Қайднома

Қидирув

«Тимсоҳ» ови ёхуд 25 йилдан сўнг элитага қайтган «Ним» клуби ҳақида гаплашамиз

«Тимсоҳ» ови ёхуд 25 йилдан сўнг элитага қайтган «Ним» клуби ҳақида гаплашамиз

  27.05.2018 06:37
  0
  697
«Тимсоҳ» ови ёхуд 25 йилдан сўнг элитага қайтган «Ним» клуби ҳақида гаплашамиз

Ўтган асрда «Ним» Франция чемпионатининг энг кучли клубларидан бири ҳисобланган. «Тимсоҳлар» гарчи соврин ютмаган бўлишсада, мамлакат футболи тарихига киришган.

Бу жамоа банкротликка юз тутган, ҳаваскорлар даражасидаги турнирларда қатнашган, клуб президенти эса келишилган ўйинлар ташкиллаганликда айбланиб, жазоланган.

Мана, орадан 25 йил ўтиб «Ним» олий дивизионга қайтди.

«Тимсоҳлар»да ўтган аср ўрталарида кузатилган «йиртқичлик»дан асар ҳам қолмаган. «Ним» соврин ютишга ҳарчанд уринмасин, ҳеч эплай олмади.

Бернард Рахис, Пол Шиллан ҳамда Морис Лафон каби футболчилар билан кучайган жамоа 1958-1960 йиллар мобайнида уч марта Франция вице-чемпионига айланди.

Орадан 10 йил ўтиб, «кумуш»ли муваффақият яна такрорланди. «Тимсоҳлар» мамлакат кубогини қўлга киритишга жуда яқин келишган - уч марта мазкур мусобақа финалида тўп суришган: 1958, 1961 ва 1996 йилларда.

Сўнгги «миссия» чоғида клуб Лига 1дан чиқиб кетган, Лоран Блан ва Эрик Кантона каби юксак маҳорат соҳибларини сотиб, «ботқоқ»қа ботиб улгурганди.

2002 йили пуллари тугаган «Ним» профессионал мақомидан айрилди. Лига 2дан сўнг миллий чемпионатдаги иштирок ва яна ортга қайтган «тимсоҳлар» ниҳоят, 2014 йили ўзларини намоён этишди.

Клуб президенти Жан-Марк Конрад келишилган ўйинларда қатнашганликда айбланди. Жамоадан 8 очко олиб ташланди, аммо иккинчи дивизионда «жон» сақлаб қолишни уддалашди. Бу натижанинг қўлга киритилишида футболчиларни курашга ундай олган бош мураббий Жозе Паскуалеттининг ҳиссаси катта бўлди.

Олинаётган нафас сўнггиси эмасди, кейинги йилларда клубнинг микромуваффақиятларини Бернард Блакарт янада оширди. Ушбу мутахассис 56 ёшига қадар Лига 2даги кўплаб жамоаларда ишлашга улгурган, «Гренобль» ёшларини шуғуллантирган, бироқ катта ютуқларга эришмаганди.

Унинг номини «гарчи тактик уқуви Карло Анчелотти даражасида бўлмасада, ҳамиша жамоани олдинга ундай оладиган мураббий» сифатида тилга олишарди.

«Ним» янги бош мураббий қўл остидаги дастлабки мавсумни кўнгилдагидек ўтказолмади: янги муҳитга кўникиш учун Бернардга вақт керак эди ва жамоа бор-йўғи 14-ўрин билан кифояланди.

Шунга қарамай, Лига 2нинг кейинги мавсумида «тимсоҳлар» ҳақиқий «тиш»ларини кўрсатишди. Жамоа марокашлик Рашид Алиуи ҳамда иуварлик Кристиан Кукудан иборат дуэтнинг ажойиб ўйинлари эвазига лигани «кучли олтилик»да якунлади. Ушбу тандем биргаликда 26та гол уришга эришди.

Умут Бозок якунига етган мавсум нафақат «Ним», балки бутун Лига 2 кашфиётига айланди. Асли келиб чиқиши туркиялик бўлган француз форварди «тимсоҳлар» сафидаги дебют мавсумида 36та ўйинда 25та гол урди.

У эндигина 21 ёшда, гарчи Франция провинцияларидан бирида туғилган бўлсада, болалигидаёқ Туркия термаси сафида ўйнашни орзу қилган. Бозок ўз ўйин услуби билан 2000 йилларда Туркия миллий жамоасида порлаган Ниҳат Қаҳвачини эслатиб юборади: ўрта бўйли, абжир, тезкор ва ҳар икки оёқда яхши ўйнай оладиган футболчи.

Таъкидлаш жоизки, Умут ўтган мавсум Миллий лига (Франция учинчи дивизиони) вакили «Консолат» сафида тўп суриб, турнирнинг энг яхши тўпурарига айланганди. Бу сафар эса у асосий рақобатчиларини катта тафовут билан ортда қолдирди.

Энг яқин таъқибчиси - жамоадоши Рашид Алиуи ундан 8та кам тўп киритди. «Ним»нинг ҳужумкор услуби - бош мураббий Бернард Блакарт меҳнатлари самараси.

Ушбу мутахассис жамоасининг очиқ ўйин кўрсатишига қаршилик қилмайди. Умут Бозокни клубда олиб қолиш - «тимсоҳлар» раҳбарияти олдида турган асосий, шу билан бирга ўта мураккаб вазифалардан бири.

«Ним» президенти Рани Ассаф олдида турган бошқа бир муҳим вазифа - жамоага замонавий арена қуриб бериш. Молиявий ҳолати 150 млн. еврога баҳоланаётган ливанлик мутасадди 2021 йилга келиб клубга 15 минг томошабинга мўлжалланган стадион туҳфа этишни мақсад қилган.

Бу «Стад де Котсьер» сиғимидан 3 мингтага кам, аммо мазкур лойиҳа қулай шароит ва майдонга яқин трибуналарни ваъда қилмоқда. Ташкилотчилар Туркиянинг «Бурсаспор» клуби ғоясидан нусха олмай («Тимса Арена»нинг фасади тимсоҳ кўринишида), стадионнинг нейтрал вариантини танлашди.

Ишқибозлар билан очиқ мулоқот уюштириш - «Ним»нинг янги раҳбариятини бошқаларидан ажратиб турувчи муҳим жиҳат. Мавсум бошланиши арафасида ребрендинг ўтказган, бироқ янги эмблема мухлисларга ёқмаганди.

«Тимсоҳлар» мутасаддилари фанатлар хоҳишини инобатга олиб, қисқа муддатда замонавий, клубнинг асосий тимсоли акс этган логотип яратишди. Жамоа «Газелек Аяччо»га қарши ҳал қилувчи баҳсни янги рамз билан ўтказди.

«Ним»ни учинчи ўриндаги «Аяччо»дан («Газелек» эмас) икки очко ажратиб турганди. 37-турнинг барча учрашувлари бир вақтда бошлангани сабабли, «тимсоҳлар» мухлислари севимли жамоалари ўйини билан биргаликда «Осер» ва «Аяччо» ўртасидаги баҳсни ҳам кузатиб боришди.

«Стад де Костьер»да муаммо туғилмади. Дастлабки 22 дақиқа ичида Рашид Алиуи «дубль» расмийлаштирди. Иккинчи бўлимда эса ҳисоб янада йириклашди. Бу ёғига фақатгина турнир жадвалидаги қўшниларнинг хато қилишини кутиш қолганди.

Ҳакамнинг финал ҳуштаги чалингач, стадион сухандони «Ним»нинг 25 йилдан сўнг Лига 1га қайтганини эълон қилди. Чунки параллель равишда ўтган ўйинда 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилганди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz