Қайднома

Қидирув

Шерзод Аъзамов: «Насаф»да «Пахтакор»нинг ўйин услубига мос ўйинчилар етарли»

Шерзод Аъзамов: «Насаф»да «Пахтакор»нинг ўйин услубига мос ўйинчилар етарли»

  10.06.2018 06:18
  0
  210
Шерзод Аъзамов: «Насаф»да «Пахтакор»нинг ўйин услубига мос ўйинчилар етарли»

Pepsi Суперлигада кичик танаффус юзага келди. Бунга терма жамоамизнинг Уругвайга қарши ўтказган ўртоқлик учрашуви сабаб бўлганди. Суперлига клублари эса бироз ҳордиқ чиқариб олиш имкониятига эга бўлишганди.

Ҳозирча ортда қолган 13-турдан сўнг турнир жадвалида «Пахтакор» жамоаси якка пешқадамлик қиляпти. «Шерлар» 13та ўйинда 29 очко жамғаришга муваффақ бўлишди. Иккинчи ўринни эгаллаб турган «Бунёдкор» ҳисобида эса 25 очко бор.

Айнан мана шу икки клуб ҳозирча сўнггиси бўлиб турган турда ўзаро тўқнаш келишди. Пойтахт дербисидан ўрин олган учрашувда Шота Арвеладзе шогирдлари кичик (1:0) ҳисобда зафар қучишди ва биринчи даврадаги аламли мағлубият учун муносиб реванш олишди.

Ёдингизда бўлса, «Бунёдкор» стадионида кечган ўша ўйиннинг сўнгги дақиқасида «Пахтакор» ҳужумчиси пенальтидан унумли фойдалана олмаганди. Бу сафар Тиаго Безерранинг ягона голи сабаб «шерлар» энг яқин таъқибчиларидан тўрт очкога илгарилаб кетишди.

Қолаверса, жамоа Про-лига вакили «Ифтихор»ни ҳам йирик (6:0) ҳисобда енгиб, Ўзбекистон кубоги чорак финали иштирокчисига айланди. Биз «Пахтакор»нинг тажрибали ҳимоячиси Шерзод Аъзамовдан интервью олдик.

- Шерзод, Ўзбекистон кубоги нимчорак финалида ортиқча қийинчиликка дуч келмадинглар. Нима деб ўйлайсиз, «Ифтихор» шу даражада кучсиз жамоа эканми?

- Мен бундай демаган бўлардим. Ҳисобга қараб хулоса чиқариш тўғри эмас. Биринчи бўлимда меҳмонлар кутилмаганда бизга жиддий қаршилик кўрсатишди. Иккинчи бўлимда эса «Ифтихор» футболчиларида жисмоний толиқиш аломатлари кўзга ташланиб қолди. Биз эса бундан унумли фойдаланиб қолдик.

- Тажриба барибир ўз сўзини айтибди-да...

- Мураббийларимиз «Бунёд-кор»га қарши кечган учрашувда майдонга тушмаган футболчиларга ўйин амалиётини тақдим этишди. Биринчи бўлимда асосан ёшлар тўп суришди. Улар ўзлари учун берилган имкониятдан унумли фойдаланишди, деб ўйлайман. Жамоамиз рақибдан ҳар жабҳада устунлик қилди.

- Бундан хулоса қилиш мумкинки, асосий таркибга кириш учун рақобат кутилганидан ҳам кучайибдида?

- Худди шундай. Ҳозир «Пахтакор»да иккита тенг кучли таркиб шаклланган. Олдинда ўйинлар жуда ҳам кўп. Мураббийлар ҳаммага зарур ўйин амалиётини тақдим этишади. Бу жуда муҳим омил ҳисобланади.

- Тез орада кубок мусобақасининг навбатдаги босқичига қуръа ташланади. Чорак финалда қайси жамоа билан тушишни истамасдинглар?

- Биз исталган рақибга қарши ўйнашга тайёрмиз. Кубокнинг чорак финалида кучсиз жамоанинг ўзи қолмади. Қолаверса, мазкур турнир чемпионат баҳсларидан кескин фарқ қилади.

Кубокни қўлга киритиш орқали ОЧЛ йўлланмасига эга бўлиш мумкин. Шундай экан, барча жамоалар бу имкониятдан максимал даражада фойдаланиб қолиш учун астойдил ҳаракат қилишади.

- Бу саволни ноқулай рақиб нуқтаи назаридан бергандим.

- Билмадим. Битта жамоани алоҳида ажратиб кўрсата олмайман. Ҳамма жамоа билан ўйнаб кўрганмиз. Уларнинг имкониятларини жуда яхши биламиз. Ўз ўрнида рақиблар ҳам бизни яхшигина ўрганиб чиқишган. Қолганини вақт кўрсатади, қуръанинг кўзини кўр дейишади-ку!

- «Насаф»дан «Пахтакор»га ўтган футболчилар жамоага тўлиқ мослашиб кетишдими ёки ҳали ҳам бу жараён давом этяптими?

- Бу футболчилар ёш, тажрибасиз эмас. Улар бир неча йилдан бери катта футболда. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, жамоага мослашиб кетишлари осон кечди. Тўғри, барибир, бошқа муҳит, бошқа клуб. Лекин уларга қадар ҳам «Насаф»дан «Пахтакор»га кўчиб ўтган футболчилар бор эди. Қайсидир маънода, бу борада улардан ҳеч қачон ёрдамимизни аямаймиз.

- «Пахтакор»даги Шерзод Аъзамов «Насаф»даги Шерзод Аъзамовдан фарқ қиладими? Фаолиятингизда нима ўзгарди?

- Пойтахт жамоасига кўчиб ўтиш орқали футболчилик фаолиятимда олдинга катта қадам ташладим, деб бемалол айта оламан. «Пахтакор» шонли тарихга эга клуб ва унинг аъзоси эканимдан бениҳоя хурсандман.

Ўйинимни такомиллаштириб, кучайтириб боришга ҳаракат қиляпман. Бу борада катта тажрибага эга хорижлик мураббийларимиздан кўп нарса ўрганяпман.

- Шу кунгача сиз бирга ишлаган мураббийлар билан Шота Арвеладзени ажратиб турадиган қандайдир жиҳатлар бор эканми?

- Ҳамма мураббийнинг ўз услуби бўлади. Бир-бирига ўхшаши мумкин, лекин асло такрорламайди. Арвеладзе ўта талабчан, фаолияти давомида кучли мутахассислар билан ишлаган. Табиийки, мураббийлик захираси учун бой тажриба тўплаган.

- Ўша сиз айтган ва бошқалардан ажралиб турадиган услуби ҳақида гапириб беринг. Машғулотни қандай ўтказади?

- Бир вақтнинг ўзида жуда оддий ва шу билан бирга мураккаб ҳамда қизиқарли. Бизга машғулотларда рақибдан ҳар жабҳада ўзиб кетиш кераклигини уқтиради. Фақат шу йўл билан уни мағлуб этиш мумкинлигини айтади.

Ёрдамчилари ҳам ўз ишининг усталари, вазифаларини сид-қидилдан бажаришади. Хориж клубларида ишлаганликлари билиниб туради. Жисмоний ва тактик тайёргарликка алоҳида эътибор қаратишади.

- «Бунёдкор»га қарши дербида муҳим ғалабани қўлга киритдинглар. Ушбу муваффақиятнинг асосий омили нимада бўлди?

- Биринчи бўлимнинг илк дақиқаларида урган тезкор голимиз ишимизни анча енгиллаштирди. Шундан кейин ҳам ўйин назоратини ўзимизда ушлаб туришга эришдик. Иккинчи бўлимда эса асосий эътиборни ҳисобни сақлаб қолиш ва шунинг баробарида, қарши ҳужумларда меҳмонлар дарвозасини ишғол этишга қаратдик.

Ўйинда бошқа тўп киритмаган бўлсакда, ўзимиз учун муҳим уч очкони расмийлаштирдик. Биринчи даврадаги мағлубият учун ҳам реванш ола билдик. Ёдингизда бўлса, ўша ўйиннинг сўнгги дақиқасида пенальтини голга айлантира олмагандик. Энди бор эътиборни кейинги учрашувларга қаратишимиз керак.

Ўйинимизни янада кучайтиришимиз лозим. Ҳали қийин ўйинларнинг бари олдинда. Айниқса, иккинчи босқичда 6та жамоа иштирокида бўладиган учрашувларнинг шиддати тафтини ҳозирданоқ ҳис қилиш мумкин. Ҳеч қайси клубга осон бўлмайди.

- Нима деб ўйлайсиз, «Пахтакор» ҳозир ўзининг энг юқори спорт формасига чиқдими ёки янада кучая оладими?

- Аниқ айта оламанки, бундан ҳам яхшироқ ўйнашга қодирмиз. Ҳали ўзимизнинг юз фоизлик потенциалимизни намойиш этганимиз йўқ. Буни ке-йинги ўйинларда исботлашга ҳаракат қиламиз.

- «Насаф» тақдирига бефарқ эмассиз. Клубда юзага келган вазиятни кузатиб боряпсизми?

- Ҳа, болалар ва клубдагилар билан гаплашиб турибмиз. Ҳозирги юзага келган муаммолар вақтинчалик экани, ҳали ҳаммаси ўз изига тушиб кетишига ишонаман. Худди шундай ишонч дўстларимизда ҳам бор. Улар яхши кунларни умид билан кутишмоқда.

- «Насаф» нима учун бундай ҳолатга тушиб қолди? Сиз ўйнаган пайтдаёқ камчиликлар секин-аста бўй кўрсата бошлаганмиди?

- Биз ўйнаган пайтда ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Билганим шу. «На-саф»да юзага келган вазиятга мутасаддилар жавоб беришгани маъқул. Бу борада улар биздан кўра кўпроқ маълумотга эгалар.

- «Пахтакор» таркибига яна «Насаф» футболчиларининг келиб қўшилиши кутиляпти. Шахсан сиз кимни жамоада кўришни истардингиз?

- «Насаф» таркибида «Пахтакор»нинг ўйин услубига мос келадиган футболчилар кўп. Лекин улар орасидан қайсидир футболчини алоҳида кўрсатиш мушкул. Кимнидир ажратиб айтсам, қолган дўстларимиз хафа бўлишлари мумкин. Билганим шуки, ҳозирги «Насаф»да ўйнаётган футболчиларнинг аксарияти «Пахтакор» таркибида ўз ўрнини топа олади.

- Қайсидир футболчини кўрсатиб, «Шу йигит жамоани кучайтира олади, унинг имкониятларини яхши биламан», дея оласизми? Ҳеч бўлмаса, бир кишининг исм-шарифини айтинг.

- Бундай футболчи бор. Энг муҳими, у бир нафар эмас. Лекин ҳаммани жамоага қўшиб олишнинг имкони йўқ.

- Суперлиганинг ортда қолган ўйинлари ҳақида умумий фикрингиз кандай?

- Бир нарсани аниқ айта оламан, Суперлига ҳаммага бирдек маъқул келмоқда. Мухлислар ҳам, футболчилар ҳам бирдек қувонишмоқда. Ўн иккита жамоанинг ҳеч бирига осон бўлаётгани йўқ.

Ҳар бир очко қийинчилик билан қўлга киритиляпти. Исталган ўйин-да очкосиз қолишингиз ҳеч гап эмас. Шундай учрашувлар амалда ҳам бўлди. Бу ижобий жиҳатлари. Салбий томонларини эса ҳозирча сезмадим.

- Кўпчиликнинг фикрича, бу йил «Пахтакор» ортиқча қийинчиликсиз чемпион бўлар экан. Бу йўлда қайси жамоа сизларга қаршилик кўрсатиши мумкин деб ўйлайсиз?

- Биринчи навбатда, чемпионлик ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини айтмоқчиман. Биринчи босқичдаги ўйинлар кучли олтиликка кириш учун кечяпти. Ўз олдига юқори мақсадларни қўйган жамоалар, аввало, олтиликдан жой олишлари шарт. Асосий кураш эса айнан иккинчи босқичда бўлади.

Биз ҳозирга қадар керагидан ортиқ очко йўқотдик. Зиммамизга чемпионлик вазифаси қўйилган экан, демак қолган ўйинларда очко йўқотмаслигимиз лозим. Шарт десам ҳам бўлади. Ҳали «Локомотив» ҳам чемпионлик пойгасида жиддий қаршилик кўрсатиши мумкин. Шундай экан, хотиржамликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ.

- Нима деб ўйлайсиз, Олимпия терма жамоамиз Осиё ўйинларида ҳам ижобий натижа қайд эта оладими?

- Менимча, жамоамизнинг чемпион бўлиши учун барча имкониятлар бор. Тажриба ҳам етарли. Омад тарк этмаса, Индонезиядан чемпион сифатида қайтишади.

- «Барселона» клубига бефарқ эмассиз. Жамоанинг ЕЧЛдаги муваффақиятсиз иштирокини қандай баҳолайсиз? Кўпчилик «Рома» билан ўйин шубҳали эди деган фикрни билдирди. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- «Барселона» - «Рома» ўйини ҳақида фикр билдира олмайман. У ерда қандай воқеа бўлганини бу ерда туриб биз билмаймиз. Каталония гранди Вальверде билан келаси мавсум ижобий натижа қайд эта оладими?

Ёки мураббий кетиши керакми? Бу масалага бизнинг жавоб беришга ҳаққимиз йўқ. «Барселона» дунёнинг етакчи жамоаларидан бири ва у ерда барча ишлар профессионал даражада йўлга қўйилган.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

Чемпионлар давраси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz