Қайднома

Қидирув

Мирзаҳаким Тўхтамирзаев: «Термамизга хорижлик нейтрал мураббий керак»

Мирзаҳаким Тўхтамирзаев: «Термамизга хорижлик нейтрал мураббий керак»

  24.05.2018 06:39
  0
  890
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев: «Термамизга хорижлик нейтрал мураббий керак»

Таниқли спорт шарҳловчиси, айни пайт Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи лавозимида ишлаётган Мирзаҳаким Тўхтамирзаев Facebook ижтимоий тармоғидаги «Тошкент - нон шаҳри» оммавий гуруҳида мухлислар саволларига жавоб қайтарди.

Бу ҳақда Sports.uz сайти хабар бермоқда. Қуйида Мирзаҳаким Тўхтамирзаевнинг қизиқарли фикрлари билан танишишингиз мумкин.

- Асли мутахассислигингиз ҳақида маълумот берсангиз.

- Республика рус тили ва адабиёти педагогика институтини тамомлаганман. Тил таълими методикаси бўйича диссертацияни ҳимоя қилиб, педагогика фанлари номзоди илмий даражасини олганман, доцентман.

- Футболга кириб келишингиз қачон ва қандай содир бўлди?

- Спортнинг бу турига болаликдан қизиққанман. Телевидениеда 1992 йилдан буён футбол учрашувларини шарҳлайман.

- Ёшлигингизда куни келиб, экран ортида футбол ўйинларини шарҳлайман, деб ҳеч ўйлаганмисиз?

- Рости, болалигимда фантазияда бўлган. «Бир кун келиб, телевидениедаги ўзбек ва рус шарҳловчилари ўрнига битта ўзим шарҳласам, қанийди», деган ўй йўқ эмасди. Лекин ёшлигимда бу ҳақда ўйламаганман.

- Нега футбол ўйинларини шарҳламай қўйдингиз? Қачондир яна телевидениега қайтасизми ёки бу касбни бутунлай тарк этдингизми?

- Ҳозир Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати бошлиғиман.

Телевидениеда фақат кўрсатув ва ток-шоуларга меҳмон, мутахассис сифатида боряпман. Футбол шарҳлашга келсак, насиб этса, албатта, бу ишни ҳам давом эттираман.

- Ўйинларни тез шарҳлашингизнинг сабаби нимада? Футболчиларимизни тезроқ ҳаракат қилишга ундайсизми?

- Футбол шарҳловчилигига таклиф этишганида, ўқув кўрсатувидаги каби бамайлихотир гапирмаслик зарурлигини таъкидлашганди. Шарҳда имкон қадар тез гапириш эса, ўз даврининг етакчи спорт шарҳловчиси бўлган Николай Озеровдан ҳавас билан олган хислатларимдан бири.

- Ҳаётдаги шиорингиз?

- Ёшликда танлаган шиорим: «Сиз ва бизни омад тарк этмасин!»

- Инсонлардаги қайси хислатларни қадрлайсиз?

- Самимият ва оқибатни кўпроқ ҳурмат қиламан.

- Ҳозирги касбингизни танлашга нима туртки бўлган?

- Мактабимиздаги ўқитувчилар, уларга минг бор қуллуқ!

- Сизнингча, юртимиздаги энг яхши шарҳловчи ким?

- Ҳар бирининг ўзига яраша ижобий хислатлари бор.

- Агар имкон берилса, яъни ортга назар солсангиз, қайси камчилигингизни тузатган бўлардингиз?

- Агар ортга қайтишнинг имкони бўлса, инглиз тилини яхшироқ ўрганардим.

- Ўзбекистон футболи учун шу пайтга қадар нималар қилинди? Нима деб ўйлайсиз, ЖЧга қандай қилиб чиқамиз?

- Мустақиллик йилларида футболимизнинг моддий-техник базаси замон талаблари даражасига олиб келинди, кўплаб ареналар барпо этилди.

Терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқиши учун хорижлик нейтрал ва моҳир мураббий керак. Шу билан бирга, унинг хотиржам ишлаши учун имкон бериш зарур.

Энг севимли футболчингиз?

- Йохан Кройфф.

- Аёллар футболига муносабатингиз?

- Аёллар футбол ўйнаса, майли. Лекин бокс ёки бошқа яккакураш турлари билан шуғулланишини хушламайман.

- Энг яқин инсонингиз?

- Болалагимда - бувижоним, кейин - раҳматли отам, ҳозир - онажоним.

- Футболимизга нима етишмайди? ЖЧга чиқишимизга коррупция тўсқинлик қиладими?

- Агар футболчиларимизга муайян нимадир етишмаслигини билсак, аллақачон жаҳон чемпионатига чиқардик. Назаримда, ўйинчилар маҳорати ва тайёргарлииги ҳозирча замонавий талабларга жавоб бермайди. Мураббийларимизга мустақиллик етишмайди.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz