Қайднома

Қидирув

Патрик Клюйверт: «Менимча, ЖЧ-2018да ҳужумкор футбол томоша қиламиз»

Патрик Клюйверт: «Менимча, ЖЧ-2018да ҳужумкор футбол томоша қиламиз»

  30.05.2018 06:11
  0
  1316
Патрик Клюйверт: «Менимча, ЖЧ-2018да ҳужумкор футбол томоша қиламиз»

- Менимча, ЖЧ-2018 финал раундига чиққан барча жамоалар Россияда ҳужумга алоҳида урғу қаратишга ҳаракат қилади - ҳа, Патрик Клюйверт бўлажак жаҳон чемпионатида айниқса, кучли жамоалар ижросида ҳужумкор футбол кўришга умид боғламоқда.

Голландия миллий жамоаси собиқ вакили шунингдек, Бельгия термасидан қандайдир «сюрприз» кутаётганини яширмаяпти.

Унинг учун ўз юрти жамоасини мундиалдан четда қолганини кўриш азоб, аммо фикрича, голландлар охирги омадсизликларни тезкор унутиб, келажакни ўйлашлари шарт.

Айтиш жоиз, Патрикнинг ўзи биргина бетакрор зарбаси туфайли жаҳон чемпионати тарихидан жой олган. Учқур голланд ҳужумчисининг ҳаракати артистлик ижро нуқтаи назаридан дарҳақиқат, ўта ажобий чиққанди: ҳайратлантирадиган даражадаги сакраш ва бош билан кучли зарба.

Гап Франция майдонларида ташкиллаштирилган ЖЧ-98 ярим финалининг 87-дақиқасида юзага келган вазият ҳақида кетмоқда. Ўшанда Голландия термаси бутун ўйин давомида бразилияликларга муносиб қаршилик кўрсатган ва Клюйверт сўнгги паллаларда ҳисобни тенглаштириб (1:1), қўшимча бўлимларга йўл очганди.

Катта ва ўрта ёшли кўплаб мухлислар яхши эслашса керак, «овертайм»да ҳам кучли томон аниқланмагач, драматик пенальтилар серияси кузатилган ҳамда Бразилия термаси омадлироқ чиқиб, финал йўлланмасига эга бўлганди.

Мана, «лоларанглар» тарихида ўчмас из қолдирган 41 ёшли собиқ ҳужумчи (у ЖЧ-98да бевосита иштирок этишдан ташқари, Бразилия-2014 мундиалида бош мураббий Луи ван Галга ассистентлик қилди) бугун Россия турнирини бетараф мухлис сифатида кузатиб, чинакамига роҳатланишга шайланмоқда.

«Албатта, миллий жамоамизнинг ЖЧ йўлланмасини қўлга киритолмагани жуда ачинарли, - деди яқинда Аргентинага Испания Ла-лигаси промоутери ролида борган Клюйверт FIFA.com сайти мухбирлари билан суҳбат давомида. - Лекин ҳамма қатори мен учун ҳам энг яхши футболчиларнинг жаҳон форумидаги ўйинларини томоша қилиш ҳар доим мароқли.

Ахир 4 йилда бир марта ўтказиладиган турнир футбол гултожи саналади. Ўйлайманки, бизни олдинда унутилмас ва томошабоп турнир кутмоқда. Шахсий фикримча, бу сафар жамоалар ҳужумкорликни биринчи даражага олиб чиқади.

Дейлик, Германия, Бразилия, Испания ва Аргентина терма жамоалари фаворит мақомига мувофиқ, ўз омадини асосан рақиблар жарима майдони ичидан изласа керак. Ҳар ҳолда, кейинги раундга чиқишнинг энг тўғри йўли шу.

Умуман, салоҳияти нисбатан паст термалар ҳам вазиятга қараб, ҳужумга ўтиши муқаррар. Акс ҳолда, гол урилмайди, гол бўлмаса, ғалаба йўқ. Ғалабасиз эса «плей-офф»­га умид боғлаш ноўрин».

Патрик Клюйверт бўлажак чемпионат ҳам «сюрприз»лар тақдим этишига ишонмоқда. У «кичик жамоалар» гуруҳидан дебютант - Исландия термасига алоҳида эътибор қаратмоқда: «Ҳа, вулқонлар ва гейзерлар мамлакати жамоаси таркибида ёрқин юлдузлар йўқ, аммо бу терма яхлит куч сифатида ҳурматга сазовор.

Айнан исландияликлар катта «сюрприз» улашсалар, ажабмас. Қайтараман, шимолликлар сафида ўйин тақдирини ёлғиз ўзи ҳал қилишга қодир бирор-бир ёрқин ижрочини кўрмаймиз. Лекин замонавий футболда жамоавий ҳаракат уйғунлиги катта роль ўйнашини унутмаслик керак.

Исландлар эса айни шу жиҳатда устунлар. Очиғи, улардаги иштиёқ, бирдамликка ҳавас қилса арзийди. Қолаверса, исландлар табиатан жиддий курашларга мойиллар. Улар шу сифатлари ёрдамида ҳар қандай рақибдан устун келишлари мумкин. Буни охирги йилларда бот-бот исботлашяпти ҳам».

Голландия футболи намояндаси яна Аргентина термасига ҳам бефарқ қарамаяпти (эҳтимол, суҳбат Буэнос-Айрес шаҳрида уюштирилгани учун аргентиналикларга ҳурмат нуқтаи назаридан қарагандир).

У шунингдек, Бельгия термаси одатий даъвогарлар гуруҳига кириш учун муносиб эканлигини таъкидлади: «Очиғи, ЖЧ-2018да айнан бельгияликларга ўзгача меҳр билан қарасам керак. Бу жамоа таркиби етук футболчиларга тўла ва у энг кучлилар қаторига кириш имкониятига эга».

Табиийки, «лоларанглар»нинг Россия-2018га чиқолмаганликлари бутун мамлакат футболига оғир зарба бўлди. Патрик эса Голландия футболи келажагига заррача шубҳа қилаётгани йўқ. Эҳтимол, яна равон йўлга тушиб олиш учун мавжуд тизимда ниманидир ўзгартириш керакдир?

Клюйверт бу саволга жавобан февраль ойида миллий жамоа бош мураббийи Дик Адвокаат ўрнига Роналд Куман тайинланганини эҳтиросли овозда эслатди: «Мана, бошқарувчи алмашди-ку!»

Голландлар анъанавий тарзда таянадиган ўйин услуби ҳам муҳимлиги масаласига келсак, «Аякс» ва  «Барселона» жамоалари собиқ ҳужумчиси бу борада хавотирдан мутлақо холи: «Мамлакат термаси аввало, ўз қудратига ишониши керак. Ҳозир янгилаш жараёни давом этяпти: айримлар кетишяпти, уларнинг ўрни янги футболчилар билан тўлдирилмоқда.

Демак, танланган муайян йўналишдан чекинмай, дадил ҳаракатланиш зарур. Тўғри, ҳаммасини нолдан бошлаш талаб этилади. Ҳар қадамда ортга назар солаверишдан наф йўқ, фақат олдинга боқиш мақсадга мувофиқ».

ПАТРИК КЛЮЙВЕРТ ФРАНЦИЯ-98 МУНДИАЛИДА

Гуруҳ босқичи 1-тур. Голландия - Бельгия - 0:0 (80-дақиқада қизил карточка)

1|4 финал. Голландия - Аргентина - 2:1 (12-дақиқада гол)

1|2 финал. Бразилия - Голландия - 1:1, пен. бўйича - 4:2 (87-дақиқада гол)

3-ўрин учун. Голландия - Хорватия 1:2

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz