Қайднома

Қидирув

Қўшни уйдан садо ёхуд мадридликлар «Барселона», каталонияликлар эса «Реал» ҳақида

Қўшни уйдан садо ёхуд мадридликлар «Барселона», каталонияликлар эса «Реал» ҳақида

  17.05.2018 06:43
  0
  991
Қўшни уйдан садо ёхуд мадридликлар «Барселона», каталонияликлар эса «Реал» ҳақида

Мана, навбатдаги «Эль-класико» ортда қолди. «Турнир жадвалидан устун жанг» мақомини олган бу галги тўқнашув ҳам мухлислар ишончини тўлиқ оқлади.

Чиройли футбол, муросасиз кураш, голлар ва ҳоказо - «класико» бошқача бўлиши мумкин эмас. Билсангиз керак, бу ўйиндан аввалроқ «Барселона» фахрийси Андрес Иньеста жорий мавсум якунида клуб билан хайрлашишини эълон қилганди.

Шундан сўнг футбол оламининг кўзга кўринган намояндалари кўпчилик ҳурматини қозонган ярим ҳимоячи қарорига муносабат билдириб, унга мақтовлар ёғдиришди.

Хусусан, «Барса»нинг ашаддий рақиби - «Реал», яъни Мадрид томондан ҳам ижобий фикрлар янгради. Дейлик, Зайниддин Зидан ва клубнинг собиқ дарвозабони Икер Касильяс ҳар доим Иньеста ижросидаги ўйинлардан ўзгача завқ олишларини яширишмади.

Умуман, «Реал» вакиллари ҳам, «барсачилар» ҳам азалий рақиб ҳақида тез-тез фикр билдиришади. Улар орасида ижобийлари қатори салбийлари ҳам учрайди, албатта.

Хуллас, бугун турли вақтларда айтилган энг машҳур «луқма»ларга назар соламиз (манба - soccer.ru сайти).

Альфредо ди СТЕФАНО (Хосеп Гвардиола давридаги «Барселона» ҳақида): «Тан оламан, ҳозирги «Барселона» ўйинидан ва унинг майдонда қандай ҳукмронлик қилишидан шунчаки, ҳайратдаман. Умуман, Гвардиола жамоаси ижросидаги футболни кўзларинг эмас, қалбинг билан томоша қиласан. Каталонияликлар тўп билан шундай нозик ва нафис муомалада бўлишадики, беихтиёр оғзинг очилиб қолади. Гўёки, улар тўпга таъзим қилиб, уни эркалаётгандек... Шундай экан, бу жамоани майдонда кўриш - катта роҳат. Мана, охирги «Эль-класико»да «Мадрид» майдонда тўлиқ ҳукмронликни қўлга олган рақиби олдида жиловланган йиртқичдек кўринди. Бошқача айтсам, «Барса» шерга ўхшади, «Реал» эса сичқонга».

Христо СТОИЧКОВ («Реал»нинг катта харажат қилиши ҳақида): «Келинг, «Реал» ҳақида гаплашамиз. Неча йиллар бадалига Испания чемпионатида бир бора ғалаба қозониш учун миллион-миллион сарфлаган жамоа. Шунинг учун ҳам кимдир «Реал»нинг «Барселона»дан кучли эканлигини исботлашга уринса, кулгим қистайди. Яширмайман, «Мадрид» ва унга боғлиқ ҳар нарсани кўришга кўзим, эшитишга қулоғим йўқ...».

Йохан КРОЙФФ (Жозе Моу- риньо бошқарувидаги «Реал» ҳақида): «Реал»га ҳеч қачон паст назар билан қарамаслик керак, лекин менимча, олдинлари клубни бутун дунёда бирдек ҳурмат қилишарди. Бир қарашда, мадридликлар ўз обрўларини тобора йўқотишмоқда, негаки, футболда ҳаммасини ғалабалар ва совринлар белгиламайди. Ҳар ҳолда, янада муҳимроқ масалалар ҳам йўқ эмас».

Эмилио БУТРАГЕНЬО (Йохан Кройфф бошқарган «Барселона» ҳақида):«Каталонияда шаклланган «Дрим-тим» супержамоа даражасига чиқмаганди, гарчи кўзни қамаштирадиган футбол намойиш этган бўлсада. Мен кўрган энг яхши клублар - 70-йиллардаги «Аякс» ва 90-йиллардаги «Милан». Кройфф давридаги «Барселона» эса Ла-лигадаги бошқа жамоалар натижасига қаттиқ боғланиб қолганди. Дейлик, каталонияликлар ўша вақт 3та совринни охирги турда расмийлаштиришган, қолаверса, Чемпионлар Лигаси финалида «Милан»га 0:4 ҳисобида ютқазишган».

Хорхе ВАЛЬДАНО («Барселона»нинг замонавий эраси ҳақида): «Каталония клубининг ҳозирги даврини битта ном белгиламоқда - Месси. Бироқ у бир неча йил олдинги жамоага асло ўхшамайди. Ҳар ҳолда, Гвардиола ўйинга доимий равишда ўзгартириш киритар ва бу билан рақибларни бурчакка сиқиб қўярди. Энди бундай ҳолат йўқ, шунинг учун «Барселона» тўлақонли ҳукмронлик қилолмаяпти».

Хосеп Гвардиола («Реал» бошқарувида ишлаш-ишламаслиги эҳтимоли ҳақида):«Ҳамма яхши билади - «Барселона»нинг чин мухлисиман. «Реал»га эса бундай мураббий керак бўлмаса керак, менимча. Аслида мени «Мадрид» бош мураббийи бўлишга муносиб номзод сифатида кўраётганлари учун бағоят миннатдорман, бироқ бир қатор сабаблар туфайли бу клубга тўғри келмайман асло. Биринчидан, қалбим «Барселона»га тегишли. Иккинчидан, бутун борлиғи билан Каталония мустақиллиги учун қайғурадиган йигитнинг монархия тузуми ҳукмрон Мадридда яшаб, бемалол ишлаши жуда-жуда мушкул».

Жозе МОУРИНЬО (Гвардиола билан ўткир рақобат даври ҳақида):«Айримлар «Барселона» ва унинг ўйин услубини ёқтиришади, баъзилар йўқ. Шахсан мен «Барса» фалсафасига ҳурмат билан ёндашаман. Шунингдек, бу клубга қарши ўйнаш қийинлигини тан олишим керак. Лекин каталонияликлар ўзларини ғалати тутишадики, бу ғазабимни қўзғатади. Улар ҳакамларга босим ўтказишдан чарчамайдилар, «Камп Ноу»даги катта ўйинларда эса ҳисобда олдинга чиқиб олишса, иккинчи бўлимда майдон четида тўп узатиб турувчи болалар қаергадир ғойиб бўлишади. Ўйин шиддатига мустақил дош беролмайдиган кичик жамоалар одатда шундай йўл тутишини биламан, аммо катта клублар бундай қилмайди. Бордию, ҳозир ҳам Каталонияда Моуриньога нафрат билан қараётган бўлсалар, бу уларнинг муаммолари, менга заррача дахли йўқ».

ХАВИ (2012 йили): «Реал» футболчилари - омадсизлар. Улар мағлубиятни тан олишни билмасликлари камлик қилганидек, яна ўзларини ёввойилардек тутишади».

ХАВИ (2016 йили, «Реал» «Камп Ноу»да ғалаба қозонганидан кейин): «Реал» улкан стадионимизда кичик ва ожиз жамоадек ўйнади. Менимча, «Барселона» ва «Реал» каби буюк клубларга ўз дарвозаси олдига «автобус» қўйиш ярашмайди, уларнинг бунга шунчаки, ҳаққи йўқ. Зеро, йирик жамоалар фақат ва фақат ҳужумкор футболни тарғиб қилиши шарт».

ХАВИ (2016 йилнинг охирида):«Реал» - буюк клуб! Жамоада ўз кучига ишонч ҳисси мустаҳкам. «Мадрид» барча совринларни ютган ва яна ютишда давом этяпти, негаки, у чиндан ҳам буюк клуб ҳисобланади. Умуман, мадридлик «Барселона»га ҳамиша босим ўтказишади».

Икер КАСИЛЬЯС (2009 йили):«Барселона» ўйинига қарасам, атиги 10 дақиқадан кейин вужудимни ҳавас туйғуси қуршаб олади. Жамоанинг ғалаба қозониши, шунинг баробарида сифатли футбол намойиш этиши дарҳол маълум бўлади. Йўқ, тилёғламалик қилмаяпман, «Барса»га чиндан ҳам, ҳавасим баланд».

Икер КАСИЛЬЯС (2010 йили):«Биз «Барса» билан муносиб рақобатлашишга қодирмиз. Аммо тан олишим керак, каталонияликларда ҳозир ўз тарихларидаги энг кучли жамоа бор. «Барселона» ўйини ҳақида гапириб, буни модага қиёслаётганлар ҳам ҳақлар. Аммо унутмайлик, мода вақт ўтиши билан ўз аҳамиятини йўқотади».

Икер КАСИЛЬЯС (2012 йили):«Ҳозир ҳамма фақат «Барселона» ва унинг 11 нафар тарбияланувчиси ҳақида гапирмоқда. Лекин бу клубнинг 11-12 йил аввал 11 нафар хорижликдан тузилган таркибга таяниб ўйнагани ҳали эсимда. Бундай ҳолат давр ўтиши билан юзага келиши табиий жараён, демак, каталонияликлар ҳозир жамоада маҳаллий футболчилар тўп суришаётганини айтиб, мақтанмасликлари керак. Пуйоль ёки Хавидан сўраб кўрингчи, улар ўйнай бошлаган вақт «Барса» таркибида неча нафар клуб тарбияланувчиси ўйнарди...?»

Карлес ПУЙОЛЬ (2013 йили): «Мессини жароҳатлар қийнаган мавсум ҳам чемпионат ғолибига айландик. Тан оламан, жамоамиз Леосиз бироз кучсизланади. Эҳ, Криштиану Роналду жароҳатланган вақт «Реал» ҳолига бир қарашни истардим. Умуман, мадридлар у билан ҳам ҳеч нарсага эришолмадилар-ку...».

Зайниддин ЗИДАН («Барселона» билан рақобат ҳақида):«Бу клубга қарши ўйинлар ҳамиша алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Чинакам дербига ўхшайди, лекин ҳаммаси бироз бошқача. «Барса» ва «Реал» ўртасидаги ўйинларда нима рўй беришини ҳеч қачон билмайсан».

Луис ЭНРИКЕ (табиий ёндашуви ҳақида): «Реал» хусусида гапиришни истамайман. Билганим шуки, ҳозир жаҳондаги энг яхши клубни бошқар-япман».

Серхио РАМОС («Барселона»нинг ЧЛда «ПСЖ»га 0:4 ҳисобида ютқазгани ҳақида): «Яширмайман, «Барса»нинг бундай мағлубияти кайфиятимни анча кўтарди. Албатта, қадрдон дўстларимнинг азобланишларини истамайман, бироқ мени кечиринглару, «Барселона» ғалабаси ва шодлигини кўрмасликни кўпроқ хоҳлайман».

Серхио РАМОС («Барселона»га умумий қараши ҳақида):«Каталонияликлар майдондан мағлуб ҳолда чиқиб кетсалар, ўзимни беихтиёр бахтиёр ҳис қиламан. Ҳаттоки, бундай оқшомлар мириқиб ухлайман».

Серхио РАМОС (Пикенинг «Реал» қадриятларини шубҳа остига олгани ҳақида): «Жерар қандай вайсимасин, унинг гаплари бизнинг қадриятимизни ўзгартирмайди ва унвон ва совринларимизни хиралаштирмайди. Лекин у шу йўл билан газеталар ададини ошириши тайин. Чунки одамларга ноодатий сарлавҳалар ёқади. Биз бундай гап-сўзларга чидаймиз, аммо «Барселона» вакиллари «Реал» масаласида сукут сақлашса, яхши бўларди, барибир».

Жерар ПИКЕ («Барселона»нинг Европа суперкубоги-2015даги ғалабаси ҳақида):«Жин урсин «Реал»ни. Мана, Мадридда навбатдаги совринни қўлга киритганимизни кўриб, «роҳатланишсин».

Жерар ПИКЕ («Реал»нинг ЧЛда «Бавария»ни енггани ҳақида): «Камп Ноу»да мағлубиятга қарамай, жамоангни олқишлашларини кўрганингда, этинг жимирлаб кетади.

Мадридликлар эса ўз стадионларидаги ҳуштакбозликларга ўрганиб қолишган, гарчи ярим финалга чиққан бўлсаларда...».

Жерар ПИКЕ (2015 йили): «Шунча кўп соврин ютган «Барселона»нинг ажиб авлоди вакилиги эканлигимдан чексиз ғурурланаман. Унутмайлик, айнан биз туфайли «Реал» анча оз соврин ютди. Доим бу жамоанинг ишлари орқага кетишини истайман. Мадридликларнинг бошлари мағлубиятдан чиқмаса ҳам майли. Ҳар доим. Бу гапларим учун узр сўрамайман. Ўзаро қарама-қаршилигимиз шундай муносабатни талаб қилади...».

А. АҲМЕДОВ  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz