уларнинг қуриб қақшаган қақроқ кўксига қулоқ тутсангиз, айрим учрашувлар ҳақида мураббий ва мутахассислар билдирган муносабатлардан мутлақо фарқли сўзларни эшитасиз.

Баъзи майдонлар ҳам ирода бобида айрим жамоалардан қолишмайди. Улар ўзидаги муаммолар хусусида шикоят қилмайди асло. Майдонлар шикояти ва ҳасрати ғалати. Таъбир жоиз бўлса, улар виждонга ҳавола хатолар билан боғлиқ.

Мана, бир майдоннинг фиғони: «Эътибор бердингизми, кейинги пайтларда Суперлига баҳсларида «камбэк»лар кўпайиб кетди. Айримлари ҳаттоки, мухлисларда шубҳа уйғотди. Очиғи, мен ҳам шу «камбэк»-ларнинг барчаси бир жамоанинг саъй-ҳаракати сабаб юз берганига астойдил ишонмайман. Йўқ, икки жамоа аввалгидек ўзаро келишмоқда, дейишдан йироқман.

Умуман олганда, Суперлига баҳслари қизғин кечмоқда. Кескин учрашувлар чоғи шундай роҳатланаманки, буни таърифлашга тилим ожиз. Лекин баъзан бир-икки футболчи йўл қўйган хато мухлислар ва мураббийлар у ёқда турсин, мени ҳам тўлғонтириб юборади.

Бир сафар қулоғимга чалинди: қайси бир ҳимоячи рангдошим бўлган валю-тадан катта миқдорда олиш эвазига рақиб ҳужумчисига жиддий қаршилик кўрсатмади. Адолатсизликка чидамай, ҳимоячининг оёқларига яккам-дуккам майсаларимни чирмаштирдим. У эса жаҳл билан тепиндида, тўнғиллади: «Жаҳлимни чиқарма. Ҳар ким ичидагини ўзи билади».

Тамом! Бошқа сўз ортиқча. Барчаси тушунарли. Эски иллатлар инерциясидан халос бўлиш қийин кечмоқда футболимизга. Шу боис, мухлислар қалбида ҳам ўша эски шубҳа-гумонлар яшамоқда.

Хўш, биринчи даврадан сўнг тарозининг палласи қай томон оғмоқда? «Навбаҳор» нима учун «Қизилқум»ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди? «Локомотив» эса аутсайдер «Нефтчи»ни ҳам, совриндор бўлишни истаётган «Бухоро»ни ҳам  бирдек аяб ўтирмаганининг сабаби нима? Фикримизча, тарозининг тараққиёт турган палласи аста-секин тош босмоқда.

Демоқчимизки, биринчи давра якунига келиб, рақибни ажратиш, унинг кучли олтиликка кириш-кирмаслигини чамалаш ва шунга қараб натижа қайд этиш жараёни, ниҳоят, барҳам топмоқда.

Дейлик, «Қизилқум» ва «Сўғдиёна»нинг иккинчи даврада кучлилар гуруҳига қўшилиш йўлида астойдил уринишига ишончимиз комил. Ҳаттоки, «Нефтчи» ҳам шундай қилади.

Дастлабки давра якунида 18 очко жамғарган жамоаларга эса эгаллаб турган ўринлар омонат. Демак, янги формат ва регламент иккинчи даврада ҳақиқий мақсадига эришади...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz