Қайднома

Қидирув

Германия чемпионати-2017|2018нинг асосий фактлари

Германия чемпионати-2017|2018нинг асосий фактлари

  23.05.2018 00:17
  0
  554
Германия чемпионати-2017|2018нинг асосий фактлари

Немис футболининг навбатдаги мавсуми ҳам катта «сенсация»сиз поёнига етди. Чин «гегемон» - «Бавария» гарчи силлиқ старт олмаган бўлсада, якунда барчасини ўз измига «бўйсиндириб», яна «Кумуш лаган» соҳибига айланди.

Лекин бу ҳолатга қараб, Бундеслигага «зерикарли биринчилик» таърифини ишлатиш ярамайди асло. Чунончи, мавсум ҳосиласида яна бир қатор аҳамиятли фактлар юзага келдики, улар кўпчиликни қизиқтириши тайин.

Демак, bombardir.ru сайти маълумотлари асосида бундесманзаранинг якуний кўринишига бирров назар соламиз.

  «Гамбург» тарихда илк марта Бундеслига рўйхатидан четда қоладиган бўлди. Гамбурглик фанатлар охирги тур ўйинидан сўнг бор аламларини тўкиб сочишди - стадионни «бузишди», футболчиларга ўз бисотларидаги энг даҳшатли «раҳматнома»ларни раво кўришди.

Тарихи бой жамоанинг таназзулига нима сабаб бўлди, нега шундай ҳолат рўй берди? «Гамбург» тақдирига шу кунларни кўриш ёзилган экан, бошидан ҳаммаси чаппасига кетди.

Мана, энг ғалати фактлардан бири: жамоа етакчиси Николай Мюллер мавсум бўйи атиги 2 марта майдонга тушди. Сабаб - футболчи голни нишонлашда эҳтиётсизлик қилиб, ноқулай йиқилди ва нақ 7 ойга сафдан чиқди.

  «Хоффенхайм» ўз тарихида илк бора Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди. Ёш мураббий Юлиан Нагельсманн шакллантирган иштиёқли жамоа барчани ажаблантиришда давом этяпти. Аввалига мураббийнинг ўзи кўзга ташланди, кейин унинг шогирдлари ҳам бирин-кетин эътибор марказига туша бошлашди.

Марко Ут - «Хоффенхайм»нинг энг яхши тўпурари. Бироқ жорий мавсум 14та гол муаллифига айланган ҳужумчи ёзда «Шальке» сафига қўшилади. Бу масала қишда ҳал қилинганди.

  Роберт Левандовски яна Бундеслиганинг бош тўпурари бўлди. Польшалик ҳужумчи бу сафар ўз номига 29та гол ёзиб қўйиб, пойга бўйича таъқибчиларини чанг-тўзон ичида қолдирди. Ҳар ҳолда, лиганинг иккинчи рақамли тўпурари - Нильс Петерсен 15та гол билан чекланди.

Тўғри, бундай катта фарқ юзага келмасди, агарда Леваголнинг охирги йиллардаги асосий рақобатчиси - Пьер-Эмерик Обамеянг қишда Англияга йўл олмаганида. Факт шуки, Левандовски шу билан Бундеслига тарихига кирди. У Германия элит дивизионида бош тўпурарга аталган совринни 3 марта ютган биринчи легионерга айланди.

«Бавария» эса охирги турда ўз майдонида «Штутгарт»га 1:4 ҳисобида ютқазди. Эътиборли жиҳати, мюнхенликлар сўнгги 10 йил бадалига Бундеслига доирасидаги уй ўйинларида бирор марта 4та гол қўйиб юбормаган эдилар. Шундан натижа чемпионга ярашадими?

  «Кёльн» охирги 20 йил ичида Бундеслига билан 6-марта хайрлашди. Бир қарашда, ажабланадиган томони йўқ, аммо жамоа бинойидек таркибга эга эди. Мисол учун, «эчкилар» сафида Германия термаси ҳимоячиси Йонас Хектор бор. Қолаверса, дарвозабон Тимо Хорн ҳам анча малакали.

У худди Хектор каби жамоадан кетмаслигини эълон қилди. «Кёльн»нинг қорли ўйинини алоҳида эсга олиш жоиз. Зеро, аутсайдер жамоа «Фрайбург»га қарши баҳсда аввалига 3та гол фарқи билан олдинга чиқиб олган, лекин якунда мағлубиятни тан олганди.

  «Байер» Чеимпионлар Лигаси йўлланмасисиз қолди, гарчи «Хоффенхайм» ва «Боруссия» Д. билан тенг миқдорда очко тўплаган бўлсада. Биргина ўйин туфайли Леверкузен клубини чемпионатнинг энг «сархуш» иштирокчиси сифатида таърифлаш мумкин.

Жамоа «Ганновер»­га қарши баҳсда тўлиқ устунликка эришиб, якунда 4:4 ҳисобига кўнди. Ваҳоланки, «доришунослар» икки ҳисса кўп гол уришлари мумкин эди. Дарвоқе, Леон Бэйли айнан шу учрашувдаги ҳаракатлари билан Европанинг барча топ-клубларида қизиқиш уйғотди. «Байер» бош мураббийи - Хайко Херрлих эса шунчаки, калака остида қолди.

У жамоаси чемпионат ўйинида «Бавария» олдида мутлақо ожиз қолганини баралла тан олди, кубок доирасидаги учрашувда эса симуляция ишлатгани учун 12 минг евро миқдорида жарима тўлади. Қанақа симуляция? Ўйин пайти рақиб футболчиси майдон четида турган мураббийни енгилгина туртгач, у кучли зарба қабул қилгандек ерга «қулади».

  «Айнтрахт»нинг фахрий футболчилари мавсум давомида яхши спорт формасида эканликларини кўз-кўз қилишди. Бош мураббий Нико Ковач сўнгги қадамгача жамоани еврокубоклар зонаси томон етаклади.

Гарчи клуб бу курашда мақсадига эришмаган бўлсада, мураббий «Бавария» таклифига муносиб кўрилди. Айтганча, «Айнтрахт» раҳбарияти мюнхенликларга ошкора эътироз билдирди. Гап шундаки, улар Ковач билан шартнома тузишганини мавсум охиригача сир тутишлари керак эди...

  Бутун мавсум чемпион «Бавария» дарвозасини Свен Ульрайх қўриқлади. Яъни Мануэль Нойер оғир жароҳатдан сўнг ҳамон тўлиқ тикланмади ва ҳаттоки, жаҳон чемпионатини ҳам ўтказиб юбориши мумкин. Хуллас, Ульрайх бош ролга кўтарилиб, 29та ўйинда 26та гол қўйиб юборди.

Бунга жавобан «Бавария» ўртадаги шартнома муддатини 2021 йилгача узайтирди, Йоахим Лёв эса Свенни Германия термасига номзод киперлар қаторига қўшди. Диққатни тортадиган томони, Ульрайх бир йилча олдин ҳам чуқур захирада эди ва «Бавария» ўйинларини асосан томошабин сифатида кузатарди.

  Дортмунд «Боруссия»си - мавсумнинг энг ғалати жамоаси. Дортмундликлар чемпионат давомида Петер Бошни истеъфога чиқаришди, бош голеадор Пьер-Эмерик Обамеянгни бошқа клубга қўйиб юборишди. Футболчилар эса ўта беқарор ўйнашди.

Мана, янги мураббий Петер Штегер ҳам жамоадан кетишини эълон қилиб улгурди. Умуман, «Боруссия» қандайдир мўъжиза туфайли Чемпионлар Лигаси чиптасига эга бўлди.

Қаранг, жамоа охирги 3та турда атиги 1 очко ишлади. Лекин қувонтирган ҳолат ҳам йўқ эмас - Марко Ройс сафга қайтди ва энди ЖЧ-2018да иштирок этиш имкониятига эга.

МУҲАММАДСОДИҚ ТАЙЁРЛАДИ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz