Қайднома

Қидирув

Миллий жамоа ташвиши (тўртинчи мақола)

Миллий жамоа ташвиши (тўртинчи мақола)

  25.05.2018 06:41
  0
  938
Миллий жамоа ташвиши (тўртинчи мақола)

Эрон - Ўзбекистон - 1:0. Яна ўша Кейруш, яна ўша мағлубият, яна ўша... Лекин бу сафар биз мағлубиятни умуман бошқача кутиб олдик.

Қайсидир маънода буни ғалабага тенг мағлубият деса ҳам бўладики, Темур Кападзе шогирдлари (шогирдларига айланган футболчилар!) сифатида майдонга тушган ёшларимиз ўзларидан анчагина тажрибали бўлган Эрон миллий термаси билан меҳмонда мардонавор ўйин кўрсатишди.

Албатта, бу ерда «ғалабага тенг» жумласини баъзилар нотўғри тушунишмасин. Бевосита ўйин учун айтилган фикр эмас, бу. Қайси маънодаки, биз ўз келажагимиз учун ғалаба қозондик.

Бугунги мағлубият келажакдаги ғалабалар учун тамал тоши қўйиши мумкинлигини Темур Кападзе туширган таркиб 100 фоизга исботлади.

КАТТА ЎЗГАРИШ

Аввало, тарихга бир назар ташласак. Францияда ўтган 1998 йилги жаҳон чемпионати йўлланмаси учун кураш билан мундиалдаги ўз тарихини бошлаган миллий термамиз бу йўлда 6 марта кучини синаб, барчасида мағлубият аламини тотди.

Ҳар сафар бир хил сценарий такрорланаверарди: дастлабки саралаш бос­қичидан ўтилади, ҳал қилувчи саралашлар бошланади, мазкур ўйинлар авж паллага киради ва якунга келиб биз мундиалдан қуруқ қоламиз.

Лекин бугун тилга олмоқчи бўлганимиз бошқа - мана шу тоқ йиллар якунига келиб терма жамоамиз тахминан бир йилча «ишсиз» қоларди. Доимо. Жаҳон чемпионати ўтган йилларда футболчиларимиз бирорта тузукроқ ўйинда майдонга тушганини, ҳаттоки, ўша таркибларда ўйнаган йигитларнинг ўзлари ҳам эслолмасалар керак.

Тахминан куз ойларига бориб, ўшанда ҳам бирорта расмий мусобақа саралашлари бошлансагина, термамиз қайтадан тўпланарди ёки янгироқ таркиб жамланарди.

Шахсан ўзимнинг эсимда қолган тузукроқ ўйин 2002 йилга тўғри келиб, ўшанда Тошкентда Япония клублари термасига қарши ўйнаганмиз.

Ўшанда эндигина яшил майдонда порлай бошлаган Александр Гейнрих сўнгги дақиқаларда жарима зарбасини қойилмақом тарзда ижро этганидан сўнг жамоамиз 2:1 ҳисобида зафар қучгани эсимда. Лекин у Япониянинг мундиалга борадиган таркиби эмасди. Мутлақо бошқа-бош­қа футболчилар майдонга тушганди бизга қарши.

Хуллас, шу тариқа футболимиз ҳап-паш дегунча 20 йилни ҳам ўтказиб юборди. Навбатдаги мағлубиятдан сўнг бу гал футболимиз бошига келган раҳбарлар олдингиларидан фарқли ўлароқ, эски натижани анча юқорига кўтариб қўйишди.

Жаҳон чемпионатига чиқолмаган кундан бошлаб, то мундиал бошлангунига қадар миллий терма жамоамиз тўртта баҳсда майдонга тушди ва буларнинг ҳеч бири ўткинчи ўйинлар эмасди. Тўғри, ўтган йили Рўзиқул Бердиев бошчилигида меҳмонда БААга қарши ўтказилган ўйинимиз кўпчиликка ёқмади.

Бу ерда янги ибора ишлатишга мажбурман: миллий жамоадаги «раҳбарсизлик» ўша учрашув ва унинг атрофида қандайдир тушунарсиз (ёқимсиз) фикрларни вужудга келтирди, бизда. Лекин кўп ўтмай, вазият анча ижобий томонга ўзгарди.

Март ойида Сенегал ва Марокашга қарши, ўтган ҳафта якунида эса Эрон билан бўлган ўйинларимиз ҳар ҳолда ана шундай позитив фикрлар билдиришимизга сабаб бўлмоқда. 7 июнда Уругвайга қарши ўйинни ҳам «бир амаллаб» ўтказиб олсак, бу энди албатта, футболимизнинг, айниқса, футболимиз раҳбарларининг катта ғалабаси бўлади.

«КАПИТАНСИЗ КЕМА»НИНГ ТАҚДИРИ

Шу кунлардаги миллий жамоамиз кимлар учундир худди денгизда капитансиз сузиб бораётган кемага ўхшаётгани рост гап. Шунга қарамай, яна 1-2 ой сабр қилишга мажбурмизки, футболимиз раҳбарлари бизга дунёдаги топ-мураббийлардан бирини олиб келишга ваъда қилишган. Унгача эса Кападзе томонидан бажарилаётган ишларни таҳлил қилиш билан чегараланамиз.

Шундан келиб чиқиб, биз бугун бош термамиз таркибида бу йилги баҳсларда майдонга тушган футболчилар ҳақида бироз тўхталмоқчимиз.

Демак, илк ўйин: Сенегал - Ўзбекистон - 1:1.

Бошланғич таркиб: Нестеров - Шораҳмедов, Комилов, Исмоилов, Тўхтахўжаев - Шукуров, Ҳамробеков - Аҳмедов, Мирзаев, Шомуродов - Абдухолиқов.

Захирадан тушганлар: Машарипов, Бикмаев, Алибоев, Рашидов.

Март ойида ўтган дастлабки ўйинда Кападзе деярли асосий таркибни майдонга туширди. Бир-икки янги футболчиларни ҳисобга олмаганда, йигитларнинг деярли барчаси бир-бирларини яхши танишади.

Табиийки, футболчиларимиз кучли рақиб қаршисида эсанкираб қолишмади. Тажрибали Одил Аҳмедов бошчилигидаги вакилларимиз Сенегал билан қониқарли натижа қайд этишди.

Иккинчи баҳс: Марокаш - Ўзбекистон - 2:0.

Бошланғич таркиб: Суюнов - Муҳаммадиев, Аъзамов, Ашурматов, Зотеев - Мусаев, Сиддиқов, Алибоев, Рашидов, Машарипов - Бикмаев.

Захирадан тушганлар: Ҳамробеков, Абдухолиқов, Яхшибоев, Шукуров, Комилов, Шомуродов.

Мана шу ўйинда майдонга туширилган таркиб кўпчилик учун кутилмаган «янгилик» бўлди. Эътибор берган бўлсангиз, Кападзе тўрт кун олдин Сенегалга қарши саф тортган дастлабки 11ликдагилардан ҳеч бирини асосий таркибда майдонга туширмади.

Фақатгина ўша баҳсда захирадан ўйинга қўшилган тўрт футболчи бу галги учрашувнинг даст­лабки дақиқалариданоқ тўп сурди. Бу ўзгариш ўйин натижаси ўлароқ, бизга салбий кўрсаткич олиб келган бўлиши мумкиндир.

Лекин олдинлари деярли кам кузатилган бунақа «эксперимент», айниқса, эндигина катта футбол ҳавосидан нафас ола бошлаган Ашурматов, Комилов, Ҳамробеков, Сиддиқов каби ижрочилар учун катта мактаб вазифасини ўтаб берди.

Учинчи баҳс: Эрон - Ўзбекистон - 1:0.

Бошланғич таркиб: Эргашев - Ашурматов, Комилов, Отахонов, Турсунов - Ғаниев, Ҳамробеков, Турғунбоев, Машарипов, Сиддиқов - Ўринбоев.

Захирадан тушганлар: Собирхўжаев, Қобилов, Яхшибоев, Сидоров, Кенжабоев.

Кузда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига борадиган таркибни шакллантириш йўлида ҳаракат қилаётган футболимиз раҳбарлари Эронга асосан 23 ёшгача бўлган футболчилардан ташкил топган терма олиб борилишини эълон қилишганида, кўпчилик буни маъқулламаганди.

Лекин Темур Кападзе бу эътирозларга ўзининг янги шогирдлари кўрсатган ўйин билан жавоб қайтара олди. Ҳақиқатан ҳам, ўша Ашурматов, Комилов, Ҳамробеков ва Сиддиқовларнинг олдинги баҳсларда асосий таркибда ўйнагани, бундан ташқари, миллий терма жамоа аъзоси - Жалолиддин Машариповнинг майдонда ҳаракат қилиши Эронга қарши баҳсда ўз натижасини кўрсатди.

Асосан Франция чемпионатидаги футболчиларга эга Марокашни, Сенегални кўриб қўйган ўша ёш ижрочиларимиз учун бу гал Эрон «қўрқинчли» туюлмади.

Учрашувнинг бошиданоқ ҳужумкор руҳда тўп сурган вакилларимиз бу руҳиятни ўйин охиригача сусайтиришмади. Тезкор ва қисқа паслар, ўзаро бир-бирларини тушуниб тўп суриш, айниқса, ўйин тизгинини узоқ вақт рақибга бериб қўймаслик - гарчи, ўша оқшом мағлубиятга учраган бўлсакда, бизнинг хурсандчилигимизга сабаб бўлди. Бу нарсани ўша ўйинни Қатардан туриб кузатган футболимиз раҳбари ҳам тилга олди.

Дарҳақиқат, Эронга қарши баҳсда ҳам деярли ҳамма футболчиларимиз борларини бериб ҳаракат қилишди. Бир-иккита камчиликларни ҳисобга олмаганда, деярли қўпол хатога йўл қўйишмади. Фақатгина дарвозабонимиз Ботирали Эргашев «Навбаҳор»даги хатоларини яна бир бора такрорлагани салгина ошиқчалик қилди.

Агар эътибор берган бўлсангиз, наманганлик бу посбон кўп ҳолатларда ўз жамоасини жуда қийин вазиятлардан олиб чиқиб кетади (Суперлига ўйинлари назарда тутилмоқда). «Металлург»га қарши кечган ўйин бунга яққол мисол.

Ҳисоб 0:0 бўлиб турган пайтда Эргашев ўзига қарши яккама-якка чиқиб келган рақиб ҳужумчисининг зарбасини қайтариб, ўша ўйинни қутқариб қолди. Якунда «Навбаҳор» 3:0 ҳисобида зафар қучди. Лекин тан олиш керак, ўша «сейв» бўлмаганида, учрашув Эргашев жамоаси учун жуда хунук ҳисоб билан якун топиши ҳам мумкин эди.

Шунга қарамай, бу ёш дарвозабон баъзи ўйинларда тушунарсиз голлар қўйиб юбориши ҳам учраб туради.

Айниқса, «Сўғдиёна» билан учрашувнинг сўнгги дақиқаларида бири-биридан ғалати 3та тўп ўтказиб юбордики, эшитишимча, наманганлик баъзи мухлислар аламдан бу ўйин ҳақида «келишилган» деган фикр билдиришгача боришибди.

Шундай гап-сўзлар остида қолмаслик учун, албатта, умидли посбонимиз ўз устида янада кўпроқ ишлашига тўғри келади.

КЕЙИНГИСИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Тўртинчи баҳс: Уругвай - Ўзбекистон

Албатта, бу ўйин ўзбек футболи учун йил воқеасига айланиши мумкин. Ҳозирча мазкур учрашувга қандай таркиб билан бориш ҳал қилингани йўқ, шунга қарамай, келгуси воқеликларни олдиндан тахминласа бўлади.

Ушбу «катта» беллашувда футболчиларимиз ҳеч бўлмаганда кетма-кет учинчи мағлубиятга учрамаслик йўлида астойдил кураш олиб боришлари талаб этилади.

Шундай экан, бу баҳсга юқоридаги учта учрашувда ўзларини ҳар томонлама кўрсата олган энг «пишиқ» вакилларимиз олиб кетилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Юртимиз, барибир, истеъдодларга бой ўлка. Буни юқоридаги уч учрашувдан олинган рақамлар ҳам бемалол тасдиқлаши мумкин. Мазкур беллашувларда жами 33 нафар (!) футболчи миллий терма жамоамиз либосида майдонга тушишди. Уларнинг деярли тенг ярми учун дебют ўйинлар бўлди.

Ҳали бу мавзуга кўп қайтилади. «Дебютчилар»нинг қайсилари терма жамоада муқим ўйнаб кета олиши ва яна кимларнингдир рақобатга дош беролмай қолиши турган гап. Лекин ёшларимиз катта акалари билан тенгма-тенг ҳаракат қилишга тиришишмоқда, шуниси тилга олишга арзийдиган мавзу.

АЛОҲИДА МАВЗУ

33 футболчи майдонга туширилди, шунга қарамай, бу рўйхатдан таш­қарида қолиб кетган яна ўнга яқин ўйинчилар борки, уларни ҳам ёддан чиқариш инсофдан бўлмайди. Буларнинг асосини кўпроқ Россияда тўп сураётган легионерларимиз ташкил қилишади - Денисов, Афонин, Галиулин, Ҳамдамов, Шомуродов.

31 ёшни қаршилашга улгурган Денисов - Афонин - Галиулин учлиги бизга яна нари борса 4 йил фойда келтириб бериши мумкин. Лекин Дос­тон Ҳамдамов ва Элдор Шомуродовга барибир, футболимиз келажаклари сифатида қараётганимиз уларнинг ҳам кейинги ўйинларда терма жамоага жалб қилиниши мумкинлигини англатади.

Ҳозиргача мураббийларимиз бу футболчиларнинг ўз клубларида муқим ўрнашиб олишларига шароит яратиб бериш асносида, уларни таркибга жалб қилишмаганди.

Афсуски, «Анжи» Россия Премьер-лигасини тарк этди. Бу ёмон, албатта. Лекин иккинчи томондан олиб қаралганда, «Анжи»нинг муваффақиятсизлиги Достон учун келажак эшикларини очиб бериши ҳам мумкин. Чунки агар Ҳамдамов жамоада қолган тақдирида ҳам менимча, ёмон бўлмасди.

Сабаби, маҳачқалъаликлар таркибида узоқ-яқин ўлкалардан келган кўплаб легионерлар бор ва уларнинг деярли ҳаммаси ёзда жамоани тарк этиши тайин. Бунинг натижасида Достон «Анжи»нинг етакчи футболчиларидан бирига айланиши эҳтимоли юқори. Ўз навбатида, Доғистон ўлкаси раҳбарияти клуб олдига келгуси мавсумдаёқ элитага қайтиш вазифасини қўяди.

«Тосно» ҳам Премьер-лигани тарк этгач, Галиулинда ҳам шунақа ҳолат кузатилди. Лекин Ҳамдамовдан фарқ­ли равишда, Вагизнинг Россияда ўз ўрни бор. Уни ҳозироқ исталган ўртаҳол жамоа ўз сафига қўшиб олиши мумкин.

«Оренбург» етакчиси Вадим Афонин ўз жамоаси билан яна Премьер-лигага қайтганини бунга қўшимча қилсак, Россиядаги вакилларимизнинг ҳам анча катта потенциалга эга эканликларини тилга олса бўлади.

Лекин биз учун муҳимроқ масала бошқа - бу футболчилардан терма жамоамиз учун фойдаланиш. Мана шу масала ҳозирча очиқлигича қолмоқда. Албатта, яқин вақтларда ушбу саволлар ҳам ўз жавобини топади ва умид қиламизки, термамиз биз учун ташвишли мавзуга айланмайди.

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz