Қайднома

Қидирув

Янги қуриладиган ЎФАнинг янги биносига биринчи ғиштни FIFA Президенти Жанни Инфантино қўйиб беради

Янги қуриладиган ЎФАнинг янги биносига биринчи ғиштни FIFA Президенти Жанни Инфантино қўйиб беради

  11.06.2018 15:26
  0
  460
Янги қуриладиган ЎФАнинг янги биносига биринчи ғиштни FIFA Президенти Жанни Инфантино қўйиб беради

Футбол бўйича жаҳон чемпионати старти олдидан, бугун Россия пойтахтидаги «Кемпински отель» меҳмонхонасида Осиё футбол Конфедерациясининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда FIFA Президенти Жанни Инфантино ҳам иштирок этди.

Хабарингиз бор, бу йилги Мундиалда қитъамиз шарафини тўртта терма жамоа – Эрон, Япония, Саудия Арабистони ва Австралия термалари ҳимоя қилишади. Бугунги йиғилишда FIFA Президенти Жанни Инфантино, қолаверса Осиё футбол Конфедерацияси раҳбари Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Ҳалифа жаҳон чемпионатида иштирок этувчи Осиё терма жамоалари ва ҳакамларга омад тилади.

Жумладан, Жанни Инфантино йиғилиш давомида шундай деди: «Осиёда футбол жадаллик билан ривожланиб боряпти. Умид қиламанки, бу йилги мусобақада Осиё терма жамоалари ҳам ўзларини ҳар томонлама кўрсата олишади. Қолаверса, айни пайтда Осиёда ҳакамлик соҳаси ҳам анча ривожланган. Сўнгги йилларда ушбу қитъадан бир қатор кучли реферилар етишиб чиқди. Жаҳон чемпионатининг финал босқичида энг кўп ўйин ўтказиш бўйича рекордчи ҳам бугунги кунда айнан Осиёлик ҳакам Равшан Эрматов бўлиб тургани ҳам фикримга исбот бўла олади».

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатида Осиёнинг беш карра энг яхши ҳаками, ҳамюртимиз Равшан Эрматов бошчилигидаги бригада ҳам иштирок этади. Шунингдек, ўзбек футболи тарихида илк маротаба Алим Арифов жаҳон чемпионатида комиссар вазифасини бажаради.

Йиғилишдан сўнг МОҚ Президенти ва ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Жанни Инфантино билан учрашди. МОҚ раҳбари мамлакатимизда спорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида FIFA Президентига сўзлаб берди. Ўз навбатида, жаҳондаги энг қудратли спорт ташкилотларидан бирининг раҳбари Инфантино ҳам ўзбек спортида рўй бераётган ўзгаришларни юқори баҳолади ва яқин орада шахсан ўзи Тошкентга ташриф буюришини ва ўзгаришларни бевосита кузатишини таъкидлаб ўтди.

Режага кўра, шу йилнинг ўзида «Миллий» стадион (собиқ «Бунёдкор») ҳудудида Ўзбекистон футбол ассоциацияси учун янги бино қурилиш ишлари бошлаб юборилади. Бинога биринчи ғиштни айнан FIFA президенти Жанни Инфантино қўйиб бериши кутилмоқда. Демак, шу йил якунига қадар FIFA раҳбари Тошкентга ташриф буюради.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионати 14 июнь куни Москвадаги «Лужники» стадионида бошланади. Россия ҳамда Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган очилиш учрашувини МОҚ Президенти ва ЎФА биринчи-вице президенти Умид Аҳмаджонов ҳам бевосита стадиондан кузатиб боради.


Манба: www.olympic.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz