Қайднома

Қидирув

Сирдарёга катта футбол қайтадими?

Сирдарёга катта футбол қайтадими?

  19.05.2018 08:45
  0
  643
Сирдарёга катта футбол қайтадими?

Иқтисодий қийинчиликларми, вилоят, шаҳар мутасаддиларининг эътиборсизлигими ё бошқа сабабми, ҳар қалай, кейинги йилларда Янгиерни катта футбол тарк этди. Жамоа аввал мамлакат чемпионати олий (бугунги супер) лигасидан, кейинчалик биринчи (ҳозирги профессионал) лига баҳсларидан ҳам тушиб кетди. Ҳатто шундай номдаги футбол клуби борлиги деярли унутилаёзди. 

Президентимизнинг 2018 йил 16 мартдаги “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда футбол ривожи борасида амалга оширилаётган ишларни янги поғонада давом эттиришга хизмат қилмоқда. 

Албатта, мазкур ҳужжат ижроси доирасида Сирдарё вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Аммо вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида қарор ижроси кўнгилдагидек таъминланаяптими, деган саволга ижобий жавоб бериш қийин. Келинг, бироз чекиниш қилайлик-да, гапни бир неча йиллар наридан бошлайлик. 

...Сирдарё вилояти футболи тарихи ҳақида гап кетса, унда “Янгиер” жамоаси ўзининг муносиб ўрнига эга эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Асрлар давомида қақраб ётган чўл бағрида Янгиер шаҳри барпо этилгач, 3-4 йил ўтиб-ўтмай, “Янгиер” футбол жамоаси ҳам ташкил этилди. Клуб вилоятнинг тўнғич футбол жамоаси бўлиб, 1966 йили дастлаб “Целенник”, сўнг “Мелиаратор”, кейинчалик эса “Янгиер” номлари билан расмий учрашувларда иштирок этган. 

“Янгиер” жамоаси шарафини турли даврларда Б.Абдураимов, А.Любишин, Н.Любарцев, О.Абдураимов, Р.Аблаев, Н.Куликов, Б.Давлатов, И.Шквирин, Р.Бердиев, О.Сергеев ва бошқа кўплаб ўзбек футболида ўчмас из қолдирган инсонлар футболчи, мураббий ёки клуб раҳбари сифатида ҳимоя қилган. 

1975 йили “Янгиер” футбол жамоаси учун ҳашар йўли билан стадион барпо этилган. Бир неча йил ўтиб, стадион ҳудудида футболчилар учун 30 ўринли ётоқхона ва ошхона, ҳакамлар, футболчилар, мураббийлар хоналари, тиббиёт хоналари, тренажёр зали ва бошқа зарур қулайликлар яратиб берилган. 

Стадион 1995 йили “Янгиер” акциядорлик жамияти тасарруфига ўтказилди. Ушбу жамиятни ўзбек футболида ўз ўрни ва номига эга бўлган Баҳром Давлатов бошқарган. Акциядорлик жамиятига бугун унинг укаси Баҳодир раҳбарлик қилмоқда. Стадион айнан жамият тасарруфига ўтгач, қайта реконструкция қилинди. Тўғри, бугун томошабинлар ўриндиқлари анча таъмирталаб, шу сабаб ҳам “Янгиер” ўтган йилги мавсум ўйинларини Гулистон шаҳрида ўтказди. Лекин футбол майдони ва умуман, стадион ҳудудидаги футболчилар кичик қароргоҳи бугунги замон талабларига жавоб беради. 

Акциядорлик жамияти ташкил топгач, бироз муддатдан сўнг Янгиер шаҳрида 84 ўринли футболчилар қароргоҳи, битта табиий ва битта сунъий майдон, очиқ сузиш ҳавзаси, сауна, боғ барпо этилди. Бундай қароргоҳни бугунги Суперлигамиздаги баъзи жамоалар (айрим камчиликларни ҳисобга олмаса, албатта) ҳам орзу қилса керак... 

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, клуб Ўзбекистон чемпионати ва мамлакат кубоги баҳсларининг дастлабки йилларида яхши натижалар кўрсатди. Ҳатто 1994 йили Осиё кубок эгалари кубоги (илгари шундай аталарди) учрашувларида ҳам иштирок этган. Ўшанда “Янгиер” Тошовузнинг “Турон” (Туркманистон) жамоаси билан 1:1, 3:0, Боғдоднинг “Ал Талаба” (Ироқ) клуби билан 2:1, 0:2 ҳисобидаги натижалар қайд этиб, ҳар ҳолда AFC (Осиё футбол ассоциацияси) тарихида ўз номини қолдирган. Бундай жамоалар ҳозир ҳам юртимизда бармоқ билан санарли. 

1995 йили клубнинг Янгиер шаҳридаги базасида болалар ва ўсмирлар футбол мактаб-интернати ташкил этилди. Миллий футболимизда ном қолдирган бир қатор истеъдодлар фаолияти айнан шу мактаб билан боғлиқ, десак, муболаға бўлмайди. "Янгиер” футбол жамоасида камол топганлар талайгина. Масалан, Л.Тўраев, Д.Ҳошимов, Ж.Жиянмуродов, Ш.Файзиев, И.Алибоев, Б.Давлатов, Н.Давлатов, А.Махситалиев, Д.Ҳамдамов ва бошқа кўплаб иқтидорли футболчилар айнан “Янгиер” футбол мактаби тарбияланувчилари ҳисобланади. 

Иқтисодий қийинчиликларми, вилоят, шаҳар мутасаддиларининг эътиборсизлигими ё бошқа сабабми, ҳар қалай, кейинги йилларда Янгиерни катта футбол тарк этди. Жамоа аввал мамлакат чемпионати олий (бугунги супер) лигасидан, кейинчалик биринчи (ҳозирги профессионал) лига баҳсларидан ҳам тушиб кетди. Ҳатт 
о шундай номдаги футбол клуби борлиги деярли унутилаёзди. 

2016 йили “Янгиер” профессионал футбол клуби ўзининг 50 йиллигини нишонлади. Ана шу шонли санага қўриқ шаҳар футболсеварлари учун клуб ажойиб совға тақдим этиб, биринчи лигага ўтиш турнирида муваффақиятли иштирок этди ва йўлланмалардан бирига эга чиқди. 

Бу клуб ҳақида гап кетганда, ўзбек футболи ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган Баҳром Давлатовнинг номини тилга олмаслик адолатдан бўлмайди. Айнан у кишининг саъй-ҳаракатлари ва жонкуярлиги билан клубнинг спорт базаси сақлаб қолинди. Жамоа биринчи лигада ўйнаш ҳуқуқига эга бўлгач, база қайта таъмирланиб, Баҳром аканинг шахсий ташаббуси билан клубга яна қайта инъом этилди. 

Бунга жавобан 2017 йилги Ўзбекистон биринчилигининг биринчи лигаси баҳсларида “Янгиер” муваффақиятли иштирок этиб, 18 жамоа орасида 11-ўринни қўлга киритди ва янги мавсумда биринчи лига баҳсларида иштирок этиш ҳуқуқини сақлаб қолган эди. Бироқ… 

2018 йилга келиб жамоа бу мавсумдаги Пролиганинг “А” гуруҳида ҳам “Б” гуруҳи таркибида ҳам рўйхатдан “тушириб қолдирилди”. Бу “шўнғиш”нинг сабабини аниқлаш мақсадида “Янгиер” профессионал футбол клуби бош директори Ҳасан Эгамбердиевга мурожаат қилдик. 

– Профессионал лига баҳсларидан четлаштирилишимизга сабаб, аввало, Футбол ассоциацияси белгилайдиган бадал пулларини тўлай олмаганимизда, – дейди Ҳ.Эгамбердиев. – Иккинчидан, ўтган мавсум ҳисобидан футболчи ва мураббийларнинг ойлик маошларидан 124 миллион сўм, озиқ-овқатдан 111 миллион, ички ишлардан 55 миллион, солиқдан 32 миллион, тиббий кўрикдан 24 миллион, бошқа харажатларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда жами 612 миллион сўм қарздорлигимиз мавжудлигидадир. 

– Қарздорлик шу қадар ошиб кетгунга қадар зарур чоралар кўрилмадими? 

– Вилоят футбол раҳбарларига ўтган икки йилда ёзма равишда 6 маротаба мурожаат қилдик, – дейди у қоғозларни варақлаб. – 2016 йилнинг 22 декабрида, 2017 йилнинг 7 январида, 13 апрелида, 14 июлида, 30 ноябрида, 15 декабарида, аввалига моддий ёрдам сўраб, кейин клубни ўзини ўзи таъминлайдиган даражага кўтариш мақсадида “Янгиер” футбол клуби қошида фермер хўжалиги ташкил этиш учун 100 гектар ер, Янгиер шаҳридаги бозор атрофидан савдо дўконлари, ошхона ташкил этиш учун жой сўраб, ҳатто вилоятнинг ҳар қандай туманидан жой ажратиб беришларини сўраб мурожаат қилдик. Афсуски, вилоятимиз футболи раҳбарлари мурожаатларимизга ҳатто оғзаки ҳам жавоб бермади. Йил бошидан буён иккинчи марта вилоят ҳокими қабулига ёзилдим, зора бу сафар қабул қилиб, дардларимизни эшитса. 

– Иш шундай кетаверса, “Янгиер” жамоасининг тақдири нима бўлади? 

– 20 нафар футболчимизнинг ҳаммаси янгиерлик ёшлар. Баҳодир ака Давлатов мураббийлигида кунига бир марта машғулотларда иштирок этишмоқда. Овқатланиш футболчиларнинг ўз ҳисобидан. Имкон топиб, иккинчи лига баҳсларида иштирок этишни режалаштирганмиз. Саховатли инсонлар кўмаги билан Янгиер футболига катта ҳисса қўшган марҳум Бахтиёр Давлатов хотирасига бағишлаб турнир ташкил этдик. Мусобақада иштирок этган Тожикистон Республикаси, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларидан келган жамоалар базамиздаги яратилган шарт-шароитларга тан беришди... 

Ҳа, “Янгиер” профессионал футбол клубининг ажойиб қароргоҳида нафақат хотира турнири, балки ҳар қандай халқаро мусобақаларни ҳам ўтказиш имконияти бор. Аммо... Футболимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида талабларга жавоб берадиган қароргоҳи бўлмаган жамоалар Супер лигадан, Профессионал лигадан четлаштирилаётган бир пайтда шундай ажойиб спорт базаси бўлган жамоа мамлакат биринчилигида иштирок этишдан воз кечиб турса-а?!. 

Футболни ривожлантириш, маҳаллий ёш истеъдодлардан профессионал клуб шакллантириш, ўртамиёна жамоа даражасига етказиш, шунга яраша стадион ва қароргоҳ барпо қилиш учун қанча вақт ва маблағ кетишини Сирдарё вилояти футболи раҳбарлари билишармикан?! На Супер лигада, на Пролигада ва на аёллар футболида вилоятдан бирорта ҳам жамоа иштирок этмаётгани тўғрими?!. 

Халқимизда, нимани қилсанг хор – шунга бўласан зор, деган нақл бор. Эҳтимол, эрта-индин сирдарёлик мутасаддилар ҳам буни тушунар, аммо унда кеч бўлмасмикан? Минглаб янгиерлик, сирд 
арёлик мухлисларнинг “Янгиер” профессионал футбол клуби йўқолиб кетаётганидан чекаётган азиятлари ўрнини ким, қандай ва қачон тўлдиради? Умуман, бунинг имкони борми? 

Президентимизнинг юқорида зикр этилган қарори ижросини Сирдарё вилояти, хусусан, Янгиер шаҳрида таъминлаш ҳақида кимлардир бош қотираётганига ишонгимиз келади... 

 

 

Абдужалол Қаюмов, ЎзА 


Манба: uza.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz