Қайднома

Қидирув

Терма жамоамизда дуранг ва мағлубиятлар лимити тугади...

Терма жамоамизда дуранг ва мағлубиятлар лимити тугади...

  13.06.2018 06:41
  0
  953
Терма жамоамизда дуранг ва мағлубиятлар лимити тугади...

Гоҳо шундай дамлар бўладики, ҳеч қаерга сиғмай қоласан киши. Узоқ-узоқларга бош олиб кетишни хоҳлайсан, бироқ қай манзилга боришни билмайсан.

Ниманидир қўмсайсан, лекин айнан нимани қўмсаётганинг, соғинаётганингни тушунмайсан, англамайсан. Ардоқли шоиримиз Абдулла Орипов ёзганидек:

Ниманидир ахтараман шеърдан ҳам улуғ,

Ниманидир ахтараман нондан азизроқ.

Дунё ўзи бепоён-ку рангларга тўлиғ,

Бироқ менинг кўзларимдан ранглар ҳам йироқ...

Ҳа, ҳар бир инсон бу каби руҳий тўлғоқларни бошдан кечириши табиий ҳол. Афсуски, бундай жараённинг сабаблари хусусида охиригача ўйлаб ўтирилмайди ҳар доим ҳам. Кимдир шартта отга миниб, кенгликлар бағрига шошилади, бошқа биров машинасида довонга тирмашади.

Гўёки, ўт-ўланлар қовчираган чўл қўйнида чопиб бораётган тулпор шиддатида ором яшириндек, машина билан забт этилган юксакликда фароғат бордек... Ҳолбуки, ҳаммаси ўткинчи ҳолат.

Машина ёки отдан тушиб, беихтиёр шалвираб қолади аксарият киши. Ахир юксакликдан, чўл бағридан ортга қайтишнинг ўзи бўлмайди.

Хуллас, барчаси маълум муддат ёки чегарагача, холос. Чегарадан ўтилгач, ҳайратланиш ва ҳаяжонланишга, эмин-эркин ҳаракатланишга рухсат йўқ. Чегарадан нарида хоҳиш-истаклар измида яшаш тугайди. Бу ҳудудда фақат масъулият ва кураш руҳи ҳукмрон.

ЖЧ-2018га тайёрланаётган Россия терма жамоаси ўйини хусусида мулоҳаза юритар экан, машҳур актёр Михаил Боярский рус футболини ўз қобиғига ўралашиб қолишда айблади. У мамлакат футболи моҳияти тушунарсиз эканлиги, табиатан жаҳон миқёсидан ажралиб қолганини афсусланиб таъкидлади.

Ҳақиқатан ҳам, жуда ғалати. Юзаки қараганда, руслар ҳам бошқалар каби майдонда елиб-югуриб тўп суришади. Фёдор Смолов ҳужум чизиғида анча фаол. Александр Самедов ва Юрий Жирков эса қанотлар бўйлаб уни қўллаб-қувватлашади. Александр Головин ҳужумчи ортида ўйинни бошқаради.

Росмана ва одатий футбол. Лекин негадир русларда ҳаракатлар унча қовушмайди. Улар еврофутбол грандлари каби бир-бирларини табиий равишда тўлдиришолмайди. Нега? Ҳозир россиялик футбол билимдонлари шу хусусда бош қотиришмоқда. Оддий мухлисларга эса Михаил Боярскийнинг мулоҳазалари ёқмади, албатта.

Ҳаттоки, пешқўрғонлик Қурбонали Йўлдошев ҳам Россия терма жамоаси асл ўйинини рақиблардан яшираётганини башорат қилмоқда. Яхши от кейин чопармиш. Очиғи, бу фикр тарафдорлари, унга ишонадиганлар юртимизда етарлича топилади.

Ишқилиб, бу башорат ўзини оқлаб, аввалги анъаналарга мувофиқ, Россия терма жамоасига мухлислик қиладиган юртдошларимиз мундиал томошасидан яйрашсин. Биз эса мулоҳазаларимизни давом эттириб, айтамизки, 7та учрашувдан буён ғалаба қозонолмаётган Россия термасига ноўрин тактик тайёргарликлар эмас, аслида кўникилган футбол қолипи халақит бермоқда.

Аниқроғи, руслар кўникилган футбол мафкурасидан халос бўлолмаяптилар. Жаҳон футболи шундай тараққиёт босқичига кўтарилдики, энди рус футболининг аввалгидек ирода кучи билан ижобий натижа қайд этиши мушкул масала. Қолаверса, ўша ирода ҳам ҳозирги Россия терма жамоасида кўзга ташланмаяпти.

Халқимиз «Уч, учдан кейин пуч», дейди жуда ўхшатиб. Россия терма жамоасининг ғалабасиз серияси меъё-ридан ортиб кетди ва бу ҳол мухлисларга,  улар орқали футболчиларга салбий таъсир ўтказмоқда. Мактабда «2» ёки «3»га кўниккан ўқувчининг бирдан «5» баҳо олишига ишониш қийин.

Шу маънода айтсак, ғалабасиз серияга кўникиб қолган Станислав Черчесов шогирдлари пайшанба оқшоми Саудия Арабистони термасини мағлуб этишга ўзларида куч топа олишадими? Тушунарлики, бу ишни амалга оширишлари осон кечмайди.

Чунончи, саудиялик футболчилар нигоҳида чақнаётган олов рус футбол муҳитини хавотирга солмоқда... Ҳар ҳолда, рўпарада асов араб тулпорлари кишнамоқда. Фикримизча, рус футбол муҳити наинки ғалабани, балки мана шундай оловли ўйин, шиддат ёғдусини ҳам соғинган.

Ўзимиз ҳам аслида шу каби ўзгача, томирлардаги қонни жўштирадиган, юракларга ҳарорат феълини ёғдирадиган бутунлай бошқача ва янгича футболни қўмсамоқдамиз. Таъкидлаш жоизки, «Навбаҳор» - «Қўқон-1912» ўйинида шундай жонбахш футбол учқунлари гувоҳига айландик.

Гарчи Азиз Турғунбоев майдонга тушмаган бўлсада, «лочинлар» бутун вақт давомида меҳмонлар жарима майдони томон парвоз уюштиришди. Ҳисобсиз вазиятлар фикримизнинг яққол далилидир. Бош жамоамизнинг янгиланган таркиби эса кўзларимизни алланечук қувонтирмоқда, холос.

Ҳужумда Забиҳилло Ўринбоев ўз ўрнини топишга интилмоқда. Қанотларда Жалолиддин Машарипов ва Азиз Турғунбоев каби иқтидор соҳиблари тўп суришмоқда. Ҳужумчи ортида Жавоҳир Сиддиқов ўзига хос дриблингларга тайёр. Қалай, зўрми? Йўқ, вазият бундан ҳам қойилмақом бўлиши мумкин.

Олдинги чизиқда Марат Бикмаев ёки Темурхўжа Абдухолиқов, қанотларда Элдор Шомуродов ва Достон Ҳамдамов, ҳужумчи ортида Отабек Шукуров, таянч ҳудудида икки Одил, яъни Аҳмедов ва Ҳамробеков ҳаракатланишса, бош жамоамиз ўйини савия бўйича мухлислар кутган даражага кўтариладими?

Назаримизда, ўшанда ҳам кўзларимиз бироз қувониш билан чекланади, қалбларимиз эса таскин-тасалли истайди. Бунинг сабабини тушуниш қийин эмас. Терма жамоамиз Темур Кападзе раҳбарлигида 4та баҳс ўтказиб, бирор ғалаба эришмади. Тўғриси, бош жамоамиз кучайтирилган таркибда ҳам шу 4та кучли рақибни енгиши мушкул эди.

Мухлислар шунга мувофиқ, яъни рақиблар имкониятини ҳисобга олган ҳолда, 4та ўйинда ҳам футболчиларимиздан ғалабага эмас, кўпроқ ноодатий ЎЙИН кутишди. Таассуфки, йигитларимиз кўп ҳолларда ўзларига таниш акаларидек ҳаракатланишди майдонда. Демоқчимизки, бирор футболчида истеъдоднинг исёнкор табиатини кўрмадик.

Ҳаммаси бир хил, бир хил, бир хил... Ҳимоячиларимиз нима сабабдан Хосе Хименес урган учинчи голга тўсқинлик қилолмадилар? Рустам Ашурматов нима учун шунчаки, ҳавога сакради? Ҳаммаси - одатий кўникмалар натижаси. Ҳимоячиларимиз позиция учун курашишмайди, аксинча, ўзларини ақлли санаб, танлаган нуқталарида мустаҳкам туришади.

Қайси позиция қулай ёки ноқулайлиги эса улар учун аҳамиятсиздек. Муҳими, мураббий тушунтирган позициядан оғишмаса, бас! Бошқача айтганда, футболчиларимиз майдондаги ўзгарувчан вазиятга кўникишолмаяпти. Мураббийлар штаби ҳам замонавий футболнинг майдондаги ўзгарувчан табиатига мувофиқ кўрсатмалар беролмаяптилар, бизнингча.

Кўриниб турибдики, футболимиз кўникилган қолиплардан тезроқ қутулиши даркор. Акс ҳолда, Осиё кубоги-2019 арафасида биз ҳам Россия футбол муҳитининг ҳозирги аҳволига тушиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Боз устига, терма жамоамизда дуранг ва мағлубиятлар лимити тугади аллақачон. Энди олдинда фақат ғалаба қозониш миссияси!

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz