Қайднома

Қидирув

Банкирликдан супертактикка айланган Маурисио Сарри

Банкирликдан супертактикка айланган Маурисио Сарри

  11.06.2018 06:09
  0
  601
Банкирликдан супертактикка айланган Маурисио Сарри

Агар Маурицио Сарри «Зенит» таклифини қабул қилса, РПЛдаги кескинликка жон, рақибларига муаммолар бағишлаши аниқ. Чунки бу мутахассис ўзининг «Наполи»си билан бутун мавсум давомида «Ювентус»ни таъқиб этди.

Тўғри, чемпионлик унвонини тортиб ололмади. Аммо Туриндаги ўзаро қарама-қаршиликда Италия суперклубини қимматли уч очкосиз қолдиришни уддалади.

Энди эса янги муҳитда ўз омадини синаб кўришга аҳд қилган Сарри ихтиёридаги «Челси» ва «Зенит» вариантларидан бирини танлаш хусусида бош қотирмоқда. Хўш, Маурицио Сарри ким ва футболга қай тариқа кириб келган?

СОБИҚ ИҚТИСОДЧИ

Маурицио Сарри мураббийлик соҳасига ўта ғайритабиий тарзда кириб келган мутахассислардан бири. У ҳеч қачон юксак савияли футболчи мақомига кўтарилмаган. Ҳатто теледастурларда кўпроқ велопойгалар ва бокс беллашувларини томоша қиларди.

Чунки унинг отаси шу спорт турларини хуш кўрган. Болалик давридан ўсмирликка ўтгач, Маурицио иқтисодчи ихтисоси бўйича таҳсил олди ва Сиенадаги машҳур «Моиде дей Паски» банкига ишга жойлашди.

Шу тариқа Европани кеза бошлаган ёш мутахассис Англия, Германия, Швейцария ва Люксембург каби давлатларда бўлди...

Банкдаги фаолияти Саррига нима берди? Инглиз тилини ўзлаштириш имкониятини шунингдек, кўйлаклар ва костюмларга нисбатан нафратни.

Мураббийлик соҳасига ўтганидан кейин у расмий либослардан бутунлай воз кечди: «Менимча, спорт соҳасида фаолият юритадиган кишига шунга мос либосда юриш кўпроқ ярашади».

Банк офисида ўтираркан, иш вақтининг тугашини сабрсизлик билан кутар ва ҳаваскор футболчиларга сабоқ бериш учун стадионга ошиқарди. Мазкур «иккиёқлама» ҳаётни у 40 ёшгача давом эттирди. Охир-оқибат 4-дивизион вакили - «Сансовино»дан таклиф олгач, зерикарли банкни тарк этди.

БЕШ ЙИЛ САҚЛАНГАН СУКУТ

Мураббийлик фаолиятини 2000 йилда бошлаган Сарри анча вақт эътибордан четда юрди. Нисбатан рисоладаги жамоа - «Пескара»ни 2005|2006 йиллар мавсумида қабул қилиб олди. Аммо 2-лиганинг ўртамиёна жамоаси мақоми мутасаддиларни қониқтирмагач, истеъфога чиқарилди.

Кейинчалик «Ареццо», «Авеллино», «Верона», «Перужа», «Александрия» ва «Сорренто» клубларида ишлади. Қизиғи, ҳеч қайси жамоада узоқ қолиб кетмади. Лекин қандайдир хусусияти мутасаддиларни у билан шартнома имзолашга мажбур этарди. Балки ундаги ўзига бўлган ишонч ва ташаббускорлик бунга сабаб бўлгандир?!

Ниҳоят, беш йиллик изланишлар ўз самарасини берди - Сарри «Эмполи»ни «А» серияга олиб чиқди, жамоа­нинг кучлилар сафида муносиб тўп суришини таъминлади. Мауриционинг тактик маҳорати ва руҳшунослик иқтидори туфайли фахрий футболчилар иккинчи навқиронлик даврини, ёшлар эса мукаммалликни намойиш эта бошлашди.

АШАДДИЙ КАШАНДА

Бир пайтлари Россияда чемпион жамоа бош мураббийини тамакисиз тасаввур қилишнинг иложи йўқ эди. Ҳа, гап Олег Романцев ҳақида кетаётгани ўз-ўзидан тушунарли. Сарри ҳам ана шу тоифадан.

Мураббийлар ўриндиғида чекиш тақиқланганига анча бўлди. Бироқ у ўзининг никотинга бўлган эҳтиёжини қондириш йўлини топишга уста. Эмполи стадионида Маурицио бирини қаторда ўтирган мухлислар билан улфатчилик қиларди, Неаполда эса вақти-вақти билан трибунага кўтарилишга одатланди. Ҳар куни у ўртача уч қути тамакини тутунга айлантиради.

ФУТБОЛ «ХАСТАСИ»

«Стадионга отланганда, ҳеч қачон «ишга кетяпман» иборасидан фойдаланган эмасман. Ишчи оиласида улғайганим сабабли, футболдаги фаолиятни машаққатли дейишларига тоқат қилолмайман. Оғир меҳнат деганда саҳарлаб заводга йўл олишни тушунаман.

Мураббийдан эса бор-йўғи шогирдларининг хатти-ҳаракатларига сайқал бериш талаб этилади» - эътибор берсангиз, италиялик мутахассиснинг мулоҳазалари нафақат файласуфларга хос, балки мантиқан асосланган ҳам. Боиси, у болалигидан китобга меҳр қўйган, кўп мутолаа қиларди.

Футболга эса қизиқарли фан сифатида ёндашади. Тўғри, аксарият касбдошлари каби, у ҳам иримчи мураббийлар сирасидан. Масалан, қора рангни омадли, деб ҳисоблайди ва муҳим учрашувларга шу рангдаги либосда келади. Албатта, асосий эътиборини меҳнатсеварликка қаратиб, турли янгиликларни ўйлаб топади.

Ана шу ижодий изланиши Саррига завқ бағишлайди: «Машғулотларга раҳбарлик қиламан, видеолавҳаларни томоша қиламан, рақибларимиз ва ўзимга ёқадиган жамоалар тактикасини таҳлил қиламан. Хуллас, ҳар куни 13 соат вақтимни футболга сарфлайман».

Биргина жарима зарбалари ва бурчак тўпларини амалга ошириш борасида Саррининг «Наполи»си 30дан ортиқ услублардан фойдаланади!

Бундан ташқари, ҳар куни бир учрашувдан кейин журналистларга нималар дейди, танаффус пайтида шогирдларини қандай иборалар билан руҳлантиради - буларнинг барчаси Саррининг ён дафтарчасига ёзиб қўйилган. Ҳайратланарли даражадаги саришта инсон!

ЗАМОНАВИЙ

Ижтимоий тармоқларда Саррининг шахсий саҳифаси йўқ. Бундай юмушларга у вақтини қизғонади. Лекин футболдаги замонавий технологияларни Маурицио ҳеч қачон инкор этмайди. Жумладан, Неаполга келгач, мураббий ўз машғулотларида камералар ёрдамида квадрокоптерлардан фойдаланишни йўлга қўйди.

Машғулотдан кейин видеолавҳаларни таҳлил қилиб, ҳимоячиларнинг ўз ҳудудларида тўғри ёки нотўғри ҳаракатланганликларини аниқлайди. Айнан мудофаа чизиғига кўпроқ эътибор қаратади: «Футболда «энг яхши ҳимоя - ҳужум», деган ибора юради.

Лекин охирги 50 йил натижаларидан хулоса чиқарадиган бўлсак, ўз дарвозасидан энг кам тўп олиб чиққан жамоа чемпион бўлганлиги ойдинлашади».

СУПЕРТАКТИК

«Эмполи»да Сарри 4-3-1-2 тактик схемасининг шайдоси эди. «Наполи» ўйинчиларидаги нисбатан юқори савия мураббийга томошабоп 4-3-3 услубига ўтиш имкониятини берди. Лекин фақат томошабоп, ижодий эмас. Чунки Маурицио пала-партишликни ёқтирмайди.

Шу боис, тезкор қарши ҳужумларда ҳам шогирдларидан кўрсатмаларга тўлиб амал қилишни талаб этарди. Унинг олдинги чизиқлардаги ўйинчилари катта иш ҳажмини бажариб, мунтазам равишда ўрин алмашиб турадилар.

Гамшик, Инсинье, Кальехон, Мертенс, яқин ўтмишда Игуаин каби иқтидор соҳибларининг «чархпалаги»дан омон чиқиш «А» сериясининг камдан-кам вакилига насиб этарди.

Тўғри, «Ювентус»нинг барқарор ўйини жанубликларни шоҳсупага кўтарилиш имкониятидан маҳрум этди. Лекин Саррининг шогирдлари Туриндаги ўзаро беллашувда чемпиондан устун келдилар. Муваффақиятга айнан фантастик прессинг ва қарши ҳужум санъати туфайли эришилди.

МАНЧИНИ БИЛАН ЖАНЖАЛЛАШГАН

Тақдирнинг қалтис ҳазилини қарангки, яқин ўтмишда ўзаро келиша олмай қолган икки ҳамкасбнинг бири Питерни тарк этди, иккинчиси ташриф тадоригини кўраётган бўлиши мумкин - 2016 йилнинг январида «Наполи» Италия кубогининг чорак финалида «Интер» билан куч синашганди.

Ҳозирда Италия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланган Роберто Манчини ўшанда «Интер»ни бошқараётганди. Асабий қарама-қаршилик якунида захира ҳаками янглишиб 5 эмас, 9 дақиқа қўшимча вақт берилганлигини маълум қилганди.

Манчини у билан тортиша бошлади, можарога Сарри ҳам аралашди. Шу тариқа икки мураббий ўртасида даҳанаки жанг юзага келди. Манчинини ҳақорат қилгани учун Сарри кубок доирасидаги икки учрашувдан четлатилиб, 20 минг евро жарима тўлади.

УНИ БЕРДИЕВ МАҚТАГАН

Январь ойида «Бизнес Онлайн» нашрига интервью берган «Рубин» бош мураббийи италиялик касбдоши ҳақида илиқ фикрлар билдирганди:

«Маурицио Сарри ҳузурига илк бор ташриф буюрганимда, у «Эмполи»ни бошқарарди. Ўшанда уни кўпчилик танимасди. Энди ушбу мутахассис «Наполи»ни шоҳсупага олиб чиқмоқчи. Бироқ мен «Эмполи»нинг бир нечта ўйинлари таҳлилидан кейин мукаммал ташкилотчиликка дуч келдим ва Саррига қизиқиб қолдим.

Билсам, у ҳисобчидан чиққан мураббий экан. Демак, ёрдамчилари кучли мутахассислар бўлишса керак, деб ўйладим... Кейин учрашувга йўл олдим ва оддийгина спорт либосидаги самимий инсонга дуч келдим. Саррининг кучи - ташкилотчиликда. Интеллектуал салоҳияти эвазига юксак савиядаги ўйинни йўлга қўя олади.

Ёдимда, Сарри Эмполида юрганида вақтинча ишсиз қолган Спаллетти унга қўнғироқ қилиб, тактик машғулотларни бошлаш арафасида хабар беришини илтимос қилганди. Лучано ундан сабоқ олиш ниятида эди. Саррининг машғулотлари чиндан ҳам қизиқарли. Ундан улкан таассуротлар олдим. Мен учун Мауриционинг малакаси Гвардиоланикидан ҳам юқорироқ!»

КАРРЕРА ҚАРШИ

Маурицио Саррининг Санкт-Петербургга ташрифи хусусида «Спартак» бош мураббийи Массимо Каррера ўз фикрини билдирар экан, яна бир рақобатчининг пайдо бўлишидан мамнун эмаслигини яшириб ўтирмади:

«Умид қиламизки, Сарри «Зенит»га ўтмайди. Малакали мураббий етакчилигида «Наполи» йилдан-йилга кучга тўлиб бормоқда. Жамоа «Ювентус»га деярли етиб олди. Ўйлашимча, Маурицио Неаполни тарк этмайди».

P.S.: Дарҳақиқат, Маурицио Саррининг РПЛга келиши ажойиб қарама-қаршиликларга йўл очарди: россиялик тактика устаси Бердиев ўзига ёққан мутахассисга қарши ва «Ювентус»ни ёқтирадиган Каррера суперклубни тахтдан қулатаёзган ватандошига қарши! Агар Сарри «Зенит» таклифини рад этса, афсус-надомат ила уф тортишдан ўзга илож қолмайди.

Муҳаммадсодиқ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz