Қайднома

Қидирув

Португалия терма жамоаси муваффақиятлари муҳандиси

Португалия терма жамоаси муваффақиятлари муҳандиси

  16.05.2018 06:12
  0
  928
Португалия терма жамоаси муваффақиятлари муҳандиси

«Комфорт-класс мураббийлари» рукни остида чоп этилаётган ҳикоямизнинг бу галги қаҳрамони - Португалия терма жамоаси бош мураббийи Фернанду Сантуш.

Евро-2016да у ўз шогирдлари билан қитъа чемпиони унвонини қўлга киритди. Аввалроқ эса Поругалия ва Грециянинг буюк жамоаларини бошқариб, ўзи ҳам буюкликка интилди.

Ички совринлардан қитъа тождорлигига

Португалияда Сантуш мамлакатнинг энг номдор 3 жамоаси - «Порту», «Спортинг» ва «Бенфика»да ишлаб кўрди, «аждаҳолар» билан чемпионлик, Португалия кубоги ва суперкубогини қўлга киритди. Шунингдек, Грецияда ҳам фақат гранд («Олимпиакос»дан ташқари) - АЕК, «Панатинаикос» ва ПАОК клубларига устозлик қилди.

Афина «бургутлари» билан 2002 йилда мамлакат кубогига сазовор бўлди. Фернанду юнонлар ҳаётига шундай киришиб кетдики, 2010 йилда миллий терма жамоани қабул қилиб, Отто Рехагелнинг муносиб ворисига айланди.

Мукаммал ҳимоявий тактика эвазига ҳал қилувчи баҳсларда кучли рақибларини тиз чўктирган Греция қароқчилар жамоаси сифатида донг таратиб, қаторасига 2та йирик турнирда гуруҳдан чиқишни уддалади: Евро-2012да Дик Адвокат етакчилигидаги Россия терма жамоаси унга йўл бўшатди, ЖЧ-2014да эса Яя Туре ва Дидье Дрогбадек ивуарлик «денгиз бўрилари» мағлубиятни тан олишди.

Коста-Рика терма жамоасига бой берилган нимчорак финалдан кейин Фернанду Сантуш қисқа муддат эркин парвозда бўлди. Ниҳоят, жонажон терма жамоа тизгинини қўлига олиб, у билан тарихий ғалабага эришди. Шу тариқа мураббий Португалия фақатгина Криштиану Роналду ва 10 нафар «ношуд»лардангина иборат эмаслигини футбол оламига исботлади.

Тўғри, Евро-2016 мезбонларига қарши ҳал қилувчи баҳсда «Реал» «супермэн»и тўлиқ иштирок эта олмади - жароҳат олиб, майдонни тарк этди.

Аммо унинг захира ўриндиғида тўккан аламли кўз ёшлари саноқли дақиқалардан сўнг қувонч, мураббийи ҳамда жамоадошларига нисбатан миннатдорчилик изҳорига айланди. Келинг, ҳикоямиз давомини қаҳрамоннинг ўзидан эшита қолайлик.

Чақалоқликдан бошлаб футболда

- Асли Лиссабонликман. 1954 йилнинг 10 октябрида дунёга келганман. Пенья-де Франсе туманида ўсиб-улғайдим. Сапафорес кўчасидаги овлоқ бариклар ортида тўп суриб юрганларим ёдимда. Отам - авто эҳтиёт қисм-лари сотувчиси, онам эса уй бекаси эдилар. Улар бир-бирларини жуда севишарди, сўнгги кунларигача тотув ҳаёт кечиришди.

Мен учун футболга меҳр қўймасликнинг иложи йўқ эди. Илк марта стадионга кўзим тушганида, 1,5 ойлик чақалоқ эдим! Ота-онам «Бенфика»ни шунчалик севишардики, ҳатто дунёга келишим ҳам уларни стадионга боришдан тўхтата олмаганди. Мана сизга чинакам фидойилик...!

Кейинчалик мени «Порту»га таклиф этишганида узоқ ўйланиб қолдим: отам бу қароримни қандай баҳолаган бўларди? Ахир «Порту» ва «Бенфика» азалий рақиблар ҳисобланишади. Охир-оқибат отам мен билан фахрланган бўларди, деган тўхтамга келдим. «Спортинг» масаласида кўп ўйлаб ўтирмадим.

Ҳа, «Бенфика»нинг айрим фанатлари мени хоинликда айблашарди. Лекин менинг бурчим - ўз вазифамни ҳалол адо этиш. Мураббий қайси жамоада ишласа, пулини ҳалоллаб олиши шарт! «Порту»ни бошқарганда, «Бенфика»нинг рақиби эдим ва аксинча».

Отаси ҳақ эди

- Футболда юксак савияга чиқа олмадим. Балки анча кеч - 15 ёшда шуғуллана бошлаганим учундир? Аввалига худди отам каби дарвозада турганман. Кейин ҳимоя чизиғига ўтдим, 17 ёшимда «Бенфика» эътиборига тушдим.

Шунингдек, институтнинг муҳандислик факультетига ўқишга кирдим. Математикани севардим. Лекин «Бенфика» мени қўйиб юбормади. Отам эса футболдан воз кечишим тарафдори эди. Чунки «Бенфика»да иқтидорли ёшлар кўп эканлигини яхши биларди. Якунда у ҳақ бўлиб чиқди: мен камтарин «Эшторил» жамоасига йўл олдим.

Меҳмонхонадаги фаолият

- Соҳил бўйида жойлашган Эшторил мен учун қадрдон гўша бўлиб қолди. 1973-1987 йиллар мобайнида маҳаллий жамоада тўп сурдим. 1987-1994 йилларда эса мураббийлик қилдим. Дарвоқе, Модейранинг «Маритиму» жамоасида ўтган бир йил давомида кундалик машғулотлар ва машаққатли йиғинлардан тўлиқ қониқиш ҳосил қилмаётганимга амин бўлгандим.

Чунки у ерга уйланганимдан кейин рафиқам ва жажжи қизалоғим билан кетгандим. Шу боис, муҳандислик касбини ҳам ташламасликка қарор қилдим ва Эшторилдаги «Паласио» меҳмонхонасига техник бошқарувчи бўлиб ишга кирдим. Параллель равишда ўқишни ҳам давом эттириб, телекоммуникациялар муҳандиси ихтисосига эга бўлдим.

Тасодиф самараси

- Қандай қилиб мураббий бўлиб қолдим? Тасодифан, ҳоли-жонимга қўймаётган жияним Антонио Фидельгонинг илтимосига кўра, «Эшторил» президентига уни тавсия этдим. Раҳбар таклифимни қабул қилди, лекин олдимга шарт қўйди - мунтазам равишда жиянимдан хабардор бўлишим, маслаҳатлар бериб туришим лозим эди.

Жияним мавсумни муваффақиятли ўтказгач, президент яна ярим йил кўмаклашишимни илтимос қилди. Лекин энди маслаҳатчи эмас, балки бош мураббий ролида. Шу тариқа олти йил ўтди.

Халқ орасида мураббийликни муҳандислик билан уйғунлаштирган ғаройиб мутахассис ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди. Мен эса янги касбимга қизиқиб қолдим. Ахир биз элитага кўтарилгандик.

Даъватга айланган истеъфо

- 1994 йили «Эшторил»дан четлатишгани мен учун оғир зарба бўлди. Жаҳл устида яна бир марта футболдан воз кечиш ҳақида ўйлай бошладим. Уйга келгач, ҳеч ким билан гаплашгим келмасди. Иттифоқо, телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтарган рафиқам эски қадрдоним Патрисия мени сўраётганини айтди.

Патрисия бир пайтлари оғир хасталикка чалиниб, 8 ой комада ётган, кейин бир умрга ногиронлар аравачасига боғланиб қолганди. Мен ҳатто у билан мулоқот қилишни ҳам истамадим. Бироқ рафиқам гаплашишга мажбур этди. «Куюнаверма, мен сен биланман» - Патрисиянинг ана шу далдаси ҳаммасини ўзгартириб юборди.

Истеъфо - арзимас воқеа, ахир меҳрибон рафиқам, фарзандларим, уйим бор, саломатлигим жойида. Иш эса топилади! Шундан кейин Яратганга янада яқинроқ бўлишга интилдим.

«Порту»га чақиришларига ишонмагандим

- Тез орада «Эшорил»дан таклиф олдим. Янги лавозимим меҳмонхона билан хайрлашишни тақозо этди. Лекин «Паласио»дагилар ҳозир ҳам ҳурматимни ўрнига қўядилар, йўлим тушганида кириб тураман, қадрдон гўша соғинчи ўзига тортиб туради... «Эшторил»да ўтган тўрт йилдан сўнг «Порту»га чақиришди.

«Аждаҳолар» президентининг дастлабки қўнғироғини ҳазилга йўйгандим. Бироқ бир қатор суҳбатлардан кейин жиддий тўхтамга келдим. Фарзандларим мактабга қатнашини ҳисобга олиб, яшаш жойимни ўзгартирдим. Афсуски, номдор жамоага ўтганимни кўриш отамга насиб этмади. Портуда илк марта чинакам босимни ҳис қилдим.

«Бенфика» вакилига у ерда ҳамма душман кўзи билан қарайди. Шунингдек, «Спортинг» ва «Порту»да ишлаганимни «ҳазм» қила олмайдиганлар ҳам етарли. Фанатлар фикрича, турмуш ўртоғини, ҳатто динини ҳам алмаштириши мумкин. Лекин клуб ягона бўлиши шарт. Мен учун эса жамоа - иш жойи, рафиқам ва динимни ҳеч қачон алмашмайман!

Роналду билан танишув

- Криштиануга 2003 йили «Спор-тинг»да дуч келганман. Илк машғулотда унга шундай дегандим: «Менинг жамоамда доимо асосий таркибда бўласан. Лекин циркчилик одатингни ташла. Баланд сакрашни уддалай оласан, аммо бош билан ўйнашда самара паст». Афсуски, тез орада Роналду жамоани тарк этди. Ортидан Куарежма ҳам. Буни қарангки, 13 йилдан кейин улар биргаликда Европа чемпиони бўлишди!

Соат 7:00дан машғулотларга

- Грециядаги кўп йиллик фаолиятимда мен асл юнондан ҳам ҳақиқийроқ юнон эканлигим ҳақида кўп эшитганман. Гап шундаки, АЕКдаги илк кундан бошлаб маҳаллий анъаналарга, тил ўрганишга киришганман. Бу борада «Эшторил»да тўп сурган грециялик шогирдим яқиндан ёрдам берганди.

Тўғри, янги жамоани ўз услубимга мослаштириш осон бўлмади. Масалан, машғулотларни эрталаб барвақт ўтказиш одатимга жамоа сардори эътироз билдирганди: «Мистер, эрталаб соат 8:00га етиб келишга қиналяпмиз. Чунки йўллар тирбанд». «Унда машғулотни 7:00дан бошлаймиз», - дедим унга жавобан. Кейин шифокор ҳам эътироз билдирди. Бироқ мен тартибимни ўзгартирмадим ва тез орада ҳақ эканлигим исботланди.

Мукофотга айланган жазо

- Бразилия мундиалидан кейинги таътил чўзилиб кетди. Чунки Коста-Рикага қарши учрашувда ҳакам билан баҳслашганим учун дисквалификацияга учрадим. Лекин ҳозир ҳам ўша жазони ноҳақ деб ҳисоблайман - «овер-тайм»лар арафасида ҳакам менинг футболчиларимни тезроқ туришга мажбур қилганди, рақибларимиз эса майдонда ётишганди.

Мен ҳакамга эътироз билдирдим. У коста-рикаликларни ҳам турғазишини айтди. Лекин ундай қилмади. Мен баландроқ овозда бақирдим, у эса мени майдондан четлатди. Кейинчалик 8та ўйиндан четлатишганида, Греция футбол федерацияси мени ҳимоя қилмаганлиги дилимни ранжитди.

Шахсий адвокатимнинг саъй-ҳаракатлари билан жазо 4 учрашувга камайтирилди. Бироқ мен барибир, янги жамоалар билан музокаралар олиб боришга кечикдим. Жумладан, Габон терма жамоаси билан.

Буни қарангки, ноҳақ жазо учун тақдир мени муносиб тақдирлади - Евро-2016 саралашининг илк учрашувида Албаниядан енгилгач, бош мураббий истеъфога чиқди. Мен унинг ўрнини эгаллаб, тарихий ғалабани қўлга киритдим!

Буюк Роналдусиз кечган буюк финал

- Финалда Роналдуга муҳим роль ажратилгани боис, унинг жароҳат олиши биз учун жиддий йўқотиш бўлди. У майдонда бўлган вақтда устунлигимиз яққол сезилиб турганди. Криштиану сафдан чиққач, 4-4-2 схемасини 4-3-3га алмаштиришга мажбур бўлдим, танаффусда ўйинчиларга шунга яраша кўрсатмалар бердим.

2-бўлим ўрталарида Эдерни майдонга ташладим. Чунки бизга тўпни олдинги маррада кўпроқ ушлаб тура оладиган ҳужумчи керак эди. Шу тариқа устунликка эга бўлиб, узоқ кутилган ғалабага эришдик.

Менимча, муваффақиятга икки асосий омил эвазига эришдик: савияли ўйинчилардан шаклланган аҳил жамоа ва тактик салоҳият. Францияга йўл олиш арафасида фақат ғалаба учун курашишга аҳд қилгандик. У рўёбга чиқди!

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz