Қайднома

Қидирув

Ҳоқон Чалханоглу: «Гаттузо ёрдамида ўзгардим»

Ҳоқон Чалханоглу: «Гаттузо ёрдамида ўзгардим»

  29.05.2018 06:16
  0
  160
Ҳоқон Чалханоглу: «Гаттузо ёрдамида ўзгардим»

Милан шаҳрида жойлашган Леонардо да Винчи номидаги фан ва техника миллий музейи. Forza Milan журнали мухбири ярим ҳимоячи Ҳоқон Чалханоглу билан суҳбатлашиш учун шу жойни бежиз танламади.

Чунончи, Германияда туғилган турк футболчиси замонавий фан ва техникага жиддий қизиқади. Унинг тарихий ватанини алоҳида севишию, ёпиқ ҳаёт тарзига амал қилиши эса кўпчиликка маълум.

- Миланга илк ташрифингни қандай эслайсан? Миянгда нималар чарх урганди?

 - Ҳаммаси кечагидек ёдимда: бу ерга самолётда учиб келгандим. Нималарни ўйлаганман? Албатта, янгича футбол, янги клуб, янги жамоадошлар ҳақида... «Милан» сафига қўшилишим ҳаётимдаги катта бурилиш нуқтаси эди.

Улкан тарихга эга жамоага ўтганингда, вужудингни қандайдир ўзгача ҳиссиётлар қамраб олиши табиий. Дейлик, беихтиёр ўйга чўмгандим: «Вақтида Мальдини ва Гаттузо каби буюк чемпионлар шу либосда жавлон уришган, энди менга ҳам бундай бахт насиб этяпти. Нақадар ажойиб...». Тўғри, шунинг баробарида хавотир ҳам йўқ эмасди.

Мисол учун, Италия турмуш тарзига мослашишим осон эмаслигини ўша вақтдаёқ тушунгандим. Негаки, аввалига меҳмонхонада яшадим, қолаверса, тил билмаслик муаммоси... Қисқаси, жамоадошларим билан мулоқотга киришишим қийинчилик туғдирди.

Муҳими, мослашиш жараёни ортда қолди ва ҳозир ҳаммани тушуняпман, ўз фикримни бемалол тушунтиряпман ҳам. Энг маъқул томони - итальян маданияти. Бу ерда одамлар меҳмондўстликни ўрнига қўйишади. Италия шу жиҳатдан Туркияга ўхшаш экан.

- Жамоа бошқаруви Женнаро Гаттузо ихтиёрига ўтгач, айнан нималар ўзгарди? Бунга қадар майдонда ўз ўрнингни тополмаётгандек таассурот уйғотгандинг, кейин ишларинг бирданига юришиб кетди.

Бу мураббийлик фалсафасига боғлиқми ёки шунчаки, итальян футболига мослашишда қийналгандинг?

- Биринчи навбатда, айтишим керак, 4 ойлик дисквалификациядан кейин жисмоний ҳолатни ўнглаб олишим учун маълум вақт керак эди. Лекин ўзгаришимда мураббий таъсири ҳам бор, албатта. Монтелла инглизчада гапирмасди, ҳаммасини итальян тилида тушунтирарди.

Йўқ, майдонда қайси позицияни эгаллашимни билардим, барибир, аммо футболчи учун мураббийнинг қўллаб-қувватлашини ҳис этиш жуда муҳим. У шундагина ишонч билан ҳаракатланади. Бироқ ўзаро мулоқот бўлмаса, ишонч туғилмайди. Шу маънода айтсам, Гаттузо менга катта туртки берди.

У барча йигитлар билан доимий алоқада ва ҳар қандай масалада ёрдам беришга тайёр. Хусусан, менга миямни бўлмағур хаёллардан тозалаб, фақат футбол ҳақида бош қотиришим зарурлигини кўп бора уқтирди.

Айниқса, битта маслаҳати жуда қўл келди: «Аввало, ўзингни зарур хусусиятларга эга эканлигингга ишонтиришинг керак. Шунда натижа ўз-ўзидан келаверади».

- Бўш вақтларни қандай ўтказишни маъқул кўрасан? Телевизор томоша қилиш, кинога бориш ёки турмуш ўртоғинг билан сайрга чиқиш...

- Ҳар куни машғулотларда кўп тер тўкаман. Профессионал футболчи эканман, фаолиятимни биринчи ўринга қўйишим шарт. Хуллас, уйга ўлгудай чарчаган ҳолда қайтаман. Яхшиямки, турмуш ўртоғим меҳрибон, мени тўлиқ тушунади.

Умуман, у ҳар жабҳада катта ёрдам беряпти. Пазандалик маҳоратига эса гап йўқ. Оддий айтганда, машғулотлардан кейин уйга киргач, қайтиб кўчага чиқмайман - оила даврасида қолиб, телевизор томоша қиламан, чарчоқ ёзаман. Сайр биз учун эмас.

- Бундеслига ва «А» серияси ўртасида фарқ каттами ёки...?

- Ҳамма негадир нуқул шу ҳақда сўрайди. Ҳозирга қадар яққол фарқли жиҳатларни сезганим йўқ. Ҳа, Италияда эҳтиёткорлик даражаси юроқироқ, асосий урғу тактикага қаратилиши эса ҳаммага маълум.

Дейлик, Германияда барча жамоалар ҳужумкор футболга мойил, бу ерда акс ҳолат: рақиблардан бири олдинга борса, иккинчиси тўлиқ ҳимояга ўтиб олади. Умумий қараганда, «А» сериясида тўп суриш нисбатан қийинроқ, ҳар ҳолда, биринчи ўринда, ақлга таяниш талаб этилади.

Шунингдек, Бундеслигада ёш футболчилар сафи кенг, мана, ҳар йили янги-янги кашфиётлар билан танишяпмиз. Италия клублари мураббийлари эса тажрибалироқ, тажовузкорроқ ва ақллироқ ўйинчиларга таяниб иш кўришади.

Демоқчиманки, таваккал юришлар кам. Лекин ҳар икки чемпионатнинг ўзига хос томонларини бирдек қадрлайман. Хусусан, ҳозиргача собиқ жамоаларим ўйинларини кузатиб боряпман.

- Итальян тилини ўзлаштиришингда қайси жамоадошинг кўпроқ ёрдам беряпти?

- Бошида асосан Родригес билан гаплашардим, чунки у немис тилини билади. Бироқ итальянчада унча яхши гаплашолмайди. Шундай бўлсада, бу борадаги илк сабоқларни айнан Родригесдан олдим.

Маълум ибораларни ўрганиб олганимдан кейин эса Фабио Борини билан доимий мулоқотлар асносида билимимни анча оширдим. Демак, Фабионинг ёрдами катта.

- Жамоада энг яқин дўстинг ким?

- Меҳмонхонада Конти билан бирга турганимизданми, унга анча ўрганиб қолдим. Умуман, барча йигитларга яхши муносабатдаман.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz