Қайднома

Қидирув

Венгер «Арсенал»да иш бошлаганида АПЛнинг ҳозирги мураббийлари нима билан банд эди (фотогалерея)

Венгер «Арсенал»да иш бошлаганида АПЛнинг ҳозирги мураббийлари нима билан банд эди (фотогалерея)

  02.06.2018 00:21
  0
  4698
Венгер «Арсенал»да иш бошлаганида АПЛнинг ҳозирги мураббийлари нима билан банд эди (фотогалерея)

Арсен Венгер «Арсенал» бошқарувини қўлга олган 1996 йили АПЛ клубларининг ҳозирги бош мураббийлари нима билан машғул эдилар?

Қизиқарли савол, тўғрими? Ахир орадан салкам чорак аср ўтди. «Арсенал» франциялик футбол профессори қўл остида янги асрнинг биринчи 10 йиллигида жуда омадли ўйнади - миллий чемпионатда 3 бора тахтга кўтарилди, Англия кубоги ва суперкубогини 4 мартадан қўлга киритди, қолаверса, УЕФА кубоги ҳамда ЕЧЛ финалларига чиқди.

Энг асосийси, «канонирлар» ўта нафис футбол кўрсатишгандики, уларга бефарқ қараш иложсиз эди. Бироқ охирги йилларда вазият ўзгариб, Венгерга эътирозлар кўпайди... Хуллас, 22 йиллик ришта узилди.

Француз мутахассисининг АПЛда нечоғли ёрқин из қолдирганини битта факт мисолида яққол кўриш мумкин - у якунланган мавсум миллий чемпионатлар олий дивизионида ишлаган мутахассислар орасида жамоаси билан 20-асрда ҳамкорлик қила бошлаган европалик ягона мураббий бўлди!

Қизиқ, Венгер ва «Арсенал» ўзаро боғланган вақт АПЛ жамоаларининг ҳозирги бош мураббийлари (мавсум-2017|2018да ишлаганлар) қаерда ва нима билан машғул эдилар?

Қуйидаги суратли мақола турнир жадвалининг якуний ҳолати бўйича ёзилган. Яъни ҳаммаси энг пастки поғоналарни банд этган жамоалар бош мураббийларидан бошланган.

Даррен МУР («Вест Бромвич»)

1996 йилги ҳолати: «Донкастер Роверс» футболчиси, 22 ёш

Венгер «Арсенал» бошқарувини қўлга олган вақт Мур 4-дивизион иштирокчиси «Донкастер Роверс»да ўйнарди. Умуман, катталар футболида илк қадамларини ташлаган Ямайка вакили меҳнаткаш ва ишончли марказий ҳимоячидек таассурот уйғота бошлаганди.

Пол ЛАМБЕРТ («Сток Сити»)

1996 йилги ҳолати: «Боруссия» Д. футболчиси, 27 ёш

Пол атиги бир мавсум (1996|1997) Шотландиядан ташқарида ўйнаган. Муҳими, у ўшанда ЧЛ финалида Карл-Хайнц Ридле урган голга ҳаммуаллифлик қилиб, «шалпангқулоқ» кубокни Қўшма Қироллик ташқарисидаги жамоа сафида боши узра баланд кўтарган биринчи британиялик бўлганди.

Карлуш КАРВАЛЬЯЛ («Суонси»)

1996 йилги ҳолати: «Эшпинью» футболчиси, 30 ёш

Португалиялик Карвальял футболчилик фаолиятининг якуний қисмида камтарин «Эшпинью» сафига қўшилиб, клуб шарафини 4 йил ҳимоя қилганди. Эътиборлиси, Карлуш бутсаларини михга илганидан кейин дарҳол «Эшпинью» бош мураббийи ваколатини қўлга олган.

Марк ХЬЮЗ («Саутгемптон»)

1996 йилги ҳолати: «Челси» футболчиси, 32 ёш

«МЮ» тарбияланувчиси саналган Марк 1996 йили кузда «аристократлар» сафидаги иккинчи мавсумини бошлаганди. 1999 йилга келиб, ҳали фаолияти давом этаётган футболчини Уэльс термаси бошқарувига таклиф этишади!

Дэвид ВАГНЕР («Хаддерсфилд»)

1996 йилги ҳолати: «Шальке» футболчиси, 24 ёш

«Майнц»да 4 йил ўйнаб, 19та гол урган Дэвид 23 ёшида Гельзенкирхен жамоаси билан шартнома тузганди. Бироқ «Шальке»да айтарли каромат кўрсатолмайди - 2 йилда атиги 2та гол. Тўғри, Вагнер мавсум-1996|1997да УЕФА кубоги соҳибига айланган эди.

Крис ХЬЮТОН («Брайтон»)

1996 йилги ҳолати: «Тоттенхэм» (U-21) бош мураббийи, 37 ёш

Ўйинчилик фаолиятига 1993 йили нуқта қўйган Хьютон дарҳол «шпорлар» тизимида мураббий сифатида иш бошлаганди. Аввалига U-21 тоифасидаги ўринбосарлар таркибини бошқарган Крис «Арсенал» - Венгер иттифоқи тузилганидан 1 йил ўтибгина асосий жамоа мураббийлари штабидан ўрин олади.

Хавьер ГРАСИЯ («Уотфорд»)

1996 йилги ҳолати: «Реал Сосьедад» футболчиси, 26 ёш

Хавьер 1996 йили Сан-Себастьян жамоаси сафида иккинчи мавсумини ўтказган. У қисқа вақтда ишончли ва абжир таянч ярим ҳимоячиси сифатида гавдаланиб, «Реал Сосьедад» етакчилари қаторига қўшилганди.

Грасия 1999 йили «Вильярреал»га ўтишга қадар Сан-себастьянликлар либосида 100тадан ортиқ ўйинда қатнашганини ҳам айтиш ўринли.

Дэвид МОЙЕС («Вест Хэм»)

1996 йилги ҳолати: «Престон Норт Энд» футболчиси, 33 ёш

Узоқ 1980 йили Глазгода катта футболга бош суққан Дэвид мавсум-1996|1997да бутсаларини михга илишни ўйлай бошлаганди. 1998 йилнинг январида, яъни Венгер «Арсенал» бошқарувига тайинланганидан 15 ой ўтиб эса, Мойес «Престон»ни шуғуллантириш асносида мураббийлик фаолиятига старт беради.

Эдди ХАУ («Борнмут»)

1996 йилги ҳолати: «Борнмут» футболчиси, 18 ёш

«Борнмут» тарбияланувчиси саналган Хау жамоанинг асосий таркибидаги дебютини 1995 йил декабрда нишонлаганди. У 2002 йили «Портсмут»га кетишига қадар бу жамоанинг 200тадан ортиқ расмий ўйинида қатнашади. Портсмут клубда 2 йилча ушланиб турган Эдди бутсаларини михга илиш ва мураббийлик ишини бошлаш учун нижонажон клубига қайтади.

Унинг янги соҳадаги йўли идеал кинематографлик ишига асос бўлиши мумкин: «Борнмут» ёш мутахассис раҳбарлигида 6 мавсум давомида Англия футболи тизимидаги тўртинчи дивизиондан Премьер лигага кўтарилди!

Рой ХОЖСОН («Кристалл Пэлас»)

1996 йилги ҳолати: «Интер» бош мураббийи, 49 ёш

Хожсон 1996 йили Милан клуби бошқарувида иккинчи мавсумга киришганди. «Интер» англияликнинг мураббийлик фаолиятида 8-клуб эди. Инглиз мутахассиси мавсум-1996|1997да чемпионатда 3-ўринни таъминлайди, қолаверса, жамоани УЕФА кубоги финалига олиб чиқади.

Рафаэль БЕНИТЕС («Ньюкасл»)

1996 йилги ҳолати: «Осасуна» бош мураббийи, 36 ёш

Рафа бошқарган «Вальядолид» гарчи 23та ўйинда атиги 2та ғалаба қайд этган бўлсада, «Осасуна» раҳбарияти 1996 йилнинг ёзида бундай «муваффақият»дан кўз юмиб, уни бош мураббий лавозимига таклиф қилганди.

Бироқ Бенитес памплоналикларни атиги 9 марта майдонга бошлаб тушади ва истеъфо... Ҳа, буюк испан мутахассисининг иши силлиқ бошланган эмасди.

Клод ПЮЭЛЬ («Лестер»)

1996 йилги ҳолати: «Монако» фитнесс-мураббийи, 35 ёш

Пюэль «Монако»да нақ 20 мавсум ўйнаган бўлса, улардан 7тасида бевосита Венгердан таълим олган. Арсен Англияга йўл олишидан бир неча ой аввал эса футболчилик билан хайрлашиб, фитнесс-мураббий ролини бажара бошлаганди.

Пюэлнинг иккинчи соҳадаги энг катта ютуғи ҳам «Монако»га боғлиқ. Яъни бош мураббий сифатидаги биринчи тўлақонли мавсуми (1999|2000)да князликларни чемпионлик сари етаклаганди.

Сэм ЭЛЛАРДАЙС («Эвертон»)

1996 йилги ҳолати: мураббий сифатида ишсиз, 41 ёш

Ҳа, «Катта Сэм» 1996 йилнинг кузида ишсиз қолганди. Аниқроғи, ўша вақт қамоқда ўтирган «Блэкпул» хўжайини Оуэн Ойстон хоҳишига кўра, клубдан ҳайдалганди. Янги йил бошида эса мураббийни ночор аҳволдаги «Ноттс Каунти»га чорлашади.

Шон ДАЙЧ («Бернли»)

1996 йилги ҳолати: «Честерфилд» футболчиси, 25 ёш

Мавсум-1996|1997 нафақат «Честерфилд», балки Дайчнинг ўзи учун ҳам алоҳида ўрин тутганди - жамоа мисли кўрилмаган юришни амалга ошириб, Англия кубоги ярим финалига чиққан, «Бернли»нинг ҳозирги устози (у «Честерфилд» сардори эди) эса финал йўлидаги ўйиннинг 60-дақиқасида пенальтидан фойдаланиб, ҳисобдаги устунликни мустаҳкамлайди - 2:0.

Бироқ «Мидлсбро» кейинчалик мағлубиятдан қутулиб қолган (3:3) ва такрорий ўйинда 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Дайчни финалдан маҳрум этган...

Антонио КОНТЕ («Челси»)

1996 йилги ҳолати: «Ювентус» футболчиси, 27 ёш

«Кекса синьора» сафига 1991 йили қўшилган Конте мавсум-1996-1997да фаолиятининг энг юқори чўққисига чиққанди. Антонио якунда ЧЛ финалида ўйнайди, ички чемпионатда эса иккинчи бора скудетто соҳибига айланади.

Юрген КЛОПП («Ливерпуль»)

1996 йилги ҳолати: «Майнц» футболчиси, 29 ёш

Юрген Норберт Клопп узоқ 1996 йили «Майнц» билан иккинчи Бундеслига кенгликларида ўйнаганди. Айни ўша мавсум бўлажак мураббий учун ўзига хос бурилиш нуқтаси бўлади: уни ҳужумдан ҳимоя чизиғига суришади.

Гап шундаки, «Ливерпул»нинг амалдаги устози ҳужумчи сифатида атиги 4тагина гол урганди, холос.

Маурисио ПОЧЕТТИНО («Тоттенхэм»)

1996 йилги ҳолати: «Эспаньол» футболчиси, 24 ёш

Аргентиналик футболчи 22 ёшида «Эспаньол» билан шартнома тузган ва дарҳол асосий таркибдан жой олганди. Маурисионинг Барселонадаги камтарин жамоа билан икки марта - 2000 ва 2006 йилларда Испания кубогини қўлга киритганини қўшимча қилиш ўринли.

Жозе МОУРИНЬО («МЮ»)

1996 йилги ҳолати: «Барселона» бош мураббийи ассистенти, 33 ёш

1996 йилнинг ёзида «Камп Ноу»га сэр Бобби Робсон таржимони сифатида қадам қўйган Жозенинг роли тобора ошиб бориб, у қисқа вақтда бош мураббий ассистенти даражасигача кўтарилганди.

Робсон атиги бир мавсумдан кейин «Барселона»дан кетган бўлсада, португалиялик ёш мураббий ўз лавозимини сақлаб қолиб, Луи ван Галга ҳам ёрдам беради.

Хосеп ГВАРДИОЛА («Манчестер Сити»)

1996 йилги ҳолати: «Барселона» футболчиси, 25 ёш

Хосеп мавсум-1996|1997да энг юқори спорт формасида бўлган. У Бобби Робсон ғояларини футболчиларга етказадиган воситачи эди. Дейлик, Испания чемпионати доирасидаги 38та ўйинда тўлиқ иштирок этгани кўп нарсадан далолат.

Ваҳоланки, ўша мавсум «Барса» таркиби фақат юлдузлардан тузилганди: Роналдо, Луиш Фигу, Христо Стоичков, Карлес Бускетс, Луис Энрике, Лоран Блан, Хуан Антонио Пицци, Абелардо Фернандес, Роберт Просинечки ва Хулен Лопетеги.

------------------------------------------------------

P.S.: «Эвертон» ва «Вест Хэм» бош мураббийлари сифатида мавсум давомида истеъфога чиқарилган мутахассислар кўрсатилган.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz