Қайднома

Қидирув

Лукас Окампос: «Памела борасида ҳазиллашиш тақиқланган…»

Лукас Окампос: «Памела борасида ҳазиллашиш тақиқланган…»

  04.06.2018 06:12
  0
  838
Лукас Окампос: «Памела борасида ҳазиллашиш тақиқланган…»

Қувноқ «Марсель» Лион шаҳрида ташкиллаштирилган Европа Лигаси финалида жиддий «Атлетико»га айтарли қаршилик кўрсатолмади - 0:3.

Шунга қарамай, Франция жамоасини якунланган евромавсум кашфиёти сифатида таърифлаш учун асослар етарли. Ҳар ҳолда, марселликларнинг охирига қадар курашни давом эттиришгани таҳсинга сазовор.

Энг қизиғи, аргентиналик ярим ҳимоячи Лукас Окампоснинг France Football ҳафтаномасига берган интервьюсига асосан гапирсак, охирги йилларда жамоага фақат ҳазил-мутойибага мойил ва доимо табассум билан юрадиган футболчиларни таклиф қилишмоқда...

Соч турмаги - асосий «нишон»

- Сизнингча, ҳозирги «Марсел»нинг кучи нимада, қайси жиҳат жамоага алоҳида иштиёқ бағишламоқда?

- Биринчи навбатда, бирдамлик ва уюшқоқликни таъкидлашим керак. Яна жамоавий руҳ анча баланд. Мисол учун, кўплаб ўйинларни охирги дақиқаларда урилган голлар эвазига ўз фойдамизга ҳал қилдик.

Баъзан ҳаракатларимиз асло қовушмайди, лекин ҳамжиҳат тўп сурганимиз ҳисобига ғалаба қозонамиз. Умуман, шахсан мен бутун фаолиятим давомида бу қадар аҳил жамоани кўрган эмасдим.

- Айтишларича, ғалабалардан кейин «Марсель» кийиниш хонасида ғалати воқеалар кузатилар экан. Дейлик, Европа Лигаси чорак финалида анча жиддий рақиб - «РБ Лейпциг»ни 5:2 ҳисобида мағлубиятга учратдинглар ва...

- Ҳа, чиройли ғалабани тантана қилганимизга қўшимча равишда Хироки (япониялик Сакаи назарда тутилмоқда) гол урди. Ажойиб йигит, Бундайларни ҳозирги футболда топиш амри-маҳол. У бутун жамоага ижобий кайфият улашади.

Дейлик, француз тилида бир калима гапиролмайди, аммо ҳамма-ҳамма уни осонгина тушунади. Ўзи Хирокининг «Мар-сел»да ўз голлари ҳисобини очишини анчадан буён кутаётгандик.

Диққатга сазовор томони, у илк голини туғилган кунида нишонлади! Ўйин ақлга сиғмас даражада зўр чиқди, Сакаининг аниқ зарбаси эса унинг ўзига хос безаги бўлди.

- Ўйиндан сўнг унга қандай совға улашдинглар?

- Қанақа совға? Ахир Хирокининг ўзи унутилмас совға ҳозирлади-ку. Қолаверса, дўстидан бутун жамоа учун қурутилган мевалар олиб келишини сўраган экан, эртаси куни кийиниш хонасида барчасини баҳам кўрдик. Уни нега ажойиб йигит сифатида таърифлаётганим сабабини энди тушунгандирсиз (кулади)...

- Валер Жермен ўз интервьюларидан бирида шундай деганди: «Очиғи, «Марсел»да ўқ ўтказмайдиган жилет (зирҳли нимча) кийиб олишингиз шарт, акс ҳолда, ҳазил-мутойибалар остида қоласиз, ўткир гаплардан баданингиз илма-тешик бўлиб кетади...». Нима, ҳазиллар қўполми?

- Унчалик эмас. Лекин Жермен ҳақ - агар ҳимояланиб келмаган бўлсанг, калакалар ичида «сузасан».

- Сиз ҳам бенасиб қолмасангиз керак...

- Ҳа, ҳар қадамда нишонга тушишим мумкин. Йигитлар айниқса, соч турмагимга кўп «осилишади». Чунки бу борада мудом қандайдир оригинал нарсага қўл ураман. Натижада Дим (Пайе назарда тутилмоқда) дарҳол ҳазил ўқини сочади. Лекин мен ҳам анойилардан эмасман - сира бўш келмайман.

Жамоада кимнингобрўси баланд?

- Хўш, «Марсел»да асосий «фигура» ким? Яъни футболчилар қайси жамоадошларига алоҳида ҳурмат билан қарашади?

- Менимча, ҳамма Луиз Густавони бирдек ҳурмат қилса керак. Ҳар ҳолда, у гап бошласа, қолганлар жим бўлиб қолишади. Аниқроғи, гапини биров бўлишга жазм этолмайди. Яна Стив Манданда ҳам бор.

Унга «капи», дея мурожаат қиламиз (Манданда 2016 йилгача жамоа сардори эди). Ҳурматга лойиқ ҳақиқий фахрий. Роландо эса етук оратор, у шунинг баробарида французчани жуда яхши билади. Одил ҳам тинмай гапиришни хуш кўради. Пайенинг ўрни алоҳида, албатта. Ахир у - жамоа сардори.

Лекин дейлик, ёш футболчилардан бири ўз фикрини баён этишни истаса, унга ҳам қулоқ тутамиз. Ахир хушчақчақ йигитлар жамоасида бош-қача бўлиши мумкинми? Хуллас, ҳазил ўз йўлига, жиддийлик талаб этилган вақт жиддийлашамиз, албатта.

- Одил Рамининг сиз ҳақингизда айтган гапларидан иқтибос: «Лукас мана, 10 йилдан буён Францияда яшамоқда, аммо ҳалигача француз тилида ҳеч вақони билмайди.

Мабодо французчада гапирса ҳам, ниманидир тушунишингиз қийин». Демак, тил ўрганишда нўноқсиз, шундайми?

- Одил ва Димитри доимо мени бирор французча ибора айтишга мажбурлашади, кейин хандон отиб кулишади. Рами учун руминман, чунки французча «р» ҳарфини сира талаффуз қилолмайман.

Ахир испан луғатида бундай садо йўқ - р-р-р... (айтишга уриниб кўрди)... Жин урсин, бу ҳарфни. Қаранг, талаффузи сира чиқмаяпти.

- Жамоадошингизга айни шу масалада жавоб беришингиз мумкин-ку. Яъни ундан испан тили бўйича имтиҳон олсангиз бўлмайдими?

- Фойдаси йўқ, Одил испанчада ҳам яхши гаплашади. Лекин унинг устидан кулишга асос топаман, барибир. Мисол учун, соч-соқоли ғалати. Ҳа, тан олиш керак, жамоада айнан Одил энг зўр кийинадиган футболчидир. Ҳар доим нима биландир ҳайратлантиради.

- Рами ва Памела Андерсон ўртасидаги муҳаббат-чи? Бу ҳам ҳазиллашиш учун яхшигина мавзу...

- Йўқ, йўқ, мумкин эмас (кулади). Бу мавзуда гапиришнинг ўзи ноўрин. Ҳар ҳолда, шахсий ҳаёт - нозик масала.

- Қизиқ, ҳурматли Луиз Густаво билан ҳам ҳазиллашасизларми?

- О, яна қандай! Луиз ўта жиддий йигит бўлсада, барчасини тўғри тушунади, ўзи ҳам катта ҳазилкаш. Кўнгли очиқ ва меҳрибон дўст. Кийиниш хонасида кўпинча айнан Густаво олдида ўтираман ва у ҳамиша турли масалаларда зарур маслаҳатлар беради. Бироқ яна ўша Одил Рами мудом орага суқулиб, суҳбатимизни бузади-да...

Бутун жамоа бўлиб...

- «Марсел»да ҳазилга тоқати йўқ жиддий йигитлар ҳам борми?

- Бор, албатта. Биринчи навбатда, дарвозабон Ромен Каньонни айтишим керак. Унинг кулганини кўрган эмасман. Туркиялик Аймен ва камерунлик Франк Замбо ҳам ўта жиддий.

Улардан иккинчисини тушуниш қийинроқ: баъзан машғулотга ғазабнок ҳолда келиб, дуч келганга жаҳл қилади. Лекин ҳеч ким унга алоҳида эътибор бермаса, ўз-ўзидан тинчиб, ҳаттоки, кулиб ҳам қўяди. Франкнинг характерини аллақачон тўлиқ ўрганиб бўлганмиз.

- Машғулотларда ким кўпроқ тер тўкади?

- Фло (Флориан Товен назарда тутилмоқда) ва Луиз. Баъзида Пайенинг ҳам ғайрати жўшиб, тўп билан шундай ҳунарлар кўрсатадики, оғзингиз очилиб қолганини сезмай қоласиз! Суперзарба, қиёси йўқ техника! Шунингдек, «чақалоқ» - Максим Лопеснинг техник қобилияти зўр.

- Футболчилар ўйинлардан олдин жамоа ичидаги карантин ҳолатини сира ёқтиришмайди. «Марсел»да бу каби чекловларга умумий муносабат қандай?

- Ваҳимали томони йўқ, карантин чоғи вақтни қандай ўтказишни яхши биламиз. Кўпинча домино ўйнаймиз. «Перудо» номли ўйинда бутун жамоа қатнашади. Ҳаттоки, ҳақиқий турнир ўтказамиз. Бунда очколар жамлаб борилади ва мавсум охирида ҳаммаси сарҳисоб қилинади.

- Бундай мусобақада бош мураббий ҳам иштирок этадими?

- Руди Гарсия - демократпарвар мураббий. У доимо йигитлар фикрларини инобатга олади. Аммо нимадир ёқмаса, дарҳол бу ҳақда ошкора айтади.

Менимча, ёш жамоамизга айни шундай муносабат керак. Шу аснода йигитлар ўз камчиликларини секин-аста тўғрилашяпти.

- Ростини айтинг, Руди Гарсия билан ҳам ҳазиллашишингиз мумкинми?

- Баъзан. Мураббийимиз сатирани тушунади, ўзи ҳам йигитларни калака остига олиши ҳеч гап эмас. Шундай пайтларда жавоб бериш имкониятини йўққа чиқармасликка ҳаракат қиламиз.

- Жамоада янги футболчиларни қабул қилиш қоидаси ҳам ўзгача бўлса керак...

- Сафимизга қўшилган ҳар бир йигит қўшиқ куйлаб бериши шарт. Эҳ, Клинтон (камерунлик Н ~Жи назарда тутилмоқда) хонишини эшитганингизда эди. Ажойиб қўшиқчи.

«Ёпиқ мажлис» усули

- Жамоа ичида баъзан жанжал ҳам кузатиладими?

- Футболда ҳар нарса бўлиши мумкин. Муҳими, келишмовчилик юзага келган тақдирда дарҳол «ёпиқ мажлис» чақирамиз, унда томонлар бор гапларини айтишади.

Қарабсизки, муаммо илдизи аниқланади ва бутунлай суғуриб ташланади. Гоҳида машғулотга тушкун ҳолатда келасан, аксига олиб, шеригинг атайин қилгандек, оёғингга тепади. Натижада жаҳл устида жавоб беришинг ҳеч гап эмас.

Хуллас, шундай кўнгилсизликлар учраса ёки нимадир ўз ўрнида бўлмаса, дарров кийиниш хонасида «ёпиқ мажлис» ўтказиб, келишиб олишга уринамиз. Умуман, бу усулнинг фойдаси яққол сезиляпти.

- Айтингчи, охирги мавсум давомида бундай «ёпиқ суҳбат» неча марта кузатилди?

- Мавсум жамоамиз учун анча оғир бошланди. Аввалига «Монако»га 1:6 ҳисобида ютқаздик, кейин ўз майдонимизда «Ренн»га айтарли қаршилик кўрсатолмадик - 0:3.

Қандайдир руҳий танглик ҳолати юзага келганди. Шунда кийиниш хонасига қамалдик, ҳамма кўнглидаги гапларни айтди, мураббий ҳам ўз фикрини билдирди. Айни ўша «муҳокама»дан сўнг ишларимиз анча юришиб кетди.

- «Ёпиқ мажлис»га бегоналар ҳам кириши мумкинми?

- Асло. Унда фақат футболчилар ва мураббийлар иштирок этишади. Бошқа ҳеч ким, ҳаттоки, стадион ходимлари ҳам қўйилмайди. Тўғри, баъзан вазиятга қараб, истисно ҳолатлар ҳам учраб туради.

- Ўзи кийиниш хонасида «Велод-ром» трибуналари шовқини эшитиладими?

- Йўқ. Лекин эшик очилгани ҳамоно трибуналардаги фантастик қўллаб-қувватлашни шундоқ сезамиз. Майдон сари қадам ташлаганимизда эса, бутун вужудимизни таърифи йўқ ҳиссиёт қуршаб олади.

Мисол учун, «Лейпциг»га қарши баҳсда «Велодром»да шундай ажиб муҳит юзага келдики, тил барчасини тўлиқ тасвирлаб беришга мутлақо ожиз!

- Ҳа, Европа Лигасида жуда зўр иштирок эттинглар, аммо финалга келиб...

- Кенг миқёсдаги бундай турнирда ғалаба қозонсак, ажойиб иш бўларди. Одил ва Роландо Европа Лигасидаги ғалаба шукуҳини тез-тез таърифлаб беришади (биринчиси 2016 йили «Севилья», иккинчиси эса 2011 йили «Порту» сафида зафар қучган).

Эҳ, «Атлетико»ни енгиш уддасидан чиққанимизда, бу оламшумул воқеага айланарди. Орзу!

- Агар ғалаба қозонсанглар, уни қандай нишонлаш ҳақида келишиб олганмидинглар?

- Йўқ. Олдиндан ноғора чалиш ярамайди ахир...

МАЪЛУМОТ УЧУН

Лукас Ариэль ОКАМПОС

Туғилган санаси ва манзили: 1994 йил 11 июль, Кильмесе шаҳри (Аргентина)

Амплуа бўйича: қанот ярим ҳимоячиси

Фаолияти: «Ривер Плейт» (Аргентина) - 2011-2012; «Монако» (Франция) - 2012-2015; «Женоа» (Италия) - 2016-2017; «Милан» (Италия) - 2017; «Марсель» (Франция) - 2015-... (узилиш билан). Аргентина ёшлар терма жамоаси сафида ўйнаган

Ютуқлари: Примеро-В (Аргентина) ва Лига 2  (Франция) ғолиби

Франция олий дивизиони (Лига 1)даги статистикаси: 110та ўйин, 18та гол (Италия «А» сериясида 26та ўйин ўтказиб, 3та гол урган)

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz