Қайднома

Қидирув

Қимматга тушган финал ёхуд ЖЧ-2018ни ўтказиб юборадиган Дани Алвеш ҳақида

Қимматга тушган финал ёхуд ЖЧ-2018ни ўтказиб юборадиган Дани Алвеш ҳақида

  02.06.2018 06:09
  0
  855
Қимматга тушган финал ёхуд ЖЧ-2018ни ўтказиб юборадиган Дани Алвеш ҳақида

«Ле Эрбье» ҳамда «ПСЖ» ўртасидаги Франция кубоги тақдирини ҳал қилган баҳс миллиардлаб футбол мухлислари учун қимматга тушди.

Боиси, Париж суперклуби ва Бразилия терма жамоасининг тажрибали ҳимоячиси Дани Алвеш учрашувнинг сўнгги дақиқаларида жароҳат олиб, майдонни тарк этди.

Оқибатда таниқли юлдуз Россия мундиалидан четда қоладиган бўлди.

35 ёш - чегара эмас

Май ойининг дастлабки кунлари Дани Алвеш учун воқеаларга бой бўлди. Афсуски, уларнинг барчаси кўнгилли эмас. 6 май якшанба оқшомида футболчи 35-туғилган кунини нишонлади, 11 майда эса Фёдор Смолов, Юлиан Дракслер ва россиялик модель Наталья Водяновалар ёнида машҳур модалар журналининг муқовасидан жой олди.

Аммо ана шу давр оралиғи - 8-санада Франция кубогини қўлга киритиш чоғида жароҳатланди. Шу тариқа Бразилия терма жамоаси сафида Россияга ташриф буюриш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Шифокорлар унинг оёғидаги пай чўзилишини мундиал бошланишидан аввал даволашнинг иложи йўқлигини маълум қилишди.

Шубҳа йўқки, бу Бразилия терма жамоаси учун кутилмаган ўта кўнгилсиз янгилик. Бунданда кўнгилсизроқ ҳодиса февраль ойида юз берган, аммо ўша пайтда жароҳат олган Неймар саломатлигини тиклаб олди ва ЖЧни интиқлик билан кутмоқда. Бироқ «ПСЖ» вакилисиз «пентакампеонлар»нинг ўнг қанот ҳимояси заифлашиб қолиши аниқ.

Зеро, Алвеш қайси жамоада тўп суришидан қатъий назар, доимо ролларини аъло даражада ижро этган ва ишончни оқлаб келган. Тўғри, юқори тезликни талаб этадиган қанот ҳимоячиси позицияси учун 35 ёш идеал вариант эмас. Бироқ Дани Алвеш бундан мустасно. Улкан тажриба эвазига у анчайин мураккаб вазифаларни ҳам жойидан жилмаган ҳолда уддалай олади.

Самарали старт

Париждаги дебют мавсумида бразилиялик ҳимоячи бельгиялик навқирон (26 ёш) рақобатчиси Том Меньедан устунлигини исботлаб, мўъжиза кўрсатишни бошлаб юборди. Дастлабки расмий беллашув - Франция суперкубогида Алвеш стандарт вазиятдан «Монако» дарвозасини забт этди, кейин Рабьони самарали узатма билан таъминлади.

Натижада «ПСЖ» 2:1 ҳисоби билан зафар қучди. Орадан 1 ҳафта ўтгач, Эдинсон Кавани Алвешнинг узатмасини голга айлантириб, «Амьен»ни таслим этди - 2:0. Шу тариқа пойтахтлик мухлислар кўнглидаги 34 ёшли ҳимоячига нисбатан шубҳа ўз-ўзидан ғойиб бўлди.

Дарвоза ҳам нотаниш эмас

Мавсум ўрталарида Алвеш ишга шунчалик шўнғиб кетдики, ҳимоя чизиғидаги ишончли ҳаракатлари, голлари ва самарали узатмалари камлик қилиб қолди. Февраль ойида «ПСЖ» мамлакат кубоги доирасида «Сошо» билан куч синашганди. Дани эса беллашувни захира ўриндиғида бошлаган, сўнгги 20 дақиқаликда Эмери уни майдонга туширганди.

Иттифоқо, учрашув якунланиши арафасида ҳакам парижликлар посбони Траппга қизил карточка кўрсатиб, уни майдондан четлатди. Бу паллада мураббий ўйинчи алмаштириш ҳуқуқидан тўла фойдаланиб бўлганди. Шу сабабли қолган дақиқаларда дарвозани майдон ўйинчиларидан бири қўриқлашига тўғри келди. Алвеш эса узоқ ўйлаб ўтирмай қўлқопни кия бошлади.

Ҳимоячининг дарвоза чизиғидан жой олиши ва жамоанинг озчилик бўлиб қолганлиги ўйин тақдирига таъсир этмади - «ПСЖ» йирик ҳисобдаги (4:1) ғалабани сақлаб қолди. Дани Алвеш эса дарвозабон сифатида ўзининг дастлабки «қуруқ» учрашувини нишонлади, жамоадошлари уни бу муваффақият билан самимий табриклашди.

Давранинг гули

Дани нафақат савияли ҳимоячи, балки хонандалик ва раққосликни ҳам қойиллата олади. Шу боис, клубида ҳам, Бразилия терма жамоасида ҳам у ечиниш хонасининг гули ҳисобланади.

Фаолияти давомида 2 марта жаҳон чемпионати, 4 марта Америка кубоги, яна 2 марта Конфедерациялар кубоги мусобақаларида иштирок этган тажрибали футболчи ҳар қандай вазиятда жамоадошларига кўтаринки кайфият бахш эта олади. Россия мундиалида унинг йўқлиги Тите ва шогирдларига яққол сезилишига шубҳа йўқ.

Алвешнинг ўрнини боса оладиган муносиб номзодлар эса унчалик кўп эмас - «Манчестер Сити»даги Данило савия жиҳатидан Данига яқинлашиши мумкин. Рафинья ҳам «Бавария»нинг ишончли ҳимоячиларидан бири. Лекин айнан унинг қўпол хатосидан кейин Юпп Хайнкесс жамоаси ЕЧЛнинг финал йўлланмасини «Реал»га совға қилди.

Табиийки, Тите бу «қовун»ни инобатга олмасдан қўймайди. «Коринтиансда тўп сураётган Фагнер ҳам Алвеш позициясида ўйнайди. Аммо терма жамоага бундан атиги бир йил аввал, 27 ёшга чиққанида таклиф этилди.

Актёрлик маҳорати

Навбатдаги ЖЧнинг мухлислари қай даражадаги ижрочидан жудо бўлганликларини тўлароқ тасаввур қилишлари учун Дани Алвешнинг футболга алоқаси бўлмаган айрим ҳаракатларини зикр этиш жоиз. Масалан, у яшил майдондаги фаолиятини бошлашидан аввал ўз юртида яратилган «Канудос уруши» фильмида суратга тушганди.

Футболчилик даврида эса  «Вильярреал» мухлиси унга қарата банан улоқтирганди. Мухлиснинг ирқчиликка хос бу қилиғига Дани умуман эътибор бермади. Аниқроғи, ўзини эътибор бермагандек тутди - бурчак зарбасини амалга ошириш мақсадида майдон четига йўл оларкан, бананни қўлига олди ва... уни паққос туширди. Кейин эса хотиржамлик билан ўйинни давом эттирди.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz