Қайднома

Қидирув

Эрнан Креспо: «Марадона Мессининг ҳамюрти эканлигимдан фахрланаман»

Эрнан Креспо: «Марадона Мессининг ҳамюрти эканлигимдан фахрланаман»

  27.05.2018 06:03
  0
  242
Эрнан Креспо: «Марадона Мессининг ҳамюрти эканлигимдан фахрланаман»

Аргентина терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Эрнан Креспо Россияга ташриф буюрди. Айни пайт Италия «А» сериясига қайтган «Парма»да вице-президент лавозимида ишлаётган Креспо Санкт-Петербургда ЖЧ-2018 муносабати билан очилган «Футбол парки» меҳмони бўлди.

Креспо у ерга ташриф буюрганида, дастхат олувчилар навбатга туришларига тўғри келди. Шунингдек, Эрнанга унинг жамоаси гуруҳдаги сўнгги учрашувини айнан Петербургда ўтказишини, мундиал йўлланмасини Месси туфайли қўлга киритганини эслатиб қў­йишди.

- Нигерияга қарши учрашув жуда муҳим бўлади. Лекин биз аргентиналиклар терма жамоамиз «плей-офф» масаласини икки турдаёқ ҳал қилишидан умидвормиз, - деб гап бошлади Креспо.

- Месси ҳақида гапирадиган бўлсам, у жаҳоннинг энг яхши футболчиси. Аргентина терма жамоа­си ниҳоят, жаҳон чемпионлигини қўлга киритса ажойиб бўларди. Ўшанда Месси жаҳон чемпиони сифатида тарихга кирарди.

- Россияда икки марта ўйин ўтказгансиз: «Парма» билан УЕФА кубогида зафар қучгансиз ва ЕЧЛ доирасида ЦСКАни мағлуб этгансиз. Ҳар икки ўйинда ҳам гол ургансиз.

- Ўша дамларни яхши эслайман. УЕФА кубоги Европадаги биринчи совриним эди. Россияга қайтиш мен учун бошқача бўлган. Иккинчи ташрифимда ЦСКАга қарши «Интер» сафида ўйнаганман. Ўшанда 2:1 ҳисобида зафар қучгандик. Бу сафар эса футбол ўйнаш учун келмадим. Шунга қарамай, ҳиссиётлар ажойиб.

- Санкт-Петербургнинг «Зенит» клуби сафида беш нафар аргентиналик футболчи тўп сурмоқда. Уларни танийсизми?

- Дриусси ва Краневиттер билан танишман. Улар ҳам мен каби фаолиятларини «Ривер Плейт»да бошлашган. Паредес эса ашаддий рақибимиз - «Бока Хуниорс»да ўйнаган. Лекин уни «Рома»даги фаолияти орқали яқиндан танийман.

Шунингдек, Кришито билан бирга ўйнаганман. Шу боис ҳам уни яхши биламан. У ва Манчини «Зенит»дан кетишди. Иккиси ҳам бу клуб ҳақида илиқ фикрлар билдиришди.

- Манчини билан қандай ишлагансиз?

- У билан кечган хотиралар ажойиб. «Интер»да икки йил бирга фаолият юритганмиз. Ҳар иккисида ҳам Италия чемпионлигини қўлга киритгандик. «Зенит»даги фаолияти қандай кечганини билмайман.

- «Зенит» ЕЧЛда чорак финал ёки ярим финалга қадар етиб бориши учун яна қайси аргентиналик футболчи жамоа сафида ўйнаши керак?

- Месси! Агар ғолиб бўлишни истасангиз, албатта, Леони харид қилишингиз керак. Аммо унинг трансферини «Барселона» билан келишиб олиш жуда қийин бўлади. Чунки Лео ўта қиммат туради. Лекин ғалаба керак бўлса, бир футболчи даркор. У ҳам бўлса - Месси.

- Жаҳон чемпионатларидан олган энг ёрқин таассуротларингиз қайси?

- Мундиал - энг катта орзу. Кимга футбол ёқса, у жаҳон чемпионатида ўйнашни ният қилади. Ушбу мусобақада иштирок этиш эса фахрдир.

- Мундиаллардаги энг эсда қоларли ўйинингиз?

- Бир учрашув ўта муҳим бўлган. ЖЧ-2006даги дастлабки ўйинимизда (Аргентина - Кот-д~Ивуар - 2:1) менга катта масъулият юклатилганди. Ёшларга ўрнак бўлишим талаб этиларди. Месси, Маскерано. Мен ўзимни кўрсатишга интилганман.

- Ким кучли - Диего Марадонами ёки Лионель Месси?

- Шуни унутмангки, биз юлдузларнинг иккиси ҳам аргентиналик бўлгани учун фахрланамиз. Қай бири кучли эканлиги ҳақида ўйламаймиз. Шунчаки, ўйинларидан роҳатланамиз. Уларни солиштириш спорт аспектидан юқори.

Месси жаҳон чемпиони бўлса, бу борада Марадона билан тенглашиб олади. Леонинг совринлари Диегоникидан кўп. Бир сўз билан айтганда, уларни таққослаб бўлмайди.

- Ким чемпион бўлади, деб сўрамаймиз. Тўпурарлик кимга насиб қилади?

- У Аргентина терма жамоаси ўйинчиси бўлишига умид қиламан. Турнирга барча кучли жамоалар йўл олади. Натижаларни олдиндан айтиш қийин.

Тўғри, Месси, Роналду, Суарес, Левандовски каби тўпурарлар бор. Лекин мундиалнинг ўзига яраша сюрпризлари бўлади.

ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz