Қайднома

Қидирув

Сербиялик таваккалчи «йиртқич» - Неманья Матич ҳақида

Сербиялик таваккалчи «йиртқич» - Неманья Матич ҳақида

  04.06.2018 06:36
  0
  295
Сербиялик таваккалчи «йиртқич» - Неманья Матич ҳақида

Неманья Матичнинг ҳаёт йўли таваккалчиликларга тўла: 10 ёшида у ўз уйини, сал кейинроқ ватанини тарк этди.

Шунингдек, аввалига унга имконият бермаган клубга ва таркибдан четлатган мураббий ихтиёрига қайтишдан ҳам тап тортмади.

Энди эса Неманья «МЮ» клуби ва Сербия терма жамоаси етакчиларидан бири ҳисобланади.

Яхши қол, она қишлоғим!

Неманья Матич Шабац вилоятининг Врело қишлоғида дунёга келди. Онаси - Биляна, отаси - Драган. Собиқ енгил атлетикачи билан футболчининг илк учрашуви стадионнинг югуриш йўлагида рўй берганди. Болқондаги аксарият оилалар қатори Матичлар ҳам камтарона кун кўришар, Неманья укаси Урош билан битта кроватда ухларди.

Шунингдек, уларнинг тўплари ҳам ягона эди. Неманья 5 ёшидан бошлаб отаси мураббийлик қиладиган маҳаллий «Врело» футбол мактабида шуғуллана бошлади. Аввалига қизиқиши йўқдек туюлганди. Лекин укаси ҳам ёнига қўшилгач, оиланинг энг яхши футболчиси унвони учун кураш юзага келди.

Неманья уйидан стадионга тўпни ерга туширмаган ҳолда тепиб боришга одатланди. Мабодо тўп ерга теккудек бўлса, у уйга қайтар ва машқни қайтадан бошларди.

Эътиборлиси, Сербия термасининг бўлажак ярим ҳимоячиси болалигидан ўта принципиал эди. Матич 9 ёшида уйини ташлаб, Белградга йўл олишдан чўчимади.

Пойтахтдаги «Раднички Обреновац» академиясида таҳсил олиш осон кечмади, ота-онаси билан фақат дам олиш кунлари кўришарди. Лекин тез орада мустақил ҳаётга кўникиб олди.

Юлдузлик хасталиги

12 ёшида Матич «Црвена Звезда»дан таклиф олди. Мамлакатнинг икки номдор маҳорат мактабидан бирининг чорловига бефарқ қараса тентаклик бўлиши аниқ эди. Пойтахт академиясида Неманья ярим ҳимоячи йўналишида таҳсил олди, қолган барча позициялардан воз кечди.

Чап оёғида ҳам кучли зарба беришни пухта ўзлаштирган болакай 4 йил қизил-оқ либосли жамоа шарафини ҳимоя қилди. Лекин «Обреновац»да унга ёпишган «йиртқич» лақабига хос ўжарлиги туфайли мураббий билан чиқиша олмай қолди ва «Црвена»нинг азалий рақиби - «Партизан»га ўтиб кетди.

Тўғри, унинг инжиқлигига янги клуби ҳам узоқ дош бера олмади - ҳамкорлик 1 йилгаям чўзилмади. Орадан бир йил ўтиб, Неманья Матич омадли ва бадавлат шахсга айланди. Аммо ўзининг ўтмишини унутмади. Имкон туғилгани заҳоти у аҳолиси 200 мингдан ошган қишлоғига ташриф буюради, ночор ҳамқишлоқларига моддий кўмак беради.

Қишлоқдаги фаввора унинг маблағи ҳисобига бунёд этилди, тарихий обидалар таъмирланди, собиқ «Баҳор» мактаби улкан стадионга эга бўлди. 2014 йилдаги сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ва «Обреновац» ФК музейини яратишда ҳам Матичнинг ҳиссаси салмоқли бўлди.

Ассалом, хориж!

Таваккалчилик - сербиялик юлдузнинг асосий фазилати. Дангалчилиги ҳозир ҳам уни тарк этган эмас. 17 ёшида Неманья укаси билан Словакияга йўл олиб, «Кошице» сафидан жой олди. Унинг фикрича, 17 ёшли йигитчага Белград гранди таркибида имкон беришлари жуда қийин эди.

Хорижда эса ёш бўлишига қарамасдан, асосий таркибдан жой олди ва фаолиятидаги илк соврин - Словакия кубогини қўлга киритди. Мусофирликдаги икки йил ичида футболчи нафақат терма жамоа мураббийлари, балки «Челси» скаутларининг эътиборини тортишга ҳам улгурди.

«Кўклар» ҳам Матичга хос дангалчилик кўрсатиб, 1,75 млн. евро эвазига уни сафларига қўшиб олишди. Ярим ҳимоячи 2009 йилнинг августидаёқ Лондонга кетиши лозим эди. Бироқ ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатида жароҳат олиши сафарни бироз кечиктирди.

Бургутлар нигоҳи остида

Матич қишлоқда улғайган бўлсада, Лондон муҳитига тез мослашди. Бу борада ватандоши - Бранислав Иванович яқиндан ёрдам берди. Унинг далдаси билан ёш ярим ҳимоя­чи Лэмпард ва Терридек юлдузлар ёнида каловланиб қолмади, дадил тўп сурди.

Лекин «Стэмфорд Бриж»даги дебютини анча кейинроқ, 21 ноябрда нишонлади - Карло Анчелотти уни «Вулверхэмптон»га қарши баҳс (4:0)нинг сўнгги 10-дақиқасида Флоран Малуда билан алмаштирди. Неманья шундан кейин январда ўтказилган Англия кубоги доирасидаги учрашувда (яна «Вулверхэмптон» - 5:0) майдонга тушди.

Кейин Голландиянинг «Витесс» клубига ижарага йўл олди. У Лондонда омадсизликка учраган бўлсада, шахсий ҳаётида бахт кулиб боқди: 2 нафар фарзанди - Филипп ва Тини ҳадя этган ватандоши Александра Павич билан оила қурди. 2011 йилда «Челси» Матични Давид Луизга алмаштиргач, сербиялик футболчи «Бенфика»га ўтди.

«Бургутлар» устози Жорже Жезуш ҳужумкор ярим ҳимоячини таянч ҳудудига мослаштирди. Тез орада Неманья жамоа етакчиларидан бирига айланди.

Англияга қайтиш

3 йилдан сўнг Матич мукаммалликка эришган ҳолда Лондонга қайтди. Энди у «Стэмфорд Бриж»ни лол қолдиришга қодир эди. Натижа ҳам аъло даражада бўлди - май ойида Неманья чемпионликка эришди. «Кристал Пэлас» устидан қозонилган ғалаба эвазига муддатидан аввал шоҳсупага кўтарилган чемпионни касбдошимиз саволга тутди:

- Илк марта Англия чемпионига айланиш қандай бўларкан?

- Ёдимда йўқ, мен 2010 йилда Анчелотти билан илк марта ғолиб бўлганман.

Моуриньо бошқа шогирдларидан кўра Матичга кўпроқ танбеҳлар берган бўлсада, ўйинлар борасида камчиликлардан холи эканини эътироф этганди. Конте даврида ҳам манзара ўзгармади: Матич - Канте - Фабрегас учлиги чемпионлик мавсумида барча жамоалардан кучлироқ эди.

Лекин тез орада Матичнинг самарадорлиги пасайиб кетди. Мураббий эса бунинг сабабларини аниқлай олмади. Маълумотларга қараганда, сербиялик футболчининг рақибларидан тўпни тортиб олиш кўрсаткичи 3,7дан 1,7га тушиб кетганди.

Яна Моуриньо жамоасига

«Кўклар» ғолиблик сари дадил одимлаётган паллада қаҳрамонимизнинг италиялик агенти Жузеппе Ризо Моуриньога қўнғироқ қилди.

«Очиғи, Жузеппе мени ҳайрон қолдирди - мендан Матични ўз жамоамда кўриш истаги бор ёки йўқлиги хусусида сўради. Табиийки, бундай юксак маҳоратли ярим ҳимоячини жон деб қабул қилишимни айтдим», - деди «Беназир» келишув амалга ошганидан кейин.

Неманьянинг «МЮ»га 45 млн. еврога сотиб юборилгани Антонио Конте учун ҳам кутилмаган ҳол бўлди. Футболчининг ўзи кетиш сабабларини ошкор этмади. Лекин сўзларидан «Челси»дан хафа эканлигини англаб олиш мумкин: «МЮ» - мен ўйнаган жамоалар орасида энг яхшиси!»

Россияга боради

2010 йилдан кейин мундиалдан четда қолган Сербия Славолюб Муслин раҳбарлигида ЖЧ-2018 йўлланмасини нақд қилди. Бироқ жамоа Россияга Младен Крстаич бошчилигида келади. Янги бош мураббий ўз фаолиятини сардорни алмаштириш билан бошлади - боғич Бранислав Ивановичдан Александр Коларовга ўтди.

Неманья Матич эса сардор ўринбосари этиб тайинланди. Шундан кейин кутилмаган кўнгилсиз воқеа юз берди: машғулотдан кейин Матич Ивановичга биргаликда суратга тушишни таклиф этди. Аксига олиб, суратда Неманьянинг чеҳраси хушчақчақ, Иванович эса ғамгин қиёфада эди.

Сербиянинг Нигерияга қарши ўртоқлик учрашуви арафасида Kyrir нашри «Собиқ сардор билан жамоадоши ўртасидаги тўқнашув» сарлавҳаси остида мақола чоп этди. Унда Ивановични жамоадошлари калака қилаётгани ёзилганди.

Неманья зудлик билан ўз муносабатини изҳор этди: «Бундай бўҳтондан кейин энди ҳеч қачон сербиялик журналистлар билан мулоқот қилмайман».

Матич Россия мундиалини интиқлик билан кутаётганига шубҳа йўқ. Боз устига, рус тилини ўрганиш нияти ҳам йўқ эмас: «Словак, португал ва инглиз тилларида сўзлаша оламан. Рус тилини ҳам ўргансам, ёмон бўлмасди. Бинобарин, у серб тилига жуда яқин».

МАЪЛУМОТ УЧУН

НЕМАНЬЯ МАТИЧ

Туғилган санаси: 1988 йил 1 август (29 ёш)

Туғилган жойи: Шабац (собиқ Югославия)

Фуқаролиги: Сербия

Бўйи:194 см.

Вес:85 кг.

Позицияси: ярим ҳимоячи

Клуби: «Манчестер Юнайтед»

Рақами: 31

Футболчилик фаолияти

Ёшлар жамоалари

1997—2000 - «Раднички Обреновац»

2000—2004 - «Црвена Звезда»

2004 - «Партизан»

2004—2005 - «Единство» (Уб)

Клублар

2005—2007 - «Колубара» 16 (0)

2007—2009 - «Кошице» 70 (4)

2009—2011 - «Челси» 2 (0)

2010—2011 - «Витесс» 27 (2)

2011—2014 - «Бенфика» 56 (6)

2014—2017 - «Челси» 121 (4)

2017— «Манчестер Юнайтед» 29 (1)

Миллий терма жамоа

2008—2010 - Сербия (U-21) 11 (2)

2008 — Сербия 36 (2)

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz