Қайднома

Қидирув

Станислав Черчесов: «Футболчиларни умуман сўкмайман»

Станислав Черчесов: «Футболчиларни умуман сўкмайман»

  06.06.2018 06:06
  0
  646
Станислав Черчесов: «Футболчиларни умуман сўкмайман»

Россия терма жамоаси бош мураббийи Станислав Черчесов ЖЧ-2018га тайёргарлик жараёнида маҳаллий нашр­ларга интервью берди. Қуйида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.

— Майдон марказида Головин, Кузяев, Зобнинлар билан иш олиб боряпсиз. Таассуротлар қандай?

— Ҳозирча ўзаро ўйинларни ҳам ўтказмадик. Шу боис нимадир дейишим қийин. Лекин бу чизиқда бошқа футболчиларимиз ҳам бор. Ихтиёримиздаги ҳар бир футболчини турли позицияларда синаб кўрмоқчимиз.

— Йиғиндан олдин кўпроқ тактикага эътибор беришингиз ҳақида айтгандингиз. Ҳақиқатан ҳам эътибор кучайтирилдими?

— Ўзгаришлар бор.

— Кўпчилик терма жамоанинг 4 ҳимоячи схемасига ўтгани ҳақида гапирмоқда.

— Ҳеч қайси схемага тўлиқ боғланиб қолмаганмиз. Ҳатто 5 ҳимоячи вариантини ҳам синаб кўрдик. Мисол учун, ЦСКА ва «Рубин» вакиллари айни усулда ўйнашади. Шу боис ҳам машғулотларда кўпроқ 4 ҳимоячи тактикасига эътибор қаратяпмиз.

— Таркибдаги футболчиларга қайси схема кўпроқ тўғри келади?

— Буни фақат ўйинлар кўрсатади.

— Францияга қарши ўйинда Головинни таянч ярим ҳимоячиси сифатида майдонга туширдингиз. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, у ҳимоядаги яккакурашларнинг фақат 13 фоизида рақибларидан устун келган.

Унинг кўрсатган ўйинидан қониқиш ҳосил қилдингизми?

— Мендаги рақамлар бошқачароқ.

— Лекин бу статистика маълумотлари.

— Биз савияли иш олиб борамиз ва Instat маълумотларига ҳам эътибор қаратамиз. Бу билан хато қилдингиз, демоқчи эмасман, бироз хато қилдингиз.

Мисол учун, Instat футболчининг қайси нуқтадаги яккакурашда имкониятни бой берганига эътибор қаратмайди. Бир сўз билан айтганда, Головиннинг ўйинларидан қониқиш ҳосил қиляпман.

— Кенгайтирилган таркибни эълон қилганингиздан сўнг сизга нисбатан танқидлар бўлди. Бунга сабаб Денис Глушаковни таклиф қилмаганингиздир. Эътирозларга эътибор қаратдингизми?

— Умуман олганда, бу танқид эмас, балки муҳокамадир. Агар Денис бўлмаса, бошқасини муҳокама қилишарди. Мазкур ҳолатда Глушаков билан қандай суҳбатлашиб, қай тартибда хайр­лашганимиз муҳимроқ.

— Нима ҳақида гаплашдинглар?

— Вазият хусусида, уни қандай қабул қилиш лозимлиги ҳақида. Денис тайёргарлик кўришда давом этмоқда. Агар керак бўлиб қолса, чақирамиз.

— Артём Дзюба машғулотларда кўп ҳазил қилади. Бу борада муаммо йўқми?

— Машғулотларни ҳар кун кузатяпсиз. Ўзингиз гувоҳи бўляпсиз.

— Лекин машғулотларнинг аксарият қисми сизнинг иштирокингизсиз ўтмоқда. Унинг ёпиқ қисмида шогирд­ларингизга танбеҳ бераётгандирсиз?

— Тўғрисини айтсам, футболчиларни умуман сўкмайман.

- Терма жамоага допинг-офицерлар ташриф буюришди...

- Ниманидир олдиндан сезгандим. Эрталаб «Дўстларимиз кўринишмайди-я?» деб сўрагандим. «Тез орада келишади», дейишганди.

- Бундай текширувлар асабга тегмайдими?

- Муаммоларимиз йўқ. Ҳамиша талаб ва топшириқларни бажариб келамиз. Бу ҳам бизнинг ишимиз. Аммо шу кунга бошқа режалар белгилагандик. Офицерлар айтарли ҳеч нима қилишмади.

- Кўплаб хорижлик журналистлар билан гаплашганимизда, ўртоқлик учрашувлари учун танланган рақиблар ҳайрон қолдирганини яширишмади.

- Қайси журналистлар?

- Масалан, суриялик ҳамкасбларимиз. Гуруҳда иккита араб мамлакати термалари бор. Ўртоқлик учрашуви эса Австрияга қарши ўтказилади. Нима учун Саудия Арабистони ва Мисрга ўхшаш ўйин намойиш қиладиган рақиб танланмади?

- Ўша ҳайрон бўлган ҳамкасбингиз қандай музокаралар олиб борганимизни билармикан? Агар хабари бўлмаса, эслатиб қўяман. Баъзида истаган нарсангиз амалга ошади, баъзан эса бунинг акси бўлади.

— Миср термаси бош мураббийи Рамазон ойи туфайли Миср ва Саудия Арабистони жамоаларининг машғулотлари кўнгилдагидек кечмаётганини айтиб ўтди.

— Бунга жавоб бера олмайман. Менимча, мазкур ҳолатдан муаммо ясаш ярамайди. Мисол учун, мен ҳам рўза тутадиган футболчиларни шуғуллантирганман, уларнинг ҳеч бири ҳушини йўқотмаган.

Машғулотларда ҳам, ўйин пайтида ҳам бошқалардан фарқ қилишмаган. Агар болаликдан рўза тутилса, организм шунга мослашиб қолади.

Ж.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz