Қайднома

Қидирув

Қўқонликка айланаётган серблар ёхуд Милан Спремонинг илк интервьюси

Қўқонликка айланаётган серблар ёхуд Милан Спремонинг илк интервьюси

  17.05.2018 06:11
  0
  653
Қўқонликка айланаётган серблар ёхуд Милан Спремонинг илк интервьюси

Pepsi Суперлиганинг 10-турида «Пахтакор» ўз майдонида муҳим икки очкодан маҳрум бўлди. «Шерлар» «Қўқон-1912» жамоасини қабул қилиб, дуранг (1:1) билан кифояланишди.

Шу тариқа, қўқонликлар еттита ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этишди. Биз Тошкентдаги учрашув якунлангач, «Қўқон-1912»нинг икки сербиялик легионери - Дарко Гожкович ва Милан Спремони суҳбатга чорладик.

Эътиборлиси, бу Спремонинг илк интервьюси экан. Деярли қўқонликка айланган Дарко эса унга таржимонлик қилиб турди.

- Дарко, бу дурангни ғалабага тенглаштириш мумкинми?

Д.Гожкович: - Биласизми, Ўзбекистоннинг номдор ва шу билан бирга, айни пайтдаги пешқадам жамоаси майдонидан бир очко билан қайтиш - бу ёқимли.

Лекин биз ғалаба учун майдонга тушгандик. Ўйиндаги ҳисобни ҳам очдик. Аммо мезбонлар иккинчи бўлимда босимни янада кучайтириб, дарвозамизни ишғол қилишди. Энг муҳими, мағлубиятсиз серияни давом эттиряпмиз.

- Милан, «Қўқон-1912» билан шартнома имзолашингиздан олдин «Машъал» жамоаси кўригида ҳам бўлгандингиз. Лекин Муборакда қолмадингиз ва Қўқон клуби билан келишувга эришдингиз. Бунга етарлича сабаблар бормиди?

М.Спремо: - Ҳа, албатта. Менга дўстим Дарко «Қўқон-1912» вариантини таклиф қилди. Шундан сўнг клуб раҳбарияти билан учрашдик, мураббий билан гаплашдик ва якунда шартномага имзо чекдим. «Қўқон-1912» жамоасида ўйнаётганимдан хурсандман. Ўша пайт тўғри қарорга келган эканман.

Даркодан ташқари яна бир дўстим Марко Милич ҳам шу ерда. Ўзимни худди уйдагидек ҳис қиляпман. Милич иккимиз Қўқон клуби билан бир йиллик шартнома имзолаганмиз.

Агар ҳаммаси жойида бўлса, ўйинимиз мураббийлар штабини қониқтирса, келаси мавсум ҳам «Қўқон-1912» шарафини ҳимоя қиламиз.

- Ўзбекистонга келганингизга беш ойча бўлиб қолди. Таассуротлар қандай?

- Таъриф қилишганича бор экан. Энг муҳими, юрт тинч, инсонлари хушмуомала. Спортга, хусусан, футболга ҳукумат даражасида эътибор қаратиляпти. Миллий жамоангиз жаҳон чемпионатлари саралашларида мунтазам равишда йўлланмалар учун асосий даъвогарлар қаторида эътироф этилади.

Ишончим комилки, ке-йинги мундиаллар Ўзбекистон термаси иштирокида ўтади. ЎФАнинг янги раҳбарияти ва улар олиб бораётган ислоҳотлардан келиб чиқиб шундай фикр билдириш мумкин. Мавриди келганда, ўзим ҳақимда қисқача маълумот берсам. Ёшим - 22да, ҳужум чизиғида ўйнайман.

Бу ерга Сербия Суперлигаси вакили «Бачка Паланка» жамоасидан келиб қўшилганман. Фаолиятим давомида Сербия ёшлар термаси таркибида Европа чемпионати саралаш учрашувларида қатнашганман. Шунингдек, Европа Лигаси доирасидаги ўйинларда майдонга тушиш ҳам насиб қилган.

Д.Гожкович: - Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистонда футболга эътибор сўнгги бир йил ичида тубдан ўзгарди. Миланнинг фикрларига тўлиқ қўшиламан. Бу ўзгаришларни биргина миллий чемпионат мисолида ҳам кўриш мумкин. Стадионларнинг аҳволи, майдон чимининг ҳолатига бўлган талаб кескин оширилди.

Томошабинлар ташрифи сезиларли тарзда кўпайди. Ўйинларда кутилмаган натижалар қайд этиляпти. Бу жамоаларнинг кучи тенглашиб бораётганидан далолат. Осон эришиладиган ғалабалар қолмади, ҳисоб.

Кўряпсиз, етакчилар ўз майдонида очко йўқотяпти, ҳаттоки, мағлубиятга учраган ўйинлар ҳам бўлмоқда. Буни ижобий ҳолат сифатида баҳолаш керак. Чемпионат қанчалик кучли бўлса, миллий терма ҳам шунга яраша кучайиб бораверади.

- Милан, миллий таомларимиз маъқул келдими?

М.Спремо: - Ўзбек ошхонаси - бутун дунёдаги энг яхшиси. Айниқса, палов, кабоб каби таомларга меҳрим бошқача. Шашликни бошқа давлатларда ҳам татиб кўрганман, лекин Ўзбекистонда тайёрланадигани яққол ажралиб туради. Биринчи давра якунлансин, ўзим ҳам ош пиширишга уриниб кўраман.

- Ошхонамиз «қийнаб» қўймаяптими?

- Йўғ-е, нега энди (кулади). Дарко тонг-саҳарда ошга олиб боришганини айтиб берганди. Ўшанда унинг таърифини эшитиб, ҳайратдан ёқа ушлагандим. Чунки шу пайтгача бундай маросимда иштирок этиш у ёқда турсин, ҳатто эшитмагандим ҳам.

- Қўқонлик мухлислар ҳақида нима дея оласиз?

- Бу алоҳида мавзу. Очиғини айтаман, ўзим тўп сурган клублар орасида қўқонлик мухлислардек фидойисини кўрмаганман. Бу «Қўқон-1912»да ўйнаётганим учун айтилаётган баландпарвоз гаплар эмас.

Умуман олганда, қисқа фурсат ичида клуб президентидан тортиб, мураббийлар, футболчилар, жамоа ходимлари ва ишқибозларигача мен учун қадрли бўлиб қолишди. Бир сўз билан айтганда, биз бир оиламиз!

- Дарко, Сербия термасининг ЖЧ-2018 финал босқичидаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?

Д.Гожкович: - Гуруҳда яққол пеш-қадам - Бразилия терма жамоаси. Бу ҳақда гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Иккинчи йўлланма учун эса айнан бизнинг жамоа асосий даъвогар бўлади. Лекин Швейцария термаси ҳам бу чиптага кўз тиккан. Кураш шиддатли кечиши аниқ.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz