Қайднома

Қидирув

Артур Юнусов: «Терма жамоа ўз ҳолига ташлаб қўйилган»

Артур Юнусов: «Терма жамоа ўз ҳолига ташлаб қўйилган»

  02.06.2018 06:34
  1
  842
Артур Юнусов: «Терма жамоа ўз ҳолига ташлаб қўйилган»

Футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳслари ҳам худди Суперлигада бўлгани каби ўзгаришлар билан ўтказилмоқда. Жамоалар футзалимиз тарихида илк бор уй-сафар тизимида майдонга тушишяпти.

Икки кун ичида иккита учрашув ўтказиляпти. Албатта, бу ўзгаришлар ҳам футзалимизни янги босқичга олиб чиқишига умид қиламиз.

Ҳозирча ортда қолган 9-турдан сўнг турнир жадвалида амалдаги чемпион АГМК пешқадамлик қиляпти. Кучли учликдан «Пахтакор» ва «Металлург» жамоалари жой олишган.

Тошкентнинг яна бир клуби «Локомотив»нинг эса унча омади юришмаяпти. Биз  яқинда «темирйўлчилар» сардори Артур Юнусовдан навбатдаги тур учрашувидан сўнг интервью олдик.

- Артур, мана футзал бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 9та тур ўйинлари ортда қолди. Шу учрашувлардан келиб чиқиб, бу йилги мусобақага қандай баҳо берасиз?

- Чемпионатимизнинг янги формати ҳозирча ўзини оқлаяпти, дейиш мумкин. Тўғри, ўзига яраша камчиликлар ҳам йўқ эмас. Биринчи галда ҳамма спорт заллари ҳам талабга жавоб бермайди. Айрим спорт залларининг паркет қопламаси аянчли ҳолатда. У ерда тўп тепишнинг сира ҳам иложи йўқ.

Жароҳат олиш фоизи жуда юқори. Зал деворлари майдонга жуда ҳам яқин. Айримларида бир метр ҳам чиқмайди. Жумладан, Қўқондаги зал стадионида шундай манзара кўзга ташланади. Жамоадошларимдан бири деворга бориб урилиши натижасида жиддий жароҳат олди. Тезликда кетаётганида уни рақиб ўйинчиси итариб юбориши оқибатида деворга бориб урилди.

Натижада шеригимизни «тез ёрдам» машинасида касалхонага олиб кетишга тўғри келди. Бошқа томондан, пешқадамларнинг очко йўқотаётгани, кутилмаган натижаларнинг қайд этилаётганини ижобий таассуротларга қўшса бўлади.

- Чемпионатнинг уй-сафар тизимида ўтказилаётгани ҳақида нима дейсиз?

- Шахсан менга бу янгилик маъқул келяпти. Олдин Тошкентда ёки бошқа бир шаҳарда йиғилиб, 4 кун ичида битта тур ўйинларида майдонга тушардик. Ўйинлар ҳатто эрталабки соат 10да ҳам ўтказиларди.

- «Локомотив»нинг ҳозирча ишлари юришмаяпти. Жамоа олдига қандай вазифа қўйилган?

- Камида кучли учликка киришимиз керак. Бизда ёшлардан иборат жамоа шаклланяпти. Уларнинг натижа кўрсатишлари учун озгина вақт керак. Бу ёшлар билан ҳали ишлаш керак.

Очиқ айтиш керак, ҳали чемпионлик учун курашадиган таркиб ва салоҳиятга эга эмасмиз. Қувончлиси, болаларда иштиёқ кучли, улар машғулотларда астойдил ишлашяпти.

- Нима деб ўйлайсиз, бу йил ҳам АГМК осонлик билан чемпион бўладими ёки асосий кураш ҳали олдиндами?

- Олмалиқликлар осон чемпион бўлишадими ёки йўқ, буни вақт кўрсатади. Чунки, ҳали асосий ўйинлар олдинда. Лекин АГМК таркиби оптимал ва чемпионликни ҳал қиладиган даражада. Таркибида терма жамоа аъзолари кўпчиликни ташкил қилади.

- Адашмасам, «Локомотив» билан тузган шартномангизда хориж клубларидан таклиф бўлса, «темирйўлчилар» сизни ҳеч қандай муаммосиз қўйиб юборишлари ҳақида банд бор эди. Тўғрими?

- Худди шундай. Ҳаттоки, Хитой жамоасидан таклиф ҳам бўлганди. Бу клуб ўтган йили Хитой чемпионатида бронза медалини қўлга киритган эди. Лекин маълум бир сабабларга кўра, Чин юртига кета олмадим. Биз деярли барчасини келишиб олгандик. Лекин «Локомотив»да ўзимни бахтиёр ҳис қиляпман. Бу ерда мени барчаси қониқтиради.

- Балки Хитой жамоаси томонидан таклиф этилган маош сизни қониқтирмагандир?

- Йўқ. Шартноманинг молиявий томони мени тўлиқ қаноатлантирганди. Шунчаки, оилавий сабаб туфайли Хитой клуби билан шартнома имзолай олмадим. Аниқроғи, яқинда ота бўлгандим. Оиламизда қиз фарзанд дунёга келганди.

Олдимда иккита йўл турганди. Хитойга кетишим учун оилам ҳам мен билан бирга бўлиши керак эди. Уларни бу ерда ёлғиз ташлаб кета олмасдим. Қолаверса, қисқа фурсатда ҳужжатларни ҳам тўплашнинг имкони йўқ эди. Кейин Хитойда чемпионат якунига яқинлашиб ҳам қолганди.

Мана шу сабаблар жам бўлиб, «Локомотив»дан кетишимга тўсқинлик қилди. Лекин жамоа билан ўзаро оғзаки келишувимиз бор. Кейинги мавсумда мен Хитой клуби билан шартнома имзолаш имкониятига эгаман. Насиб қилса, келаси мавсум яна легионер сифатида тўп сураман.

- Осиё чемпионатидан сўнг терма жамоамизда сокинлик ҳукмронлик қиляпти. Зерикмадингларми?

- (кулади) Бу борада ҳеч нарса дея олмайман. Ҳозир на терма жамоа, на ўқув-машғулот йиғинлари бор. Бу нотўғри. Вазиятни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди.

Ҳеч бўлмаса, бир ойда бир марта терма жамоага номзод футзалчиларнинг спорт формасида ушлаб туриш учун йиғинлар ташкил этиш керак. Бу зарар қилмайди. Қолаверса, ёш футзалчилар ҳам терма жамоадан чақирув олиш учун ўз клубларида яхшироқ ўйин кўрсатишга интилишади.

Очиғини айтсам, ҳозир футзал керак бўлмай қолди. Худди шундай таассурот уйғотяпти. Бу эътиборсизлик натижасида шунча йил орттирилган тажриба, халқаро майдондаги обрў тушиб кетади. Ўзбекистондан рақиблар қўрқишарди. Лекин сўнгги пайтларда биздан деярли ҳеч ким ҳайиқмай қўйди.

- Терма жамоанинг яқин орада бирорта мусобақада иштирок этиши ёки йиғин ўтказилиши кутилмаяптими?

- Билмадим. Бу борада ҳеч ким ҳеч нарса демади.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


пишибдида пулписдан кейин збор афсусс
04.06.2018 00:25

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

Чемпионлар давраси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz