Қайднома

Қидирув

Носир аль Хелайфи: «Минг марта такрорлайман – Неймар қолади»

Носир аль Хелайфи: «Минг марта такрорлайман – Неймар қолади»

  07.06.2018 06:01
  0
  249
Носир аль Хелайфи: «Минг марта такрорлайман – Неймар қолади»

«ПСЖ» президенти Носир ал Хелайфи L’Equipe нашрига интервью бериб, унда Эмери, Тухель ва Неймар ҳақида гапириб ўтди.

- Мавсумга қандай баҳо берасиз?

- Мамнунман. Францияда тўртта совринни қўлга киритдик. Охирги тўрт йилда учинчи марта шундай натижа қайд этдик. Фақатгина Чемпионлар Лигасида омадимиз келмади.

- Қанақасига?

- ЕЧЛда кўп факторларга эътибор қаратиш керак. Хусусан, қуръага. «Реал»га тушиб қолдик. Бу жамоа яна турнир ғолиби бўлди. Жароҳатларни ҳам унутмаслик лозим. Шунингдек, ҳакамлик, омад. Мадриддаги ўйинда 80 дақиқа биз кучли ўйин кўрсатдик, лекин мағлуб бўлдик.

Жавоб учрашувида Неймар ўйнамади, Верраттини майдондан четлатишди... «Реал»нинг тажрибаси катта. Ҳамма бизни фаворитга қиёслаётганди. Чунки мадридликлар мавсумни бўш бошлашганди. Лекин Чемпионлар Лигасида «Қироллик клуби» мутлақо ўзгача қиёфа касб этди.

- «Рома» ярим финалгача, «Ливерпуль» эса финалга қадар етиб борди.

- Бу жамоалар шунга ҳақли эдилар. Улар жорий мавсум Европанинг энг яхшилари қаторидан жой олишди. Ҳечқиси йўқ, эртами-кеч, барибир, зафар қучамиз. «ПСЖ» ёш клуб.

«Барселона» ЕЧЛда илк бора 1992 йили зафар қучган. Ваҳоланки, ушбу жамоа 1899 йили ташкил топган. Тобора тўғри йўлдан кетаётганимизга ишончимиз ортмоқда. Хатолардан хулоса чиқариб, тажрибамиз ошиб боряпти.

- Ҳозирча нима етишмаяпти?

- Бирдамлик. Шунингдек, футболчилар ҳам ўзларига кўпроқ ишонишлари керак. Ўзимизга ўзимиз: «Биз буюк клубмиз. Мақсадимизга эриша оламиз», дейишимиз керак.

- Бу омадсизликда Унаи Эмерини айблайсизми?

- Ҳаммамиз айбдормиз. У ҳаракат қилди. Ўтган икки йил ичида еттита совринни қўлга киритди. Эмерига фақат омад тилайман.

- Шундай экан, нима сабабдан у билан хайрлашдингиз?

- Ўзгаришлар вақти келганди. Нафақат жамоа, балки унинг ўзига ҳам. Дўст эдик, шундайлигимизча қоламиз.

- Жамоадаги фаолликни ушлаб туриш учун унга бироз қаттиққўллик етишмагандир?

- Йўқ, Унаи етарлича қаттиққўл. Шунчаки, баъзан ҳаётда ниманидир ўзгартириб туриш керак.

- Томас Тухель кутилмаган танлов бўлди.

- Сизлар учун шундай, биз учун эмас. Уни бошқа гранд клублар ҳам таклиф қилишганди. Тухель кучли ва меҳнаткаш инсон. Боз устига, ёш, дам олди, кучга тўла. Унда жамоани кучайтира оладиган хислатлар етарли. Томаснинг фалсафаси бизга маъқул келди.

- Унинг қаттиққўллиги футболчилар билан муносабатига салбий таъсир кўрсатмайдими?

- Йўқ, аксинча, у футболчиларни ҳурмат қилади. Бир сўз билан айтганда, ҳақиқий профессионал.

- Айтишларича, уни таклиф қилиш ғояси Амирнинг кичик укаси Йоанга тегишли экан...

- (Кулади) Ҳазилкашлар. Шайх Йоан - бизнинг яқин дўстимиз. Лекин у футбол ишларига ҳеч қачон аралашмайди.

- Демак, Тухелни таклиф қилиш ғояси шахсан ўзингизга тегишли?

- Ҳа. Томас вариантини таклиф қилдим. Антеро Энрике билан гаплашиб кўрдим. Клубда мендан ташқари хўжайинлар ва спорт директори ҳам бор.

- Неймар «ПСЖ»да қоладими?

- Албатта. Минг марта такрорлайман - у қолади.

- Лекин бу ҳақда унинг ўзи ҳеч нарса демаяпти-ку?

- Отаси Париж унинг тақдири эканлигини айтди. Неймар миш-мишлардан чарчади. Уйдирмаларни Испания матбуоти ўйлаб топмоқда. Ишонмаслигингиз мумкин, лекин битта саволга жавоб беравериш жонимга тегиб кетди. Унинг «ПСЖ» билан тўрт йиллик шартномаси бор.

- У қолишга шахсан ваъда бердими?

- Сизнингча, футболчилар билан ўзаро суҳбатимизни ошкор қилишим дурустми?

- Эдинсон Кавани қоладими?

- Франция кубоги финалидан сўнг у «ПСЖ»да бахтли экани ва қолмоқчилигини айтди. Умуман олганда, Эдинсоннинг икки йиллик шартномаси бор.

- Ким кетиши мумкин?

- Тьяго Мотта фаолиятини якунламоқчи. Академиямизда мураббий бўлиб ишлайди. Сўнгги сўзни мураббий айтади. Ким кетиб, ким қолишини унинг ўзи ҳал қилади.

ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz