Қайднома

Қидирув

Остон Ўрунов: «Орзум – «Реал» ва «МЮ»да ўйнаш»

Остон Ўрунов: «Орзум – «Реал» ва «МЮ»да ўйнаш»

  01.06.2018 06:33
  0
  2004
Остон Ўрунов: «Орзум – «Реал» ва «МЮ»да ўйнаш»

Жорий мавсум ўз олдига юксак мақсадлар қўйган Наманганнинг «Навбаҳор» клубида Pepsi Суперлиганинг энг ёш ярим ҳимоячиси ўйнайди.

Бу - Остон Ўрунов. 17 ёшли хавбек «лочинлар»нинг барча ўйинларида фаол тўп суриб, жамоаси ғалабаларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Биз Остон Ўруновни суҳбатга тортиб, унга ўзимизни қизиқтирган бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

- Остон бу йилги Суперлига баҳслари сизда қандай таассурот қолдиряпти?

- Турнир ажойиб тарзда давом этяпти. Барча учрашувлар қизиқарли ва кескин курашлар остида кечмоқда. Нафақат олий лиганинг номи ўзгарди, балки ўйинлар савияси ҳам ошди. Бир сўз билан айтганда, Суперлига ўз номига мос равишда ўтяпти.

- Мана, 13та тур баҳслари ортда қолди. Суперлигадаги ҳар бир рақиб жамоа билан бир мартадан, «Металлург» билан ҳаттоки, 2 марта ўйнадинглар. Ортда қолган шу давр мобайнида сиз учун қайси учрашув нисбатан қийинроқ кечди?

- Ўз майдонимизда 7-тур доирасидаги «Бунёдкор»га қарши кечган баҳсда бироз қийналдик. Боиси, ўша ўйинда меҳмонлар биринчи бўлиб ҳисобни очишди. Биз эса аввал мувозанатни тикладик ва хайриятки, ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда ғалаба тўпини киритиб, иродали ютуққа эришдик.

- Жорий мавсумда «Навбаҳор» юксак мақсадларни кўзламоқда. Клуб раҳбарияти томонидан жамоа олдига қўйилган вазифани амалга оширишда, яъни совринли ўринлар учун кураш йўлида «лочинлар»га қайси клублар рақобат кўрсатиши мумкин?

- «Бунёдкор», «Пахтакор», «Локомотив» ва «Насаф» жамоалари клубимизга муносиб рақобат кўрсатишларини тахмин қиляпман.

- Жорий мавсумда Суперлиганинг энг ёш ярим ҳимоячиси саналасиз. Бу сизга ортиқча босим юкламайдими?

- Йўқ, аксинча, ўзимга бўлган ишончни орттиради. Мен 16 ёшимдаёқ асосий таркибдан ўрин олишни орзу қилгандим. Худога шукр, бу орзумга ўтган йили етдим. 2017 йили «Навбаҳор» таркибида «Металлург»га қарши кечган баҳсда захирадан майдонга тушиб, олий лигадаги дебютимни нишонлагандим.

Дебютим омадли чиқиб, бекободликларни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратгандик. Шунингдек, олий лигадаги голлар ҳисобимни ҳам ўтган йили очгандим ва Олмалиқдаги баҳсда тўп киритгандим. Афсуски, ўша голим жамоамизга ёрдам бермай, 1:2 ҳисобида имкониятни бой бергандик. Жорий мавсумда ҳам голлар ҳисобимни очишга интиляпман.

Худо хоҳласа, голлар уриб, мухлислар ишончини оқлайман, деган умиддаман. Фурсати келганида, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ёш бўлсам-да, менга ишонч билдириб, «Навбаҳор»нинг асосий таркибига жалб этган бош мураббийимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Илҳом Иброҳимович билан олдин «Пахтакор»нинг ёшлар жамоасида бирга фаолият юритгандик.

Шу сабабли, у ўтган йилнинг 2-даврасида мени «Навбаҳор»га таклиф этганида, бу таклифни иккиланмай қабул қилдим. Мўминжонов менинг имкониятларимни яхши биларди ва ўтган мавсумда чўчимай, асосий таркибга жалб этди. Мен ҳам устозимнинг ишончини оқлашга интилдим.

Бу йил эса мунтазам равишда бошланғич таркибда майдонга тушяпман ва мураббийларимизнинг ишончларини оқлашга, жамоамиз манфаати учун қўлдан келганича ҳаракат қиляпман.

Кези келганида айтиш жоизки, Илҳом Иброҳимович ёш бўлса-да, анча тажрибага эга мураббий ҳамда ажойиб руҳшунос. Биз - футболчиларни ўйинларга кўнгилдагидек тайёрлайди, ҳар бир шогирдининг кўнглига йўл топа олади. Бир сўз билан айтганда, Мўминжонов ажойиб инсон ва яхши устоз. Шундай мураббийнинг қўл остида ўйнаётганимдан фахрланаман.

- Қайси жамоадошларингиз сизга ўз маслаҳатларини бериб, қўллаб-қувватлаб туришади?

- Дилшод Жабборов, Жаҳонгир Меҳмонов ҳамда Азизбек Турғунбоев мендан маслаҳатларини аяшмайди ва доимо қўллаб-қувватлаб туришади.

- Майдонда қайси футболчилар билан бир-бирларингни тушуниб ҳаракат қиласизлар?

- Азизбек Турғунбоев ва Аъзам Алиев билан майдонда бир-биримизни яхши тушуниб тўп сурамиз. Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, жамоамиз аҳил-иноқ. Барча жамоадошларим билан яхши чиқишаман.

- Футболга кириб келишингиз қай тарзда юз берган?

- Фурсати келганида, шуни таъкидламоқчиманки, мен оилада ўртанча фарзандман. Мендан 3 ёш катта Достон акам бор. У болалигидан миллионлар ўйинига қизиқарди ва кўча-кўйда ҳамда стадионларда кўп футбол ўйнарди. Мен ҳам акамга ҳавас қилиб, футбол ўйнашни бошлаганман.

Ўн ёшимда отам қўлимдан етаклаб, Навоий шаҳридаги футбол мактабига олиб борганлар. Миллионлар ўйинидаги илк сабоқларни Абдухалил Иноятовдан олганман. 2011 йили Фарғонада футбол мактаблари ўртасида республика турнири ўтказилган. Ўша мусобақада жамоамиз 3-ўринни эгаллаган.

Турнирга «Пахтакор»нинг селекционер мураббийлари ҳам ташриф буюриб, учрашувларни кузатишган. Уларга ўйиним маъқул келган шекилли, мени ўша йили «Пахтакор» футбол академиясига таклиф этишди.

Ушбу таълим масканида ўша пайтдаги ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Темур Олимхўжаев қўл остида таҳсил олдим. 2016 йили «Пахтакор»нинг ёшлар жамоасига қабул қилиндим. 2017 йилнинг 2-даврасидан «Навбаҳор» сафида тўп суряпман.

- Қайси футболчиларнинг ўйинларига ҳавас қиласиз?

- Жаҳон футболи ҳақида гап кетганда, Португалия терма жамоаси ва Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналдуга, ҳамюртларимиздан эса миллий терма жамоамиз ва Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедовга ҳавас қиламан. Ушбу футболчиларнинг ўйинларини диққат билан кузатиб, улардан кўп нарса ўрганишга интиламан.

- Ўз жамоадошларингиздан ташқари, Суперлигадаги 3 нафар энг яхши амплуадошингизни айтиб бера оласизми?

- Албатта. Менимча, булар - Азим Аҳмедов («Пахтакор»), Сардор Собирхўжаев («Бунёдкор») ва Жавоҳир Сиддиқов («Қўқон-1912»).

- «Навбаҳор» мухлисларига қандай таъриф берасиз?

- Жамоамизнинг мухлислари зўр. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари сабабли, шу даражага етиб юрибман. Маҳаллий ишқибозлар мени кўча-кўйда ҳам таниб, ҳурмат қилишади. Бир сўз билан айтганда, Наманганда футболга бўлган қизиқиш кучли ва ғалабаларимизда мухлисларнинг ҳам муносиб улушлари бор.

- 14 июнь куни Россияда нав-батдаги жаҳон чемпионати старт олади. Бўлажак мундиалда қайси терма жамоага мухлислик қиласиз ва сизнингча, қайси юрт вакиллари якунда мусобақа бош совринини қўлга киритишади?

- Россияда ўтказиладиган ЖЧда Португалия термасига ишқибозлик қиламан ва мениимча, айнан ушбу юрт вакиллари жаҳон чемпиони бўлишади.

- Орзунгиз?

- Хориж клублари, жумладан, Испаниянинг «Реал» ва Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клубларида тўп суриш ҳамда миллий терма жамоамиз сардори бўлиш. Ушбу ниятларимни амалга ошириш учун қўлдан келганича ҳаракат қиламан.

БЛИЦ-АНКЕТА

- Ёқтирган рангингиз?

- Яшил.

- Автомобиль?

- «Каптива».

- Рақам?

- 7.

- Мухлислик қиладиган жамоангиз?

- Бирданига 3та клубга, яъни Испаниянинг «Реал», Англиянинг «Манчестер Юнайтед» ва Италиянинг «Ювентус» жамоаларига мухлислик қиламан.

МАЪЛУМОТ УЧУН

Остон ЎРУНОВ

2000 йил 19 декабрда Навоий шаҳрида туғилган.

Футбол билан 10 ёшидан шуғулланишни бошлаган.

Биринчи мураббийи: Абдухалил Иноятов.

«Пахтакор» футбол академиясида таҳсил олган.

Республика олимпия захиралари коллежи талабаси.

Амплуаси: ярим ҳимоячи.

Ўйнаган жамоалари: «Пахтакор» (Тошкент, ёшлар жамоаси) - 2016 йил-2017 йилнинг 1-давраси. 2017 йилнинг 2-даврасидан «Навбаҳор»да.

Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz