Қайднома

Қидирув

«Барселона»нинг оромини ўғирлаган «уч ранглилар» учқур умиди

«Барселона»нинг оромини ўғирлаган «уч ранглилар» учқур умиди

  31.05.2018 06:41
  0
  842
«Барселона»нинг оромини ўғирлаган «уч ранглилар» учқур умиди

«РБ Лейпциг»нинг ўтган мавсумдаги юксак парвози, «Зальцбург»нинг ЕЛдаги ёрқин иштироки футбол жамоатчилиги орасида катта шов-шувга сабаб бўлди.

Бу икки жамоадаги олғирлик табиати рақибларида нафрат уйғотаётгани ҳеч кимга сир эмас. Лекин тан олиш керакки, «Ред Булл» концерни ҳомийлигида фаолият юритаётган тизим ёш иқтидорларни тарбиялаш борасида етакчи академиялар сафида бормоқда.

Чунки «Ред Булл» мукаммал дастур асосида тарбияланувчиларни қисқа вақт ичида юлдуз даражасига олиб чиқа олади.

Ана шу йўлни босиб ўтган Дайо Упамеканони ёзда ўз сафига қўшиб олиш учун «Барселона» 100 млн.ни тахт қилиб қўйди.

«Валансьен» ёшлари сафида тўп сурган франциялик иқтидор соҳиби 2015 йилдаёқ «МЮ», «Арсенал» ва «Ювентус» каби грандлар эътиборига тушганди. Ўша йили «уч ранглилар» Болгарияда U-17 тоифасида қитъа чемпиони бўлишди.

Дайо эса анашу жамоа етакчиларидан бири сифатида барча учрашувларда иштирок этди. Якунда УЕФА бу ноёб иқтидор соҳибини дунёнинг энг сара ёш футболчилари рўйхатига киритди.

Табиийки, улкан муваффақиятдан кейин ёш ҳимоячига бўлган қизиқиш янада ошди. Аммо Дайо номдор жамоаларнинг манфаатли таклифларига учмади, ўз имкониятларига камтарона баҳо бериб, Австриянинг «РБ Зальцбург»и сафига қўшилди. Лекин шу камтарин жамоада ҳам тўғридан-тўғри асосий таркибга кира олмади, балки қуйи дивизионда тўп сурадиган «Лиферинг» фарм-клубига юборилди.

Австрияда Упамекано ёшига нисбатан етук ўйинларни намойиш этди. Шу боис, «РБ Зальцбург» узоқ ўйланиб ўтирмасдан 17 ёшли йигитча учун 2,2 млн.дан воз кечди. Дайонинг асосий «кўзир»лари - юқори тезлик, ўйиннинг қай тариқа ривожланишини олдиндан ҳис этиш.

Ана шу фазилатлари эвазига у рақибларидан тўпни тортиб олишда, уни қабул қилиш ва тўп билан узоқлаб кетишда унча-мунча тажрибали футболчиларни ҳам йўлда қолдиради.

Маълумки, «РБ» рақибни ўз жарима майдончасидан анча олисда қарши олишни ёқтиради. Юқори прессинг услубида ўйнайди. Шу сабабли Упамекано каби учқурларни муносиб қадрлай олади.

Австриядаги илк мавсумидаёқ франциялик ҳимоячи мутахассислар ишончини оқлашга киришди. Унинг ўйин вазиятларини тўғри баҳолай олиши барча экспертларни лол қолдирарди.

Тезлик бобида ҳар қандай футболчи билан рақобатлаша олишини яхши билган Дайо рақиби учун энг ноқулай вазиятда «жанг»га киришади. Таъкидлаш жоизки, ҳозирда Дайо нафақат ўз касбдошлари, балки бошқа позициялардаги футболчилар ўртасида ҳам Бундеслиганинг энг тезкор (34,4 км.|с.) футболчиси бўлиб турибди.

Табиийки, ҳимоячининг бу фазилати Лейпцигда жуда қўл келмоқда: немис жамоаларидаги прессинг Австриядагидан анча юқори. Бундан ташқари, улар томонидан классика даражасига кўтарилган вертикал футболда олис масофаларга диагонал узатмалар кўпроқ амалга оширилади.

Шу сабабли, Упамеканонинг ўрни янада муҳимроқ аҳамият касб этади. Ҳужумчиларга истаган пайтида етиб олиши мумкинлигини Дайо яхши билсада, бу устунлигини бирданига ишга солмайди, рақибини ёнма-ён таъқиб қилган ҳолда қулай вазиятни пойлайди.

Яъни қачондир ҳужумчи югуришни тўхтатади, тўпни дарвозага ёки жамоа­дошига йўллаш учун ён-атрофга назар ташлайди. Упамекано учун айнан шу вазият - энг муҳим лаҳза, тўпни тортиб олиш учун энг қулай фурсат!

Ёш ҳимоячининг салбий хусусияти - таваккалчилик. Бу камчилигини унинг ўзи ҳам тан олади: «Ўйин пайтида диққат-эътиборимни унга қаратишга ҳаракат қиламан. Лекин енгилтабиатлик иллатидан тўла халос бўлган эмасман. Бу камчилик бутун фаолиятим давомида мени таъқиб этади».

Дайодаги енгилтакликнинг асосий сабаби шундаки, у азалдан тажовузкорликни хуш кўради. Натижада ортида улкан бўшлиқ юзага келади. Бу - ҳимоячининг саводсизлиги эмас, балки ўз кучига, тезлигига бўлган ишончи маҳсули. Лекин шуни ҳам тан олиш керакки, кўп ҳолатда таваккалчилик кутилган натижани бермоқда.

Қолаверса, ҳимоячи аста-секинлик билан бўлсада, бу камчиликни бартараф этишга интилмоқда. «Мен тобора савиялироқ ўйнаётганимни ҳис этяпман. Камолотга эришишимда юксак савиядаги тинимсиз машғулотлар яқиндан ёрдам бермоқда.

Позицион ўйин ва ҳужумларни бошлаб бериш масаласида шуни айтишим мумкинки, бу йўналишда янада самаралироқ ўйнай олишимни сезиб турибман. Тўғри, ҳозирча дастлабки узатмаларим баъзан мўлжалга етиб бормаяпти. Лекин бу камчиликни бемалол бартараф этиш мумкин», - дейди ҳимоячи.

Ҳа, «Лейпциг» тарихидаги энг ёш ҳимоячи тинимсиз изланишларини давом эттирмоқда. Масалан, дастлабки рақибини дриблинг эвазига ортда қолдириш ва бўш ҳудудга ўтиб олганидан кейин узатмани амалга ошириш услубини у айнан Бундеслигада қўллай бошлади.

Таъкидлаш жоизки, жамоа жорий мавсумни талаб даражасида ўтказа олмаётганлигида Упамеканонинг айби йўқ. Аксинча, «РБ Лейпциг»да ўтказилаётган тактик экспериментлар унинг савиясига салбий таъсир этмоқда. Жамоа гоҳ 3, гоҳ 2 ҳимоячини майдонга туширмоқда.

Бундай беқарорлик айниқса, ёш иқтидор соҳибларига жиддий қийинчиликлар туғдирди. Шу боис, мутасаддилар Дайонинг тез орада ёрқин ўйинлар кўрсатишига шубҳа қилишмаяпти. «Учқурлик, шиддат ва яна бир қатор фазилатларга эга бўлган бу ҳимоячи жамоа етакчисига айланиш учун узоқ куттириб қўймаслиги аниқ», - деди Ральф Хазенхюттль франция­лик иқтидор соҳиби ҳақида.

Албатта, ҳимоячи учун нақ 100 «лимон» ваъда қилаётган «Барселона» нима қилаётганини яхши билади. Бу ёқда Франция терма жамоаси ҳам унга умид боғламоқда.

Ким билади дейсиз, балки Рафаэль Варанга қиёсланаётган учқур ҳимоячи «уч ранглилар» билан Россия мундиалига ҳам ташриф буюрар? Воқеалар ривожи айнан шуни тақозо этмоқда.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz