Қайднома

Қидирув

Роналду ёқтирмас рефери ёхуд ЕЧЛ финалини бошқарадиган ҳакам ҳақида

Роналду ёқтирмас рефери ёхуд ЕЧЛ финалини бошқарадиган ҳакам ҳақида

  19.05.2018 00:14
  0
  3614
Роналду ёқтирмас рефери ёхуд ЕЧЛ финалини бошқарадиган ҳакам ҳақида

26 май куни Киевдаги «Олимпийский» стадионида бўладиган Европа Чемпионлар Лигаси-2017|2018 финалини сербиялик ФИФА рефериси Милорад Мажич бошқариб боради.

У Сербия спортига таъсири энг кучли шахслардан биридир. Мисол учун, Мажич мамлакатнинг бош спорт медиаси томонидан тузилган янги рейтингда 15-ўринни эгаллади.

Реферининг ушбу рўйхатда УЕФА раҳбари биринчи маслаҳатчиси Деян Станкович, сербиялик энг машҳур агент Фали Рамадани ва Милош Теодосич ҳамда Неманья Матич каби юлдузлардан олдинда эканлиги кўп нарсадан далолат.

Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бор. Дейлик, португалиялик мухлислар Милорадни бошқача «таърифлашади»: «У ЖЧ-2014да ишлаган ҳакамлар орасида энг ношуди...». Бўлажак финалда бош роллардан бирини бажарувчи Мажич хусусан, «Реал» етакчиси Криштиану Роналду нафратига ҳам учраган... Нега? Sports.ru cайтининг мақоласи шу ҳақда.

Милорад Мажич туфайли серб футболининг абадий дербиси - «Црвена Звезда» ва «Партизан» ўртасидаги ўйинни ҳам ҳеч хижолат тортмай, бошқа кунга кўчиришлари мумкин. Ҳар ҳолда, шу йилнинг апрель ойида ҳакам Европа миқёсидаги ишлар билан бандлиги боис, чемпионатнинг марказий учрашуви вақтини суришди.

«Дербини бўлар-бўлмасга қолдиравериш мантиққа мутлақо зид. Ахир Сербияда бошқа ҳакамлар ҳам бор-ку, - дея ҳайратини яширмаганди «Партизан» бош мураббийи Мирослав Жукич. - Қаранг, «Барселона» баъзида ҳаттоки, Лионель Мессисиз ўйнамоқда, нега энди биз биргина Мажичга қараб туришимиз керак...?»

Милорад Мажич Сербия лигасининг бош дербисида жами 14 марта ишлаган. Бу мутлақ рекорддир. Тарихда ҳеч қайси ҳакамга асосий ўйинни шунчалик кўп ишониб топширишмаган.

«Одатда ОАВда бериладиган мақолаларни таҳлил қилмайман, клубларнинг ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратмайман, - деганди Мажич маҳаллий Blic нашрига берган интервьсида. - Ким босимга дош беролмаса, у мақтовга арзийдиган натижаларга эришолмайди. Буни ҳамма яхши билади. Дерби эса босимни енгиб ўтиш салоҳиятини синовдан ўтказиш саҳнаси ҳисобланади».

Милорад Мажичнинг Сербиядан ташқаридаги обрўси унча баланд эмас. ЖЧ-2014 серб ҳаками учун илк йирик турнир бўлди, бироқ у мундиалдан кейин катта эътирозлар домига тушди. Хусусан, Redcardtheref.com сайти уни Бразилия мундиалининг энг ношуд ҳаками сифатида «эътироф» этди.

Сайтнинг махсус сўровида 80 минг мухлис иштирок этганди. Мажич гуруҳ босқичи доирасидаги ўйинда португалияликлар ғазабини максимал даражага кўтарди. Аниқроғи, Германия - Португалия баҳсидаги бир қатор қарорлари шубҳали чиқди.

У аввалига португаллар жарима майдонида Марио Гётцени енгил туртишганини пенальти сифатида баҳолади, кейин Томас Мюллер билан жанжаллашган Пепени майдондан четлатди. Шу тариқа Португалия термаси мутлақо ожиз қолди.

Ғазаб отига минган Криштиану Роналду эса ўйин-нинг бутун иккинчи бўлимида сербиялик ҳакамни майдон бўйлаб «қувиш»дан чарчамади. Айниқса, Эдер рақиб жарима майдонида йиқилганидан кейин Мажич пенальти белгилашга жазм этмагач, жамоа етакчиси очиқ-ойдин дўқ-пўписа урди.

Агар Милорад бу вазиятга эътиборсиз қарамаганида, португалияликлар ўйинни 9 киши бўлиб тугатишга мажбур бўлишарди. Учрашувдан сўнг Португалия футбол федерацияси ҳам ҳакамлик юзасидан расмий эътироз билдирди.

«Ҳакам 2та вазиятда ҳафсаламизни пир қилди - пенальти белгилаган ва футболчимизга қизил карточка берган ҳолатларни назарда тутяпман, - деди Португалия миллий жамоаси бош мураббийи Паулу Бенту. - Ҳа, ўзимиз ҳам хатоларга йўл қўйдик, аммо кўп нарсани биринчи бўлимда юз берган воқеалар ҳал қилди.

У Пепени четлаштиришда, футболчининг аввалги хатти-ҳаракатларига асосландими? Буни билмадим. Лекин муайян  ўйинда футболчига олдинги ишлари таъсирида баҳо бериш ярамайди». 

Милорад Мажичнинг Эрон ва Аргентина терма жамоалари ўртасида кечган ўйиндаги ҳакамлигига ҳам эътирозлар янгради. Аниқроғи, форслар учрашувдан сўнг рефери устидан ФИФАга расман шикоят ёзишди.

Эрон термаси бош мураббийи Карлуш Кейруш эса Мажич унинг жамоасини тоза пенальтидан маҳрум қилганини куюниб гапирди. Португалиялик мутахассис якунда файласуфларга хос жиддий саволларни ўртага ташлади: «Милорад бу оқшом қандай ухлайди? Умуман, бутун умри давомида виждони азобланмасмикан?»

Милорад Мажичга нисбатан ке-йинги эътироз ЧЛдан ўрин олган «Атлетико» -  «Реал» учрашувидан сўнг янгради. «Ҳурматни сақлаган ҳолда айтаман, сербиялик реферини бундай ўйинларга тайинламаслик керак экан. Ҳакамлик иши жуда ёмон бўлди.

Умидворманки, жавоб баҳсини муносиброқ реферига ишониб топширишади. Эҳтимол, ҳакам ата-йин хато қилмагандир, у шунчаки, ўйин суръатига мослашолмади. Аммо воқеаларга улгурмагани унинг айбини юволмайди, барибир...», - деди «Атлетико» футболчиси Марио Суарес жиғибийрон ҳолда.

Милорад Мажичнинг ҳакамлик фаолияти 2006 йили бошланган. У шундан атиги 6 йил ўтиб, Европа ЧЛда дебют қилди - «Камп Ноу»да «Барселона» ва «Спартак» ўртасидаги баҳсни бошқарди.

Серб кейинчалик Евро-2016да ишлади ва ўтган йили Санкт-Петербургда Конфедерациялар кубоги-2017 финалини бошқарди. У шунингдек, ЖЧ-2018да ишлайдиган ҳакамлар қаторидан жой олди.

  Киев финалида Милорад Мажичга қанотларда ҳамюртлари - Милорад Ристич ва Далибор Журжевич ёрдам беришади. Захира ҳаками Франциядан - Клеман Тюрпен. Ненад Жокич ва Данило Груич эса дарвозалар ортида ишлашади.

  16 май куни Лиондаги «Стад-де-Лион» аренасида бўладиган Европа Лигаси финали («Марсель» - «Атлетико»)га келсак, учрашув голландиялик Бьорн Куйперсга ишониб топширилди. Айтганча, бу 45 ёшли рефери учун ЕЛнинг иккинчи финалидир. Мавсум-2012|2013нинг ҳал қилувчи баҳси («Бенфика» - «Челси» - 1:2)ни ҳам айнан Куйперс бошқариб борганди.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz