Қайднома

Қидирув

Миллий жамоамизда ҳамон ҳужумчи муаммоси бор?!

Миллий жамоамизда ҳамон ҳужумчи муаммоси бор?!

  01.06.2018 06:07
  0
  421
Миллий жамоамизда ҳамон ҳужумчи муаммоси бор?!

Миллий терма жамоамизнинг Уругвайга қарши эълон қилинган таркибидаги ҳужум тандемини кўриб, футболимиздаги сўнгги йилларда вужудга келаётган оғриқли муаммолардан бирини яна бир бор эсга олдим.

Мамлакатимиз футболида янги давр бошланаётган бўлишига қарамай, афсуски, биз ҳалиям яхши ҳужумчиларга эга эмасмиз.

Футболдаги ҳужумчи термини фақат ва фақат рақиб дарвозаси атрофида ҳаракат қилувчи, асосан гол уриш пайида юрадиган ижрочига нисбатан ишлатилсада, сўнгги йилларда бу позиция вакилларининг гарданидаги вазифалар ҳам тобора кўпайиб бормоқда.

Ҳужумчи аслида қандай бўлиши керак? У энг зарур пайтда керакли жойда пайдо бўла олиши, юқори тезлиги билан ажралиб туриши, тўпни дарвозага имкон қадар аниқ йўллай олиши лозим. Агар бош билан тузукроқ ўйнай олса, янада яхши. Бу хислатларга яна ўнлаб мисоллар келтириш мумкин.

Лекин масаланинг яна бир томони борки, бу хислатларнинг ҳаммаси бир футболчида мужассам бўлган тақдирда ҳам, ўша ҳужумчининг эътибордан четда қолишига, баъзида асосли танқидларга кўмилиб кетишига сабаб топилади. Бу - футболчи томонидан урилган голлар сони!

Тарихга назар ташласак, тахминан 2014 йилларгача термамиз таркибида майдонга тушиши доимо аниқ бўлган камида 3-4 нафар ҳужумчи топиларди.

Миллий жамоамиз янги ташкил қилинган ўша 1992 йилдан то 1998 йилги жаҳон чемпионати саралашигача ҳужум чизиғида мунтазам равишда Игорь Шквирин ҳаракат қилган. Унинг ёнида баъзан Рустам Дўрмонов, гоҳида эса Шуҳрат Мақсудов тўп сурарди. Кейинроқ Олег Шацких ҳам қўшилган бу рўйхатга.

1999 йилнинг ёзида Максим Шацких «Балтика»дан Киевнинг «Динамо»сига ўтди-ю, илк учрашувдаёқ иккита тўп киритишга эришди. Айнан шу муваффақиятдан сўнг Максимнинг Украинадаги шонли юришлари бошланди. Кўп ўтмай Шацкихни миллий жамоамизга таклиф қилишди (унгача ҳужумчи олимпия термамиз сафида ўйнаб юрарди).

Самарқанддаги Озарбайжонга қарши ўртоқлик учрашувида дебют қилиб, «хет-трик»ка эришган тўпурар форвард шу-шу бош жамоамизнинг 1-рақамли ҳужумчисига айланиб қолди.

Шацкихга 2002 йилги ЖЧ саралашида Жаъфар Ирисметов ҳамроҳлик қилган бўлса, кейинроқ Александр Гейнрих унинг асосий шеригига айланди. Ростдан ҳам Шацких билан Гейнрих нафақат майдонда, балки унинг ташқарисида ҳам бир-бири билан жуда яхши чиқишарди...

2004 йили Хитойда ўтган Осиё чемпионатига ўша даврда соппа-соғ бўлган ва ҳозиргача сирли қолиб келадиган сабаблари билан Шацких бора олмаган бўлсада, унинг ўрнини Владимир Шишелов умуман билинтирмаганди.

Ўшанда Молдавиянинг «Зимбру» клуби аъзоси бўлган легионеримиз қайтанга терма жамоамиз учун Шацкихдан кўра кўпроқ фойда келтиролган, менимча.

Булардан ташқари, сафимизда ўзимизнинг «Пахтакор»дан Анвар Солиевдек футболчимиз бор эдики, унинг хоҳ қанот ярим ҳимоясида бўлсин, хоҳ ҳужумда - зарур пайтда керакли футболчига «айланиб бера олиш» хислати ҳаммамизни бирдек хурсанд қиларди (айниқса, мураббийларни!).

Ўша пайтларда Солиевга «сеҳрли таёқча» тахаллуси қўйилгани ҳам бежиз эмас. 2004|2005 йилги ЖЧ саралашларида асосан иккинчи бўлимда майдонга тушган Солиев нақд учта йирик учрашувни қутқариб қолган!

Наманганлик футболчининг Ироқ, Саудия Арабистони, Қувайт каби кучли жамоаларга гол уриб, бизни қийин вазиятдан олиб чиқиб кетгани ҳали мухлислар хотирасида узоқ сақланади.

Шунча ҳужумчилар ҳақида гапирилгани билан, тилга олинмай қолиб кетган яна 3-4 нафар вакилимиз борки, уларнинг орасида айниқса, Улуғбек Бақоев ва Марат Бикмаевлар алоҳида ўрин тутади. Хуллас, ортда қолиб кетган йиллар давомида биз ҳужумчи борасида деярли муаммога дуч келмаганмиз.

Мақолам чўзилиб кетган бўлсада, юқоридаги футболчиларни бежизга номма-ном санаб ўтмадим. Хўш, бугунги таркибимизга ўзингиз яхшилаб боқинг-чи, ҳозирда ўша Анвар Солиев ва Максим Шацких даражасидаги ҳужумчилар борми термамизда? Йўқ, албатта!

«Бугун қайси форвард терма жамоамизда ўзининг доимий ўрнига эга?» қабилидаги саволга энг зўр билимдон ҳам жавоб беришга қийналиб қолиши аниқ. Бикмаев 32 ёшдан ўтди, энди ундан кўп нарса умид қила олмаймиз.

Темурхўжа бориб ўйнаётган «Ал-Сайлия»ни «Локомотив» худди «Ал-Ваҳда» каби 5:0га юта олади. Бу нимадан дарак? Абдухолиқовда келажак йўллари, демакки, ривожланиш йўллари тўсиб қўйилган. У Қатарнинг ўртамиёна жамоаси сафида экан, миллий терма учун керакли, фойдали футболчи бўла олмаслигини ҳаммамиз яхши тушуниб турибмиз.

Балки шунинг учундир, Кападзе Уругвайга қарши бўладиган ўйинга ёшларга кўпроқ урғу берган ҳолда Забиҳилло Ўринбоев билан Бобур Абдухолиқовни олиб кетмоқчи.

Афсуски, «Металлург» вакилини ҳам, «Насаф» ҳужумчисини ҳам миллий терма жамоа даражасига тортадиган футболчи, дейиш қийин. Ва бу - Кападзега боғлиқ муаммо эмас.

Бош мураббийимиз бошқа чора йўқлигидан - шу икки ўйинчидан тузукроғини тополмагани важидан ҳам уларни термага жалб қилаётир. Демак, асосий муаммо - кейинги пайтларда клубларимиздан яхши ҳужумчиларнинг деярли етишиб чиқмаётгани.

Шу ерга келганда, якунланган саралаш циклида бўлиб ўтган «ҳангомалар» ёдимга тушиб кетди. Буни тилга олиб ўтмасам ҳам бўлмасди, аслида. Самвел Бабаян бутун саралаш цикли давомида «тортиб» юрган ўша Игорь Сергеевни айтмоқчиман. Хўш, бевосита Сергеевнинг ўзида айб бормиди? Мутлақо, йўқ!

Уни ахир Бабаян майдонга туширган-ку! У ҳолда айб бош мураббийдами? Мавриди келганда, ҳақиқат юзасидан Бабаянни бироз оқлаб қўйишга мажбурман - унга келиб ростдан ҳам сифатли ҳужумчилар танқислиги даври бошландики, буни бартараф этишнинг чорасини бош мураббий топа олмади.

Тан олиш керак, танлаш имконияти тугул, асосий таркибга туширишга яроқли ягона ҳужумчи масаласида ҳам муаммолар бор эди, Бабаянда. Натижада «Сергеев 14та ўйиндан бери бирорта гол урмаяти» қабилидаги гаплар бежиз вужудга келмади.

Бу борада, фикримча, Бабаянга креативлик етишмади. Қандайдир бошқача йўлларни қидирмади, Самвел Вячеславович. Ваҳоланки, йўллар ҳамиша бўлган.

Мен ушбу гапларни ўзимча тўқиб айтаётганим йўқ. Бу борада узоққа бормайлик, сизга ўзимизда бўлиб ўтган бир воқеани эслатай. «Бунёдкор» ўзининг энг гуллаб-яшнаган даврларида Луис Фелипе Сколаридек футбол афсонаси бошчилигида майдонга тушди.

Бразилиялик мураббий қанот ярим ҳимоясининг энг фаол вакилларидан бўлган Жасур Ҳасановни ҳужумда ўйнатгани ва энг муҳими, бу экспериментдан натижа олганини эсланг. Ўшанда Жасурнинг ҳужумчига айлана олгани, марказдан ёриб кириб, голлар ургани кечагина бўлиб ўтган воқеадек хаёлимда гавдаланади.

Бунақа фактларни жаҳон футболида исталганча топиш мумкин. Ҳаттоки, ҳимоячилар керак пайтда ҳужумчига айланган ҳолатлари бўлган. Хуллас, гапираверсак гап ҳам, факт ҳам топилаверади.

Мамлакатимиз чемпионатида бир мавсумда 20-25талаб гол уриб ташлаган ва ўзининг миллий терма жамоага чақирилишини кутиб, футболчилик умрини ўтказиб юборган Зафар Холмуродов, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Марсель Идиатуллин каби ҳужумчилар ҳам деярли учрамаётган ҳозирги даврда ана шунақа «рокировкалар» хусусида ўйламасликнинг иложи йўқ. Бу битта томони.

Иккинчи томондан, клублар ҳам бу борада жиддий ишлашларига тўғри келади. Эътибор беринг, энг кучли клубларимизнинг асосий ҳужумчилари легионерлар - «Пахтакор» олдинги чизиқда Гонсалвеш билан Безеррани ўйнатмоқда, «Насаф» неча йиллардан буён Черанга ишонади, камига «Бунёдкор» ҳам Филип Ра-йевацни ўз таркибига қўшиб олган.

Уларнинг ишини давом эттиргандек, ўртаҳол клубларимиз ҳам легионер ҳужумчилар билан «бойиб кетишди» - Григалашвили, Иньяц, Чемиртан, Спремо (Милан ўз юртига жўнаб кетганига қарамай, 1-даврада «Қўқон-1912» сафида ўйинлар ўтказди).

Бу оғир аҳволни кўриб, клубларимизда дарвозабонлар мураббийи лавозимига қўшимча яна ҳужумчилар мураббийи деган янги штат киритиш керакмикан, деб ўйлаб қоласан киши...

Ҳа, таркибдаги ҳужумчилар билан алоҳида шуғулланадиган, мақола бошида тилга олинган кўрсаткичларни таъминлаб берадиган, аввало, ишни ҳужумчининг вазифасини тушунтиришдан бошлайдиган шахс. Хуллас, бу мавзу хусусида ҳам узоқ тортишиш мумкин.

Доимо термамизнинг азалдан энг кучли чизиғи саналадиган ярим ҳимояда камида 7-8 нафар маҳоратли футболчимиз бўлишини биламиз. Уларнинг кучидан, салоҳиятидан майдонда бир вақтда фойдаланиб бўлмас экан, демакки, ҳужумчи ўрнига мосроғини - халқ таъбири билан айтганда, «гол ҳидини сезадиган» ярим ҳимоячилардан бирини қўйиш ҳақида бош қотирсак бўлади.

То яхши форвардлар топилгунга қадар. Ҳалиям кеч эмас-ку! Ёш ярим ҳимоячиларимиз орасида шундайин голни ҳис қила оладиган футболчилар борки, улар захирада ўтириб, Сергеевга ўхшаган голсиз ҳужумчилар майдонга туширилса, адолатдан бўладими?

Тўғри, мураббийларимиз «Четдан туриб гапириш осон», дейишлари мумкиндир. Лекин бу борада «Ростов» устози - Россия футболининг энг ёрқин вакилларидан бўлган Валерий Карпиннинг Элдор Шомуродовни деярли ҳар бир ўйинда номинал ҳужумчи сифатида майдонга тушираётганини тилга олиш жоиз.

Ваҳоланки, Элдор қанот ярим ҳимоясида ҳам бирдек яхши ҳаракат қила олади, керак пайтда ҳатто ҳимоячиларга ёрдамлашгани келади.

...Бир ҳафтадан сўнг миллий терма жамоамиз Уругвайга қарши майдонга тушар экан, Азиз Турғунбоев, Жасур Яхшибоев каби келажак футболчиларимизни ҲУЖУМЧИ ЎРНИДА синаб кўришларини орзу қилдим. Зеро, қанот ярим ҳимоямизда уларнинг ўрнида ҳаракат қила оладиган иқтидор соҳиблари бисёр.

Беҳзод Аҳмаджонов


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz