Қайднома

Қидирув

Жозеф Блаттер: «2 миллиард мухлисни адаштириш мумкин эмас»

Жозеф Блаттер: «2 миллиард мухлисни адаштириш мумкин эмас»

  08.06.2018 06:03
  0
  329
Жозеф Блаттер: «2 миллиард мухлисни адаштириш мумкин эмас»

Жаҳон футболида янги қоидаларни амалга татбиқ этишдан олдин уларнинг ўйиннинг барча жиҳатларига нечоғли таъсир қилиши ҳақида яхшилаб ўйлаб кўриш керак. ФИФАнинг собиқ президенти Йозеф Блаттер худди шундай фикрда.

Собиқ футбол функционери жумладан, халқаро тақвимнинг кенгайтирилгани, ЖЧ-2018да видеотакрор тизимидан фойдаланишга қарор қилинганини танқид остига олди. Унинг айтишича, бундай тажрибаларни аввалига нуфузи пастроқ турнирларда синаб кўриш керак.

Ҳа, Блаттер 2015 йили футболга боғлиқ ҳар қандай фаолият туридан узоқ муддатга четлатилган бўлсада, ҳамон ФИФАдаги ўзгаришларни кузатиб бормоқда. Зепп бобони тушуниш мум-кин, ахир у халқаро фут-бол ушмасига нақ 17 йил раҳбарлик қилганди.

— Режага мувофиқ, яқин орада халқаро тақвим 2та йирик турнир ҳисобига кенгаяди: УЕФА Миллатлар Лигаси ва ФИФА «Саккизлик финали». Кўплаб футболчилар ҳозирдан тикланиш учун вақт қолмаслигидан нолимоқдалар. Хўш, янги турнирлар ўйин савиясига қандай таъсир ўтказиши мумкин?

— Менимча, футбол тақвими шундоқ ҳам жуда зич. Янги турнирларни юқори савияда ташкиллаш учун ташкилот дунё ҳамжамиятидан бир йилни 500 кунга узайтиришни сўраши керак.

Тушунарлики, бунинг иложи йўқ. Шунинг баробарида нафақат футболчилар, балки мухлисларни ҳам ўйлаш керак. Ортиқча учрашувлар уларга ҳам катта юклама бўлади. Бошқача айтганда, меъёридан ортиқ турнирлар мухлисларни футболдан бездириши мумкин. 2 миллиард мухлисни адаштириш мумкин эмас.

— Клуб футболига келсак, ФИФА бу йўналишда жаҳон суперкубогини йўлга   қўйишни режалаштирмоқда. Ғояга кўра, унда сайёрамизнинг энг кучли клублари ўзаро баҳс олиб боради. Бундай турнирнинг мухлисларда катта қизиқиш уйғотиши тайин. Лекин бошқа жамоаларга акс таъсир қилмасмикан...

— Бу масалада аввало, молиявий имкониятларни чамалаш керак. Зеро, талаб даражасидаги турнирни ташкиллаш учун ҳомийлар ва ҳамкорлардан катта маблағ ундириш талаб этилади.

Энг таҳликали томони - мухлислар ўйинлар томошасидан шунчаки, воз кечишлари ҳеч гап эмас. Чунки кетма-кет келадиган турнирларни кузатишга вақт ажратишнинг имкони йўқ. Бу ҳолат футбол ва ташкилотга нисбатан эътиборни пасайтириб юбориши мумкин.

— Россияда ташкиллаштириладиган ЖЧда илк бора видеотакрорлар тизими (VAR) амалда қўлланилади. Демакки, ҳакамлар энг муҳим қарорларни катта босим остида қабул қилишга мажбурлар. Хўш, ушбу янгилик ўзини оқлайдими?

— Қўшимча воситалар футболга ижобий таъсир ўтказиши мумкинлиги ҳақида кўп гапирганман. Лекин улардан ақл билан фойдаланиш керак. Хусусан, VAR тизимини бирданига ЖЧдек нуфузли турнирда қўллаш хато ҳисобланади, менимча.

Чунончи, кўплаб футболчилар халқаро ва ички турнирларда бу тизимга ҳали тўқнаш келишмаган. Шундай экан, VARни мундиал даражасига олиб чиқишда бироз шошилишди, чоғи. Лекин қарор қабул қилинган ва энди натижасини кузатишдан бошқа иложимиз йўқ.

— Аутсайдер жамоаларнинг турнир фаворитларини енгиши кўпчиликка ёқади. Бироқ иштирокчилар сонини ошириш ўткинчи ўйинлар кўпайишию, умумий савияси тушиб кетишига олиб келмайдими? Умуман, 2026 йилдан эътиборан ЖЧ финал босқичида 48та жамоа иштирок этишига муносабатингиз қандай?

— Аввало, айтиш керак, 48та жамоани ўз ичига олган формат кўпроқ муаммоларни юзага келтиради. Ҳа, мундиал доирасининг кенгайиши Африка, Осиё ва Шимолий Америка минтақалари футболига фойда бериши мумкин. Ҳар ҳолда, уларнинг вакилларида чемпионатга чиқиш имконияти ошади.

Бироқ ўйин савияси кўтарилмайди. Бундан ташқари, гуруҳда 3 жамоа ўйнаса, фақат 1та баҳс мухлисларда қизиқиш уйғотиши мумкин. 1982 йили Испанияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида худди шундай форматдан фойдаланишга уринганмиз, аммо натижа бермаган.

— ФИФАнинг ҳисоб бўйича 8-президенти сифатида футболнинг ҳозирги кўриниши шаклланишига катта ҳисса қўшгансиз. Сизнингча, мазкур спорт тури дейлик, яна 50 йилдан кейин нечоғли ўзгаради?

— Биласизми, 75 йилдан буён футболни кузатиб келаман, негаки эрта болалигимдан шу ўйинга ошуфтаман. Айтишим мумкин, шунча вақт давомида футбол моҳияти ўзгармади: ҳамон 11 нафар ўйинчи 11 нафар рақибига икки бўлим қаршилик қилади.

Келажак ҳақида эса гапириш жуда мушкул. Аммо фикримча, 50 йилдан кейин ҳам футболнинг асосий қоидалари ўзгаришсиз қолади.

Ж. БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz