Қайднома

Қидирув

«Реал»ни ҳам, «Барса»ни ҳам қўйинг, аввало, инсон эканингизни унутманг!

«Реал»ни ҳам, «Барса»ни ҳам қўйинг, аввало, инсон эканингизни унутманг!

  09.06.2018 06:39
  0
  2327
«Реал»ни ҳам, «Барса»ни ҳам қўйинг, аввало, инсон эканингизни унутманг!

Жаҳон чемпионати арафасида турган бўлишимизга қарамай, ўтган ҳафта энг кўп тортишилган мавзу Зиданнинг «Реал»дан кетиши бўлди.

Деярли барча - «Реал» тарафдорлари, унинг «душманлари» (аниқроғи, «Барса» фанатлари) ва учинчи тоифа - бетараф мухлислар бунга кўп ва хўп тўхталишди.

Аслида ушбу мавзуни яна «чайнаш» бугун ортиқчадек туюлар, лекин кадр ортидаги бир қатор тасвирлар ҳам борки, буларни тилга олмасдан илож йўқ...

Мақолам бошида олдиндан очиғини айтиб қўяй, камина юқорида тилга олинганлардан учинчи тоифа вакилиман ва «Реал»га ҳам, «Барса»га ҳам теппа-тенг нормал муносабат билдираман.

Ўтган пайшанба куни Зиданнинг «Реал»дан кетиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар қанчалик тез тарқалган бўлса, ўша куни кечки пайт Мадрид суперклуби штаб-квартирасида бўлиб ўтган матбуот анжумани дунё футбол жамоатчилигини бирдек лол қолдирди.

Ҳақиқатан, Флорентино Перес шахсан ўзи иштирок этган пресс-конференцияда Зидан «Реал»дан кетишини маълум қилди. Унга омад тилаб, келажакда яна бирга ишлаш насиб қилишига умид билдиришидан сўнг, ўша куни бундай хабарларга ишонмаётган энг оптимист «Реал» мухлиси ҳам мазкур қарорнинг рост эканлигига алал-оқибат иқрор бўлди.

Мамлакатимизда эса футбол сайтларидаги ҳамма ғавғо шундан сўнг бошланди. Орадан икки кун ўтиб, матбуотда «БУЮК КЕТИШ» мақоласи эълон қилинди. Муаллифини кўпчилик яхши танийди.

Ўқиган бўлсангиз, «Буюк кетиш»да «Зиданнинг ўз вақтида кетганлиги унинг ростдан буюк шахс эканлигини яна бир бор тасдиқлаши» тилга олинган, бевосита «Реал»нинг ўзи ҳақида ортиқча кўп гапирилмаганди. Бироқ бу нарса «Барса» мухлисларига ёқмади.

Яна бир кун ўтиб, бошқа бир муаллиф Зиданнинг «Реал»дан кетиши аҳмоқликдан бошқа нарса эмаслиги ҳақида мақола тайёрлади - «БУЮК КЕТИШМИ? ЗИДАН ЯНА КАЛЛА ҚЎЙДИ!» Табиийки, «Барса»чилар буни олқишлашди, ҳар доимгидек, «Реал»га ва унга боғлиқ ҳар қандай ижобий ҳолатларга негатив муносабатларини билдиришди.

Учинчи куни «Буюк кетиш» муаллифи кутилмаганда яна «Реал» масаласига тўхталди. Электрон сайтларда унинг «РЕАЛ» ҲАҚИДА 13 ЧИЗГИ» номли мақоласи эълон қилинди. Мана шуниси ҳаммасидан ошиқча бўлди. Бу «Барса» мухлисларига умуман ёқиб тушмаслиги олдиндан маълум эди ва шунга қарамай, муаллифи уни ёзишга қарор қилгани мени ажаблантирди.

Мақола Каталония клуби тарафдорларини росмана жунбушга келтирган эдики, сайтларда бу ҳақда билдирилган фикрларга асло чидаб бўлмасди. Тармоқларга яхшилаб «жойлашган» ўзбек фанатлари икки томонга бўлиниб, ножўя сўзлар билан бир-бирларини ҳақорат қилишади.

Муборак Рамазон ойида бўлишимизга қарамай, мухлислар бир-бирларига шу тарзда - истаганча «тош» отишди, отишмоқда. Ҳатто мақола муаллифи ҳам бу тошлардан «бенасиб» қолмади. Унинг шаънига билдирилган фикрларни ўқирканман, бу гапларга асло чидай олмадим ва бугун, ҳозир ўқиётганингиз мақолани ёзишга мажбур бўлмоқдаман.

Хайрулла Ҳамидов деганда ўзбек футбол журналистикасидаги байроқдор ижодкор гавдаланади. Унинг телевидениедаги шарҳлари, матбуотдаги мақолалари не-не мухлисларни хурсанд этмаган.

Лекин ўша «Реал» ҳақида кетма-кет эълон қилинган мақолалардан кейин у ўзига шунчалик кўп «душман» орттириб олдики, мен бугун бунга муносабат билдиришга мажбурман.

Тахминан бир ойча олдин менинг бир яқин инсоним «Хайрулла Ҳамидов «Реал»га мухлислик қиларкан-а?», - деб сўраб қолди. Хайрулла акани 20 йилдан бери яхши таниган, яқиндан билган инсон сифатида унинг «Реал»га ортиқча мухлислик қилишини билмасдим.

Табиийки, «Буни қаердан билдингиз, ҳатто мен ҳам билмайман-ку?!», - деб сўрадим. У менга ижтимоий тармоқ орқали Ҳамидов ёзган мақолани жўнатиб, «Ўқиб кўринг», деди. «РЕАЛ»НИНГ КУЧИ ҚАЕРДА?» сарлавҳали мақолада Мадрид суперклуби анча мақталган, мен ўша инсон «Сўраб беринг-чи, ростдан «Реал»га мухлислар қиларканми?»

дейишидан сўнг журналист билан боғланиб, бу ҳақдаги фикрини билдим. «Ҳа, «Реал»га мухлислик қиламан, билмасмидингиз?» - деб қолса бўладими? «Айнан нега?», қабилидаги саволимга жавобни Telegram тармоғида олдим - у ерда «Raul» деган ном турарди.

Лекин орқасидан «Барселона»га ҳам мухлислик қиламан, чунки у ерда Месси ва бир қанча дунё юлдузлари бор», - деб қолди (адашмасам, Хави билан Иньестани гапирди).

Кейин эса қўшимча қилди: «Барса» ҳақида ёзганларимни ўқиса, «Барса»чи деркан-да!». Хуллас, ўша кунги суҳбатимизнинг ҳаммаси аниқ эсимда йўқ, лекин олдиндан менга маълумки, у қайси жамоа ўзининг яхши томонларини намойиш қилса, ўшани эътироф эта олади.

Мен «Реал»нинг ўша Рауль ўйнаган йилларини яхши эслайман. Шу биргина Раулни деб футбол кўрса арзирди. Унинг шундай юмшоқ, шундайин енгил гол уришларини ростдан футбол театрига қиёсласа бўларди. Аниқ эсимда йўқ, адашмасам тахминан 2000-йиллар эди.

Агар эсласангиз, ўша даврларда Ёшлар телеканалида ҳар ҳафта якунида «Футбол плюс» кўрсатуви эфирга узатиларди («Спорт» телеканали ҳали ташкил қилинмаганди). Унинг якунидаги «Голлар ўнлиги» эса кўрсатувнинг ҳақиқий безагига айланарди. Даврон Файзиев томонидан ҳафтанинг энг чиройли 10та голи етарлича таърифлар билан маромига етказиб санаб ўтиларди.

У пайтларда ТВдаги ускуналар ҳали унчалик талаб даражасида эмас, ким қандай видеокадр топса, ўртага ташлаб, барча бир-бирига ёрдам берар, мен ҳам хориж каналларидаги ҳафта голларини ёзиб олиб, телевидениега олиб келиб берардим.

Бир чет эл канали бор эди, ҳар сешанба туннинг қоқ ярмида Европадаги «кучли бешлик» чемпионатларида урилган голларнинг деярли барчасини намойиш этарди (адашмасам, «Еврогол» дастури эди). Бир соат давомида шуни ёзиб олиб, ТВга элтиб берардим.

Қайсидир бир куни жуда чарчаганимдан, видеомагнитофонни ўша кўрсатув бўлиши тахмин қилинган тунги соатларга - «автоматик ёзиб олиш» таймерига қўйиб ухлаганман. Эрталаб туриб қай кўз билан қарайки, 3 соатлик ёзувлар ичида бирор дақиқа ҳам футбол йўл.

«Еврогол» дастури ўрнида бошқа қандайдир оддий кўрсатувлар ёзилган. Аксига олиб, шу лаҳзаларда Хайрулла ака қўнғироқ қилиб қолди-да, «Бекзод, бизда ёзиб олинган голлар ниҳоятда кам, «Голлар ўнлиги»га тортадиган лоақал 4-5та гол чиқмаяпти», деб қолса бўладими?

Мен борини айтдим, кимдир мендан ухлаб қолганликда шубҳаланган бўлиши ҳам мумкин, чунки авваллари ширин уйқуга кетиб, дастурни ёзиб беролмай қолган пайтларим бўлган.

Орага озгина жимлик чўкди, шу куни Испания кубоги ўйинлари борлиги, мендаги телеканаллар ўша ўйинларни олиб кўрсатишини, унда ҳатто «Реал» ҳам ўйнашини айтиб, «Футбол плюс» муаллифини тинчлантирдим. Ўша ўйинлардаги голларнинг ҳаммасини, албатта, ёзиб беришимни, насиб қилса, 10та гол топишга эришишимизни айтишдан бошқа чора тополмадим.

Вақт эса жуда оз эди. Тахминан 1 сутка оралиғида яна 4-5та чиройли гол урилиши шарт эди. Тасаввур қилаяпсизми, масаланинг қай даражадаги мураккаблигини? Ҳаммаси 1-2та кубок ўйинларига боғлиқ бўлиб қолмоқда, лекин ўша баҳсларда чиройли голлар кузатилмаса-чи? Умуман, сал тузукроқ гол урилишига ҳам кафолат борми?

Хуллас, ўша оқшом ҳаётимдаги энг эсда қоларли кунлардан бири бўлиб қолган. Барчасини биргина Раулнинг ўзи ҳал қилиб берган! Ўзимиз ҳам кутмагандик, ўшанда «Реал» адашмасам 4:2га ютган ва ундаги 3та (!) голни Рауль бири-биридан чиройли қилиб урганки, бу ростдан ҳам Яратганнинг бизга - кўрсатув ижодкорларига берган инъоми эди.

Якунда эса, Раулнинг ўша учала голи ҳам ҳаққоний равишда 10таликка киритилган ва шу тариқа «Футбол плюс»нинг навбатдаги сони муваффақиятли тарзда эфир юзини кўрганди.

Бу ерда тарихий факт ҳақидаги гаплар бироз чўзилиб кетгандир, балки, лекин мен бугун шу каби воқеаларга тўлиғича тўхталишга мажбур бўлмоқдаман... Якунда мақоламда кўтариб чиқилаётган масалага мухлисларнинг ижобий ёндашишларидан умидворман.

Хуллас, ана шундай воқеалардан сўнг «Футбол плюс» муаллифининг Раулга бўлган самимияти янада ортган бўлса керак, деб ўйлайман. Рауллар даври ортда қолиб кетди, футболга янги авлодлар кириб келди.

Роналду-Месси ҳақидаги тортишувлардан, айниқса, «Реал» ва «Барса» хусусидаги қарама-қарши фикрларни ўқиб, эшитиб, ёқа ушлайдиган ҳолатга келдик, бугун.

Улардаги асосли ва чиройли гаплар, албатта, бизни хурсанд қилади, лекин ўзини босолмайдиган ва оғзига эрк берадиган бадхулқ фанатларимиз ҳам ниҳоятда кўпки, уларни бугун тўғри йўлга чақиришга мажбурмиз.

Мақолам бошида бу икки жамоага бетараф эканлигимни айтган бўлсамда, қайсидир маънода «Реал»ни унчалик ёқтирмайман, шу ўринда «Барселона»га ҳам тарафкаш бўлмаган ҳолда.

Шунга қарамай, журналист Ҳамидовнинг «Реал» ҳақида ёзганларини қандай бўлса, шундайлигича тўғри ёзилган, деб қабул қила оламан. Қанийди, барча «Барса» мухлислари ҳам шундайин муносабат билдира олганларида, оғзиларидан кўпик тошириб хунук гаплар айтмаганларида...

Аввало, Хайрулла акани инсон сифатида яхши билганим учун уни ёқлаб (ҳимоялаб) муносабат билдиришга мажбур бўлмоқдаман, бугун. Шуни тилга олишни жоиз деб билдим. Яна сўнгги сўз ўзингизга ҳавола.

Мақолам якунида эса шуни яна бир таъкидламоқчиманки, ҳурматли ака-укаларимиз, «Реал»ни ҳам, «Барса»ни ҳам қўяйлик, аввало, инсон эканлигимизни унумайлик! Футбол эса, албатта, сиздан ҳам, биздан ҳам қолиб кетади!

ДАРВОҚЕ...

Юқорида тилга олинган журналист ҳаётидан, ижодидан яна бир қизиқ факт. Яқинда у ўзининг «Фейсбук»даги саҳифасида қуйидаги ёзувларни қолдирди:

«ШАРҲЛАРИМ:

Олмалиқда: АГМК - Навбаҳор - 1:2,

Фарғонада: Нефтчи - Бунёдкор - 0:1,

Наманганда: Навбаҳор - Насаф - 0:0,

Олмалиқда: АГМК - Қўқон-1912 - 0:0,

Жиззахда: Сўғдиёна - Қўқон-1912 - 1:1,

Навоийда: Қизилқум - Металлург - 1:2,

Бухорода: Бухоро - Навбаҳор - 0:1,

Фарғонада: Нефтчи - Сўғдиёна - 0:2...

Мезбонлар, мени кечиринг!

P.S.: Қўқонга кетяпмиз ҳозир...»

Ҳа, 2018 йилги Суперлига баҳсларини ёритиш учун вилоятларга ташриф буюрган шарҳловчи бу ўйинларнинг ҳеч бирида мезбонларга ғалаба кулиб боқмаганини назарда тутганди. Кейинги турда «Қўқон-1912» ҳам ўз майдонида «Қизилқум»га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди ва Ҳамидов шарҳларидаги анъана яна давом этди.

Энди сизга энг сўнгги маълумот. Шарҳловчининг бизга маълум қилишича, яна уч кундан кейин бўлиб ўтадиган «Навбаҳор» - «Қўқон-1912» ўйинини шарҳлаш айнан унинг гарданига тушган.

Хўш, Хайрулла Ҳамидов шарҳлари учун анъанага айланиб қолган «мезбон жамоа мувафақиятсизлиги»ни Илҳом Мўминжонов шогирдлари буза олишадими? Бу саволга жавобни яна 3 кундан сўнг билиб олишимиз мумкин.

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz