Қайднома

Қидирув

«Барселона» дарвозаси беш марта ишғол қилинди, «бақалар» ҳайратда!

«Барселона» дарвозаси беш марта ишғол қилинди, «бақалар» ҳайратда!

  07.06.2018 00:19
  0
  1405
«Барселона» дарвозаси беш марта ишғол қилинди, «бақалар» ҳайратда!

Баҳор фасли бошларида «Леванте» раҳбарияти мавсумнинг боришини ўзгартириб юборган қарорга келди.

Бош мураббийлик постига захира жамоаси устози Пако Лопеснинг тайинланиши «бақалар»нинг олий дивизионда қолишларига замин ҳозирлади. Шу тариқа Испания чемпионатининг асосий сенсацияларидан бири кузатилди.

Агар «Леванте» учун мавсум якунлари март бошида таҳлил қилинганида, уни уч хил ҳодиса билан изоҳлаш мумкин бўларди. Биринчиси - «Реал» билан ўйиндаги қаҳрамонлик: ўша баҳснинг охирги дақиқаларида 33-ёшли Жампаоло Паццини валенсияликларни навбатдаги мағлубиятдан қутқариб қолганди.

Иккинчиси - «Сельта» билан ўйиндан кейинги эпизод: ўшанда «бақалар» хавбеки Жефферсон Лерма Яго Аспас уни ирқий камситганлигини айтганди.

Шундан сўнг «Леванте» ижтимоий тармоқлар орқали антирасист кампанияси юритиб, шу тариқа салбий натижаларидан чалғитишга уринди. Учинчиси - ғалабасиз серия: 15та ўйиндан иборат нохуш кетма-кетлик клуб учун янги антирекордга айланди.

Хуан Муньисанинг «каромати», табиийки, валенсияликлар раҳбариятини у қадар қониқтирмади ва баҳор кириб келиши ҳамоно мутахассис «Леванте»ни тарк этди. Унинг ортидан ишқибозлардаги нохуш кайфият ҳам тарқади.

Бош мураббийлик курсисини «бақалар»нинг Испания тўртинчи дивизионида қатнашаётган иккинчи жамоаси устози Пако Лопес эгаллади. Бу пайтга келиб, ушбу мутахассиснинг энг катта ютуғи «Картахена» билан Сегундада иштирок этиш бўлганди.

Тўғри, ўшанда у муваффақиятга эришолмаган, ҳаммаси тўртта учрашувдаги мағлубиятдан сўнг Лопеснинг истеъфоси билан якунланганди. Сўнгги олти йилни эса у Ла Лига клубларининг иккинчи жамоаларини бошқариш билан ўтказди: «Валенсия Б», «Вильярреал С», «Вильярреал Б».

Лопес «Леванте» кийиниш хонасига ўзига хос шиор билан ташриф буюрди: «Биз қайғуни роҳатга айлантиришга интиламиз». Иложсиз нарсанинг ўзи йўқлигини тез-тез эслатиш орқали, у жамоани ўзига келтириб, клуб ходимлари ҳурматига сазовор бўлди.

Лопес қўл остида «Леванте» 10та учрашувда 25 очко тўплади. Солиштириш учун: Муньис билан жамоа 27 учрашувда 21 очко жамғарганди. Ваҳоланки, Пако шундай натижага қатор ижрочилар йўқ пайтда эришди. «Жирона», «Лас-Пальмас» ва «Атлетико»га қарши кечган баҳслар ўтказилаётган паллада саккиз нафар асосий футболчи жароҳатини тузатиш билан банд эди.

Мураббий меҳнатларининг энг ёрқин маҳсули «Барселона» билан ўйинда кўзга ташланди: каталонияликларнинг Ла Лигадаги 43та учрашувдан иборат мағлубиятсиз сериясига барҳам берилди. «Блаугранас» сўнгги 14 йилда илк марта ўз дарвозаларидан бир ўйинда бешта тўп ўтказиб юборишди.

Эммануэль Боатенг «хет-трик» қайд этиб, мазкур баҳснинг бош қаҳрамонига айланди. Ганалик ҳужумчи 2005 йилдан сўнг каталонияликлар дарвозасига учта гол урган дастлабки футболчи бўлди. Бинобарин, Боатенг ўтган мавсум «Морейренсе» билан Португалия дивизионида аутсайдерлар қаторида юрганди.

Бу мавсумда эса форвард ўз ҳисобидаги олти голнинг тўрттасини «Барселона» ва «Реал» дарвозаларига йўллади. Бунга қадар Португалияда «Порту» ҳамда «Бенфика» киперларини ранжитишга улгурганди.

Топ-клубларга қийинчилик туғдирган ҳужумчини «Леванте» 2 млн. еврога сотиб олиб, шу тариқа жамоа тарихидаги энг қиммат харидни амалга оширганди.

Шунингдек, македониялик 22 ёшли хавбек Энис Барди ҳам эътирофга лойиқ ўйин кўрсатиб, лигада жарима зарбаларидан тўп киритиш бўйича энг яхши натижалардан бирини қайд этди.

У ўзининг асосий голларини (9тадан 5тасини) бевосита стандарт вазиятлардан урди. Бу борада Бардини фақат олтита аниқ зарба йўллаган Лео Месси ортда қолдирди. «Энис болалигида ҳам тўртта жарима зарбасининг камида учтасини аниқ амалга оширарди», - дея эслайди хавбекнинг биринчи мураббийи Бедри Салиу.

Мутахассиснинг сўзларини «Атлетик»ка қарши кечган баҳсдаги ҳолат ҳам исботлаши мумкин. Ўша учрашувда Барди уч дақиқа ичида бир нуқтадан иккита ажойиб гол урганди.

Паконинг ажойиб муваффақиятига нима сабаб бўлгани ҳақидаги саволларга мураббий табассум билан жавоб қайтарди: «Мавсумнинг катта қисмини негатив кайфиятда ўтказган жамоага қатъият ва ишонч бағишлаш жуда муҳим эди».

«Леванте» билан Ла Лигада ғалабалар қозониш бўйича етакчи мураббийлар рўйхатида 8-поғонани эгаллаш учун Лопесга 10та ўйин ўтказиш кифоя қилди.

Клубдагилар Пако билан амалдаги шартномани узайтириш масаласига креатив тарзда ёндашишди: «бақалар»нинг «Твиттер»даги саҳифасида «Сьюдад де Валенсия» стадионидаги ўриндиқлардан бирининг сурати жойланди. Унда «Бу жой банд» деган ёзувни кўриш мумкин. Ҳа, бу «Леванте»ни Ла Лигада олиб қолган мураббий учун муносиб сов­ға.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

Чемпионлар давраси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz