Қайднома

Қидирув

«Ўз оёғига ўқ узиш» ёхуд Раҳим Стерлинг бу иши билан нима қилмоқчи эди? (фото)

«Ўз оёғига ўқ узиш» ёхуд Раҳим Стерлинг бу иши билан нима қилмоқчи эди? (фото)

  12.06.2018 06:17
  0
  853
«Ўз оёғига ўқ узиш» ёхуд Раҳим Стерлинг бу иши билан нима қилмоқчи эди? (фото)

«Манчестер Сити» ҳужумчиси Раҳим Стерлинг оёғига ўқотар қурол татуировкасини чиздириб, бутун Англияни «шок» ҳолатига солди. Тўғриси, ҳеч ким ЖЧ-2018 арафасида миллий жамоа вакилидан бундай телбавор ҳаракатни кутган эмасди.

Боз устига, Стерлинг мундиалга зўр иштиёқ билан ҳозирланаётган Гарет Саутгейт жамоасида етакчилардан бири саналади.

Шундай экан, унинг янги татуировкаси Британия оролларида нечоғли баҳс-мунозаралар келтириб чиқарганини тушуниш қийин эмас.

Ўзи нима бўлди? Яқинда «Инстаграм» тармоғига Англия миллий жамоаси машғулотидан олинган янги суратлар қўйилди. Улар орасида «Манчестер Сити» ҳужумчиси Раҳим Стерлингники кўпчилик диққатини ўзига тортди.

Чунончи, футболчи унда ўнг оёғига босилган янги татуировкани кўз-кўз қилган - учи оёқнинг пастки қисмига тўғриланган M16 милтиғи тасвири... Аслида Стерлинг ушбу «можаро»ли татуировкани бир неча ҳафта олдин чиздирган экан. Мана, ижтимоий тармоқ сабаб, ўзгача «ижод маҳсули» омма назарига ҳам тушди.

Мунозаралар сабаби нима? Бир қарашда, Раҳимнинг оёғидаги милтиқ эътиборга лойиқ ҳам эмас. Аммо шов-шув кўтаришни хуш кўрувчи Британия матбуоти дарҳол татуировканинг ёш авлодга таъсири ҳақида бонг уриб, баҳс-мунозараларни жанжал даражасига олиб чиқди.

Дейлик, The Sun газетасининг аввалги сешанба куни чиққан сони муқовасига ўта «дабдабали» сарлавҳа танланди: «РАҲИМ ЎЗ ОЁҒИГА ЎҚ УЗДИ». Ушбу жумла инглиз тилида кўчма маънога эга. Яъни «ўз оёғига ўқ узиш» ўзига зарар етказиш ёки қандайдир жинниликка йўл қўйиш ҳолатларини англатади.

Британияда умумий муносабат қандай? Бир хил эмас. Мисол учун, Англия терма жамоаси собиқ ҳужумчиси, машҳур телебошловчи Гари Линекер «Твиттер» тармоғидаги саҳифасида шундай ёзди: «Йирик турнирлар олдидан ўз футболчиларимизни руҳан эзишга уриниш - мамлакатимиз учун ноёб хислат.

Бу ақлга сиғмайди, яхши эмас, ватанпарварлик йўқ ва ҳаммаси жуда аламли...». «Оналар қуролга қарши» (Mothers Against Guns) ташкилоти асосчиси Люси Коуп эса Раҳимни уялтириш билан чекланиб қолмай, уни миллий жамоа сафидан четлатиш таклифини илгари сурди: «Ушбу татуировка кўнгилни айнитадиган даражада хунук.

Биз футболчидан уни дарҳол лазер ёрдамида йўқотиши ёки устига бошқа сурат чиздиришини талаб қиламиз. Бордию, Стерлинг фикримиз билан ҳисоблашишни истамаса, уни Англия терма жамоаси сафидан четга чиқариш керак.

Зеро, Раҳим терма жамоа вакили ўқотар қуролни намойиш этиш ўрнига ҳаммага яхши томондан ибрат бўлиши кераклигини теран тушуниши даркор».

Стерлингнинг ўзи нима дейди? Ҳужумчи ахборот манзараси бузилаётганини тушуниб, махсус баёнот берди: «Отамни отиб кетишганида, 2 ёшли чақалоқ бўлган эканман. Кейинчалик, яъни ақлимни таниганимдан кейин ўзимга ваъда берганман: ҳаётда қуролга қўл теккизмайман.

Мана, ўша вақтдан буён фақат ўнг оёғим билан тўп тепяпман (инглиз луғатидаги shoot иборасини икки маънода таржима қилиш мумкин: «ўқ узиш» ва «тўп тепиш»). Шундай экан, оёғимга босилган сурат чуқур маънога эга. Қолаверса, татуировка ҳали якуний кўринишга келмаган ҳам...».

Стерлингга нима таҳдид солмоқда? Ҳеч нарса. Тушунарлики, шу битта аҳмоқгарчилик туфайли футболчини миллий жамоадан четлатишмайди. Айниқса, ҳозирги муҳим паллада. Дейлик, Англия футбол ассоциацияси Раҳимни қўллаб-қувватлаши хусусида баёнот бериб улгурди.

Бонус. Ушбу «тату»га муносабатлар шу қадар чалкашиб кетдики, улар таъсирида турли-туман мемлар юзага келди. Хусусан, битта тасвир «Твиттер»да хит даражасига чиқди.

Эксперт ва «Арсенал» мухлиси Пирс Морган футболчини кескин танқид қилган бўлса, Гари Линекер бунга жавобан замбаракли фильмларга тақиқ қўйишни таклиф этди ва қўшиб қўйди: «Арсенал» гербидаги замбаракни ҳам йўқотиш керак».

Бир шоввоз айнан шундай қилди ҳам. Кейинроқ «Твиттер»дан фойдаланувчилардан яна бири масалани торроқ олиб, «Арсенал» ибораси аслида қурол-аслаҳалар омбори маъносини англатишини эслатди ва бу ёзувдан воз кечиш кераклигини уқтирди.

Натижада бўм-бўш гербнинг ўзи қолди. Бироқ қизил доирани ҳам кўп кўришди, ахир у ижтимоий тармоқларда таъкидлашганидек, дарҳақиқат, қон рангига ишора ҳисобланади. Хуллас, якунда клуб рамзи шунчаки, оппоқ фон кўринишини олди...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz