Қайднома

Қидирув

Ортда қолаётган давр долғалари

Ортда қолаётган давр долғалари

  06.06.2018 06:39
  0
  895
Ортда қолаётган давр долғалари

ЕЧЛ финалидан сўнг Зайниддин Зиданнинг «Реал»дан кетиши, Криштиану Роналдунинг «Қироллик клуби»да қолиш учун қўйган шартлари футбол дунёсини шу қадар таажжублантирдики, ҳаттоки, ЖЧ-2018 арафасида ўтказилаётган муҳим ўртоқлик учрашувлари ҳам бироз эътибордан четда қолди.

Бир тарафда Йоахим Лёв кутилмаган мағлубиятдан хафа, Станислав Черчесов эса янгиланган таркиб ўйинидан хавотирда.

Иккинчи тарафда «Насаф» молиявий муаммолар исканжасида, «Ифтихор»да кўнгилсиз воқеа, Сирожиддин Сайфиев маошини олишдан умидвор.

Футбол дунёси эса «Реал»га бош мураббий танлаш ва Роналду шартларини муҳокама қилишдан чарчамаяпти...

Уммондаги улкан тўлқинлар қаршисида ирмоқларда рўй бераётган кичик тошқинлар кўзга ташланмайди. Хосеп Гвардиола «Барселона»дан вақтидан кетганди. Таркиб масаласида, жамоа ички муҳитида ҳеч қандай муаммо бўлмасада, у миссиясини тўхтатишни лозим топганди.

Гвардиола ўшанда мукаммал шаклланган ва яна камида 2-3 йил бар-қарор тўп суриши мумкин бўлган жамоани тарк этганди. Чунки буюк жамоада ғолиблик руҳини ушлаб туриш қийинлигини жуда яхши биларди. Шу ҳақиқатни теран англасада, моҳир мураббий Юпп Хайнкес томонидан чўққига чиқариб қўйилган «Бавария»ни бошқаришдан чўчимади.

Гвардиола Мюнхенда ҳам тақдирнинг сийловига умид боғлади. Бунга ишонди. Афсуски, у «Барселона»даги ҳамиша «Реал»дан  устун чиқиш истаги «Бавария»да бўлиши мумкин эмаслигини унутганди.

Ниҳоят, «Манчестер Сити»да яна ўзи кутган ғалаба қозониш, ғолиб чиқиш руҳини учратди. Аммо «Сити»да ЕЧЛ ғолиблиги учун кураш анъаналари етишмади. Акс ҳолда, жамоа «Ливерпуль» тўсиғидан бемалол ўтарди.

Хуллас, Гвардиола «Барселона»дан кетишда шубҳаланмаганди, мана, Зидан ҳам «Реал» билан айни вақтида хайрлашишга қарор қилди. Назаримизда, у клуб мутасаддилари ва Роналду ўртасида баҳс-мунозаралар юзага чиқишини аввалдан сезган. Португалиялик юлдузнинг буюклиги шундаки, у молиявий масалаларни ЕЧЛ финали арафасида ошкор этишдан ўзини тийди.

Бошқача айтганда, аввало, ғалаба ҳақида ўйлади. Ўзи ва клубнинг шавкати учун ҳаммасидан устун турди. Лионель Месси ёки Неймарнинг ўзидан кўпроқ маош олиши финалдан олдин уни ортиқча ташвишлантирмади. Аксинча, бу ҳол футболчига қўшимча куч бағишлагандир балки.

Таъбир жоиз бўлса, Роналду аввал ўйнади ва ғолиблик дарёсида сархуш оқди, кейин ноғора қоқди. Унинг бош-қа кучли футболчилардан фарқи шу. Ишдан аввал эмас, балки ишни аъло даражада битиргачгина, мутасаддиларга шарт қўйиш барчанинг ҳам қўлидан келавермайди. Шу маънода Криштиану мухлисларнинг қўшимча олқишларига сазовор.

Энди «Реал» даҳоси Месси ёки Неймардан кўпроқ маош олиш шартини ўртага қўйишга ҳақли. Лекин клуб раҳбарлари унинг шартларини бажаришдан бажармаслиги аниқроқ. Негаки, «Реал»га бош мураббий сифатида Юрген Клоппни таклиф этиш режалаштирилмоқда.

Номзод эса клубга ўз ортидан Муҳаммад Салоҳ ва Давид де Хеани эргаштирмоқчи. Умуман олганда, «Реал» атрофидаги воқеалар шундай ривожландики, гўё Зидан ва Роналду аввалдан тил бириктириб олишгандек таассурот уйғонмоқда.

Воқеалар қандай якун топишини тахмин қилиш ҳам мушкул. Вазият тез ўзгармоқда. Мухлислар мазкур мулоҳазаларни ўқишаётган паллада яна кутилмаган хабарлар тарқалиши ҳеч гап эмас.

Кўриниб турибдики, «Реал»да Роналду даври аста-секин тугамоқда. Шу пайтгача мураббийлар келиб-кетаверишди, Роналду эса «Реал» рамзи сифатида жаҳон футболи нигоҳини ўзига қаратаверди. Жамоа мутасаддилари ҳам унинг раъйига қараб, иш тутишди.

Зиданнинг кетиши мана шу маромни бузиб юборди. Энди «Қироллик клуби» раҳбарияти Роналду раъйига қарамай, бош мураббий танламоқда. Бу эса вазиятни янада чигаллаштиради. Агар «Реал»-да Юрген Клопп муҳити ҳукм сурадиган бўлса, Роналду шартларини ҳам унутиб, жамоадан кетса, ажабмас.

Бошқаларни билмадик, аммо бизга у ЕЧЛ финалидаёқ ёлғизлангандек кўринди, яъни узатмаларни кутмай, дриблингга интилаверди. Кетиш шарпаси эдими бу?! Барчасини вақт кўрсатади, албатта. Жаҳон футболи якунланган мавсум Арсен Венгер ва Жанлуижи Буффон тимсолида икки тарихий кетишга гувоҳ бўлди.

Ҳар икки инсон - мураббий ва футболчи номи «Арсенал» ҳамда «Ювентус» тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Агар Роналду «Реал»ни тарк этса, бу наинки тарихий, балки чинакам буюк кетиш ҳисобланади. Футбол тарихи Зиданни омадли мураббий сифатида олқишлайверади.

Роналду эса «Реал»да бутун бир даврнинг яратувчисидир. Шунинг учун ҳам унинг кетиши «Реал» учун аслида яна янги даврнинг бошланиши ҳамдир. Португалияликнинг «Реал»даги мақоми шундай тарихга муносиб.

Юз бераётган ҳодисалар хусусида «Реал»нинг ашаддий мухлисларидан фикр сўраганимизда, улар хотиржам оҳангда жавоб қайтаришди: «Чақмоқ каби чақнаган Зидан шундай ёруғ из қолдирдики, бу нур ичра, унинг шукуҳи ила 2-3 йил ўтиб кетгани сезилмайди.

Футбол дунёсида «ПСЖ», «Юве», «Сити»лар ҳам бор. Майли, уларга ҳам кун чиқсин!» Изоҳга ҳожат йўқ. Ҳаттоки, ғалабаларни ҳам ҳазм қилиш учун маълум муддат талаб этилади. Биз ортда қолиши мумкин бўлган Роналду даври долғаларини шундай мулоҳазалар оғушида кузатамиз.

Ортда қолаётган цикл ҳақида сўз борса, беихтиёр бош жамоамиз тарихида бошланаётган янги давр саҳифаларини варақлаймиз. Сенегал ва Марокаш термаларининг янги нафасидан сўнг Темур Кападзе шогирдлари узоқ Уругвайда Диего Годин, Хосе Хименес, Луис Суарес, Эдинсон Кавани каби «юлдузлар» билан куч синашишади.

Улар - собиқ жаҳон чемпионларининг ворислари! Натижадан қатъий назар, бу баҳс бош жамоамиз учун унутилмасдир. Ўйлаймизки, олис океан ортидаги ўйин билан миллий жамоамизнинг оғриқли ва изтиробли даври эшиклари маҳкам ёпилади ва футболимиз ёруғ келажакка қадам босади.

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz