Қайднома

Қидирув

Жавлон Мирабдуллаев: «Жароҳат футболчининг душмани»

Жавлон Мирабдуллаев: «Жароҳат футболчининг душмани»

  31.05.2018 00:13
  0
  201
Жавлон Мирабдуллаев: «Жароҳат футболчининг душмани»

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Суперлигаси 13-турида «Металлург» ўз майдонида амалдаги чемпион «Локомотив»ни мағлуб (2:0) этиб, очколарини 19тага етказиб, кетма-кет икки мағлубиятдан сўнг, ниҳоят муҳим ғалабага эришиб, 6-ўринга кўтарилиб олди.

Биз учрашув якунланганидан кейин, жиддий жароҳатдан сўнг ҳамон тикланишни давом эттираётган бекободликлар ҳимоячиси Жавлон Мирабдуллаевнинг фикрлари билан қизиқдик.

- Жавлон, «Локомотив» устидан қозонилган ғалабанинг асосий омили нимада?

- Кетма-кет икки мағлубиятдан кейин мухлисларни хушнуд қилишимиз шарт эди. Буни тўғри англаб етган жамоадошларим иккинчи бўлимдаги фаол ўйин эвазига жуда ҳам муҳим ғалабани қўлга киритишди. Беш дақиқа оралиғида чемпион жамоа дарвозасини ишғол қилишди.

- Бундан аввалги ўз майдонинг-ларда ўтказилган учрашувда АГМКга ютқазиб қўйгандинглар. Жамоа ўша куни мағлубиятга лойиқмиди?

- Олмалиқлик футболчиларга қарши кечган ўйинда юзага келтирилган хавфли вазиятлардан унумли фойдалана олмадик. Ғалабага бўлган иштиёқ меҳмонларда кучлироқ бўлиб чиқди.

 - Жорий мавсум сизда қандай таассурот қолдирмокда?

- Икки хил таассурот қолдирмоқда. Ижобий томони, Суперлигамиз ўз номига муносиб тарзда ўтмоқда. Қизиқарли, муросасиз, кутилмаган натижаларга бой учрашувлар керагидан кўп бўляпти. Кучли олтиликка кириш илинжида бўлган жамоалар ўртасида жиддий кураш кетмоқда. Рақобат жуда ҳам кескин.

Турнир жадвалидаги ҳолат ҳам бунга ишора қиляпти. Ёмон томони эса жароҳатим сабабли, жамоадошларимга ёрдам бера олмаяпман. Жиддий жароҳатдан кейинги тикланиш жараёни чўзилиб кетди.

- «Металлург» мавсумни бироз нотекис ўтказяпти. Бунинг сабаблари нимада?

- Очиғи, сабабини ўзим ҳам тушунмайман. Жуда ғалати. Кучли жамоаларни мағлуб этиб, очко тортиб оляпмиз. «Локомотив» бунга яққол мисол. Турнир жадвалида ўзимиздан пастроқда жойлашган клубларга эса ютқазяпмиз. Билмадим, болаларда толиқиш ҳолатлари кузатиляптими ёки бунинг бошқа сабаблари борми?

Балки, айрим ўйинларда рақиб жамоа кучига тўғри баҳо бермаслик, менсимаслик бўлаётгандир. Умид қиламизки, энди ҳаммаси жойига тушиб кетади.

- Толиқиш десак, ҳали чемпионатнинг экваторига ҳам келмадик-ку!

- Тўғри, лекин аниқ бир факт йўқ. Футбол шундай кутилмаган ҳолатлари билан ҳам қизиқ.

- Андрей Шипилов ва унинг ёрдамчилари машғулотларда кўпроқ нималарга эътибор қаратишяпти?

- Тўғрисини айтсам, бу саволга жавоб бера олмайман. Чунки, жароҳатдан ҳали тўлиқ фориғ бўлмадим ва шу сабабли ҳам машғулотларни ўринбосарлар таркиби билан ўтказяпман. Асосий жамоа сафига қачондан қўшилишимни аниқ билмайман.

Ҳозирги ҳолатда ўзимни асосий таркибда ўйнашга лойиқ деб ҳисобламайман. Бош жамоада ўйнаш учун ҳар томонлама юз фоиз тайёр бўлиш керак. Буни очиқ-ойдин айтиш керак. Шу сабабли ҳам мен ҳозир Бекободда ўринбосарлар таркиби билан биргаман. Асосий жамоа Қибрайда.

- Жароҳат футболнинг бир қисми ҳисобланади...

- Ҳа, нимасини айтасиз. Насиб қилса, ҳаммаси яхши бўлиб кетар. Шунга умид қиляпман ва астойдил ишлашда давом этаман. Жароҳат футболчининг энг катта душмани ҳисобланади. Қачон жароҳат олишингизни билмайсиз. У кутилмаганда келади. Ким ҳам ўйлабди дейсиз, финал учрашувида Муҳаммад Салоҳнинг жароҳат олиб, жамоасини қийин вазиятда ташлаб кетишини.

- Жавлон, «Металлург» билан қанча муддатга шартнома имзолагансиз?

- «Бунёдкор» билан шартномам тугаганлиги сабабли, Бекободга кўчиб ўтгандим. «Металлург» билан бир йиллик шартнома имзолаганман. Жароҳат сабабли, янги жамоам сафига кечроқ қўшилдим. Уйда қолиб муолажаларни давом эттиришимга тўғри келди. Кейин Бекободда алоҳида шуғуллана бошладим.

- Ҳозир жароҳатингиз қай даражада? Майдонга қайтишга тайёрмисиз?

- Афсуски, йўқ. Ҳали озгина вақт бор. Жисмоний тайёргарлигимни маромига етказиб олишим керак.

- Майдон ташқарисидан жамоангиз ўйинларини кузатиш оғир бўлаётгандир?

- Ҳа, гапирманг. Бошқа иложи йўқ. Сабр билан кутяпман.

- Охирги марта қачон расмий ўйинда майдонга тушгандингиз?

- Агар ўринбосарлар жамоасидаги ўйинимни ҳисобга олмасак, айтсам ҳайрон бўласиз. Сўнгги бор «Бунёдкор» сафида майдонга тушганман. Ўшанда ОЧЛ доирасидаги учрашувда «Ал-Айн» клуби билан ўйнагандик. Шунга ҳам бир йил бўлибди. Ўринбосарлар таркибида эса «Бухоро»га қарши кечган ўйинда иштирок этдим.

- «Металлург»да янги мураббийлар штаби ишлаяпти. Улар жамоа ўйинига ўзгартириш кирита олишдими?

- Ҳа, Шипилов ақлли мураббий экан. Жамоа таркиби ёшартирилди. Ўйинда яққол ўзгариш кузатилди. Ҳали бу жамоанинг энг юқори потенциали эмас. «Металлург» бундан ҳам мазмунли ва чиройли ўйин намойиш эта олади. Буни кейинги учрашувларда исботлаймиз.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz