Қайднома

Қидирув

Азамат Алланиёзов: «Спортчи оиласида туғилганман»

Азамат Алланиёзов: «Спортчи оиласида туғилганман»

  23.05.2018 06:41
  0
  622
Азамат Алланиёзов: «Спортчи оиласида туғилганман»

Pepsi Суперлига 12-тури доирасидаги «Навбаҳор» - «Металлург» учрашувида мезбонлар ҳужумчиси Азамат Алланиёзов иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушганлигига қарамай, «хет-трик»ка эришди ва жамоасининг йирик - 3:0 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

Таъкидлаш жоиз, бу - Алланиёзовнинг фаолиятидаги илк «хет-трик». InterFutbol газетаси талқинига кўра, Азамат 12-тур қаҳрамони сифатида эътироф этилди. Шу муносабат билан ундан эксклюзив интервью олдик.

-              Азамат, аввало, «Металлург» устидан қозонилган йирик ҳисобли ғалаба ва фаолиятингиздаги илк «хет-трик» билан табриклаймиз. Бекободликларга қарши кечган баҳс ҳамда урган голларингиз борасида нима дея оласиз?

-              Табрик учун раҳмат. Гарчи йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлсак-да, ўйин жамоамиз учун осон кечмади. Уч кун ичида 2та учрашувда майдонга тушганлигимиз сабаблими, биринчи бўлимда жамоадошларимда чарчоқ аломатлари сезилди.

Меҳмонлар эса биздан бир кун кўпроқ дам олишганди. Шунинг учун бўлса керак, улар биринчи 45 дақиқаликда фаолроқ ҳаракатланишди. Айниқса, Зоҳид Абдуллаевнинг дарвозабонимиз Ботирали Эргашев билан яккама-якка вазиятга чиққант таҳлика уйғотди.

Хайриятки, киперимиз зарбани бартараф этди. Мабодо бекободликлар ўша вазиятда гол уришганида, қолган дақиқаларда анча қийналардик. Бахтимизга, ҳаммаси биз учун хайрли якунланди. Умуман, учрашувда гол уришимни олдиндан сезгандим.

Хусусан, захирадан ҳам майдонга ўзгача иштиёқда тушдим. Худога шукр, сезгим панд бермай, «хет-трик» қайд этдим. Асосийси, жамоамизнинг йирик ҳисобли ғалабасига муносиб ҳисса қўшганимдан хурсандман. Энди шу руҳда давом этишим керак.

-              Бироқ ҳар доим ҳам бошланғич таркибдан жой олмаяпсиз. Бу нима билан боғлиқ?

-              Сабаблар кўп. Жумладан, «Навбаҳор» ҳужум чизиғида рақобат кучли. Мендан ташқари, сербиялик Ненад Иньяц, Сардор Сулаймонов ва Рўзимбой Аҳмедов сингари ҳужумчилар бор. Иньяц жароҳатлангани боис, айрим баҳсларда майдонга тушолмади.

Аҳмедов эса энди жароҳатдан қутулиб, секин-аста спорт формасини тиклаяпти. У жуда тажрибали ва ҳали ўз голлари билан жамоа зафарларига муносиб улуш қўшади, менимча. Умуман, рақобатга ижобий қарайман. Ахир бу - ўсиш гарови.

Қолаверса, мураббийлар штаби рақибга қараб, тактика танлайди. Шунга мувофиқ, айрим ўйинларда бошланғич таркибдан жой оляпман, баъзи ҳолатларда эса захирада қоляпман. Захирадан ўйинга қўшилсам-да, ортиқча ранжимайман. Асосийси, жамоага фойдам тегса, бас.

-              Сербиялик жамоадошингиз Ненад Иньяц ҳақида қандай фикрдасиз?

-              Иньяц Европа клубларида тўп сурган тажрибали ҳужумчи. Фақат жамоамизга мослашиш жараёни бироз қийин кечди. Унинг ҳали ёрқин ўйинлар намойиш этиб, ғалабаларимизга муносиб ҳисса қўшишига ишонаман.

-              Суперлига баҳслари шахсан сизда қандай таассурот қолдиряпти?

-              Жорий мавсум ўйинлари қизиқарли ва кескин курашлар остида кечмоқда. Жамоалар савияси деярли тенг, натижаларни  олдиндан башорат қилиш қийин. Чемпионатимиз Англия Премьер-лигасига ўхшаб кетмоқда қайсидир жиҳатлари билан. Қисқаси, Суперлига ўз номини оқлаяпти.

-              Мана, 12та тур ортда қолди, ҳисоб. Сизнингча, ўйинлардан қай бири «Навбаҳор» учун ўта қийин кечди?

-              Менимча, 9-тур доирасида «Нефтчи» билан бўлган учрашув катта мушкулот туғдирди. Фарғоналиклар гарчи турнир жадвали сўнгги поғонасида бораётган бўлсалар-да, бизга кескин қаршилик кўрсатишди. Якунда 1:1 ҳисобидаги дуранг эвазига ортга муҳим бир очко билан қайтишди.

Менимча, ўша ўйин «Водий дербиси» мақомига эгалиги учун ҳам, кескин тус олди. Бунгача «Насаф» таркибида «Воҳа дербиси»да иштирок этгандим. Лекин «Машъал» ва «Шўртан» клублари муносиб қаршилик кўрсатишга интилишса-да, «Насаф» кучлилиги боис, кўпинча ғалаба қозонарди.

«Водий дербиси» эса кескинлик бобида ажралиб турар экан. Бунга Ўзбекистон кубоги 1|8 финали доирасида «Андижон»га қарши кечган сафар баҳсида ҳам гувоҳ бўлдим. Про-лигада иштирок этадиган жамоа ўша куни ўзгача иштиёқда майдонга тушиб, ғалаба қозонди ва клубимизни кубок баҳсларидан чиқариб юборди. Бу ҳам «водий дербиси»нинг қандай аҳамият касб этишидан далолат.

-              Футболни танлашингизга ким сабабчи бўлган?

-              Отам. Мен спортчи оиласида туғилганман. Яъни отам вақтида бокс билан шуғулланган. Муҳими, у киши футболга қизиқишимни қўллаб-қувватладилар. Эсимда, 8 ёшга тўлганимда, қўлимдан етаклаб, футбол тўгарагига олиб боргандилар. Шу тариқа миллионлар ўйинига боғланиб қолдим.

-              Болалигингизда қайси футболчига ҳавас қилардингиз?

-              Украиналик ҳужумчи Андрей Шевченкога. У ўша пайт Италиянинг «Милан» клуби сафида тўп сурар ва мен ҳам айнан «россонерлар»га мухлислик қилардим. Хусусан, миланликлар иштирокидаги учрашувларни қолдирмасликка интилардим. Ўзбекистонлик футболчилардан эса ҳамшаҳрим Неъматулла Қутибоевга алоҳида ҳавас билан қараганман.

Унинг ўйинларидан шунчаки, завқланардим. Худога шукр, кейинчалик Неъматулла ака қўл  остида ўйнаш насиб этди. Катта футболга кириб келишимда айнан Қутибоев катта роль ўйнади. Аниқроғи, унинг таклифига биноан, «Жайхун» (ҳозирги «Орол») жамоаси сафига қўшилгандим.

-              Ҳа, сиз туғилиб-ўсган Қорақалпоғистон Республикаси ўзбек футболига кўплаб иқтидорли футболчиларни етказиб берган: Бердах Оллониёзов, Неъматулла Қутибоев, Рустам Қурбонбоев, Саламат Қутибоев, Ойбек Нурбоев, Азамат Бобожонов, Наврўз Алимов, Дамир Низанов...

Аммо Нукуснинг «Орол» клуби Про-лиганинг ўртамиёна жамоаси ҳисобланади ва  тўғрисини айтиш керак, Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб боришга қодир эмас. Сизнингча, умумий ҳолатни ўзгартириш учун нима қилиш керак?

-              Таъкидлаганингиздек, Қорақалпоғистон Республикасида маҳоратли ва иқтидорли футболчилар жуда кўп. Бироқ  мутасадди раҳбарлар томонидан футболга эътибор паст.

Шунинг учун қорақалпоғистонлик кўплаб иқтидорли йигитлар бошқа жамоалардан қўним топишмоқда. Тегишли мутасаддилар футболга жиддийроқ ёндашишса, «Орол» қачондир Суперлига йўлланмасига даъвогарлик қилишига ишонаман.

-              Сизнинг оммага танилишингизда «Насаф»нинг ҳиссаси катта. Қарши жамоасидаги фаолиятингиздан ёрқин хотиралар қолган бўлса керак...

-              Бўлмасам-чи! Таъкидлаганимдек, катта футболдаги фаолиятимни эски биринчи лига вакили «Жайхун»да Неъматулла Қутибоев қўл остида бошлаганман. Кейин Владимир Бондаренко «Насаф»га таклиф қилди. Ўша пайт Қаршида украиналик машҳур мутахассис Анатолий Демьяненко фаолият олиб бораётганди.

Кейинчалик у ўз юртига кетди ва «аждарлар» бошқарувини Рўзиқул Бердиев қўлга олди.  Рўзиқул ака мени 2011 йилнинг иккинчи даврасидан асосий таркибда майдонга тушира бошлади. Яъни олий лигадаги фаолиятим 7 йил олдин бошланди.

«Аждарлар» сафида 1 марта кумуш, 4 марта бронза медалини қўлга киритдим, Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлдим. Қисқаси, «Насаф»ни зўр энтикиш билан эслайман. Барчаси учун Рўзиқул Бердиевдан миннатдорман ва ушбу мутахассис ишларига омад тилайман.

-              Ҳозирги устозингиз Илҳом Мўминжоновга қандай таъриф берасиз?

-              Илҳом Иброҳимович ёш бўлса-да, маҳоратли мутахассис. Мана, «Навбаҳор» билан ижобий натижалар қайд этмоқда. Шунингдек, ижобий фазилатларга эга инсон. Мўминжонов собиқ футболчи, шунинг учун йигитлар билан муаммосиз тил топишади.

Керакли пайт қаттиққўл ва талабчан, айрим пайтларда эса ҳазилкаш дўст. Машғулотларни ҳам қизиқарли ва ранг-баранг тарзда олиб боради. Айниқса, собиқ ҳужумчи сифатида биз - форвардлар билан алоҳида машғулот олиб боради. Бир сўз билан айтганда, Илҳом ака ажойиб инсон ва яхши мутахассис. Айнан шундай мураббий қўл остида тўп сураётганим - бахтимнинг кулгани.

-              Қайси клубдошингиз билан яхшироқ чиқишасиз?

-              Жамоамиз аҳил-иноқ. Барча йигитлар билан муносабатим жойида. Ягона мақсад йўлида бирлашиб, олдимизга қўйилган вазифани бажаришга ҳаракат қиляпмиз.

-              «Навбаҳор»нинг ҳозирги таркиби клуб раҳбарияти томонидан жамоа олдига қўйилган вазифани бажариш, яъни совриндорлар сафидан жой олишга қодирми?

-              Албатта. Айтганимдек, бу йил барча жамоалар савияси бир хил. Шундай экан, совриндорлар сафидан жой олиш учун курашамиз. Таркибимиздаги йигитлар кўп нарсага қодирлар. Мисол учун, «Лестер»нинг чемпион бўлишини ким ҳам ўйлаганди?

Демоқчиманки, биз ҳам «Навбаҳор»нинг 40 йиллик юбилейига муносиб совға ҳозирлашга интиламиз, албатта. Клуб раҳбарияти томонидан барча шароитлар яратиб берилмоқда. Биздан фақат майдонга тушиб, яхши тўп суриш қоляпти, холос. Худо хоҳласа, раҳбарият томонидан олдимизга қўйилган вазифани бажарамиз.

-              Жорий мавсум Суперлигада ёрқин ўйин намойиш этаётган 3 нафар амплуадошингиз...

-              Булар - Марат Бикмаев («Локомотив»), Элгужа Григалашвили («Қизилқум») ва Зоҳид Абдуллаев («Металлург»).

-              14 июнь куни Россияда навбатдаги жаҳон чемпионати старт олади. Бўлажак мундиалда қайси терма жамоага мухлислик қиласиз ва сизнингча, жаҳон чемпиони унвони кимга насиб этади?

-              Испания ва Португалия терма жамоаларига бефарқ эмасман. Менимча, португалияликлар жаҳон чемпиони мақомига сазовор бўлишади.

-              «Навбаҳор» мухлисларига айтадиган гапларингиз...

-              Наманганлик мухлисларга гап йўқ. Томошабинларга тўла стадионда тўп суришнинг гашти ўзгача. Бундай пайт иштиёқ ўз-ўзидан барқ уради. Натижада ҳар қандай жамоани мағлубиятга учратиш мумкин. Худо хоҳласа, охирига қадар мухлислар ишончини оқлаймиз. Улар бизни доимо чинамагига қўллаб-қувватлаб туришса, бас.

Блиц-анкета

-              Сиз ёқтирадиган ранг?

-              Кўк.

-              Автомобиль?

-              «Каптива».

-              Таом?

-              Палов ва манти.

БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ

Азамат Алланиёзов - 1989 йил 15 октябрда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида туғилган, 8 ёшидан футбол билан шуғуллана бошлаган

Биринчи мураббийи: Юлдаш Қўшжонов

Амплуа бўйича: ҳужумчи

Нукус футбол мактаб-интернати ва Нукус Давлат педагогика институтини тамомлаган

Ўйнаган жамоалари: «Жайхун» (Нукус) - 2007-2009 йиллар; «Насаф» (Қарши) - 2010-2016 йиллар; «Қизилқум» (Навоий) - 2017 йил биринчи давра; «Бухоро» (Бухоро) - 2017 йил иккинчи давра. 2018 йилдан «Навбаҳор»да

Оилали, 3 нафар қизнинг отаси

Ёқтирган жамоаси: «Реал» (Мадрид)

Ёқтирган футболчиси: Криштиану Роналду

Улуғбек Умаров суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz