Қайднома

Қидирув

Гол машинаси – Роналду ва бошқаларнинг голли статистикаси

Гол машинаси – Роналду ва бошқаларнинг голли статистикаси

  22.05.2018 00:13
  0
  777
Гол машинаси – Роналду ва бошқаларнинг голли статистикаси

Криштиану Роналдунинг «Ювентус»га қарши кечган баҳсда урган қойилмақом голи бутун дунёдаги миллионлаб ишқибозларни лол қолдирди. Кимлардир «Реал» ҳужумчисига мавсумнинг энг чиройли голи муаллифлигини топшириш фикрини илгари сурган бўлсалар, айримлар буни омадга йўйишди.

Шунингдек, киритилган тўп футбол тарихидаги энг яхшиси эканини таъкидлаганлар ҳам топилди.

«Футбол» ҳафталик журнали чиройли голлар эгаларига топшириладиган барча асосий совринларни ўрганиб чиқиб, Роналдунинг голи қайси бирига мос тушишини аниқлашга уринди.

ФИФАнинг Ференц Пушкаш номидаги соврини

Мавсум якунларига кўра, энг чиройли гол соҳибига бериладиган энг машҳур расмий мукофот. Ушбу соврин 2009 йилнинг 20 октябрида ФИФА томонидан таъсис этилган. Мукофотнинг илк топшириш маросими эса ўша йилнинг декабрида ўтказилган бўлиб, Криштиану Роналду лауреатга айланганди.

Португалиялик футболчи ЕЧЛнинг 2008|2009 йиллар мавсуми 1|8 финали жавоб учрашувида «Порту» дарвозасини чамаси 35 метрлардан аниқ нишонга олганди.

Таъкидлаш жоизки, овозга қўйишдан аввал голлар бир нечта критериялар бўйича танлаб олинади. Ўйиннинг муҳимлик даражаси инобатга олинишидан ташқари, гол омад ёки рақиб жамоа хатоси натижасида урилмаслиги ҳам муҳим саналади. Шунингдек, тўп киритилган вазиятда «фейр-плей» қоидаси амал қилиниши шарт.

Дастлаб ФИФА йил якунларига кўра, ўнта голни ажратади, сўнгра асосий учлик ажратиб олинади. Ҳар икки ҳолатда ҳам, ташкилот расмий сайтида ташкил этиладиган овоз бериш жараёнида барча хоҳловчилар қатнашишлари мумкин. Соврин эгалари орасида Неймар ва Златан Ибрагимович бор, ўтган йили эса мукофот Оливье Жируга насиб қилганди.

ЕЧЛ мавсумидаги энг чиройли гол

Мавсум охирига кўра, ҳар йили топшириладиган, бу сафар катта эҳтимол билан Криштиану Роналдуга насиб этадиган соврин. Португалиялик тўпурар сўнгги марта 2014|2015 йиллар мавсумида лауреатга айланган, ўшанда гуруҳ босқичида «Ливерпуль» дарвозасини чиройли тарзда ишғол қилганди.

Португалиялик юлдуз Карим Бензема билан «девор» услубида ўйнаб, сўнг Хамес Родригесга пас берган, кейин эса колумбиялик жамоадошининг «парашют» узатмасини тўхтатмай тўрга йўллаганди.

Бундан ташқари, УЕФА ҳар йили ташкилот шафеълигида ўтказиладиган турнирларда энг чиройли гол муаллифига айланган футболчиларни ҳам тақдирлайди. Ўтган мавсум ҳар икки сов-рин «Реал» - «Ювентус» баҳсида акробатик тарзда тўп киритган Марио Манжукичга насиб қилганди.

АПЛ тарихидаги энг яхши гол

Англия премьер-лигаси жаҳоннинг энг томошабоп лигаси номига эга. Футболда эса «томошабоплик» эффектли голлар синоними ҳисобланади. АПЛ раҳбарияти ҳам шуни инобатга олиб, лига ташкил этилишининг 25 йиллиги муносабати билан турнир тарихидаги энг чиройли голни аниқлаш мақсадида очиқ сўровнома ўтказди.

Ишқибозлар ғалабани голландиялик Деннис Бергкамп ва унинг 2002 йили «Ньюкасл» дарвозасига урган голига беришди. Ўшанда маҳоратли форвард бир ҳаракат билан тўпни «зағизғонлар» ҳимоячиси ёнидан ўтказиб, ўзи нариги томондан айланиб ўтиб, Шей Гивен қўриқлаётган дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олганди.

31 фоиз фанатлар ушбу голга овоз беришди. Иккинчи ўрин 1995 йили кучли зарбаси эвазига «Уимблдон» дарвозасини ишғол қилган «Лидс» футболчиси Тони Йебоага насиб қилди.

Кучли учликни 2011 йилги Манчестер дербисида қойилмақом тарзда гол урган Уэйн Руни якунлади. Шунингдек, Англияда ҳар йили мавсумнинг энг чиройли голи учун соврин топширилади. У 1970|1971 йиллар мавсуми таъсис этилган.

1. Деннис Бергкамп (2001|2002. «Ньюкасл» - «Арсенал» - 0:2)

2. Тони Йебоа (1995|1996. «Уимблдон» - «Лидс» - 2:4)

3. Уэйн Руни (2010|2011. «Манчестер Юнайтед» - «Манчестер Сити» - 2:1)

УЕФА тарихидаги энг яхши гол

2014 йили УЕФА кенг қамровли сўров ўтказиб, ташкилот тарихидаги энг яхши гол муаллифини аниқлади. Ушбу тадбир УЕФАнинг 60 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.

Ўзига хос мусобақада Европанинг бош футбол ташкилоти раҳнамолигида ўтказиладиган турнирларда урилган 60та гол танлаб олинди. Узоқ муддат етакчиликни «Фиорентина» ярим ҳимоячиси Мауро Брессан эгаллаб турганди.

У Чемпионлар Лигасининг 1999|2000 йиллар мавсумида «Барселона» дарвозасини чалқанча услубда ишғол этганди. Аммо якунда ғолиблик Евро-1988 финалидаги гол муаллиф Марко ван Бастенга насиб қилди. Голландиялик форвард ўткир бурчакда турганига қарамай, Ринат Дасаев қўриқлаётган дарвозани қойилмақом тарзда «ўқ»қа тутганди.

Ўша гол Собиқ иттифоқ термасига қарши баҳсда голландларга ташаббус билан бирга Европа чемпионлигини ҳам тақдим этганди. Учинчи поғонани ЕЧЛ 2001|2002 йиллар мавсуми финалида «Байер» билан ўйинда тўп киритган Зайниддин Зидан эгаллади.

1. Марко ван Бастен (Евро-1988. Финал. Голландия - Собиқ иттифоқ - 2:0)

2. Мауро Брессан (ЕЧЛ-1999|2000. Гуруҳ босқичи. «Фиорентина» - «Барселона» - 3:3)

3. Зайниддин Зидан (ЕЧЛ-2001|2002. Финал. «Реал» - «Байер» - 2:1)

Футбол тарихидаги энг яхши гол

2007 йили Британиянинг футболга ихтисослашган машҳур World Soccer журнали осон бўлмаган «миссия»га қўл урди. Нашр муайян турнир эмас, балки бутун бошли футбол тарихидаги энг яхши голни аниқлашга киришди. ЖЧ-1986 чорак финалида Англия термаси дарвозасини ишғол қилган Диего Марадона яққол фаворитга айланди.

Мазкур ҳолатда гап «илоҳий қўл» эмас, балки аргентиналик афсонанинг ўша ўйинда урган иккинчи голи ҳақида бормоқда. Майдон маркази яқинида тўпни қабул қилган Марадона эпчиллик билан икки рақибини ортда қолдириб, юқори тезликда олдинга интилган, йўл-йўлакай икки ҳимоячи, сўнгра дарвозабон Питер Шилтонни ҳам алдаб ўтиб, бўш дарвозани ишғол қилганди.

Иккинчи ўрин Марко ван Бастеннинг юқорида тилга олинган голига аталди. Мазкур рейтингда ҳам учинчи поғонадан ЕЧЛнинг 2001|2002 йиллар мавсуми финалида «Байер»ни ранжитган Зайниддин Зидан жой олди.

1. Диего Марадона (ЖЧ-1986. 1|4 финал. Аргентина - Англия - 2:1)

2. Марко ван Бастен (Евро-1988. Финал. Голландия - Собиқ иттифоқ - 2:0)

3. Зайниддин Зидан (ЕЧЛ-2001|2002. Финал. «Реал» - «Байер» - 2:1)

Аср голи

XXI аср бошида Диего Марадонанинг ажойиб голи яна бир совринга, бошқача айтганда, тарихдаги энг фахрли номга лойиқ кўрилди.

Янги юз йилликнинг дастлабки жаҳон чемпионати ўтказилаётган пайт (Япония ва Жанубий Корея-2002) ФИФА расмий сайтида турнир тарихидаги энг чиройли голни аниқлаш мақсадида сўров ташкилланди. Олти ҳафта мобайнида давом этган овоз бериш жараёнида барча хоҳловчилар қатнашишди.

Диего Марадонанинг голи 18 062та овоз тўплаб, ЖЧ-1998да аргентиналиклар дарвозасини ишғол қилган Майкл Оуэннинг голини (10 631та овоз) ортда қолдирди. Кучли учликда шунингдек, ЖЧ-1958да Швеция термасига қарши баҳсда тўп киритган Пеле (9880та овоз) ҳам бор.

«Одатда, бундай голларни кўчадаги майдончаларда тўп ортидан қувадиган болакайлар уришади, аммо Марадони бу ишни жаҳон чемпионати чорак финалида бажаришга жазм этди», - деганди марҳум сэр Бобби Робсон.

ФИФА берган маълумотларга кўра, овоз бериш жараёнида 150дан ортиқ мамлакатдан ишқибозлар қатнашиб, 340 мингдан ортиқ овоз тўпланган. Ушбу жараённинг яна бир диққатга молик жиҳати шунда эдики, ўшанда ғолибни экспертлар эмас, балки ишқибозлар аниқлаган дастлабки глобал сўров ўтказилганди.

1. Диего Марадона (ЖЧ-1986. 1|4 финал. Аргентина - Англия - 2:1)

2. Майкл Оуэн (ЖЧ-1998. 1|8 финал. Аргентина - Англия - 2:2, пенальтилар бўйича - 4:3)

3. Пеле (ЖЧ-1958. Финал. Бразилия - Швеция - 5:2)

Мундиаллар тарихидаги энг яхши гол

Жорий йилнинг март ойи охирларида, орадан 16 йил ўтиб, ФИФА янги сўров ўтказиб, у орқали жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши голни аниқлашга қарор қилиб, уни «плей-офф» тизимида ўтказиш фикри илгари сурилди.

Ишқибозлар федерациянинг «Фейсбук»даги расмий аккаунти орқали овоз беришлари лозим эди. Ғолиблик йўлида 32та гол муаллифлари кураш олиб боришди, номзодлар орасида 2002 йилги сўровда тенгсиз топилган Диего Марадонанинг голи ҳам бор эди.

Аммо бу сафар аргентиналик ҳужумчи киритган тўп дастлабки босқичдаёқ имкониятни бой берди: Теофильо Кубильяснинг ЖЧ-1978да шотландияликлар дарвозасига урган голи чиройлироқ деб топилди.

Якунда ғолиблик 1986 йилги мундиалнинг 1|8 финал босқичида Болгария термаси дарвозасини ишғол қилган мексикалик Мануэль Негретега насиб этди. У рақиб жарима майдончаси яқинида шериги билан комбинация ташкил қилиб, сўнгра «қайчи» услубида ажойиб зарба йўллаганди.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz