Қайднома

Қидирув

Зайниддин Зидан: «Бемаъни қарор? Йўқ мен учун бундай эмас»

Зайниддин Зидан: «Бемаъни қарор? Йўқ мен учун бундай эмас»

  09.06.2018 06:06
  0
  2155
Зайниддин Зидан: «Бемаъни қарор? Йўқ мен учун бундай эмас»

Зайниддин Зидан «Реал»дан ғолибона нотада кетишга қарор қилди. Яқиндагина «Қироллик клуби» бош мураббийи сифатида ЕЧЛда кетма-кет 3-ғалабани нишонлаган франциялик мутахассис оламшумул зафар завқини етарлича туймай туриб, мутлақо кутилмаганда, жамоадан кетишини маълум қилди.

Нега? Сабаб нима? Буюк Зизу 31 май куни ташкил этилган махсус матбуот анжуманида истеъфога чиқиш ҳақидаги қарорини тушунтиришга уринди. Анжуманда шунингдек, «Реал» президенти Флорентино Перес ҳам қатнашди.

Истеъфо ҳақида

Флорентино Перес: - Зизу кеча ёнимга келди ва кутилмаган, лекин қатъий қарорини маълум қилди. Келинг, яхшиси, ҳаммасини унинг ўзидан эшитайлик. Фақат шуни қўшимча қилишим мумкинки, мен ҳамиша Зидан ёнидаман!

Зайниддин Зидан: - Ҳа, янги мавсумни «Реал» бош мураббийи сифатида бошламасликни маъқул кўрдим. Клуб президенти билан учрашувда барчасини обдон тушунтирдим. Ўйлайманки, бу қарор барчамиз - мен, шогирдларим ва клуб учун энг тўғри йўл.

Эҳтимол, бу бироз ғайритабиийдек туюлар. Лекин шундай тўхтамга келишим керак эди. Жамоа зафарли юришини давом эттириши лозим. Бунинг учун эса ниманидир янгилаш, ўзгартириш талаб қилинади. 3 йиллик даврдан кейин янги методологияга асосланган ўзгача йўналиш зарур.

Шуларни ҳисобга олиб, кетишга аҳд қилдим. Жамоамни, бу ерда ўйнашим ва ишлашимга имконият берган президентни жонимдан ортиқ кўраман. Юксак ишонч учун ундан бир умр миннатдорман. Бироқ бугун барчамиз учун муҳим ўзгаришни амалга оширишимиз шарт. Кетишимнинг асосий сабаби шу.

Флорентино Перес: - Яқиндагина ЧЛ кубогини қўлга киритганимизни ҳисобга олсак, бу чиндан ҳам, асло кутилмаган қарор: мен, мухлислар, футболчилар ва клуб хизматчилари учун ғамгин кун... Зизуни ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида шу қадар қаттиқ ҳурмат қиламанки, унинг қарорини маъқуллашдан ўзга иложим йўқ.

Ҳа, янгиликдан «шок» ҳолатига тушиб қолдим, фикридан қайтаришга уриниб кўришни хоҳладим. Лекин бундан наф чиқмаслигини яхши билганим учун тийилдим. Аслида Зиданга  бир умр оиламиз аъзоси бўлиб қолишини эслатмоқчи эдим. Бундай хабарга тайёр туриш қийин - бировнинг хаёлига келмаган қарор.

Кеча Зиданга 2 йил аввалги суҳбатимизни эслатдим. Ўшанда унинг уйига борган ва «Реал»ни бошқаришга нечоғли тайёр эканлиги хусусида сўрагандим. Шунда Зизу қатъий оҳангда жавоб берганди: «Ҳа, мутлақо тайёрман». Мана, у ваъдасига мувофиқ, муваффақиятни таъминлади.

Жамоа равнақи йўлида кучли муҳаббат, фидойилик, тиришқоқлик билан ишлагани ва маҳорати учун ундан миннатдорман. Шунингдек, одоб-ахлоқ бобида ҳам барчага намуна бўлди. Ишонаман, Зизу кун келиб, яна сафимизга қайтади!»

Зайниддин Зидан: - Албатта, мен ҳам хато қилишдан ҳимояланмаганман. Лекин ҳозир айни кетадиган пайт. Муваффақиятлардан мағрурланиш таъсирида барчасидан айрилмай туриб, тегишли ўзгаришларни амалга ошириш афзал...

Шогирдлари ҳақида

Зайниддин Зидан: - Ўйинчилар ҳам бошқача муносабат ва ўзгаришларга муҳтожлар. Уларга алоҳида раҳмат. Чунки майдонда айнан футболчилар курашадилар: биз - мураббийлар эса доимо йигитлардан кўпроқ фидойилик кўрсатишни талаб қиламиз, босимни оширамиз.

Гоҳида шундай пайт келадики, йўналишни кескин ўзгартириш зарурати туғилади. Шогирдларим қароримдан хабардорлар, уларга SMS-хабар юбордим. Энди сардорлар билан алоҳида суҳбатлашмоқчиман. Ҳозирча Рамос билан гаплашдим, барчасини тушунтирдим.

Муҳими, Серхио ҳам қароримни тўғри қабул қилди ва келгуси ишларимда омад тилади. Ахир иккимиз вақтида ёнма-ён тўп сурганмиз, қувончли лаҳзаларни бирга туйганмиз.

Мухлисларга миннатдорчилик

Зайниддин Зидан: - «Реал» мухлислари мени мураббий сифатида худди футболчилик даврида бўлгани каби доимо қўллаб-қувватладилар. Садоқатларини юксак қадрлайман ва ҳузурларида яна бир бора бош эгаман.

Ҳа, охирги мавсум давомида мураккаб вазиятларга ҳам дуч келдик, бизни ҳуштакбозлик билан қарши олишган ҳолатлар кузатилди. Бироқ буни талабчанликка йўйиш керак. Ҳар ҳолда, шахсан мен мухлислардан хафа эмасман.

Мадридликларнинг истеъфога муносабатлари ҳақида

Зайниддин Зидан: - Албатта, бу қарорим бор-йўғи «кўришгунча» маъносига эга. «Мадрид менга ҳамма нарсани берди, доимо унинг ёнида бўламан. Тўғри, қарорим кўпчиликка бемаъниликдек кўриниши мумкин, лекин ўзим учун эмас.

Янги жамоа масаласи

Зайниддин Зидан: - Йўқ, янги жамоа қидирмаяпман, бу борада ўйлаб ҳам кўрмадим.

«Реал»нинг келажаги

Зайниддин Зидан: - Бугунги таркиб кучли рақибларни енгишга қодирлигини амалда исботлади. Келажакда жамоани қандай воқеалар кутаётгани ҳақида гапириш эса қийин. Бу масалада гапиришим ҳам ноўрин.

Табиий ҳиссиётлари

Зайниддин Зидан: - Яширмайман, ўзимни яхши ҳис қиляпман. Бу кунни «ғаройиб» сифати билан аташга асос бўлмасада, ранжиш ёки куюнишнинг ҳожати йўқ. Ҳа, жамоадан кетишим оғир. Лекин шунчаки, «Кўришгунча» ибораси воситасида хайрлашмоқчиман. Бу борада узоқ ўйладим. Ишонтириб айтаманки, клуб ва унинг вакиллари билан муносабатларимиз заррача ўзгармайди.

Агар «Реал» ЧЛ финалида ютқазганида нима қиларди?

Зайниддин Зидан: - Бу борада аниқ гап айтолмайман. Эҳтимол, кубокни қўлга киритолмаганимизда, бу ердаги фаолиятимни давом эттирармидим... Очиғи, билмадим...

Криштиану Роналду ва клубдан айрилиш...

Зайниддин Зидан: - Қароримга Роналдунинг умуман алоқаси йўқ. Хотиржамлик, ижодий муҳит ва самара - клубнинг асл мағзи шулар. Футболчилар ҳурматини қозониш асосий вазифаларимдан бири эди. Қайтараман, қарорим ҳеч бир шогирдим билан боғлиқ эмас.

3 йиллик фаолиятдан кейин якдил тўхтамга келиш осон бўлмади. Мен ғолибман, доимо зафар қучишни истайман, мағлубиятга асло тоқат қилолмайман. Ғалаба қозонишга ишонч бўлмаса, ниманидир ўзгартириш керак. Футболчилик даврида ҳам мўлжаллаган маррага етолмаслигимни сезганим билан дарҳол жамоадан кетардим. Бу борада ҳеч кимни айбламайман, ҳаммаси фақат ўзимга боғлиқ.

Кутилаётган ўзгаришлар

Зайниддин Зидан: - Мураббийлик ишида баъзан ҳорғинлик ҳолати кузатилиши табиий ҳол. Ортда қолган даврда президент билан 2 марта шундай жараённи бошдан кечирдик.

Такрор ва такрор айтаман, депсиниш ҳолатига тушмаслик учун жамоага вақти-вақти билан янгилик олиб кириш зарур. Фақат шу йўсинда янги марраларни забт этиш иштиёқини шакллантириш мумкин.

Ижобий ва салбий хотиралар

Зайниддин Зидан: - Энг ижобий хотира - президент ҳамроҳлигида бу ерга илк марта келганим. «Реал» либосида лоақал бир бора майдонга тушиш - миллионлаб футболчилар орзуси. Шунингдек, мураббий сифатида Ла-лигада ғолиб чиқиш ҳам менга бетакрор завқ бағишлади. Энг салбий хотира сифатида эса «Леганес»га қарши тушунарсиз ўйинимизни кўрсатишим мумкин...

Сабаблар, толиқиш...

Зайниддин Зидан: - Ҳаммаси кўпчилик ўйлаганидан кўра анча оддий. Муҳим аҳамиятга эга босқичлар кўп. Лекин айнан қайси пайт тўхташ кераклигини ҳам билиш муҳим. Нима қилаётган бўлсам, биринчи навбатда, жамоа манфаатини ўйладим. Фикримча, жамоа янги мавсумда мен билан анча қийналиб қоларди.

Якунланган мавсум ички мусобақада муайян муаммоларга дуч келганимиз ҳеч кимга сир эмас. Уларни мен ҳам унутганим йўқ. Лекин келажак - янги мавсум ҳақида ўйлаш мақсадга мувофиқроқ. Очиқ тан оламан, навбатдаги мавсум мен учун муваффақиятли кечмаслигини сезганим боис, «Мадрид» билан юқори нотада хайрлашишга қарор қилдим.

Руҳий ва жисмоний ҳолатим ҳақида тўхталсам, бу шунчаки, чарчоқ асорати. Ҳа, ёдимда, 20 февраль куни «Реал»дек жамоада фаолиятингиз қўққисдан, исталган пайт тўхтаб қолиши мумкинлиги ҳақида гапиргандим.

Аммо ўшанда бунга жиддий қараган эмасдим, иш шу даражага етишини ўйламагандим. 3 йил давомида ҳар бир кун мени мазкур қарор сари яқинлаштирди. Йўқ, машғулот ўташдан чарчамадим, лекин жамоада 3 йил ишлаганимни унутмайлик. Хуллас, айни шу нуқтада мен учун ҳаммаси хотима топди.

Фактлар

Зидан ягона. Франциялик мутахассис Флорентино Перес президентлиги даврида мажбурий истеъфо эмас, ўз хоҳиши билан жамоадан кетган илк мураббийга айланди.

Перес «Реал»даги икки даври (2000-2006 ва 2009-...) давомида Висенте Дель Боске, Карлуш Кейруш, Хосе Антонио Камачо, Мариано Гарсия Ремон, Вандерлей Лушембургу, Хуан Рамон Лопес Каро, Мануэль Пеллегрини, Жозе Моуриньо, Карло Анчелотти ва Рафаэль Бенитес каби мураббийларни истеъфога чиқарганди.

Атиги 3та харид. Зайниддин Зидан «Реал»да 2,5 йилга чўзилган фаолияти давомида атиги 3 нафар футболчи сотиб олди. Аниқроғи, шу оралиқда ҳужумчи Альваро Мората, ҳимоячи Тео Эрнандес ва ярим ҳимоячи Дани Себальос трансферига жами 70,5 миллион евро сарфланди. Умуман, Зизу қисқа вақтда нақ 9та соврин ютди.

Зиданнинг кетишига нима сабаб?

AS нашри Зайниддин Зиданнинг «Реал»дан кетиши сабаблари ҳақида алоҳида мақола чоп этди. Биринчи тахминга кўра, франциялик мутахассис ва клуб президенти Флорентино Перес ўртасидаги муносабатлар ёмонлашган. Хусусан, уларнинг трансферлар масаласидаги фикрлари бир жойдан чиқмаган.

Дейлик, «Реал» соҳиби «Атлетик» дарвозабони Кепе Аррисабалаге, шунингдек, Роберт Левандовски («Бавария») ва Неймар («ПСЖ»)ни Мадридда кўрмоқчи, бироқ Зидан бу ўйинчилар номзодига унча қизиқмаган. иккинчи тахмин - мураббийни Криштиану Роналду ва Гарет Бэйлнинг мавҳум келажаклари ташвишга солган.

Қолаверса, ОАВ мавсум давомида Йоахим Лёв ва Маурисио Почеттино каби мураббийларни «Реал» билан боғлаганида, Зидан клуб раҳбариятининг қўллаб-қувватлашини сезмаган.

Дарвоқе, «Реал»нинг барча футболчилари ижтимоий тармоқлар орқали Зайниддин Зидан билан алоҳида хайрлашишди. Фақат уэльслик Гарет Бэйлгина мураббийга хайрлашув хати ёзмади. Чунончи, у охирги вақтларда франциялик мутахассисдан қаттиқ норози эди. Сабаби оддий - Зизу уэльслик юлдузга етарли ўйин амалиёти тақдим этмади.

Қолаверса, гарет гарчи ЧЛ финалида «дубл»га эришган бўлсада, умумий муносабатдан чарчаганию, жамоадан кетмоқчи эканлигини яширмаганди.

Яна бир хабар шуки, Зидан шартнома бўйича олиши мумкин бўлган 20 миллион евродан воз кечди. Чунончи, унинг амалдаги келишуви 2020 йилгача мўлжалланган эди. Энди энг шов-шувли маълумот: Зидан Қатар терма жамоаси бошқарувини қўлга олиши мумкин.

Бу ҳақда мисрлик тадбиркор Нағиб Савирис сўз очди. Унинг маълум қилишича, Қатар футбол федерацияси франциялик мутахассисга мисли кўрилмаган ажойиб таклиф билан мурожаат қилган.

«Қатар терма жамоасини ЖЧ-2022га айнан Зидан тайёрлайди. У 4 йил давомида жами 200 миллион евро миқдорида маош олади. Йилига 50 миллион! Ҳаммасини пул ҳал қилади», - деб ёзди Савирис «Твиттер»даги саҳифасида.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz