Қайднома

Қидирув

Патрик Виера: «Франция термаси камида ярим финалга чиқади»

Патрик Виера: «Франция термаси камида ярим финалга чиқади»

  18.05.2018 06:13
  0
  519
Патрик Виера: «Франция термаси камида ярим финалга чиқади»

Франция миллий жамоаси тарихида ёрқин из қолдирган Патрик Виейранинг ишонч билан айтишича, ҳамюртлари Россия мундиалида камида кучли тўртликдан жой олишади.

Мамлакат термаси сафида 100тадан ортиқ ўйин ўтказиб, жаҳон ва Европа чемпиони мақомига эришган собиқ ярим ҳимоячи RTга берган интервьюси давомида французларнинг 1998 йилги катта ғалабаларини ҳам эсга олди, ўша жамоадошларига тўхталди ва мураббийлик фаолиятига доир мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

— Футболчилик фаолиятига нуқта қўйганингиздан кейин мураббийлик ишига бош суқдингиз ва айни пайт «Нью-Йорк Сити» клубини бошқаряпсиз. Сизни ушбу мураккаб касб этагини тутишга айнан нима ундади?

— Ҳаммаси анча қизиқарли тус олди. Аслида бутсаларимни михга илганимдан кейин қандай юмуш билан шуғулланишим ҳақида ўйлаб ҳам кўрмагандим.

Фаолиятимни якунлашимни эълон қилишдан аввал «Манчестер Сити» раҳбарлари билан ўзаро гаплашдик. Улар клубда қолиб, бирор ваколатни қўлга олишимни исташди. Бироқ ўша вақт қайси йўналишни танлашни ҳам билмасдим. Хуллас, раҳбариятнинг таклифига биноан, 2 йил давомида футбол элчиси вазифасини бажардим.

Гарчи бу ваколат жуда муҳим саналсада, моҳиятан олганда, элчи катта ролга эга эмас. Муҳими, ўз лавозимимдан келиб чиқиб, маълум муддат клуб академияда зарур тажриба тўпладим. Ҳар ҳолда, ёш йигитлар даврасида ишлаш асносида уларга ниманидир ўргатиш аввало, ўзимга роҳат бағишлади.

Энг асосийси, шу тажриба орқали футболчилар билан осонгина муносабат ўрната олишимни ҳис қилдим ва мураббийлик йўналишида иш бошлашга жазм этдим.

Кейинчалик «Манчестер Сити»нинг захира таркибини шуғуллантириш имкониятига эга бўлдим. Вақт ўтиши билан эса бу айнан менга мос иш эканлигини теран англадим.

— Клубнинг ўз келажагингиз ҳақида мустақил ўйлаб кўришингиз учун вақт бергани нечоғли муҳим аҳамият касб этди? Ҳар ҳолда, замонавий футболда бунақаси кам учрайди.

— Ҳа, дарҳақиқат, шундай. «Манчестер Сити» вакиллари ва ўша вақт атрофимда бўлган барча инсонлардан ҳамиша миннатдорман. Негаки, улар футболдан кейин ўз йўлимни аниқлаб олишимга катта ёрдам беришди.

Бу муносабат азалдан маълум ҳақиқатни яна бир бора тасдиқлади: агар майдонга тушиб, ҳаммага ҳурмат билан ёндашсанг, зиммангдаги ишларни виждонан бажаришга уринсанг, кейинчалик сенга шундай ғамхўрлик қилишади, албатта. Мана, футбол оиласининг қўллаб-қувватлаши натижасида бамайлихотир ўргандим, ўқидим.

2016 йилга келиб эса, «Нью-Йорк Сити»ни бошқариш таклифини қабул қилдим. Чорлов жуда қизиқарли эканлиги боис, асло иккиланмадим. Бундан ташқари, АҚШда ўз ишларининг ҳақиқий усталари қуршовига тушдимки, улар йўналиш бўйича янада ўсишимга кўмаклашишади.

— Янги соҳада ўз олдингизга қандай мақсадларни қўйгансиз? Келажакда салоҳиятингизни Европанинг топ-клубларидан бири ёки Франция термасида синаб кўришингиз ҳам мумкинми?

— Футболчилик фаолиятим бошида ўз мамлакат шарафини ЖЧда ҳимоя қилиш ва номдор клубда тўп суришни орзу қилганман. Мураббийлик йўналишида ҳам шундай. Лекин аввало, «Нью-Йорк Сити» мураббийи сифатида ўзимни кўрсатишим керак, қолгани вақт ҳукмидаги масала.

— Ҳозир ўтмишдаги ёш Патрик Виейрага қандай маслаҳатлар беришни истардингиз?

— Биринчи навбатда, жамоа алмаштиришдан чўчимасликни. Йирик клублар чорлови ёш йигитларни ғоят руҳлантиради, бироқ улар шунинг баробарида анча иккиланишади.

Спортда эса қатъийлик муҳим. Демоқчиманки, футболчи қайсидир клубга ўтиш ёки ўтмасликни мустақил ҳал этиши зарур. Бордию, янги жойда ишлари юришмаган тақдирда ҳам, асло тушкунлик асирига айланмаслиги керак. Агар олға интилишда давом этса, эртами-кеч ўз мақсадига эришади.

— Шундай футболчилар ҳам борки,  топ-клублар захирасида ўтиришсада, муҳитни ўзгартириш-     ни истамайдилар. Негаки, уларга яхшигина маош кафолатланган, барибир.

— Спортчига бундай ёндашув асло ярашмайди. Хусусан, футболда мудом янги даражага интилиш талаб этилади. Жамоа сизга ўйнаш имконини бераётган бўлса ҳам, янада яхшироқ клублар назарига тушиш мақсадида бор маҳоратингизни ишга солинг. Оддий айтганда, ўсишни хоҳлайсизми, унда бир жойда қотиб қолманг.

— Франция термаси таркибида 1998 йили жаҳон чемпиони бўлгансиз, кейин Евро-2000да ҳам зафар қучгансиз. Ўша ғолиб жамоани қандай эслайсиз?

— Майдонда ҳар бир футболчининг ўз ўрни бўлади. Жаҳон ва Европа биринчилигидаги ўша ғалабалар бутун бир авлоднинг катта зафари ҳисобланади. Жамоада жанговар руҳ ва ўзгача характер шаклланган эди.

Ҳозир эҳтимолки, янада иқтидорлироқ футболчилар сафи кенгдир, бироқ ўша таркиб алоҳида устунликка эга эди - биз айнан нимани хоҳлашимизни яхши билганмиз ва мақсадни рўёбга чиқариш учун ягона кучга айланган эдик. Шунинг баробарида ҳар биримиз муайян ролни сифатли бажарганмиз.

— 1996 йили Франция термасининг Атланта Олимпиадасига берган «заявка»сидан жой олгансиз, аммо майдонга тушмагансиз. Бундан роса ранжигандирсиз...

— Йўқ, асло! Ахир ўша вақт терма жамоанинг бир бўлагига айланишни орзу қилганман ва 23 нафар сара футболчи қаторига кирганимнинг ўзи катта натижа эди.

Қолаверса, болалигимдан миллий жамоа таклифига муносиб бўлишни ўйлаганман. Майдонга туша бошлаганингда эса, мураббийга нималарга қодирлигингни дарҳол кўртаса олишинг шарт. Ўйлайманки, 1996 йили бунга тўлиқ тайёр эмасдим.

1998 йилга келиб эса, мендан айнан нималар талаб қилинишини аниқ билардим. Яна бир томони, Дидье Дешам, Кристиан Карамбё, Ален Богоссян ва Эммануэль Пети каби ижрочилар ёрдамида эркин тўп суриш имкони бор эди.

— Ҳа, уларнинг ўйинлари роҳат бағишларди.

— Шундай. Терма жамоамиз футболчилари Европанинг кучли клубларида фаолият юритишарди. Эҳтимолки, ЖЧдаги ғалабамизда йигитларнинг катта учрашувларга боғлиқ тажрибалари энг ҳал қилувчи омил вазифасини ўтагандир.

Қисқаси, ўша вақт захирада ўтириб ҳам, ниманидир ўрганиш мумкин эди. Мисол учун, мен айниқса, Дешамни алоҳида кузатардим.

— У терма жамоада сизга устозлик қилгани ростми?

— Дидье ёнида бўлишни ниҳоят қадрлардим - ҳар бир дақиқани. Имкон туғилиши билан уни суҳбатга тортиб, зарур маслаҳатлар сўрардим. Шундай экан, футболчи сифатида шаклланишимда Дешамнинг ҳам ўрни катта. ОАВда терма жамоада Дидье эмас, Виейра ўйнаши кераклиги ҳақидаги гап-сўзлар роса қайнагани эсимда.

Бироқ ўзим ҳеч қачон унинг ролига кўз тикмаганман. Чунки Дидьени футболчи сифатида қаттиқ ҳурмат қилардим ва асосийси, унинг терма жамоада нақадар муҳим роль ўйнашини билардим. Қолаверса, мен учун ҳаммаси олдинда эди, ва Дешамдан имкон борича кўпроқ ўрганиб, ҳар томонлама кучайишни истаганман.

— ЖЧ финалида Петининг голига ҳаммуаллифлик қилганингиз, ке-йин ғалабани Елисей майдонида мухлислар билан бирга нишонлаганингизни бир умр унутмасангиз керак...

— Эҳ, ўша воқеалар ҳақида сўз бошланиши билан ўтмиш лаҳзалари кўз ўнгимда шундоқ намоён бўлади. Сўз билан ифодалаш қийин таассуротлар... Сенегалда туғилган ва Париж атрофидаги шаҳарчада улғайган йигитнинг жаҳон кубогини боши узра баланд кўтариши.... Футбол масаласидаги орзум ушалганди, бундай ҳолатда ғурурланмасликнинг иложи йўқ.

Ҳалигача яхши эслайман: аввалига захира ўриндиғида эдим, кейин майдонга тушиб, самарали узатмани амалга оширганман. Айтганча, Пети билан ўзаро муносабатларимиз зўр, ахир «Арсенал»да бирга ўйнаганмиз. Елисей майдонида қандай манзара юзага келганини эслаш ҳам мароқли - бунда этим жимирлаб кетади.

Ваҳоланки, ўша вақтлар мухлислар терма жамоанинг асли африкалик футболчиларини хушламасдилар. Шунинг учун айниқса, Париж Зафар аркида Зайниддин Зидан тасвирини кўриш ёқимли бўлганди.

— Ҳа, гоҳида сиёсатчилар уддалолмаган ишни футбол орқали бажариш мумкин.

— 1998 йилги ғалаба жаҳонга ҳақиқий Францияни кўрсатиб берди. Ўша зафар биринчи навбатда, танасининг ранги турли бўлган йигитлардан тузилган жамоанинг бирдам ишлагани ортидан келди. Шунинг ўзи футбол катта куч эканлигига далолат, менимча.

— Ҳозирги Франция термаси ўша авлод муваффақиятини такрорлай оладими?

- Таркибда йиғилган йигитларда бу вазифани уддалашга етадиган иқтидор бор, ҳарқалай. Қолаверса, жамоани Дешам бошқармоқда - ажойиб мураббий, чинакам профессионал. У йигитларни қандай илҳомлантириш ва жипслаштиришни жуда яхши билади.

Ахир ўзи ҳам юқори савияли футболчи бўлган. Хуллас, Франция термаси шундай мураббий ва иқтидорли йигитлар билан ЖЧ-2018да камида ярим финалга чиқиши керак.

МАЪЛУМОТ УЧУН

Патрик Донале ВИЕЙРА

Туғилган санаси ва манзили: 1976 йил 23 июнь (41 ёш), Дакар (Сенегал)

Лақаби:La Pieuvre («саккиз-оёқ»)

Фуқаролиги: Франция

Бўйи: 192 см.; вазни:82 кг.

Позиция бўйича: ярим ҳимоячи

Футболчилик фаолияти: «Кан» (Франция) - 1993—1995 (49та ўйин, 2та гол); «Милан» (Италия) - 1995—1996 (2та ўйин); «Арсенал» (Англия) - 1996—2005 (279та ўйин, 29та гол); «Ювентус» (Италия) - 2005—2006 (38та ўйин, 5та гол); «Интер» (Италия) - 2006—2010 (67та ўйин, 6та гол); «Манчестер Сити» (Англия) - 2010—2011 (28та ўйин, 3та гол

Клуб футболидаги умумий статистикаси (фақат миллий чемпионатларда): 463та ўйин, 45та гол

Франция терма жамоаларида: U-21 (1995—1996) - 7та ўйин; миллий жамоа (1997—2010) - 107та ўйин, 6та гол

Мураббийлик фаолияти: «Манчестер Сити» ёшлар таркиби (Англия) - 2011—2013; «Манчестер Сити» захира таркиби (Англия) - 2013—2015; «Нью-Йорк Сити» (Англия) - 2016 — ...

Терма жамоадаги ютуқлари: жаҳон чемпиони -1998; жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби - 2006; Конфедерациялар кубоги соҳиби - 2001; Европа чемпиони – 2000

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz