Майда Pepsi Суперлигада муросасиз курашларга бой ўйинлар гувоҳига айландик. Шу билан бирга, Ўзбекистон кубоги 1|8 финал учрашувлари ҳам ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, муборак Рамазон ойи муносабати билан учрашувлар бошланиш соати мухлисларга қулай вақтга белгилангани ЎФАнинг ривожланиш йўлида бажараётган эзгу ишларининг яна бир ифодаси бўлди.
«ИнтерФутбол» анъанага мувофиқ, ой лауреатларини аниқлашда давом этади. Демак, майнинг энг яхши футболчи ва мураббийлари учлиги билан танишинг.
Баҳорнинг сўнгги 31 куни «Навбаҳор» учун анча сермаҳсул кечди. Наманган жамоаси майда ўтказилган 4та учрашувнинг барчасида зафар қучиб, турнир жадвалидаги мавқеини анча яхшилаб олди.
Мазкур баҳсларда «лочинлар» сафида ёрқин ўйинлар намойиш этган Азиз Турғунбоев бу гал лауреатлар рейтингининг энг юқори поғонасини эгаллади. Иқтидорли ярим ҳимоячи 359 дақиқа майдонда тўп суриб, 1та тўп киритишдан ташқари, шерикларининг 2та голига ҳаммуаллифлик қилди.
Шу тариқа, миллий терма мураббийлари назарига тушган Турғунбоев бош жамоамиз билан Уругвай сафарига жўнаб кетди. Азиздан 8 июнь куни ўтказиладиган кучли рақибга қарши баҳсда ҳам мазмунли ўйин кутиб қоламиз.
«Пахтакор»нинг ҳам ишлари чаккимас. Жамоа ҳам Суперлига, ҳам кубок баҳсларида ажойиб тарзда иштирок этмоқда. Эришилаётган ютуқларда жамоа етакчиларидан бири Жалолиддин Машариповнинг ҳиссаси катта, албатта.
Маҳоратли вингер май ойида ўтказилган 5та учрашувда 361 дақиқа ҳаракат қилиб, рақиблар дарвозасини икки марта ишғол қилди. Шунингдек, Ўзбекистон миллий термаси вакили ўртоқлик учрашувларида ҳам ўзидан ёрқин таассурот қолдирди. Ушбу натижаларни инобатга олган ҳолда, Машариповни лауреатлар рўйхатида иккинчи ўринга лойиқ кўрдик.
Миржалол Қосимов қўл остида аввалги формасига қайтаётган Сардор Собирхўжаев кучли учликка якун ясаб беради. Майдонда катта кўламдаги ишни бажараётган бу футболчининг шижоатига қойил қолмай илож йўқ. Бугунги «Бунёдкор»нинг тартибли ўйини кўп жиҳатдан Собирхўжаев каби истеъдодлар ҳисобига қурилмоқда.
Сардор май ойида «қалдирғочлар» сафида 5та ўйинда майдонга тушиб, уларнинг барчасини тўлиқ ўтказди. Тинимсиз саъй-ҳаракатлари эвазига ушбу баҳсларда 4 марта шерикларининг голларига ҳаммуаллифлик қилди.
Бугунги кунда чемпионатдаги ассистентлар рўйхатида якка пешқадамга айланиб олган Собирхўжаев «Бунёдкор»нинг Ўзбекистон кубоги-2018 баҳсларида кейинги босқичга йўл олишига ҳам катта ҳисса қўшди.
Шунингдек, май ойида Тиаго Безерра («Пахтакор»), Филип Райевац («Бунёдкор»), Мирзоҳид Ғофуров («Навбаҳор»), Арсланмурат Аманов («Бухоро»), Зоҳид Абдуллаев («Металлург»), Сардор Мирзаев («Локомотив») каби футболчилар ҳам фаоллик кўрсатишди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, «Навбаҳор» клуби баҳорнинг сўнгги ойини анча сермаҳсул тарзда ўтказди. Табиийки, эришилаётган ютуқларда мураббийлар штабининг улуши катта бўлмоқда.
Дарҳақиқат, Илҳом Мўминжонов рақабатбардош жамоа шакллантириб, шогирдларининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга эришмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, майда 100 фоизлик натижа қайд этган «лочинлар» устозини лауреатлар рейтингининг мураббийларга аталган қисмида энг юқори ўринга муносиб деб топдик.
«Пахтакор» бош мураббий Шота Арвеладзе эса бу сафар иккинчи бўлди. Айни пайт умумий жадвалда «шерлар» пешқадам, мамлакат кубогида ҳам кейинги босқич масаласи ижобий ҳал этилди.
«Насаф» ва «Бунёдкор» каби кучли рақиблар мағлубиятга учратилди. Энг асосийси, «Пахтакор» ўйинида ҳужумкорлик кўзга ташланмоқда. Албатта, буларнинг бари грузиялик мутахассис меҳнатлари самарасидир.
Май ойининг энг яхши мураббийлари учлигида Миржалол Қосимов ҳам бор. Мураккаб учрашувларда матонат эвазига ғалаба қозонаётган «қалдирғочлар» фақатгина «Пахтакор»га қарши кечган баҳсни бой беришди.
Айни пайт Суперлига турнир жадвалининг иккинчи поғонасини эгаллаб турган «Бунёдкор» ҳам Ўзбекистон кубоги нимчорак финалида «Сўғдиёна»ни енгиб, кейинги босқич масаласини ижобий ҳал этди. Бир сўз билан айтганда, Қосимов бошчилигидаги жамоа май ойини анча самарали ўтказди.
Ой лауреатлигига номзодлар ҳақида гап борганда, «Бухоро» устози Улуғбек Бақоев, «Қизилқум» бош мураббийи Ҳамиджон Актамов ҳамда «Металлург» билан мақтовга лойиқ натижаларга эришаётган Андрей Шипиловларнинг номини ҳам тилга олиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади.
Футболчиларнинг ой давомидаги натижалари
Т|р Футболчи Ўйин Дақиқа Гол Ассист
1. Азиз Турғунбоев 4 359 1 2
2. Жалолиддин Машарипов 5 361 2 -
3. Сардор Собирхўжаев 5 450 - 4
Изоҳ: Фақат расмий учрашувлар инобатга олинган.
ФУТБОЛЧИЛАР
Май
1. Азиз Турғунбоев («Навбаҳор»)
2. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)
3. Сардор Собирхўжаев («Бунёдкор»)
МУРАББИЙЛАР
Май
1. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)
2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)
3. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)
УМУМИЙ НАТИЖА
Мураббийлар
1-2. Миржалол Қосимов - 6 очко
1-2. Илҳом Мўминжонов - 6 очко
3-4. Равшан Ҳайдаров - 5 очко
3-4. Улуғбек Бақоев - 5 очко
5. Шота Арвеладзе - 4 очко
6-8. Рўзиқул Бердиев - 3 очко
6-8. Андрей Шипилов - 3 очко
6-8. Сергей Лушан - 3 очко
УМУМИЙ НАТИЖА
Футболчилар
1-5. Одил Ҳамробеков - 5 очко
1-5. Игнатий Нестеров - 5 очко
1-5. Хуршид Ғиёсов - 5 очко
1-5. Элдор Суюнов - 5 очко
1-5. Азиз Турғунбоев - 5 очко
6-10. Жасур Яхшибоев - 3 очко
6-10. Игорь Голбан - 3 очко
6-10. Ботирали Эргашев - 3 очко
6-10. Жавлон Иброҳимов - 3 очко
6-10. Жалолиддин Машарипов - 3 очко
11-15. Акром Комилов - 1 очко
11-15. Икром Алибоев - 1 очко
11-15. Суҳроб Нуруллоев - 1 очко
11-15. Арслонмурот Аманов - 1 очко
11-15. Сардор Собирхўжаев - 1 очко
Изоҳ: 1-ўрин - 5 очко, 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.
Ўткирбек УМАРОВ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20