14 май куни мамлакатимизнинг машҳур футболчи ва мураббийи Биродар Ҳасанович Абдураимов 75 ёшни қаршилади.
Афсонавий спортчини Ўзбекистон футбол жамоатчилиги, дўстлари, ҳамкасблари, кўпсонли ишқибозлари қутлуғ сана билан табриклаб, унга оилавий тотувлик, ҳаёт йўлида омад ва зафарлар ҳамроҳ бўлишини тилашди.
Биродар Абдураимов эришган натижаларни ёш футболчилар ўзлари учун юксак чўққи сифатида белгилаб, уни забт этишга киришсалар арзийди. Биродар Ҳасанович Собиқ иттифоқ термаси таркибида Рио-де-Жанейродаги «Маракана»да, 140 минг (!) мухлис гувоҳлигида ўтган ғалабали ўйинда тўп сурган.
Б.Абдураимовнинг футболда эришган ютуқлари ва унинг аҳамиятини жаҳон спорт жамоатчилиги тан олган. Россия футболининг 100 йиллиги муносабати билан 1997 йили Москвада чоп этилган футбол Энциклопедиясида Биродар Абдураимовнинг биографик очеркида шундай дейилади: «Пахтакор»нинг энг яхши ўйинчиларидан бири.
Индивидуал жиҳатдан кучли, рақибини алдаб ўтишга мойил, ажойиб дриблинг соҳиби. Юқори тезлик ва кучли зарбага эга бўлгани ҳолда, асосан қанотлардан уюштириладиган рейдлар ва ҳужумларни якунлаш мақсадида марказ томон ҳаракатланиш чоғида рақиб дарвозаси томон хавф солган».
2008 йили Тошкентда «Ўзбек футболи афсонаси» (муаллифлар: Владимир Сафаров ва Сергей Данилов) номли китоб чоп этилди. Машҳур футболчи ва мураббийнинг 75 йиллигига бағишлаб, ушбу асарнинг иккинчи иловаси нашрга тайёрланмоқда.
Қуйида ўқувчиларга турли йилларда Биродар Абдураимов ҳақида унинг дўстлари ва ихлосмандлари томонидан билдирилган фикрларнинг айримларини ҳавола этамиз.
ДЎСТЛАРИ ВА МУХЛИСЛАРИБИРОДАР АБДУРАИМОВ ҲАҚИДА
Никита СИМОНЯН (хизмат кўрсатган спорт устаси, 1956 йилги Мельбурн Олимпиадаси чемпиони, Собиқ иттифоқда хизмат кўрсатган мураббий): - БиродарАбдураимов ўзининг тезкорлиги, дриблинглари ва даҳшатли зарбалари билан бошқа футболчилардан ажралиб турган.
У сермаҳсул ҳужумчи бўлгани учун Москванинг «Спартак» клубида ўйнашга улгурган. Ушбу жамоанинг ўша йиллардаги бош мураббийи сифатида Абдураимовнинг таклиф этилишида ташаббускор бўлганман. Шундан буён Биродарнинг фаолиятини кузатиб бордим.
Алексей ПАРАМОНОВ (хизмат кўрсатган спорт устаси, 1956 йилги Мельбурн Олимпиадаси чемпиони): - Биродарни 60-йиллар бошида, Собиқ иттифоқ ўсмирлар термаси бош мураббийи бўлиб ишлаётганимда таниганман. Унинг тезлиги, кучли зарбасини алоҳида таъкидлаш ўринли. Мураккаб вазиятларда масъулиятни ўз зиммасига олиб, икки-уч нафар рақибини муаммосиз алдаб ўтарди. Ўз навбатида, камтарлигини йўқотмасди.
Виктор ПОНЕДЕЛЬНИК (хизмат кўрсатган спорт устаси, Европа кубоги-1960 соҳиби): - Биродарни табиат инъом этган тезлиги ва ўзига хос техникаси орқали яхши таниб қолганман.
У ҳамиша майдонда ҳаммадан ажралиб турарди. Биз анчадан буён танишмиз, у - тортинчоқ, хушмуомала, атрофдагиларга ҳурмат билан муносабатга бўладиган инсон. Биродар Ҳасановични таниганлар борки, барчалари у тўғрисида дўстона фикр билдиришади.
Лев ФИЛАТОВ (ёзувчи, «Футбол» нашрининг кўпйиллик бош муҳаррири): - Камолотга интилиш орқали орттирилган маҳорат-ҳурмат ва эътирофга лойиқ. Абдураимов қисқа муддатда «зарбали форвард» мақомига эришди.
У қанотдан марказга кўчаётганда, кўпчилик дарвозанинг узоқ бурчагини нишонга олишини кутар, Биродар Ҳасанович эса кутилмаган қарори билан посбонларни доғда қолдирарди. Ўйлашимча, Абдураимов бизда зарба йўллаш техникаси бўйича энг яхшилардан бири бўлган. Унинг дарвозаларни «ўқ»қа тутиши асло ёддан чиқмайди.
Ахбор ИМОМХЎЖАЕВ (Ўзбекистон фахрий журналисти): - Абдураимов майдонга тушганда, рақиб жамоанинг барча ҳимоячиларини қўрқув чулғаб оларди. Улар Биродар Ҳасановичнинг алдаш техникаси ва ноодатий финтларидан хабардор эдилар.
Бундай ҳужумчилар футбол безагидир, улар ишқибозлар кўзини қувнатишади. Ўтмишнинг Пеле, Гаринча, Марадона, Месхи, Блохин, Стрельцов сингари буюк намояндалари қатори Абдураимовнинг ҳам номи тилга олиниши кишини хурсанд қилади.
Георгий ЯРЦЕВ (Москванинг «Спартак» клуби ва Собиқ иттифоқ термаси собиқ ҳужумчиси, 2003-2005 йиллар мобайнида Россия миллий жамоасига бош мураббийлик қилган): - Биродар - мамлакат футболига кўп нарса берган ажойиб ўйинчилардан бири. Ўнлаб машҳур футболчилар айнан Абдураимовдан намуна олиб, камолотга эришдилар.
Муҳими, Биродар Ҳасанович спортчилик фаолиятини якунлаганидан кейин ҳам республика футболи манфаатлари йўлида хизмат қилиб, унинг нуфузини оширди. Абдураимовни ҳамма ерда эслашади, яхши кўришади. У нафақат Ўзбекистон, балки Россия ва бошқа мамлакатларнинг ҳам фахри.
Тимур СЕГИЗБАЕВ («Қайрат» (Олма-Ота) клубининг машҳур форварди, қозоқ футболи афсонаси): - Қозоғистонда«Сегизбаев - қозоқ Абдураимови» дейишларидан фархланаман.
Бир вақтлари «Пахтакор» ва «Қайрат»нинг ўзаро ўйинлари муҳим воқеага айланарди. Минглаб ишқибозларни қувонтириб, уларга ҳаяжонли дамларни туҳфа этардик. Биз ҳамон футболдаги қардошлигимизга содиқмиз.
Ринат ДАСАЕВ (1988 йилги дунёнинг энг яхши дарвозабони): - Афсуски,эҳтимол, бу яхши ҳамдир, майдонда Биродар Абдураимовга тўқнаш келмаганман. Унинг ўйинларини фақат фахрийлар иштирокидаги учрашувларда кузатганман.
Аммо Абдураимовнинг қандай маҳоратга эга эканлиги, кучли зарбалари билан амплуадошларимни қийнаганидан хабардорман.
Михаил ЯКУШИН (Собиқ иттифоқда хизмат кўрсатган мураббий, Тошкентнинг «Пахтакор» клуби бош мураббийи (1965-1966, 1969-1970 йиллар): - Пистирмамизда ҳамиша тезкор ва техникаси юқори бўлган Биродар Абдураимов турарди. Рақиблар уни бир сония назардан четда қолдиришса, у зумда дарвоза ёнида пайдо бўлиб, ўйлаб ўтирмай зарба йўлларди.
Юрий САРКИСЯН («Нефтчи» (Фарғона) собиқ бош мураббийи, беш карра Ўзбекистон чемпиони, икки карра мамлакат кубоги соҳиби): - Ўзбекистонзамини кўплаб футбол иқтидорларини кашф этган, аммо Биродар Абдураимов - ягона.
Унинг номини республикамизнинг исталган ҳудудида билишади, афсона сифатида тан олишади. Унинг фаолияти мисолида юзлаб болакайлар тарбияланган.
НАФАҚАТ ФУТБОЛ...
Ўтган йиллар мобайнида Биродар Абдураимов фақатгина футбол билан чекланиб қолмади. Унинг машҳур санъат вакиллари билан кўпйиллик дўстлик алоқаларини ўрнатганидан ҳамма ҳам хабардор бўлавермаса керак. Айниқса, Ботир Зокиров билан. Абдураимов ҳам, Зокиров ҳам руҳан бир-бирларига яқин эдилар.
Улар ўз иқтидорлари ва меҳнатлари эвазига хайрли ва буюк ишларни амалга оширардилар - Ўзбекистон довруғини бутун дунёга ёйишди. Биродар Ҳасановични санъат вакиллари билан кўп нарса боғлаб турарди. Ўз навбатида, футбол юлдузининг ишқибоз ва ихлосмандлари у томон талпинишарди.
Шуҳрат АББОСОВ (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган давлат арбоби, Ўзбекистон ва Собиқ иттифоқ халқ артисти, режиссёр, сценарист, педагог): - Англиялик Бобби Чарльтон ҳақида гапирилганда, «у тепган тўпнинг кўзи бор», дейишарди.
Абдураимов йўллаган тўпнинг эса нафақат ўткир кўзи, балки ақлли мияси ва айёрона характери ҳам бўлган. Бирордар Ҳасанович очиқкўнгил. Аммо баъзан жуда шафқатсиз - футболчилик фаолияти даврида қанчадан-қанча дарвозабонларни ранжитди!
БИРОДАР АБДУРАИМОВ ҚЎЛГА КИРИТГАН СОВРИНЛАР:
- Ўзбекистон футбол федерацияси эсдалик медали (1992 йил);
- «Шуҳрат» медали (1994);
- «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони (2003);
- «Фидокорона хизматлари учун» ордени (2006);
- «Ўзбекистон футбол федерацияси» кўкрак нишони (2013).
Абдураимовлар оиласи - алоҳида мавзу. Ота ва тўрт ўғил - Азамат, Жасур, Баҳодир ва Ботир биргаликда чемпионат, кубок ва халқаро учрашувларда мингдан ортиқ ўйин ўтказишган.
Уларнинг голлари сони эса беш юзлик довондан ошган. Футбол оламида бу ноёб ҳодиса. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт Давлат қўмитаси Биродар Абдураимовни Ўзбекистоннинг XX асрдаги энг яхши тўпурари сифатида эътироф этди. Абдураимовлар оиласи эса мамлакатдаги энг яхши футболчилар сулоласи деб тан олинди.
Биродар Абдураимов ажойиб натижалари билан Ўзбекистон футболи тарихига ўз номини муҳрлаган:
*-* Чемпионатларнинг ўзида у рекорд даражада ўйин ўтказган - 425та.
*-* Тошкентнинг «Пахтакор» клубида 14 мавсум тўп суриб, чемпионатларнинг ўзида ушбу жамоа учун 358та ўйин ўтказган.
*-* 1968 (олий лига, 22та гол) ҳамда 1972 (биринчи лига, 34та гол) йилларда чемпионатнинг энг яхши тўп-урари бўлган.
*-* 1968 йилги мавсумнинг энг яхши 33 нафар футболчиларидан бири бўлган.
*-* Собиқ иттифоқ кубоги финалида қатнашган.
*-* «Г.И.Федотов номидаги клуб» аъзоси (1973 йил) - 104та гол.
*-* 1980 йили «Динамо» (Самар-қанд) жамоаси бош мураббийи сифатида иккинчи лиганинг минтақавий турнирида ғолиб чиққан.
*-* 1990 йили «Пахтакор» жамоаси раҳбари сифатида олий лига йўлланмасини қўлга киритган.
*-* 1990 йили буюк хизматлари учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий» унвонига сазовор бўлган.
*-* 1992 йили Наманганнинг «Нав-баҳор» клуби бош мураббийи сифатида Ўзбекистон кубогининг дастлабки соҳибига айланган.
*-* 1994 йили Ўзбекистон терма жамоасининг катта мураббийи сифатида XII Осиё ўйинлари ғолиблигини қўлга киритган.
*-* Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт Давлат қўмитаси томонидан XX асрнинг энг яхши тўпурари деб топилган.
*-* 2003 йили «Биродар Абдураимов номидаги Ўзбекистон тўпурарлари клуби» таъсис этилган.
Владимир САФАРОВ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20